Асосий мавзулар
12 апрел 2019

Сув тошқинлари қурбонлари борми?

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда сурункали ёққан ёмғирлар сабаб юзага келган селлар натижасида одамлар қурбон бўлгани тўғрисида халқ орасида турли гаплар юрганига қарамай, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) маълумотларида бунга аниқлик киритилмаяпти.

ФВВнинг яқинда тарқатилган хабарида айрим вилоятларда хонадонларни сув олгани, ҳовлилар ва томорқаларга сув киргани ҳақида сўз боради. Шунингдек, вазирлик сел оқибатларини бартараф этишга турли идоралар жалб этилганини қўшимча қилади.

Аммо одамлар орасида сўнгги селлар ваҳимаси кучли. Жумладан, сон-саноқсиз чорва моллари ўлгани, одамлар орасида ҳалок бўлганлар борлиги айтилмоқда.

ФВВнинг юқорида тилга олинган хабарида Қашқадарё вилоятининг Қамаши ва Чироқчи туманларига келган селлар ҳақида маълумот берилган бўлса-да, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ туманларидаги селлар хусусида лом-мим дейилмаган.

Шунга қарамай, Яккабоғ туманидаги тоғли ҳудудларда юзага келган сел камида бир кишининг ўлимига сабаб бўлгани эҳтимоли бор.

“Яккабоғнинг тепа зонасида жойлашган қишлоқлардан бирида ёш келинчак “Дамас” билан бирга оқиб кетганини айтишяпти. У қандай қилиб машинада оқиб кетган, буниси маълум эмас. Ёш келинчак экан, дейишяпти. Жасадини ҳали ҳам топишмабди”, деди “Элтуз” билан гаплашган яккабоғликлардан бири.

Унинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтада келган сел кўплаб мол-қўйларни ҳам оқизиб кетган. Сел шунчалик даҳшатли бўлганки, сўнгги вақтларда Яккабоғ ва Шаҳрисабз туманларини ажратиб турувчи Қизилдарёда бундай сув тошқини кузатилмаган.

“Анча-мунча уйларни ҳам сув олиб кетди. Бунга одамларнинг ўзи ҳам айбдор. Сув ёқасига яқин жойларда уй қуриб олган. Кўп йил сел келмаса ҳам эски сув йўлига уй-жой қуриш яхши эмаслигидан қариларимиз ҳар доим огоҳлантириб келади. Лекин ҳозир ер йўқ уй қуришга. Шунинг учун одамлар кексаларнинг гапига кўп ҳам қулоқ солмай қўйган. Сув ўн йил келмаслиги мумкин. Аммо бир келганда ҳамма жойни ювиб кетади”, дейди яккабоғлик суҳбатдош.

Бошқа вилоятларда ҳам селлар катта талафотларга сабаб бўлгани, ҳатто қурбонлар борлиги тўғрисида турли хабарлар мавжуд.

Шунга қарамай, ФВВ бу ҳақда расман маълумот тарқатмаяпти. Ҳақиқатан ҳам қурбонлар йўқ бўлса, булар фақат миш-миш бўлса, худога шукур. Бироқ буни расман айтиб, миш-мишларга чек қўйиш керак назаримизда.

ФВВ мавжуд талафотлар тўғрисида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этмаётгани турли гап-сўзлар урчишига олиб келиши эса табиийдир.

Вазирликдаги манбанинг “Элтуз”га айтишича, бу йилги кучли ёғингарчиликлар сабаб кўрилаётган талафотлар аввалги йиллардагидан кўра анча кўп. Айни пайтда вазирлик бутун кучини сел оқибатларини тугатишга жалб қилган.

Бундан аввалроқ маҳаллий матбуотда сел Деҳқонободда темир йўлга зарар етказгани, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида маҳаллаларни сув босгани ҳақида хабарлар тарқатилган эди.

Суратда: Навоий вилоятининг Аччи қишлоғида сел олиб кетган «Нексия» автомобили. Телеграм каналидан

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 ноябр 2024
Конфуцийдан шогирди “энг муҳим нарса нима?” деб сўради. «Давлат ҳаммадан мухим,» деди Конфуций «Чунки давлат йўл қуради, бу йўлдан ...
9 май 2023
Қўқон хонлигининг Тошкент ҳимоясига отланган мулла Алимқул бошчилигидаги асосий кучлари 1865 йилнинг 9 майида шаҳарни рус босқинчиларидан тозалашга муваффақ ...
15 декабр 2016
Ўзбек фаоллари бу пулларни коррупция жабрдийдалари бўлган Ўзбекистон халқига қайтарилишини исташмоқда. Электрон петицияни шу ерда имзолашингиз мумкин. Ўзбекистон телекоммуникация ...
20 август 2023
Cалом қадрли мухлислар, Элтуз ўзининг кундалик кўрсатувларини давом эттиради. Элтуз илгари хабар берганидек, 15 август куни Zо‘r TV журналисти ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...