Cатира
24 июл 2018

Машина ойнасини қорайтириш фақат пулдорлар учун

Совет ҳукумати синфийлик жамиятини йўқотиш, ҳамманинг тенглиги йўлида 70 йил сиёсат юритди. Ислом Каримов эса “Бизда ўта бойлар ҳам, ўта камбағаллар ҳам бўлмайди”, деган сиёсатни байроқ қилди.

Тўғри, бугунги кунда Каримовнинг кўнглида “биздан бошқа ўта бойлар бўлмайди”, деган кечинма бўлгани ойдинлашди. Совет ҳукумати тенглик жамияти яратишда собитқадамроқ эди.

Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати эса аҳолини бойлар ва камбағалларга ажратиш борасида мақсадли сиёсат юритаётгандек таассурот қолдирмоқда.

Аввалроқ автомобилларнинг “крутой” давлат рақамларини фақат бойлар олиши тизими йўлга қўйилганди. Бугун кимоши савдода сотилаётган бундай рақамлар давлатга миллиардлаб сўм даромад келтирмоқда.

Энди нафақат тегишли идоралар вакиллари, балки оддий одамлар ҳам машинанинг давлат рақамига қараб, унинг эгаси қай даражада бойлигини чамалаб кўриши мумкин.

Ҳукумат яқинда бой билан камбағални визуал тарзда ажратиб олишни янада осонлаштиришга ёрдам берадиган навбатдаги қарорини қабул қилди.

“Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланишни тартибга солиш чоралари тўғрисида” деб номланди бу қарор.

Қарорга кўра, жисмоний шахслар машинасининг ойнасини қорайтириш учун энг кам иш ҳақининг 90 баравари (16 587 000 сўм) миқдоридаги тўловни тўлаши лозим.

Аввалроқ бу қарор лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилганди ва қаттиқ танқидга учраганди. Ҳатто давлатга тегишли марказлардан бирининг экспертлари ҳам уни қоралаб чиққанди.

Шунга қарамай, ҳукумат бу қарорни қабул қилди ва ижтимоий тармоқларда янада кўпроқ танқид остида қолди.

Фойдаланувчилар Ўзбекистон конституциясининг бош ғояси барча фуқаролар тенглиги ва ижтимоий адолат кафолатланиши эканини эслатиб, ҳукуматнинг сўнгги қадамлари бу ғояга тескари йўналишда бўлаётганини таъкидламоқда.

Жумладан, телеграммдаги davletov.uz канали “фуқаролар мамлакатдаги имкониятлардан, қулайликлардан иқтисодий имкониятига қараб фойдаланишни ёки давлат мавжуд имкониятни пуллашни бошласа, бу давлатчиликнинг фалсафаси ўзгараётганини кўрсатишини” билдирди.

“Қиммат тонировка жамиятда бой ва камбағални аниқ кўриш, кўрсатиш ва ажратиш йўлидаги илк қадам. Тонировка ё бўлиши, ёки бўлмаслиги керак. Ҳеч қачон давлат томонидан бунақа ақлга сиғмайдиган нархда эмас. Бу цинизмнинг энг олий кўриниши”, деб ёзди ушбу юзер.

“Давлат идоралари ёки давлат улуши бор ташкилотлар тонировка қилмасин. Ҳурмат ила, солиқ тўловчи”, дея истеҳзо қилди бошқа бир фойдаланувчи.

Уларга навбатдаги юзер жўр бўлди: “1 августдан бошлаб жазирамада куйиб кетмаслик учун йилига 16 587 000 сўм тўлаб қўйишингизга тўғри келади. Савол туғилади: тонировка кимнинг бизнеси?”

Ижтимоий тармоқларнинг кўпгина фойдаланувчилари эса халқ фикри умуман ҳисобга олинмаса, бундай қарорлар лойиҳаси нега умумий муҳокамага қўйилаётганига истеҳзо билан қаради.

Уларнинг айтишича, машина ойнасини қорайтиришга оид қарор лойиҳасини деярли ҳеч ким ёқламаган, бирорта ижобий фикр билдирилмаган.

“Шундай экан, бундай кўзбўямачилик сиёсати, бундай кўзбўямачи демократия нимага керак, кимга керак?!” деб ёзди улардан бири.

Автомобилларнинг “чиройли” рақамларини кимошди савдода сотиш ғояси ўз вақтида бу тизимдаги коррупцияга қарши курашиш билан изоҳланганди.

Аммо йилнинг 9 ойи қуёшли бўладиган Ўзбекистонда машина ойналарини қорайтириш ҳуқуқи ҳам бойларга тақдим этилаётгани ҳамон оддий халқ учун тушунарсиз бўлиб турибди.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 сентябр 2018
Telia ширкатининг собиқ раҳбарлари устидан Стокгольмда давом этган судда Тошкентдаги «Dado» гуруҳи қўшиқчиси бўлган Рустам Мадумаров Гулнора Каримованинг расмий ...
18 май 2021
Рассом Кирпи
14 декабр 2024
Бугун АҚШда ўзбек мухожирлари сони ортмоқда. Ўзбеклар американинг катта-кичик шаҳарларида яшаб янги ҳаётга мослашиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Элтуз таҳлилчи ...
18 август 2021
1971 йилнинг ёзида ёш немис эр-хотин аввалгиларидан узоқроққа саёҳатга жўнаб кетишди. Улар Германиядан шарққа томон 5 минг километрдан зиёдроқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...