• Фото: www.remdizel.com
Асосий мавзулар
30 октябр 2019

Ўзбекистонга “Тайфун” келди

Афғонистондаги сиёсий вазият барқарорлашмас ҳамда у ердаги амалдаги ҳукумат ва “Толибон” радикал гуруҳи ўртасида мамлакатда тинчликни таъминлаш масаласи ҳал этилмас экан, Ўзбекистон ўзининг ҳарбий салоҳиятини ошириб боришга мажбурдир.

Ўзбекистон Россиядан харид қилган “Тайфун-К” К-53949 зирҳли машиналарининг катта партияси буюртмачига етказиб берилгани ҳақидаги хабарларни шарҳлаган “Элтуз” манбаси шундай деди.

Хабарларга қараганда, ҳарбий машиналар мамлакатнинг Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округи (айнан Афғонистон йўналишига масъул) ихтиёрига берилган.

Шунингдек, Ўзбекистон К-53949’ни қуролли кучлари таркибига қўшган илк хорижий давлат бўлгани ҳам айтилмоқда.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ўз армиясининг салоҳиятини оширишга жиддий эътибор қаратаётганини кузатиш мумкин. Қўшинларни қайта жиҳозлаш 2018-2021 йилларга мўлжалланган махсус дастур асосида амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг ҳарбий бюджети 1,4 миллиард долларни ёки ЯИМнинг қарийб 4 фоизини ташкил этади.

Президент Шавкат Мирзиёев даврига келиб жадал иқтисодий ривожланиш сиёсатини эълон қилган мамлакат учун ҳарбий мақсадларга бундай катта маблағ сарфлаш қанчалик ўринли, деган савол туғилиши мумкин.

“Тинч яшашни ва ривожланишни истасак, аввало, армиямиз қудратини оширишга мажбурмиз. Чунки биз ўта беқарор минтақада жойлашганмиз. Афғонистон тинчимас экан, биз армия учун имконимиз етганча пул ажратмасак бўлмайди.

Тўғри, бу иқтисодиётимизни модернизациялаш жараёнларига салбий таъсир этади. Аммо мамлакатнинг ишончли мудофаасини таъминлаш биринчи навбатдаги масаладир”, деди “Элтуз” билан суҳбатлашган манба.

2014-2015 йилларда АҚШ Ўзбекистонга MRAP типидаги илгари фойдаланишда бўлган 328 та зирҳли машинани беғараз берганди.

“Ўзбекистоннинг улардан фойдаланиши анча катта харажатларни талаб қилади. Чунки уларнинг эҳтиёт қисмлари жуда қиммат ва мамлакат бу зирҳли машиналар имкониятларидан тўлиқ фойдаланишда қийналмоқда”, дейди “Элтуз” манбаси.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги ҳарбий техниканинг 95 фоиздан ортиғи айнан собиқ иттифоқда ва Россияда ишлаб чиқарилган. Шунинг учун ўзбек ҳарбийлари учун ўзларига таниш бўлган бундай техникаларнинг янги турларидан фойдаланиш қулайроқ.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Россиядан БТР-82А, “Тигр” зирҳли автомобиллари ва “Сопка-2” радиолокацион тизимларини харид қилди. Шунингдек, мамлакат 12 та Ми-35М жанговар вертолётини сотиб олиш бўйича келишувни имзолаган. Айни пайтда Як-130 ҳарбий ўқув самолётлари бўйича ҳам музокаралар ўтказилмоқда.

Як-130 самолётидан Россияда ҳарбий учувчиларни замонавий жанговар учқичларни бошқаришга ўргатишда фойдаланилади.

Ўзбекистон айнан Як-130 ни харид қилмоқчи бўлаётгани эса мамлакат ўзининг ҳарбий ҳаво кучларини янгилаш ниятида эканига ишора қилади.

“Ўзбекистоннинг ҳарбий авиацияси жуда эскирган. Ҳозир жанговар сафда бўлган Миг-29, Су-24 каби самолётларнинг ишлаб чиқарилганига 30 йилдан ошиқ вақт бўлди.

Шунинг учун яқин истиқболда Ўзбекистон Россиядан Су-30 кўп мақсадли қирувчиларини сотиб олиши ҳақида хабар чиқиб қолса, асло ажабланмайман. Т-90 танкларининг Ўзбекистонга етказиб берилиши борасида ҳам шундай фикрдаман”, деди “Элтуз” манбаси.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 июн 2016
Бугун, 10 июн – тошкентликлар учун оғир йўқотиш, энг экологик жамоат транспорти бўлган трамвай сўнгги манзилга кузатилганини яна бир ...
10 декабр 2019
Ҳар йили 10 декабрь Инсон ҳуқуқлари куни сифатида нишонланади. 1948 йил айни шу куни тарихий ҳужжат – Жаҳон инсон ...
11 январ 2016
Бугун 11 январ куни президент резиденцияси олдида норозилик намойиши ўтказишга чоғланган Инсон ҳуқуқлари альянси лидери Елена Урлаева бошчилигидаги бир ...
15 ноябр 2017
Канадалик 54 ёшли ўзбек журналисти Улуғбек Ашур президент Шавкат Мирзиёевни ҳажв қилиб қўшиқ куйлади. «Шавкат ака!» деб номланган қўшиқ ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...