Кўзқараш
23 сентябр 2019

«Эрк» партияси лидери Муҳаммад Солиҳ «Маҳмуд Ражаб воқеаси» юзасидан баëнот берди

Адолат излаб Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан “Эрк” демократик партияси аъзоси, шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг бу акцияси Ўзбекистонда Ислом Каримов режими ҳали ҳам оёқда эканидан далолат бермоқда.

Жорий йилнинг март ойидан бери Маҳмуд Ражаб ва оиласига қарши давом этаётган тазйиқ ва таъқиб бу инсонларнинг сабр косасини тўлдирди ва улар бу зулмга қарши исён сифатида ўз жонига қасд қилиш билан жавоб беришга тайёр эканликларини кўрсатди.

Инсонларни бу фожиавий нуқтага олиб келган жиҳат – давлат жазо органларининг Ўзбекистон конституциясида кўрсатилган ҳақ-ҳуқуқларни танимаслиги, уларни топташидир.

Ўзбек диктатори Каримовнинг меросхўри Шавкат Мирзиёев президентлик курсисига ўтиргандан кейин бир неча баёнотлар бериб, ўлкада либерализм шабадасини эстиргани тўғри. Айтиш мумкинки, унинг баёнотлари кўпчиликда ишонч уйғотди.

Ҳатто диктатор Каримовнинг 27 йиллик қатағонидан энг кўп зиён кўрган мухолифат вакилларида ҳам келажакка нисбатан оптимизм пайдо бўлди.

Ва биз яхши ният билан янги келган раҳбарнинг ислоҳотга ўхшаган энг кичик ҳаракатига ҳам қўлимиздан келган маънавий ва сиёсий дастакни бердик.

Унинг иккили ўйинларини, сўзи ва ишининг бир-бирига тўғри келмаётганини кўриб, кўрмасликка олдик. Матбуотда бу муносабатимизни самимий ифода этдик.

Бу тутумимиздан мақсад – янги раҳбарга вақт бериш, ўтиш даврини енгиллаштиришга ҳисса қўшиш эди.

Афсуски, кутганимиз эмас, қўрққанимиз бўлди.

Шавкат Мирзиёев ҳукумати сўзда бир юз билан, амалда эса иккинчи юз билан сиёсат юритишда давом этди.

Мирзиёев бугун мустабид Каримовнинг қабрига гулчамбар қўяётган бўлса, буни энди сиёсий тактика деб тушунмаймиз. Бу гулчамбарлар бир шогирднинг ўз устози йўлида оғишмай давом этаётганининг рамзи эканлигига энди шубҳамиз қолмади.

Йигирма етти йил давом этган давлат террорига қарши қўлига қурол олмасдан, тинч йўл билан мужодала қилган мухолифат аъзоларининг ҳали ҳам Ўзбекистонда “террорист” деб аталаётгани, уларнинг расмлари ҳали ҳам ички ишлар бўлимларида жиноятдан қидирилаётганлар расмлари ичида намойиш қилинаётгани Мирзиёев режимининг Каримовникидан фарқи йўқлигини кўрсатмоқда.

Бундан бир йил олдин Мирзиёев “Қўли қонга ботмаганлар ватанига қайтсин”, деган популистик бир шиорни ҳайқирди. Бу шиордан сўнг сохта айблар билан айбланиб, ватанини тарк этган мухолифатчиларда юртга қайтиш умиди пайдо бўлди.

Аслида мухолифатнинг оқланиб, ватанга қайтиши Мирзиёев режими учун катта фойда келтирарди. Уни ички сиёсатда ҳам, ташқи сиёсатда ҳам либерал режим мақомига юксалтирган бўларди.

Мухолифатнинг Ўзбекистон сиёсий елпозасида пайдо бўлиши чет эл сармоясининг ўлкага келиши учун энг кучли туртки бўлиши мумкин эди.

Аммо ўзбек сиёсий элитасининг бунга сиёсий фаросати етмади. Каримов диктатурасига моли ва жони билан қарши курашган бирорта ватансевар мухолиф ватанига чақирилмади, қайтишга уринганлари ҳам чегарада ушланиб, келган жойига қайтариб юборилди.

Бу шармандали ҳолат ҳукуматнинг иккиюзли сиёсатининг намунаси бўлди. Бу Мирзиёев ҳақида иккиланиб турган ижтимоий қатламларнинг ҳафсаласини пир қилди.

Улар кўзида янги раҳбар берган сўзига содиқ жиддий сиёсатчи эмас, популизм билан қуролланган коммунист бошқарувчи сифатида гавдалана бошлади.

Бу йил охирида кутилаётган парламент сайловида мухолифатнинг қатнашмаслиги аниқ. Мирзиёев диктатор Каримов тузган қўғирчоқ партиялар билан сайлов ўтказмоқчи ва дунё жамоатчилигини Каримов услубида лақиллатмокчи.

Диктатор Каримов 1991 йил президент бўлиб сайлангандан кейин “август ойида ҳамма нарса “во!” бўлади, сабр қилинглар” деб ўзбек халқини алдаган эди.

Унинг режимини мерос олган Мирзиёев ҳам ўз халқига ва дунё жамоатчилига “бироз сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади”, деганига, мана, 3 йил тўлаяпти.

Ҳеч нарса яхши бўлмади, аксинча, ҳамма нарса яна-да ёмонлашди. Айнан Каримовнинг иш бошлаган йилларидаги каби ўлкада аста-секин давлат террори ёйилмоқда. Бунинг навбатдаги исботи шоир Маҳмуд Ражаб ва бошқа мухолифларга қарши тобора қаттиқлашаётган тазйиқ ва таъқиблардир.

Дунё жамоатчилигини Мирзиёев режимининг алдовларига учмасликка, Ғарб давлатларини Мирзиёвнинг сохта сайловига кузатувчи юбориб, уни машруълаштирмасликка чақирамиз. Шунингдек, Ўзбекистондан инсон ҳақларига ва имзолагани бутун халқаро ҳужжатларга риоя этишларини талаб қилишларини сўраймиз.

Яшасин озодлик!

Муҳаммад СОЛИҲ
Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси раҳбари
23.09.2019

Тағин ўқинг
15 декабр 2016
Сўнгги ҳафталарда Урганч суратлар галереясидаги сирли тафтиш асносида ëқилишга маҳкум икки диссидент рассом асарлари матбуотга мавзу бўлди. Агар диққат ...
20 декабр 2020
Россиянинг иқтидордаги «Единая Россия» партияси депутатлари Қозоғистон ерларининг бир қисми Россияники, дея уни қайтариш лозимлигини таъкидламоқда. Қозоғистон жамоатчилиги ва ...
29 март 2017
Мирзиёевнинг куёви Отабек Шаханов, Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга расмий сафари чоғида ўзбек делегацияси таркибида кўринди. 22-март куни тасвирга олинган президент ...
19 март 2021
Рассом Элсевар
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...