Асосий мавзулар
12 январ 2017

Чироқсиз аҳоли, сув муаммоси ечим топгани ва бошқалар ҳақида

Kun.uz сайти гарчи майда-чуйда бўлса-да, муаммоларни кўтариб чиқишда давом этмоқда. Бу муаммоларнинг ечимлари ва сабаблари чуқур очиб берилмаётганига қарамай, улар тилга олинаётганининг ўзи эътиборга лойиқ.

Хусусан, сайт Шаҳрисабзда бир-икки ойдан буён электр таъминоти жуда ёмонлашгани, туман ҳудудида суткасига 4 соатгина чироқ борлигини ёзиб чиқди.

Бу масала юзасидан фикр билдирган Қашқадарё электр таъминоти корхонаси мутахассиси 29 декабрдан 2 январгача бутун вилоятда электр таъминотида узилиш бўлмагани ортида одамларга байрам кайфияти улашиш мақсади ётганини айтган.

Мутахассис чироқ ўчирилишига сабаб аҳоли ажратилган лимитни электр печь ишлатиш ёки тармоққа ноқонуний уланиш орқасидан тугатиб қўяётгани, натижада трансформаторларга ортиқча юк тушаётгани билан изоҳлаган.

Савол туғилади, байрам кунлари электр узлуксиз берилганда нега трансформаторларга юк тушмайди-ю, бошқа кунлари юк тушади? Афсуски, мақолада бу саволга жавоб йўқ.

Бунинг ўрнига мутахассис Шаҳрисабз ҳудудида 15-20 январь кунларига қадар электр таъминоти барқарорлашиши айтиб, халқни янги президент қарорига мувофиқ яқин 5 йил ичида Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида электр таъминоти яхшиланишидан умидвор қилган.

Эътиборли жиҳати, мақолада бевосита аҳолининг тилидан электр тақчиллиги қандай ноқулайликлар, азоблар келтираётгани ҳам айтиб ўтилади.

«Раҳбарият халқни, халқ раҳбариятни айблашда давом этса, у юртда тараққиёт бўладими? Олиб борилаётган ислоҳотлар, ўйлаб чиқилган ва ҳаётга татбиқ этилаётган ғоялар тақдири хотинларнинг “бор товоғим, кел товоғим”ига ўхшаб қолмайдими?» дея риторик савол ташланади мақолада.

Kun.uz мактаб ўқувчиларига металлолом, макалатура топшириш каби кўплаб мажбуриятлар юкланиши мавзусига эътибор қаратиб, бу масалада тегишли идораларнинг жавобини олишга ҳам муваффақ бўлган.

Сал аввалроқ сайт жиззахлик ҳамкорининг Арнасой туманида ҳар бир ўқувчига 30 кг дан «металлолом солиғи» солингани, бунинг учун 18 минг сўмдан пул йиғилаётгани тўғрисидаги мақола эълон қилингани ортидан Меҳнат вазирлиги тегишли текширувлардан сўнг бу маълумотларни асоссиз деб баҳолаганини ёзди.

Халқ таълими вазирлиги эса Меҳнат вазирлигига “Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенцияларига мувофиқ вазирлик томонидан мактаб ўқувчиларини мажбурий ва оғир меҳнат турларига жалб этмаслик бўйича қатъий топшириқ берилган», деб хат ҳам йўллабди.

Сайт Ўзбекистондаги бугунги шароитда мазкур масалани кўтариб чиққанининг ўзи дадилликдир. Масъул идораларнинг бу муаммони рад этиши эса бошқа масала.

Биргина пахта мавсумидаги мажбурий меҳнат, болалар меҳнати ҳақида юзлаб ишончли маълумотларни рад этиб келаётган бу идоралардан яна қандай ҳам жавоб кутиш мумкин?

Энг асосийси, Ўзбекистон сайтлари бундай муаммолар борлигини очиқ ёза бошлади. Шунинг ўзи ҳам ҳозирча катта гап.

Кўтарилган баъзи муаммолар эса ечим ҳам топаётгани маълум бўляпти. Жумладан, сайт Жалақудуқ туманидаги Ёрқишлоқ қишлоғидаги ичимлик сув муаммосини кўтариб чиққанидан сўнг мутасаддилар бу масалани зудлик билан ҳал этишга киришгани ҳақида хабар берди.

Бундан хулоса шуки, муаммоларни ёзиш мумкин экан. Янги президентнинг халқ истаклари билан ҳисоблашиш сиёсати баҳонасида уларнинг ҳаммаси бўлмаса-да, айримлари ечим топишига умид қилса бўлаётганга ўхшайди…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 март 2018
Рассом Кирпи Eltuz.com
10 август 2023
Элтуз эълон қилган Булунғурда ИИБ ходимлари калтаклаган ўспирин видеоси юзасидан ички ишлар идораси муносабат билдирди. “Ходимлар қўполлик қилиб ураяпти”- ...
9 сентябр 2016
Мустақил матбуотда ва ижтимоий тармоқда Каримовнинг ножоиз жойга дафн этилгани, зудлик билан мақбара қуриш учун 120 тача мозор бузилгани ...
4 декабр 2024
Тбилисида сохта сайлов натижаларига қарши намойишлар, Германия канцлерининг сирли чамадони, Суриядаги зиддиятлар, Россияда гўдак боласини қорга улоқтирган аёл, Ўзбекистонда ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...