Асосий мавзулар
17 декабр 2018

Халқаро миқёсда қўллаб-қувватланаётган ёлғон

Ўзбекистонда 2017 йилда 13 фоиз киши ўз ихтиёрига қарши равишда пахта теримига жалб қилинган бўлса, 2018 йилда бор-йўғи 7 фоиз теримчи мажбурий равишда пахта далаларига жўнатилган.

Бу ҳақда Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ўтказилган мониторинг ҳисоботида айтилади.

Мана шу ҳисобот эълон қилиниши ортидан ХМТ бош директори Гай Райдер Тошкентда энг юқори доираларда, жумладан, мамлакат президенти томонидан ҳам қабул қилинди.

Барча музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасида ўзаро ҳамкорликни давом эттиришга ваъдалар беришди.

Аввал ҳам берилган айнан шундай ваъдалар ХМТнинг бу йилги мониторинги оҳангини белгилаб берган бўлса ажаб эмас.

Сиёсат ўз йўлига. ХМТнинг Ўзбекистонга нисбатан сўнгги вақтлардаги муносабати сиёсатнинг кимдир тўғри тушунадиган, кимдир эса тоқат қила олмайдиган юзларидан биридир.

Зеро, ХМТ ҳисоботи Ўзбекистон ҳукуматининг мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлидаги саъй-ҳаракатларини рағбатлантиришга қаратилаётгандек таассурот уйғотади.  

Гарчи ижобий ўзгаришлар сезиларли бўлса-да, баландпарвоз мақтовларга арзимаслигини кўпчилик англаётгани ҳақиқатга яқинроқдир.

ХМТ вакилларининг Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланишга чек қўйилди, деган гапларига ким ишонади? Бу гапларга ишонмаслик учун далилларни истаганча келтириш мумкин.

Милициядан тортиб армиягача ойлаб пахта даласида “жавлон урган”и тизимли мажбурий меҳнат бўлмаса, унда нима?

Завод-фабрикалар, турли давлат муассасаларининг ўн минглаб ходимлари ташкилий равишда далага жўнатилгани бундай ишларнинг тизимли эканидан дарак бермайдими?

Ҳукуматнинг айрим майда амалдорларни кишиларни ўз ихтиёрига қарши ишлашга мажбурлагани учун жазолагани аслида кенг кўламли мажбурий меҳнатни хаспўшлаш мақсадидаги саъй-ҳаракатлар эканини ақли расо инсонлар тушуниб турибди.

Лекин ХМТ вакиллари бу чиройли рақамларга ишонишга рози бўлиб, ўзлари ҳам мазкур ёлғонларнинг халқаро майдонда ҳақиқат сифатида эътироф этилишига ҳисса қўшмоқдалар.

ХМТнинг бу сиёсати вазиятни аста-секин яхшилаб бораётган Ўзбекистон расмийлари билан келишувлар натижасидек таассурот уйғотади.

Майли, пахта теримига мажбурий чиқарилганлар сони бор-йўғи етти фоиз дейлик ҳам. Лекин теримчилар сони юз минглар билан ўлчанишини ҳисобга олсак, бу кичик рақам эмас.

Қолаверса, мажбурий меҳнат фақат пахтачиликда эмас, бошқа соҳаларда ҳам кузатилмоқда.

“Пахтачаликдан бошқа соҳалардаги мажбурий меҳнат кўринишлари ободонлаштириш, қурилиш каби тармоқларда ҳам кенг тарқалган”, дейди Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова.

Бу ташкилот кўп йиллардан буён Ўзбекистондаги мажбурий меҳнатни мониторинг қилиб келади.

“Ҳозир кўчаларни супуриш, амалга оширилаётган қурилишлар, ободонлаштириш ишларига бу соҳаларга умуман алоқаси бўлмаган кишилар ўз ихтиёрига зид равишда жалб этилади”, дейди Умида Ниёзова “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг билдиришича, Ўзбекистон-Германия форуми мажбурий меҳнатнинг мана шу кўринишлари юзасидан мониторинг ўтказган ва яқин орада бу борадаги ҳисобот эълон қилинади.

ХМТ бош директори Гай Райдер ЎзА мухбирига берган интервьюсида унинг ташкилоти Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Лекин бу қўллаб-қувватлаш танқидий асосда қурилганида мамлакат халқи учун янада фойдали бўларди.

Аудио: https://youtu.be/25rsq2F4fP4

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 август 2020
Қишга тайёргарлик. Помидор ва қалампирни ўзим етиштириб, қуритиб, ипга ўтказиб деворга илдим. Кўўп бонкаям беркитганмиз. Компотларим ҳам етарли. Озроқ ...
8 октябр 2019
Ўзбекистон қаҳрамони, шоир Абдулла Ориповга Нимасан? Қандайин сеҳрли кучсан?Нечун томошага бунчалар ўчсан? Ҳурматли Абдулла ака, ушбу хатимда сизнинг бир ...
23 январ 2018
World Politics Review онлайн журналида муаллиф кўплаб шарҳловчилар «ўзбек илиқлиги» дея атаётган сўнгги воқеалар таҳлили ҳақида мақола эълон қилди. ...
20 январ 2022
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳри суди интернетда Ўзбекистон раҳбарияти ва Хитойнинг уйғурларга қарши сиёсатини кескин танқид қилиши билан танилган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...