ART-DURBIN
9 июн 2017

Тошкентда рассомларнинг ижодхоналари вайрон қилинмоқда

Дераза ромлари кўчириб олинган Рассомлар уйи подъезди

Ўзбекистон Бадиий академияси ижодкорлар уюшмаси талаби билан пойтахтдаги Рассомлар уйида бузиш ишлари вақтинчалик тўхтаган бўлсада, бунинг душанба кунидан давом этиши ҳавотири бор.

«Ҳамма ёқдан ёмғир ўтмоқда. Устахона тўла асарлар. Кеча суд ижрочиси бир нечта мардикорни бошлаб келиб, уйни бузишда давом этишга мажбурлашаётганини айтди. Адвокат ёрдамида зўрға тўхтатдик», дейди рассом Ғайрат Қўзибоев.

Унинг cўзларига кўра, 7 июн куни ёққан сурункали ёмғирдан сўнг бузиш ишлари бошланган Тошкентдаги Рассомлар уйи атрофи ҳудди уруш пайтидаги Сталинградни эслатади.

У машҳур Ўзбекистон халқ рассоми марҳум Неъмат Қўзибоевнинг ўғли. Вайрон қилинаётган устахона унинг онаси Майрам Қўзибоеванинг номида.

Ижодхоналарни бузиш учун машинада мардикорлар олиб келинди

«Ҳозир тунги соат 12. Ҳовлимизга улкан кранларни олиб келишган, бутун ҳудуддан солярка ҳиди анқимоқда, қоронғида аллакимлар тимирскиланиб, бузилган жойдаги нималарнидир ажратиб олаяпти», дейди бугунги вазиятни кузатаётган рассом.

Рассомлар уйида бир пайтлар Надежда Кашина, Карахан, Кайдалов, Ремпель, Неъмат Қўзибоев каби улуғ рассомлар ижод қилган, шунингдек у ерда бугун Неъмат Қўзибоев¸ Исфандиëр Ҳайдаров, Леким Иброҳимов, Азамат Хотамовларнинг устахоналари бор.

«Ижод уйи» тижорат масканига айлантирилди

Аввалига Рассомлар уйи атрофидаги кўплаб дарахтлар арраланди.

Элтуз нашрининг ўрганишича, бир йил муқаддам «Чарос Коммунал сервис» деб аталувчи ширкат, рассомларнинг устахоналари жойлашган уйга «тижорий кўчмас мулк» мақомини бериш учун ҳокимиятга мурожаат қилган.

Кейин улар рассомларга тўрт баравар оширилган нархларини рўкач қилиб, «бир неча йиллик қарзлари»ни тўлашни талаб қила бошлашган.

«Улар бир қанча рассомларни судга беришди. Кўпчилик рози бўлмади. Бироқ айримлар қўрқиб, улар талаб қилган бир неча миллионни тўлашга ҳам улгурди» дейди исмини айтмасликни сўраган рассом.

Можаро шу йилнинг бошида бошланган

Ҳокимликдан одамлар келиб, устахоналар атрофида кўчага чиқариб қурилган деворларни бузишни талаб қилишлашган. Кейин гаражлар бузилган. Атрофдаги кўплаб дарахтлар арраланган.

«Ярим йил давомида ўз ҳисобимиздан ҳаммасини бузишди. Арра ва болта товушларидан қулоғимиз яқиндагина тинчиди», дейди рассом.

Унинг сўзларига кўра, бу ишлар ортида, кўчмас мулк олди-сотдиси билан шуғулланадиган товламачи қора риэлторлар турибди. Маҳалла қўмитаси ва ҳокимиятдагилар ҳам Рассомлар уйининг йўқ қилинишидан манфаатдор дейди ўз исми сир қолишини сўраган ижодкор.

Сўнгги воқеалар

Кўчанинг бузиб бўлинган қисми

Бу маскан 1959 йили, алоҳида устахоналари, ҳовли ва участкалари билан бирга, боши берк кўчага қаратиб, рассомлар учун маҳсус қурилган эди.

Ҳафта бурун эса, у ерга Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Қутбиев Шерзод келиб, у ердаги ноқонуний қурилган барча деворларнинг бузилишини билдирган.

«Гаражларимизни бузиб олишга уч кунгина муҳлат беришди. Гарчи қонунга кўра, бузиш ҳақида ярим йил олдин огоҳлантириш лозим эди», дея ҳасрат қилади ўз ҳисобидан мулки ғиштларини кўчиртираётган ҳайкалтарош.

Бузишдан бир неча ўнлаб ижодкорлар жабр кўрмоқда. Уч кун бурун ҳокимлик вакили, мулк эгалари иштирокида ўтган йиғилишда, ким кредитни тўламаса квартира ва устахоналари тортиб олинишини билдирган.

Роми олиб ташланган рассом устахонаси деразаси

Кимдир аллақачон ўз ижодхонасини бузишга киришган, кимдир эса талаб қилинган пулларни тўлашга рози. Бироқ ижодкорлар орасида судлашиб, адолатга эришаётганлар бор.

«Бизга ўз кредитларини тиқиштираётган «Чарос коммунал сервис» ширкати билан улар пайдо бўлган кундан, деярли бир йилдан бери судлашамиз. Улар протоколларни қалбакилаштиришган. Аппеляцияни ютдик. Бироқ, можаро ҳали тугагани йўқ, олдинда янги суд мажлислари бор», дейди рассом Ғайрат Қўзибоев.

У ҳозир янги даъво аризасини судга тайёрламоқда. Унинг сўзларига кўра, суд приставлари «кадастрдаги хато»ни баҳона қилиб унинг 81 ёшли онаси Майрам Қўзибоевга тегишли мулкнинг томини очишга киришишган. Ҳафта бурун эса устахона даҳлизидаги дераза ромларини кўчириб олишган.

«Уни судга чақиришди. Бироқ бора олмади, чунки у бир неча йилдирки юра олмайди. Суд унинг иштирокисиз қарор чиқарди», дейди Қўзибоев.

У суд ижрочиларининг ўзлари кадастрдаги хатони тўғрилаш кифоя эканини айтаётганини билдиради. Бироқ ҳоким оёғини тираб турибди.

Рассомлардан уларнинг устахоналари учун пул талаб қилаётган «Чарос Коммунал сервис» ширкати эса беш йилга мўлжалланган 70 миллион сўмлик кредитнинг 27 миллиони ўзлаштирилганини билдирмоқда.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 декабр 2020
Ичида президент ваъзлари қамалган смартфон сотувга чиқди. Eltuz.com
16 август 2022
Элтуз мухбирининг ёзишича, душанба куни тушлик пайтида Тошкентнинг Юнусобот тумани ИИБ ёнида катта тезликда Жентра автомашинасини бошқариб бораётган шахс ...
8 январ 2018
7 январ куни президент Мирзиёев Тошкентнинг Зангиота туманидаги чиқишида «Абу Саҳий» МЧЖ «Тошкент Ипак йўли»га ўзгаритирилгач, давлатга 15 кунлик ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...