Асосий мавзулар
11 январ 2019

Мирзиёев ортидан кузатув ўрнатган ДХХ раисининг биринчи ўринбосари ҳибсга олинди

Қуйидаги мақолада келтирилган маълумотлар Давлат ҳавфсизлик хизмати таркибида ишлайдиган шахсдан келиб тушди. Ўзбекистон каби ёпиқ мамлакатда давлат органлари кўп ҳолларда мустақил журналистларнинг саволларига жавоб бермайди. Айни мақоладаги баъзи иддаолар юзасидан расмийлардан изоҳ ола олмадик. Шунга қарамай, биз олинган маълумотларни нашр этишга қарор қилдик ва муқобил маълумотларни тақдим эта оладиганлар билан гаплашишга тайёрмиз.

Бир йил муқаддам Ўзбекистон бош прокуратурасидан Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган Жаҳонгир Эгамов январь ойи бошида қамоққа олинди.

Бу хабарни 11 январь куни “Элтуз”га ДХХ Махсус текширув бошқармаси ходими исми сир қолиши шарти билан етказди.

ДХХ ходимининг маълум қилишича, 46 ёшли Жаҳонгир Эгамов ортидан  прокуратурадан хавфсизлик тизимига ўтган яна беш нафар хавфсизлик зобити ҳибсга олинган.

Улар орасида ДХХ Тергов бошқармаси бошлиғи Аброр Абдуллаев ва ДХХ сиртқи назорат тезкор ходими Ботир Ҳакимов ҳам бор.  

Аброр Абдуллаев халқ орасида қўрқув билан тилга олинадиган конторанинг тергов бошқармасига ўтгунига қадар Тошкент шаҳри прокуратурасининг тергов бошқармасига раҳбарлик қилган.

Ўтган йил февраль ойида Аброр Абдуллаев билан бирга прокуратурадан ДХХга ўтказилган Жаҳонгир Эгамов президент ва унинг оиласи ортидан 2018 йил июнь ойидан бошлаб, олти ойга яқин сиртдан кузатув ўрнатган гуруҳга раҳбарлик қилганликда гумонланмоқда.

Терговни президентнинг жияни олиб бормоқда

Тергов ишини ДХХнинг ички хавфсизлик ва шахсий таркиб фаолиятини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Мухтор Мирзиёев олиб бораётир.

Ўтган йил мазкур бошқармага бошлиқ этиб тайинланган Мухтор Мирзиёев президент Шавкат Мирзиёевнинг жиянидир.

Жаҳонгир Эгамов йирик миқдордаги иқтисодий ва коррупцияга боғлиқ жиноятларни содир этганликда ҳам гумон қилинмоқда.

11 январга ўтар кечаси ДХХнинг ҳибсга олинган зобитларига  тегишли фотосуратлар ва маълумотлар барча ижтимоий тармоқлар  ва расмий веб-сайтлардан олиб ташланган.

Жаҳонгир Эгамов президент 25 декабрь куни ДХХ учун махсус қурилган янги бинода Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган кенгайтирилган йиғилиш пайтида вазифасидан четлатилган эди.

Президент Мирзиёев ДХХ назоратидан ғазабга келган

Хавфсизлик ходимларининг маълум қилишларича, ўзи ва оиласи аъзолари устидан кузатув ўрнатилганидан хабар топган Ўзбекистон раҳбари қаттиқ ғазабга келган ва айбдорларни дарҳол жазолашни буюрган.

ДХХдаги сўнгги ҳибсга олишлар хавфсизлик хизмати тубдан ислоҳ қилинаётган бир паллага тўғри келмоқда.

Бор-йўғи бир йил муқаддам президент Шавкат Мирзиёев ДХХда туб ислоҳотлар бошлаган эди:

  • Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) деб ўзгартирилди;
  • – ДХХ ваколатлари кескин қисқартирилди;
  • МХХни 23 йил давомида бошқариб келган генерал- полковник Рустам Иноятов ўрнига Ўзбекистон бош прокурори бўлиб ишлаган Ихтиëр Абдуллаев тайинланди;
  • ДХХда мисли кўрилмаган аттестация ўтказилиб, ишга нолойиқ юзлаб хавфсизлик ходими ишдан бўшатилди, ўнлаб юқори мартабали зобит устидан жиноят ишлари очилди.

Жаҳонгир Эгамов орадан бир ой ўтиб – кадрлар алмашинуви авжига чиққан паллада  – Ўзбекистон Бош прокуратураси қошидаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти бошлиғи вазифасидан  ДХХ раисининг биринчи ўринбосари вазифасига ўтказилди.

«Элтуз» суҳбатлашган хавфсизлик ходимлари сўзларига кўра, ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаевнинг ишончли одамларидан ҳисобланган Жаҳонгир Эгамов ва бошқа юқори амалдорларнинг ҳибсга олиниши ДХХнинг етакчи эшелонларида Шавкат Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларга қарши кучларнинг ҳалиям  борлигини кўрсатади.

Мақоламизнинг иккинчи қисмида бу ҳақда батафсил фикр юритамиз.

Унда, шунингдек, МХХ янги раҳбариятининг коррупцияга боғлиқ кирдикорлари ҳақида сўз боради.

“Элтуз”ни кузатишда давом этинг.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com


Тағин ўқинг
8 июн 2021
Рассом Элсевар
10 октябр 2018
Жиззах вилояти пахта далаларида 3-4 октябрь кунлари мониторинг ўтказган ҳуқуқ фаоллари вилоятнинг Арнасой, Дўстлик ва Пахтакор туманларида бюджет идоралари ...
5 феврал 2016
Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев, ўзи билан ётган маҳкумлар қисматидан иқтибос келтириб, маҳкумларга противогаз кийдирилиши каби турмада қўлланиладиган қийноқлар ҳақида ...
2 май 2015
Аммо сал фарқ бор. МТС ëпилиб очилиши¸ ГК нинг ота мехридан мосуво қилиниши¸ Россиянинг Қримни аннекция қилиши билан боғлиқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...