Руҳий шифохона тутқуни Жамшид Каримов ҳақидаги фильм трейлери чиқди
Марҳум президентнинг жияни Жамшид Каримов ҳақида тасвирлар олаётган журналист Улуғбек Ашур 22 декабрь куни фильм трейлерини тақдим этди.
У 40 минутлик ҳужжатли фильмнинг «Элтуз» нашри орқали тўлиқ намойишини январь ойи охирларига режалагани ҳақида билдирди.
Фильмда Жамшид Каримов Самарқанд руҳий касалликлар шифохонасида унга нисбатан бўлган шафқатсиз муносабат, орттирган асоратлари ҳақида гапиради.
Мустақил журналист Жамшид Каримов ўз фаолияти боис, деярли 11 йил Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонада мажбурий ҳибсда сақланган эди.
Жамшид Каримов амакиси бошқарган ҳукуматни танқид қилгани ва халқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилгани учун 2005 йилнинг сентябрида ҳибсга олинган эди.
Суд уни мажбурий руҳий даволаш ҳақида ҳукм чиқарди. Каримовнинг ўзидан эса мажбуриятга розилик 2006 йили мажбурлаш йўли билан олинди. У 2011 йили қисқа муддат озод этилди, бироқ икки ой ўтмай, тағин мажбурий даволанишга қайтарилди.
Жамшид Каримов 2017 йилнинг бошида озод этилди. Бу ҳақдаги фильм «Элтуз» нашри билан ҳамкорликда тайёрланмоқда.
Видео: https://youtu.be/OKh4H0VyMDg
Eltuz.com