Асосий мавзулар
29 август 2018

Хоразм суди танқидчи журналистларнинг уйини мусодара қилди

Урганч туман судининг ўзбек журналистлари Бобожоновларга тегишли уйларни «давлат эгалигига ўтказиш» тўғрисидаги ижро ижро варақаси, суд қарорига шикоят қилишнинг олти ойлик муддати тугаган 27 август куни Ғайрат Бобожоновга берилган.

Ғайрат Бобожонов

Ижро варақасига кўра, туман суди 2018 йилнинг 22 январида ўтган ва суднинг ҳал қилув қарори 12 февралдан қонуний кучга кирган.

Урганч туман ҳокимлиги давосига кўра, суд Қудрат ва Ғайрат Бобожоновларга тегишли турар жой, ер участкаларини «эгасиз қолдирилган» дея ҳал қилув қарори чиқарган.

«Бу уйда менинг ўғлим оиласи билан туради. Лекин суд қарори чиққанидан олти ой ўтиб бизга ижро варақасини жўнатишаяпти», дейди шу мулк эгаларидан бири, Урганчда яшаётган Ғайрат Бобожонов.

Унга берилган Урганч туман судьяси Ў. Машарипов имзолаган Ижро варақасида «Қоровул қишлоғи, «Шодлик» маҳалласи, «Зиёкор» кўчаси 14-уйда жойлашган  турар жой эгасиз деб топилсин ва Урганч туман ҳокимлиги балансига ўтказилсин», деб ёзилган.

Шунга икки томчи сув каби ўхшаш ҳужжат Шуҳрат Бобожонов номига ҳам келган. Унинг ҳам Урганч туманида икки қаватли уйи бор эди. Ҳокимлик қарорида ёзилганидек қаровсиз эмас эди.

МХХнинг сўнгги зарбасими?

«Элтуз» мухбири суҳбатлашган «Арбоблар» МФЙ фаолига кўра, шу йилнинг бошида МХХнинг Хоразм вилояти ходимлари маҳалла раиси Б. Бекбергановга тазйиқ кўрсатиб судда Бобожоновларга қарши ëлғон маълумот беришга мажбурланган.

Қудрат Бобожон

Бу каби ҳаракатлар сабаби, «Элтуз» нашри журналисти Қудрат Бобожоннинг фикрича, унинг, журналист акаси ва укаларининг журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Чунки айнан бизнинг нашримизда, ўтган даврлардан фарқли кейинги бир йил ичида кўплаб МХХ зобитларининг кирдикорлари фош этилди. Тўғри, Каримов даврида ҳам бизни газеталарда қоралашган, ҳусусий телевидениямизни ёпиб, сўз эркинлигидан маҳрум қилиш уринишган, номимизни бадном қилишга ҳаракат қилиб келишган, лекин ҳеч бир мулозим уйимизни тортиб олиш даражасида тубанликка бормаган эди», дейди Қудрат Бобожонов.

2005 йил Андижон воқеаларини ёритганлиги сабаб таъқибга учраган журналист Қудрат Бобожон мамлакатни тарк этиб Швецияда яшай бошлаган, бугунги кунда унинг фарзандлари ва набиралари Урганчда яшамоқда. Унинг акаси, «Озодлик» радиоси журналисти Шуҳрат Бобожон эса Урганчдаги ҳусусий «Эй Эл Си» телеканали тугатилганидан кейин, 2001 йили мамлакатни тарк этганди.

Журналистларнинг онасига ҳужум

Журналистларнинг онаси Шукуржон Мадрахимова

Бобожоновларнинг онаси 75 яшар Шукуржон Мадраҳимова яшайдиган Урганч туманидаги уйга 2017 йилнинг 18 апрелида бир нечта нотаниш аёллар ҳужум уюштиришганди.

Хонадонга бостириб кирган аёллар унинг ўғилларини “Ватан хоинлари” дея, куракда турмайдиган сўзлар билан хақорат қилишган, яқинларига қўнғироқ қилмоқчи бўлганида телефонини тортиб олиб, ерга улоқтиришганди.

Ғалати томони шундаки, воқеа содир бўлган заҳоти участка милицияси ходими билан яна ўша халқ орасида «Бакварган қассоб» дея танилган Урганч туман арбоблар маҳалласи раиси кириб келган.

Шуҳрат Бобожон «Эй Эл Си» ТВ канали ёпилиши ортидан мамлакатни тарк этганди

Онасига қилинган ҳужумдан милицияга шикоят аризаси ёзмоқчи бўлган бобожоновларнинг синглиси Барнони бу ҳаракатдан тўхтатиб:

«Ундан кўра, онангиз кечирим сўрасин ўғилларининг қилмиши учун!» деган эди у ўшанда.

Милиция Мадраҳимова аризасини қабул қилмагач, уни республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига йўллашган.

Туман ҳокимлиги миқёсидаги фирибгарлик

Ғайратнинг тортиб олинаётган уйи

Ҳорижда яшаётган журналистларнинг Урганчдаги мулкларини тортиб олиш иддаоларини ўрганаркан, «Элтуз» нашри Урганч туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари 29 яшар Бекзод Абдримовнинг шу йилнинг 1 июлида пора устида қўлга олингани ҳақидаги фактларга дуч келди.

Шуҳратнинг айвони

Хоразм вилоят ТВ орқали 6 июлда узатилган кўрсатувда, вилоят Хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси томонидан Бекзод Абдримовнинг 5 миллион сўм пора олган пайтида ушлангани айтилади.

Аниқланишича, туман ҳокими ўринбосари бу пулни Урганч туманида жойлашган 5 сотихли томорқа ерига эгалик ҳуқуқини берувчи туман ҳокимининг қарорини чиқариб бериш учун олган.

Қудратнинг боғ девори

Б. Абдримовга нисбатан Жиноят Кодексининг 210 моддасига мувофиқ жиноий иш қўзғатилган.

Бекзод Абдримов Фуқароларнинг мулкка эгалик қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси раиси ҳам бўлган.

Бобожоновларга тегишли мулкнинг эгасизлиги ҳақидаги суд ҳужжатлари, қарор ва ижро варақаларининг атай, олти ойлик шикоят муддати ўтганидан кейин олти ой ўтиб очиқланиши, бу ҳаракатларда сиёсий мотивдан кўра, кўпроқ шахсий манфаатлар ҳам яширинган бўлиши мумкинлигини кўрсатади.

Сиёсий қарашлари учун шахсларнинг мулкини тортиб олиш холати, ҳатто Ўзбекистон учун ҳам кам учрайдиган ҳодисадир. Ака ука Бобожоновлар, масалани ҳуқуқий тартибда ҳал қилиш учун адвокатга мурожаат этишди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 сентябр 2017
27 сентябр куни Туркиядан Ўзбекистонга қайтиб келган ўзбек ёзувчиси Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон (Нурилла Отахонов) ҳибсга олинди. Ёзувчининг рафиқаси Гулнора ...
8 май 2015
Сиз айта оласизми “Ўзбек-немис инсон ҳуқуқлари форуми” (Uzbek-German Forum – UGF)га рахбарлигингиз ҳақида? – 2008 йили мен Ўзбекистонда тўрт ...
27 май 2019
Ўзбекистонда иссиқлик таъминоти, иссиқ сув, газ ва совуқ сув, электр энергияси нархлари тобора ўсишда давом этмоқда. Илгари мамлакатда одатда ...
20 апрел 2019
20 апрель куни Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидаги «Тошкент-Олмаота» трассасида автобус ҳалокатга учради. Йўловчилари аксарият ўзбекистонликлар бўлган автобус ҳалокатида камида 11 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...