Вилоят ҳокими мажлисида свет ўчиб қолди
Фарғона вилоят ҳокимининг туманларда ўтказаётган мажлисларда чироқ ўчиб қолиб, мажлис аҳли лампа чироқ, қўл фонарларини ёқишга мажбур бўлишмоқда.
Туманларнинг ҳокимларини бирин-кетин алмаштириш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида мажлислар ўтказаётган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев туманларда энергия танқислигини ўз танасида ҳис қилишига тўғри келди.
Халқ билан учрашиш учун 14 декабр куни Бувайда туманига келган вилоят ҳокими ярим соатдан ортиқ чироқсиз ўтирди.
«Бу биринчи марта бўлаётгани йўқ», – деди Ғаниевга ҳамроҳ бўлиб юрадиган мулозимлардан бири Eltuz.com мухбирига.
Унинг сўзларига кўра бундан илгари, пахта пайтида Олтиариқ, Риштон, Қува, Бағдод, Бешариқ туманларида ҳам мажлислар кўпинча Хитойда ишлаб чиқарилган лампа чироқлар, қўл телефонларининг фонарлари ёруғида ўтказилган.
Айниқса, кунлар совиши билан бу ҳол кўп такрорланмоқда.
Марғилон, Бувайда, Олтиариқ, Қува, Данғара туманларида ўтган фаоллар йиғилишида вилоят ҳокими жами бешта ҳокимни алмаштирди.
Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи 2012 йилнинг декабрида, Ислом Каримов фармони билан Фарғона вилояти ҳокимлигига тайинланган, ундан илгари вилоятнинг аввалиги ҳокими Ҳамиджон Неъматов ишдан бўшатилган эди.
Насима Даврон қизи
Eltuz.com