Cатира
9 ноябр 2017

Мактаб ўқитувчиси: Пахта терими – умумхалқ ҳашари, деган гапга қўшилмайман

2017 йилги пахта теримида «Умумхалқ ҳашари» шиори остида бюджет идоралари ходимлари, жумладан, ўқитувчилар меҳнатидан тобора кенгроқ фойдаланилмоқда. Сирдарё вилоятидан келган мактубда мактаб ўқитувчиси улар шаҳар халқ таълим бўлими назорати остида пахтага чиқарилаётгани, «пахта терими вақтида ўқувчиларнинг тарбияси, билими издан чиқиши» ҳақида ёзади. «Элтуз» нашри мактубни чуқур таҳрирсиз, бироқ муаллифга зарар етказмаслик учун исми-шарифини кўрсатмасдан эълон қилмоқда.

Сирдарё вилоятидан келган мактуб

Касбим ўқитувчи, мактабда дарс бераман. Пахта терими сентябрнинг илк ҳафтасида бошланди. Энди янги ўқув йили бошланган эди ҳамки, пахта дараги ҳақида эшитдик. Терим тахминан 6-7 сентябрдан ноябргача давом этди. Асосий терим тугагани учун 2 ноябрларда терим тугади. Аммо ҳозир 1-чорак якунланди. Ўқувчилар бир ҳафта қисқа таътилда бўлади. Яна ҳамма ўқитувчиларга оммавий терим давом этиши эҳтимоли бор. Чунки ҳар йили шундай бўлади.

Теримдан ҳеч бир ходим озод этилгани йўқ. Оилавий жуда оғир авҳолда яшайдиган ҳамкасбимиз бор. Эри вафот этган. Болаларига ёлғиз она бўлиб қарайди. Ёш фарзандлари бўлгани учун у бир неча марта шароити ҳақида мактаб директорига тушунтирди.

Ёш болаларини уйда ёлғиз ташлаб кета олмаслигин айтиб, теримдан енгилликлар беришини сўради. Аммо мактаб раҳбари ҳам ўзидан “катталар” олдида жавоб беришини айтиб, ҳеч бўлмаса, 10-15 кун далага чиқиб беришини сўради. Ўша ҳамкасбим болаларини қўшниларига ташлаб, бир амаллаб далага чиқди. Ўзининг ўрнига одам ёллашга ҳам қурби етмайди.

Бошқа ҳамкасбларимиз агар далага бориш иложини қилиша олмаса ёки истамаса, ўрнига одам чиқариши мумкин. Муҳими, раҳбарга гап тегмаса, ўша одам далага чиқиб, нормани бажарса бўлди. Агар мардикор саҳарлаб вақтида етиб келмаса ёки далада пахта термай юрса, унда директор ўз ходими билан гаплашиб, масалани ҳал қилишини ёки ходимдан ўзи далага чиқишини талаб қилади. Шу пайтгача теримдан бош тортганларни кўрмадим.

Тўғри, ўзим ҳам бундай ишлардан чарчайман, норози бўламан. Аммо рад эта олмайман. Сабаби мендан катта ёшдаги педагогларнинг сукут сақлашидир. Улар индамай туриб, бу ҳақида мен оғиз очсам, ҳеч кимга, айниқса, директорга ёқмаслиги аниқ.

Пахта терими вақтида даладаги назоратни шаҳар халқ таълим бўлими ходимлари олиб боришди. Улар шу ишида бир неча йиллардан бери ишлайди. Ҳар йили шулар пахта теримида бош-қош бўлиб юради.

Теримчилар ҳар куни соат 6 дан кеч соат 5-6 гача ишларди. Уйга қайгунимизча соат 7-8 бўлиб кетарди баъзан. Иккинчи теримдан эса соат 7 дан кечки соат 4 гача далада бўлардик. Дам олиш кунлари терим вақтида бўлмайди. Ўқиш 6 кун бўлса, еттинчи кун якшанбада барча ўқитувчилар оммавий теримга юбориларди.

Мен ўзим ўртача 30-40 кг пахта тера оламан. Нормани кўпинча бажара олмасдим. Шу сабабли доим директорим мени сўкиб, уришиб, даладалигимда телефон қилиб, нормани талаб қиларди. Қанча тинмай меҳнат қилсам-да, нормани бажариш менга қийин. Пахта жуда енгил бўлади. Кўпчилик шерикларим ҳам нормани “тоза” бажармасди. Ҳар хил қинғир йўлларини топиб олишган. Мақсади раҳбардан гап эшитмаслик. Пахтанинг орасига оғирроқ бўлсин деб сув қуярди, кесак ёки тупроқ солади. Айниқса, охирги теримларда далада пахта қолмаганидан этагимизга кўсак териб олиб, усти ва тагини пахта билан ўраб топширдик. Нима қилайлик ахир? Далада пахта йўқ.

Терган пахта учун пул олдим. 100% тўлиқ деб бўлмайди. Энг охирги 10 кунликни ана-мана берамиз, деб алдаб юришибди. Ҳалиям бергани йўқ.

Пахта терими вақтида ўқувчиларнинг тарбияси, билими издан чиқади. Биринчи чоракни беҳуда йўқотамиз. Дарслар номига ўтилади. Пахта бутунлай тугагандан кейин болалар тугул ўзим қийналаман. Чунки 2 ойлик дастурни ўзлаштириш, уларнинг онгига сингдириш ҳаммага қийин бўлади. Бу битта фандан эмас. Ҳамма фан чала-чулпа бўлиб ётади. Терим вақтида дарслар ўтилган бўлади. Аммо битта ўқитувчи эмас, битта фандан ҳар хил ўқитувчи киравериши болаларга ёмон таъсир қилади.
Йил давомида теримдан бошқа ҳар ойда 2-3 марта шанбаликлар бўлиб туради. Баҳорда ҳар ҳафтада бир марта бўлади. Кўча супуриш, дарахтларни оқлаш, Наврўз яқинлашса паркни тозалаш, дарахт шохларини тартибга келтириш каби юмушларни қиламиз.

Пахта терими – умумхалқ ҳашари, деган фикрга қўшилишни истамасдим. Аммо ҳукумат шундай деб тургандан кейин мен нима ҳам дердим. Демак, умумхалқ ҳашари бўлса керак-да.

Оиламиздан теримга икки киши чиққан бўлсак, пахтадан даромад кўрганимиз йўқ. Терган 30-40 кг пахта пули далага олиб борадиган майда-чуйда егуликларга кетарди. Баъзида нормани бажариш учун ёнимдан пул сарфлаб, орамизда энг кўп терадиганлардан пахта сотиб олиб, торозига топширардим. Иссиқда баъзан пахта теришга умуман ҳолим бўлмасди. Шунақа пайтлари бошқалардан пахта сотиб олиб, тарозига топширардим. Шундай харажатларга ўз ҳисобимдан 40-50 минг сўм сарфлаган бўлсам керак.

Пахтага чиқишни истамасам, кимгадир шикоят қилишнинг иложи йўқ. Ўз бошимга ғавғо орттириб нима қиламан?! Ҳеч кимга мурожаат қилмадим. Менимча, бу масалада ҳеч ким менга ёрдам бера олмасди ҳам. Агар битта менга ёрдам қилса, яна кимдир, кейин яна бошқаси хоҳлаб қолади. Хуллас, бу ҳозирча иложи йўқ масала.
Оиламдан мен ва қайинсинглим теримга чиқди. Иккимиз ҳам давлат ишида ишлаганимиз боис далага боришга мажбур бўлдик.

Мактабимиздан айрим ўқитувчилар мардикор ёллашди. Кунига улар мардикорга 20-25 минг сўм тўларди. Бу улар ўртасида ўзаро келишув асосида бўлади. Кимдир бундан ҳам қимматга одам ёллаган. Ўқитувчилар мардикорни танишлари орқали, ишсиз қўни-қўшниларини топиб чиқаришарди. Мардикорлар ҳам кунига 20-25 минг сўм ва терган пахта пулини олиб, пул ишлаб олиши мумкин эди.

Терим вақтида уйма-уй участкавой, прокурорлар ва турли ташкилот ходимлари юрди. Уйда ишсиз ўтирган аҳолини теримга жалб қилиш бўйича топшириқ олишган бўлишса керак. Шунақалар эшикни тақиллатиб келавериб, асабга тегарди. Маҳалламизда тез-тез сув ўчиб қоларди. Балки бу ҳам терим билан боғлиқ бўлса керак.

Мажбурий меҳнатга қарши чоралар ёзилган йўриқномани кўрдим. Унда касаба уюшмасига мурожаат қилишимиз мумкинлиги ёзилганди. Лекин мактабимиздаги касаба уюшмаси ходими ҳам далада юрди. У ҳам мажбурлигидан далага чиқди. Буни ўзи бот-бот айтиб турарди. Ўзига ёрдам беролмаган одамдан мен қандай ёрдам сўрашим мумкин?!

Бир педагог президентнинг виртуал қабулхонасига мактуб ёзган экан. Мажбурий меҳнат содир бўлаётганини хабар қилиб, ундан ёрдам сўраган. Шундан сўнг ўша ходимни ҳокимиятга чақириб олиб, роса маъруза ўқишибди. Пахта – бу миллий бойлигимиз, ўқитувчи бўлиб шундай ёзишни уялмайсизми, дейишибди. Охирида ўша ходимдан ҳаммаси яхши, англашмовчилик бўлди, қабилида хат ҳам ёздириб олишибди. Буларни эшитгандан кейин ҳеч бир ҳаракат фойдасиз эканлигини янада тушуниб етасиз.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 октябр 2020
Жорий ҳафтада “Uzbekistan GTL” заводи ходимлари касаба уюшмаси раислигига Қарши шаҳри ҳокими лавозимида ишлаган Шуҳрат Турсунов тайинланди.  Мазкур завод ишчилари ойлик йўқлиги ...
8 апрел 2015
Тошкентла “Style.uz” санъат ҳафталиги ўтмоқда – президент тўнғич қизининг дабдабали эрмаги, айни пайтда эса пахта далаларида болалар ўлмоқда, дея ...
9 ноябр 2018
Инсон бахтли бўлиши учун нима қилиши керак? Севган ёрини топиши керак дерсиз? Лекин Фарғона вилояти раҳбарлари бундай деб ўйламайди. ...
8 май 2015
Сиз айта оласизми “Ўзбек-немис инсон ҳуқуқлари форуми” (Uzbek-German Forum – UGF)га рахбарлигингиз ҳақида? – 2008 йили мен Ўзбекистонда тўрт ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...