Журналистика – ҳукуматнинг занжирбанд ити эмас, балки мустақил институтдир
Сўнгги икки ҳафта давомида ўзбек телевидениесининг бош хабар дастурлари «Давр» ва «Ахборот»да сезиларли ўзгаришни кузатиш мумкин.
Телекўрсатувларда гарчи, янги президентни мақташ, Шавкат Мирзиёевга таъзим келтириш тўхтагани йўқ, бироқ барча учун кутилмаганда, журналистлар оддий одамлар турмушига ғамхўр бўлиб қолишди.
Юқорида келтирилган телеканалларда Тошкентнинг Чилонзор ва Олмазор туманларидан ҳужумкор репортажлар тайёрланди. Бу репортажларда, маҳаллий ҳокимлар аёвсиз танқид қилинди, бузилган йўллар, авария холатига келиб қолган кўпқаватли уйлар, сув тошиб кетган подваллар кўрсатилди. Журналистларнинг камераси мактаб музхонасигача етиб борди ва ҳатто томошабинлар у ердаги сасиган гўштни кўришлари мумкин бўлди.
Айни танқид мамлакат президенти ушбу ҳокимларни ишдан олиши ортидан янгради.
Олмазор туманидан тайёрланган лавҳа муаллифлари, бу аҳвол айни туманларгагина эмас, балки бутун тизимга тааллуқли эканини тахмин қилишгача боришди.
Балки сиз, бунинг нимаси ёмон, дея сўрамоқчидирсиз?
Оммавий ахборот воситалари мустақил ва муҳим давлат институти ҳисобланади. Шунчалик муҳимки, уларсиз мамлакатнинг самарали ривожланиши мумкин эмас.
Америка президенти Томас Жефферсон, гарчи ўзи ҳам журналистлар даккисини кўп еган бўлишига қарамай, агар матбуот ва ҳукуматдан бирини танлаш лозим бўлса, ҳукуматни эмас, матбуотни афзал кўришини айтган эди.
Йиллар давомида аллақаердаги ютуқлар ҳақида айтиб келган ўзбек телевидениеси журналистлари, матбуотнинг эркинлиги унинг ҳукуматдан мустақил эканини англатишини тушунишлари лозим. Мамлакатда жуда кўп муаммолар йиғилиб қолган, бу ҳақда президент гапирмасидан олдинроқ айтишга уриниб кўринг.
Умида Ниязова
Eltuz.com