Асосий мавзулар
30 январ 2017

Яшасин товуқ ёки ўқувчи сиғмас синфхоналар

Сўнгги вақтларда товуқ боқишни Ўзбекистонда миллий ҳаракат даражасига чиқаришга қаратилган интилишлар давом этмоқда. Қайси газетани варақламанг, албатта, товуқ боқиш мавзусидаги мақолага дуч келасиз.

«Оила даврасида» (26.01) газетаси 50 та товуқдан қанча даромад олиш мумкинлигини кўрсатиб берадиган мақола эълон қилди. Бу фаолиятни бошлашга «Агробанк» таклиф этаётган 500 минг сўм кредит асос қилиб олинган.

Хуллас, газетага ишонилса, 50 та товуқ боқиб, йилига 1,7 миллион сўмдан ортиқ соф фойда қилиш мумкин. Аммо бунинг учун кредит билан қўшиб ҳисоблаганда қарийб 1,9 миллион сўм харажат қилиш керак.

Демак, «тадбиркор оила» кредит суммасини чиқариб ташлаганда салкам 1,5 миллион сўм ўз маблағини сарфлаши талаб этилади. Бунча пули бор одам агар товуқ боққиси келса, ўзининг бор пулига ҳам боқаверади-ку, банкнинг фоизга берадиган 500 минг сўмига қараб ўтирадими, деб сўрайдиган одам йўқ. Банкнинг кредитини олиш учун талаб этиладиган ҳужжатларни йиғишга ҳам анча вақт ва пул кетиб қолади-ку, деган ҳақли савол бермайди ҳеч ким.

Газета айтилган гапларнинг ишонтириш кучини ошириш учун пайариқлик «илғор товуқбоқар» аянинг амалий тажрибасини ҳам келтириб ўтган. Ая эринмасдан икки кунда битта тухум қиладиган товуқ кунига битта тухум қиладиганидан яхшироқ эканини исботлаб берган.

Худди шу газетада кўпгина мактабларда бошланғич синфларда битта синфда 45 талаб ўқувчи ўқитилаётгани, бу эса таълим сифатига жуда ёмон таъсир этаётгани масаласи ҳам кўтарилди.

Маълум бўлишича, қонунчиликка кўра, 1-9 синфларда ўқувчилар сони 35 та қилиб белгиланган. Аммо кўплаб мактабларда битта синфда 40-45 та ўқувчи борлиги сабабли ўқитувчилар кўнгилдагидек дарс ўта олмаётир, ўқувчиларнинг аксарияти ҳам эътибордан четда қолмоқда.

Бундан ташқари, бундай синфхоналарда «парталар зич жойлаштирилган, ўқувчиларнинг ўтириб-туриши учун ҳам жуда ноқулай».

Халқ таълими вазирлиги масъули бу масалада фикр билдирар экан: «… пойтахтда бундан 10 йил аввал 1-синфга ўқувчилар қабули 29 минг 124 тани ташкил этган бўла, жорий ўқув йилида 46 минг 884 тани ташкил этди», деган.

Ўқитувчилар ўқувчи кўплигидан бутун дарс мобайнида фақат 4-5 та фаолроқ ўқувчи билан ишлашга улгураётганидан шикоят қилаётган бир пайтда вазирлик вакили «тажрибали ўқитувчи ўқитишнинг замонавий услубларидан фойдаланган ҳолда машғулот олиб бориш ҳисобига ўқувчиларнинг ўзлаштиришига эришилмоқда», дея кўз бўяшга тушиб кетган.

Аммо мутасаддининг жавобида мазкур муаммони ҳал этиш учун самара берадиган қандайдир аниқ чоралар кўрилаётгани ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ. Бунинг ўрнига у пойтахтдаги айрим мактабларда 1-синфга ўқувчилар қабулини ватинчалик чеклашга қарор қилингани, шунингдек, 2017/18 ўқув йилида қабул режасини қайта кўриб чиқиш назарда тутилганини айтган.

Агар қабул чекланса, қолган болалар қаерда ўқийди, деган савол очиқ қолдирилган. На мухбир, на мутасадди бу саволга жавоб изламаган.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 декабр 2018
Ўзбек маданияти, санъати ва адабиётининг таназзулини бошдан кечиряпмиз. Кенг тафаккурли, истеъдодли ижодкорлар ё ватанни тарк этишди, ё қамоққа олинди, ...
21 апрел 2016
Тошкент расмийлари экологик ҳаракат фаолларининг чиқишларига пинак ҳам бузмай оммавий дарахт кесиш кампаниясини давом эттиришмоқда. 19 апрел куни ўзбек ...
26 март 2021
“Биласизми,” – дейди У сизга тикилиб, – Нечун «Эрк» деганда, Қушнинг номин боғлаб айтарлар, “Қушдай эркинман”, деб айтарлар нега? ...
30 ноябр 2020
Ўзбекистон пахтачилик тармоғида болалар меҳнатига барҳам берилиши, катталар мажбурий меҳнатининг сезиларли даражада камайишида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми (собиқ Ўзбекистон-Германия ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...