Асосий мавзулар
12 март 2018

Зеҳниятимиздаги тузалмаётган яра

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи аксарият давралардаги гурунгнинг мавзуси бўлди. Зеро, узоқ йиллар бир-биридан узиб қўйилган қардош халқларнинг қайта яқинлашуви фонида бу табиийдир.

Бу гурунгларда кўтаринки руҳдаги гап-сўзлар билан бирга хавотир оҳангидаги мулоҳазаларни ҳам эшитишга тўғри келди.

Мирзиёев Тожикистон билан чегараларни очиб ташлади, энди террорчи ва наркоташмачи гуруҳларнинг Ўзбекистонга кириб келиши осонлашмайдими, деган хавотир эди бу.

Энг эътиборлиси, чегаралар очилиши шундай фикр уйғотганлар қаторида ўзини зиёли деб билганлардан тортиб, оддий аҳоли вакилларигача бор.

Бу хавотир Ислом Каримов режимининг икки халқни ажратиш борасидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари боис зеҳниятимизни қоплаган қўтир яра ҳали
тузалишга юз тутмаётгани аломати ўлароқ таассурот уйғотди.

Аслида чегараларни тамбалаш, миналаштириш халқни террорчию наркотиклардан эмас, режимнинг ўзини ҳимоя қилишга қаратилгани кундек аён эди.

Террорчилар ва наркофурушларнинг энг катталари пана-пастқам йўллардан яшириниб эмас, Тошкентда ўтирган амалдорларнинг ижозати билан Ўзбекистонга бемалол кириб кела олишини биладиганлар ҳам топиларди.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи Ўзбекистон олий раҳбарининг Душанбега илк сафари эмас.

2000 йилда Ислом Каримов Тожикистонга катта дабдабаю асъаса билан борганди. Икки халқнинг биродарлиги ҳақида достонлар битилганди.

Аммо Душанбедан қайтар-қайтмас икки давлат дарвозаларидаги қулфлар каттароқларига алмаштирилди, миналаштирилган майдонлар кенгайтирилди.

Бундан Ўзбекистонга наркотиклар кириши камайиб қолмади. Режим манфаати учун зарур бўлганда террорчилар ҳам бемалол кириб келаверди.
Зеҳниятимизга Тожикистон билан чегараларни очсак, Ўзбекистонга “жиноий элементлар” кириб келади, деган ишонч сингдирилди.

Шавкат Мирзиёев эса Душанбега кучли бир самимият билан борди. Президентнинг “мен сизнинг олдингизга очиқ чегаралар билан, очиқ қалб билан келдим”, деган сўзлари бу самимиятнинг асоси эди.

Шавкат Мирзиёев Душанбега ўзаро яқинлашув учун амалий ишларни бошлаб юборгандан сўнг борди. Унинг бу ташрифи Тожикистонга борганидан сўнг ваъдаларни қалаштириб ташлаган Каримовнинг сафаридан шу жиҳати билан ҳам фарқ қилди.

Икки халқнинг қон-қардошлигини тиклаш йўлидаги амалий қадамлар зеҳниятимиздаги қўтир ярани тузатадиган кучли бир малҳам бўлиши билан бирга Каримов режимининг нақадар қабиҳ эканига ҳалигача ишонгиси келмаётганларга навбатдаги тарсаки ҳам бўлса, не ажаб.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
16 январ 2021
Таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева узоқ хасталикдан сўнг 83 ёшида оламдан ўтди. 16 январь куни у Тошкентдаги Дўмбиробод қабристонига дафн ...
23 феврал 2016
Собиқ ҳарбий, истеъфодаги кекса подполковник, 77 ёшли Ботир Шерматович Тошмуҳаммедов 1976 йилдан буён мудофаа кучларига қарашли икки хонали уйида ...
10 июл 2019
Ўқув йили тугаши билан ижтимоий тармоқда коллеж ва лицей битирувчиларининг ўз дипломларини намойишкорона «оёқости» қилишаётгани акс этган фотосуратлар тарқалди. ...
19 апрел 2024
Бугун ютуб каналида  кўрадиганингиз,  ваъз сарлавҳасини «Ўзбек мактаби  болаликнинг душмани» деб қўйдим.  Мана бир ўқитувчи  биринчи синф болаларини қўлига нина ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...