Асосий мавзулар
14 март 2017

Тошкент пропискаси юлғичликка йўл очмоқда

Ўзбекистонда шу кунларда ҳам нотаруисларнинг ошиғи олчи. Мамлакатдаги энг даромадли касблардан бири нотариус.

Шу пайтгача уларнинг қирғирликлари ҳақида деярли очиқ айтилмас эди. Бу қинғирликларни уларга иши тушганлар, давлат идоралари, ҳамма биларди, лекин ҳеч ким ошкора бу ҳақда гап очмас эди.

Шавкат Мирзиёевнинг «халқ билан мулоқот» дипломатияси баҳона ўзбек газеталари бу соҳага ҳам назар ташлай бошлади.

«Жамият» газетаси (10.03)да нотариатлардаги юлғичликлар ҳақида «Нотариал идорадаги найранглар» сарлавҳали мақола эълон қилди.

Гарчи Ўзбекистон пойтахтида «доимий прописка» масаласи мамлакатнинг бош қонунига зид бўлса-да, мана шу мавзу билан бошланган мақолада мазкур инсон ҳуқуқлари бузилиши мавжуд қонунчилик талаби экани эслатиб ўтилади.

Шундан сўнг муаллиф «айрим нотариуслар юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда қонунийликни таъминлаш ўрнига давлат ишониб топширган ваколатларини даромад манбаига айланиб олгани»дан ҳикоя қилади.

Бугун Тошкентда доимий рўйхатда турмайдиган, лекин пойтахтда ишлайдиган фуқарога қийин. У турган жойи учун ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси тузиши керак. Муаллиф ана шу шартнома баҳона дуч келган юлғичлар тўғрисида сўз юритади.

Унинг ёзишича, бундай шартномани расмийлаштиргани учун нотариусда ундан 160 минг сўм талаб қилинган. Ҳолбуки, бу хизматнинг нархи айни пайтда 29955 сўмни ташкил этади.

Муаллиф тортишишни бошлагандан кейин нарх 100 минг сўмга тушган. Шундан сўнг у 80 минг тўлашга кўниб, пластик карта билан ҳисоб-китоб қилмоқчи бўлган.

Охир-оқибат муаллиф кассага 30 минг сўм, кадастр хизмати учун нақд 15 минг сўм олишганини ёзган.

«Ажабланарли жиҳати шундаки, шартномада мазкур нотариал ҳаракат учун 14977,5 сўм миқдорида давлат божи, техник турдаги хизмат учун 7488,75 сўм, жами 22466,25 сўм ундирилгани қайд этилган», дейилади мақолада.

Муаллиф нақд тушумларни ўзаро бўлиб олишда нотариал идора ходимлари ўртасида можаро чиққанига гувоҳ бўлганини ҳам билдирган.

Хулоса ўрнида эса у мазкур масала юзасидан бошқаларнинг фикрларини ҳам ўргангани, бошқалар бундай хизмат учун қанча пул тўлаганини аниқлаганини айтар экан: «Фуқаролар манфаатини ҳимоя қиладиган идора томонидан таланганлар оз эмас экан», дея якунлаган мақолани.

Ҳақиқатан ҳам нотариал идоралардаги юлғичликлар янгилик эмас. Масалан, 20 минглик хизмат учун ҳам 100 минг сўрашади. Одамлар ҳам ҳақини талаб қилмайди. Чунки шунча вақт сарфлаб, яна ҳақини талаб қилса, нотариус уни қабул қилмай, ортига қайтариши ҳеч гап эмас.

Ҳар ҳолда бу идоралардаги юлғичлик масаласининг газетада кўтарилиши соҳада ўзгаришларга сабаб бўладими?

Агар бу ерда айланадиган ноқонуний маблағнинг салмоғи эътибор олинса, бундай ўзгаришлар тез орада юз беришига ишониш қийин.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 сентябр 2016
15 сентябр куни халқаро криминал авторитет Ғафур Раҳимов Ўзбекистон Интерполи қидирувидаги шахслар рўйхатидан cирли тарзда олиб ташланди, айни пайтда ...
1 октябр 2024
Cалом қадрли мухлислар, ниҳоят Элтузга келган хатларни ўқиш навбати етиб келди. Навбатдаги бешта мактуб, Ўзбекистоннинг Наманган, Бухоро ва Тошкент ...
2 июн 2024
Салом қадрли мухлислар, Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоят мактубини ўқиймиз. Улар Ўзбекистоннинг Хоразм, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Тошкент ...
8 июн 2019
Канаданинг фуқаролик жамияти сайтларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил Канаданинг Deflect интернет хизмати «Элтуз» сайтига 3 июнь кечаси тахминан 05:00-05:40 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...