Cатира
9 ноябр 2019

РТдан ваъз: Нега бизни алдаш осон

Ҳаëтимизни қийинлаштираëтган нарсаларнинг кўпи миямизда жойлашган. Миямиздаги васваса қурти боис қурбимиз етмаса ҳам қарз ҳавола тўй қиламиз. Айни васваса боис лохотронлар қурбони бўламиз. «Ҳьюман» деган идора чиқибди, Германия, Чехия ва Канадага ишга юборар экан.

«Ўша мамлакатларда сал қимирлаган ойига беш минг долларни индамай топар экан», деган чўпчакни миясига қуйиб олганлар куйиб қолишди. «Борма, куясан!» деса ҳам қулоқ солишмайди. Улар ëниб турган шамга ўзини уриб ҳалок бўлган парвонага ўхшайди. Уларни ўша лохотрон сари ундайдиган нарса бу миядаги стереотиплар. 

Стереотип нима?

Стереотип аслида босмахона термини. Газета чиқишидан олдин унинг матни қўрғошинга қуйилиб, бир қолип ичига зичлаб қўйилади.  Ана шу қолипнинг устига бўëқ суртиб, газета чоп қилинган. Ўша нарсанинг оти стереотип. Бошқа маъноси эса миямизга қўрғошиндай қуйиб олганимиз ўзгармас фикр. Масалан, Германияда ўғри йўқ деймиз. Чунки стереотип шунақа. Бизга Германиядаги кунора ўғирлик акс этган статистикани кўрсатишса ҳам ишонмаймиз. Бизга реалликдан кўра миямизга қуйиб олганимиз – стереотип азиз.

1914 йилнинг 2 ноябрида Чор  Россияси Усмонли империясига қарши уруш очган эди. Ўзбеклар ўқиган тарих китобини ўрислар ëзгани боис аксар ўзбеклар миясида туркларга қарши нафрат бор.

6 ноябрь куни Самарқанд шаҳрининг Қорасув массивида Agromir Buildings ширкатига қарашли Мотрид қурилиш майдонида маҳаллий ўзбеклар турк ишчиларини калтаклади.

Нима сабаб бўлгани ҳақида гапиришдан олдин ўзбеклар ўзига меҳмондўст ва мусофирпарвар деган сифатларни ëпиштириб олганини эслатсам.

1989 йилнинг июнь ойида Қувасойдаги маҳаллий аҳоли месхети туркларини погром қилгани тарихга қора доғ бўлиб ëзилган. Биз эса ўзимизга маҳлиë бўламиз. Ўзимиз ҳақимизда чўпчаку стереотиплар тўқиймиз.

Шундай стереотиплардан бири “Ҳаммаси ўз-ўзидан яхши бўлади”, деган гап. Саид Аҳмад ҳикояларидаги она “Мана, кўрасан, болам, ҳаммаси яхши бўлади”, дейди. Аммо нимагадир бу гап ўз тасдиғини топмайди. Ҳаëт  машаққатлари қатма-қат бўлаверади. Жорий ҳафтада буханка нон қимматлади. Халқнинг ўз эҳтиëжи учун четдан олиб кирадиган молига яна бож солиш режаланди. 

Бу ҳақда гапириши керак бўлган расмий матбуот эса президент қизининг туғилган кунини ëзиб ўтирибди. Президент куëви эса Дубай шаҳзодасига ëзган зиëфатини кўз-кўз қилади.

Бир пайтлар Тошкент губернатори Кауфманнинг шапкасига сиғиниб номоз ўқиганлар, Сталинга сиғинганидан сийворганлар, Ленин бобом  деб юриб, Каримов додам деб йиғлаганларнинг болалари Мирзиëев қизини туғилган куни билан табриклаб ëтибди.

Каримов даврида “Жаннатдан ҳабарлар” деган  ТВ формат яратган Кўчимов деган бездар шиғирчи ЎзА саҳифасида Президент қизини туғилган куни билан муборакбод қилди. Инсонлик бир тийин бўлмадими? Буни кўрган қуëш ҳам уялганидан булут остига яширинди. 

Бир пайт Гулнора деб ҳанграган тўда бугун янги президент қизини мақтаб ëтибди. Бундай пода яна қаерда бор?

Бу ҳақда гапирсанг “Ҳа, нима қипти, пошшонинг қизи”, дейишади. Булар Ўзбекистонда подшолик тизими йўқлигини билишмайди.

Президент сайлаб қўйиладиган давлат хизматчиси эканлигини ҳатто юрист дипломи бор тоғалар ҳам билмайди. Халқ президентни сайлади. Унинг қизи, аммаси, холаси ва ичкуëвларини эмас.

Осмонимиз мусаффо

Илья Ильф ва Евгений Петровнинг «Ўн икки стул» асари қаҳрамони Эллочка-одамхўрнинг луғати 30 сўздан иборат бўлган. ФБдаги баъзи биродарларники 30 сўзга ҳам бормайди.

«Фитна», «Америка портлаб кетсин», “Зато тинчлик”, «Осмон мусаппо» ва яна одам ëзишга уяладиган саккизта сўз.

Баъзан Ўзбекистонда оммавий ақлдан озиш юз бердими, деб ўйлаб қоламан.

Цукерберг фейсбукни яратиб, миллиардларни ишлади. Сан-Францискога миллионлаб солиқ тўлади. У бу ишни ўз столида ўтириб ўзи амалга оширди, хорижий инвестициясиз. Пўлат эритмади. Кон қазимади.

«Убер», «Бла бла кар», (Uber, bla bla car – машина чақириш учун махсус мобил илова) ва «Эйр би эн би» (Airbnb – дунё бўйича қисқа муддатли квартира ижараси учун онлайн майдон) ақл маҳсули.

Машинасиз автобаза ва биносиз меҳмонхона қуриш учун ақл керак. Ақлдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик. Миллион йил олдин оч қолган кимдир қозон ихтиро қилиб, ичида томоқ пиширган. Яъни бу миллион йил олдин учун зарур ихтиро. Аммо бу билан бугун Африқодаги там-там қабиласини ҳам ҳайрон қолдира олмайсиз. 
Бугун Ўзбекистонда катта қозон ясаб, ичида томоқ пиширдик, деб мақтанганлардан бири Алламжонов бўлади. Бу дегенарат матбуотни чеклайдиган идоранинг каттаси. Қолганлар эса «қабрдан қўл чиқдими ë йўқми», деб ўтиришибди. Туғмайдиган хотин азайимхонга борса ҳам барибир туғмаганидек, мактаб ўрнига чўпчак эшитганлар идея туғмай қўйган.

Гарантия бераман, булар яна 10 йилдан кеин ҳам «қабрдан қўл чиқдими», деб ўтиришади. Фақат уларнинг сони бугунгидан минг марта кўп бўлади. Ҳар хотин учтадан туғса мошин оламан деб.

Битта Жуманазар аканинг 21 та фарзанди бор космосда. Ўтмишга қараб шитоб билан кетаверинглар. Рохи сафед. Товонингизга совун.

Чўпчаклар давом этмоқда

Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов бир йилда қилган ишини 2 дақиқага сиғдира олмадим, деб чўпчак айтиб ëтибди.

Келинг, шу одамнинг қилган ишини мен бир дақиқага сиғдириб берай. Босинг кнопкани, вақт кетди.

«Автотсест» орқали шўпир ва буғалтерларни шилиш давом этди.

– «Адабиëт» газетасига нега “Муҳаммад Солиҳ исмини зикр қилдинг”, деб икки марта дағдаға қилинди.  

– «Минбар.ўз» ëпилди. Тўғри.ўз» ëпилди. – Журналист Маҳмуд Ражаб 5 йил шартли жазога тортилди.

– Блогер Нафосат Оллошукурова жиннихонага ташланди.

– «Элтуз» сайтини синдириш учун миллион доллар сарфланди.  

– «Озодлик» ва «Элтуз» Ўзбекистонда блокланганича турибди. – Ўзбекистон матбуоти ëмонлар ичида энг ëмон.

Боласини ўлдириб жасадини ëққанлар

Бу қавм бир нарса деса тескарисини тушунаверинг. «Қарзни қайтараман», деса қайтармайди. «Қорним тўқ» дейди, аслида оч. «Номуслиман» дейди, аммо Дубайда жалаблик навбатига ëзилган. Жавобини кутяпти. «Болажон халқмиз» дейди, аммо энг кўп калтак боласининг бошида синади. Болаларини сотиб ейди. Ўлдиради ва ҳоказо. Масалан, 4 ноябрь, якшанба куни тошкентлик аëл А.В. мелисага сим қоқиб, 5 яшар қизини Тошкент шаҳри Бектемир туманида жойлашган Compass савдо мажмуасида йўқотиб қўйганлиги ҳақида маълум қилди. Аслида у қизини ўлдирган эди.

Тезкор-тергов гуруҳи А.В. ва унинг шаръий никоҳдаги эри М.Ф.ни қотилликда айблади.

25 октябрь куни кечаси соат 03:00 атрофида эр-хотин фарзандини уриб, дўппослаб, қасддан ўлдирган.

Сўнгра содир этилган жиноятни яшириш ва жазодан қутулиш мақсадида улар мурдани йўқотиш режасини тузишди. Жасадни йўл сумкасига жойлаштириб, шу куни тонгда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги ижарага олинган дала ҳовлига олиб боришди.

Мурдани ўчоқда ёқишди, сўнг ёнмай қолган қолдиқларини қопга солиб, Чирчиқ дарёсига ташлаб юборишди.

Отамизни ўлдирган онамизни дарбадар қилган Сталинга нега сиғиндик?

Нега бу қавм устига тош ëғмайди? Нега биз ўзимизни алдаймиз? Чўпчакларга ишониш бизга ота-боболар суннати. Дунëдаги энг ëвуз ва энг қонхўр диктатор Сталинга ўзбекларчалик сиғингани кам бўлган. 

«Левада центр» ташкилоти тарафидан россияликлар орасида ўтказилган сўровда қатнашганларнинг 77 фоизи Сталин сиëсатини қўллашган. Сталин сиëсатини қўллаганлар орасида ëшлар кўпчиликни ташкил қилган. Бундан ташқари, ëши 18 дан 24 гача бўлган респондентлар Сталин жиноятлари ҳақида билмаслиги ҳам аëн бўлган.

Россия медиамайдонида бўлган ўзбекларнимг аксарияти Сталинни улуғлайди.

Одамларнинг кўзини очай, дея таниқли журналист ва видеоблогер Юрий Дудь жорий йил бошида Колимадаги Сталин лагерлари ҳақида фильмни суратга олиб, тармоқда намойиш қилди.

Дуднинг матбуотга айтишича, фильмдан мақсад ëшлар онгидаги тоталитаризмга мойиллик зеҳниятини ўзгартириш.

Аниқроқ айтсак, миямиздаги чўпчакларни чиппакка чиқариш.

Шу кунгача ижтимоий тармоқда Юрий Дуднинг фильмини битта YouTube каналининг ўзида 17 миллиондан зиëд одам томоша қилди.

Аммо шу 17 миллион одам орасида ўзбеклар оз. Чунки улар Сталинни жиноятчи деб билишмайди. Уларнинг мақоли – «Отасини ўлдирганга онасини бериш». Яна ҳам тўғрироғи, ëш авлод рус тилини яхши билмайди.

Бу ëшлар тушунсин, дея блогер Нурбек Алимов бошчилигидаги гуруҳ кинони ўз чўнтагидан пул сарфлаб, ўзбек тилига таржима қилди.

«Колима – қўрқувларимиз ватани» деб номланган бу фильм дубляжини амалга оширган гуруҳга шоëн таҳсинлар бўлсин.

Рашидов метро қурмаган

1879 йили америкалик олим Томас Эдисон электр лампочкани кашф қилди. 1910 йилда Хивада электр станцияси қурилиб, шаҳар қисман электрлашди. Лекин нимагадир одамлар лампочкани Ленин ўйлаб топди, деган чўпчакка ишониб юришди. Умуман, улар чўпчакларни яхши кўради. Шундай чўпчаклардан бири Тошкентдаги метрони Рашидов қурдиргани ҳақида.

Метро СССР госплани асосида қурилган. Чукчалар ва бошқа туб аҳоли раҳбариятида буни на тезлаштириш ва на ўзгартириш ҳуқуқи бўлмаган.

Москвада 1935 йили метро қурилди. 1960 йили Киевда, 1966 йили Тбилисида, 1967 йили Бокуда, 1975 йили Новий Афон шаҳрида, 1984 йили Минскда, 1977 йили Тошкентда, 1981 йили Ереван ва Новосибирскда, 1986 йили Кривой Рог ва Горкий шаҳарларида метро қурилди.

Бунинг ҳаммасини совметрострой, госнаб ва минфин республика пулига, госплан режасига кўра қурган. Республика «доҳийси»га лента қирқиш учун қайчи берилган, холос.

«Рашидов метрони қурдирган», деган чўпчакни мусорга ташаворинглар. СССР госпланига кўра, аҳолиси маълум сондан ошган шаҳарларда метро қурилган. Рашидов бўладими ëки Кремлнинг бошқа гумаштасими, фарқи йўқ. Дарвоқе, Рашидов даврида Ўзбекистонни пахта қулига айлантириш ва руслаштириш авжига чиққан. У бир сотилган гнида эди. Ëзган китобларининг эса адабий-бадиий аҳамияти ноль.

Бу гапларни ëзиб турсам, бир сурув одам «Рашидов Москвадан ўз халқи учун пул ундирди», деган жевачкани чайнаб ëтишибди. Эй барака топкурлар, Рига ва Таллинда ўқувчилар бассейнли мактабларда ўйнаб-кулиб таълим олаëтган пайтда ўзбек ўқувчилари дарсни қолдириб, далада пахта теришга мажбурланган эди.

Еревану Тбилиси ўз тили ва маданиятини кўкка кўтарган пайтда Рашидов рус тилини Ўзбекистонда «иккинчи она тилимиз» дея улуғлаган. 

Тошкент аҳолисининг 51 фоизини ўрис қилган. Ўша пайтда Германияда чоп қилинган «Ҳур Туркистон учун истиқлол газетаси» Рашидовни «рус ошиғи» дея ëзган эди. Миртемир Мирабдуллаевни миллатчи дея қаматтирган ҳам, пахта монополияси боис Оролнинг қуришига сабаб бўлганлардан бири ҳам Рашидов эди.

Рашидовни мақташ ўрнига бориб тезак териб келмайсизларми? Ахир совуқ эшик қоқмоқда.

Совуқни олдиндан ҳис қилиш

Қалдирғочлар учиб кетиб қолганига анча бўлди. Кимдир команда бергандай бирдан кетиб қолишди. Яқиндагина Сергели тарафда ўз ишим билан юриб, турналар сасини эшитувдим-а.

Бугун қарасам, турналар ҳам кетиб қолибди. Уларга қўшилиб Зоминдаги ғозлар ҳам иссиқ ўлкаларга учиб кетишди.

Ўзбекистондаги «Қизил китоб»га кирган тувалоқларни қон қақшатган Дубай валиаҳдининг шунқорлари ҳам «Ўзбекистон ҳаво йўллари» учоғи салонида юртига қайтиб кетишди.

Одамлар ҳам қишга ҳозирлик кўра бошлади. Олис қишлоқлардаги момолар Тошкентдаги ўғилнинг Чилонзордаги двушкасида қишлаш учун кўч-кўронини автобусга ортиб кела бошлашди.

Сандиқ ва ишкопларда нафталин сепилганича турган иссиқ гуппи ва тўнлар олиниб, куз қуëшига ëйиб қўйилди.

Деҳқонлар мош, ловия, лавлаги, турп, сабзи ва барангини йиғиштириб олиш тараддудида ғимирлайди.

Кўтара савдо қиладиган жаллоблар деҳқонлар устида қора калхатдай учиб юрибди. Улар ëдлаб олгандай, бир хил гапни айтади:

«Чарчаб қопти молингиз. Тезроқ қутулмасангиз, чириб кетади»

Куз қуëши кўзни қамаштирса ҳам танни иситмайди. Шуниям борига шукур. Ëмғир сепалайди.

Яқинда совуқ бошланади. Мамлакатнинг ғарбий қисмида совуқ билиниб ҳам қолди. Устюртда қор ëғди. Хоразмда эру хотин ва икки боласи кечқурун печка ëқиб ëтишди ва уйғонишмади. Қиëматда уйғонишади энди. Қўқондаги оила ҳам ис газидан ўлди.

Кўкламу ëз ўз ўрнини кузга бўшатиб берганига икки ой бўлди. Бир ойдан кейин қиш. Одамлар мавсум ўзгариши устидан ҳукм ўқилган жиноятчи каби сокинлик билан қабул қилмоқда.

Устидан ҳукм ўқилиб, колонияга кетадиган маҳкум ўша колонияда бир амаллаб ўлмай яшашни ўйлайди.

Маҳкум аллақачон адолат ҳақида ўйламай ҳам қўйган. У энди на адвокатга, на прокурорга ишонади. Президентнинг адолат ҳақидаги гапи уни илгаригидай тўлқинлантирмайди.

Унга адолат эмас, иссиқ пайпоқ ва қамоқхона братваси ва нозирлари орасидан таниш-билиш топиш зарур.

15 октябрь куни Бухоронинг Олот туманидаги бир қишлоққа автобус келди.

Одамларни Россияга олиб кетувчи хусусий автобус. Автобус ичидагиларнинг кўзларига қарадим.

Уларнинг кўзида табиий офат юз берган жойдан қутулиб кетаëтган одам хушнудлиги акс этган эди.

Автобусни кузатаëтган аëллар ва болалар кўзида эса ҳавас ва ўкинч бор эди…

Шу ерда тўхтай. Куз ҳақида ëзганим эссе яна сиëсий памфлетга айланмасин.

Ахир ҳамма кетгани йўқ.

Қарғалар юрибди. Зағчалар хурсанд. Мана, чумчуқ юрибди. Шаҳарлик чумчуқ. Рауф Парфи мисраларини эсладим:

Эй шаҳарлик чумчуқ,
Юраверасанми ис босиб.
Кетмайсанми узоқ узоқларга
Учиб учиб….

Рауф Парфи шеърлари ичига ҳузунли бир мусиқа жойлашган. Бу мусиқа бугун боши дарддан чиқмаëтган эл фарëди каби унсиз. Ваъз финалига қўшиқ қўйинг, деб сўрашди мухлислар. Мунисанинг «Сакраменто» қўшиғини қўйсам одамлар устидан кулган бўлмайманми?

Таниқли немис киночиси Файт Хельмер ўз фильми финали учун қўшиқ излайди. Узоқ изланишдан сўнг Чокар ғазали билан айтиладиган «Мустаҳзод»ни танлайди. «Элтуз» мухбири билан Берлинда учрашган Хельмер “қўшиқ ичидаги оригинал ритм уни лол қилганини” айтди. Хельмерга кўра, дунëда ритм ва оҳанг кўп, аммо улар орасида оригинали кам.

Ҳуснинг қули то бўлди жаҳон мулкида пайдо, эй шўхи паризод,
Солдинг они ишқи бошима кулфати савдо, қилғил манга фарëд.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Eltuz,com

Тағин ўқинг
22 сентябр 2020
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Муҳиддин Жўраев Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, деб ...
7 июл 2019
Хайрулло Файз 1970 йилда Ҳўжандда туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини битказган. Би Би Си радиосининг ўзбек хизматида ишлайди. Очилган кўздан ...
15 март 2023
Ўзбекистон калимасини тарихга киргизиб, бу давлатнинг илк раҳбари бўлган Хўжаев сиймосини тарихдан ўчиришга уриниш кейинги йилларда изчил тус олгани ...
7 апрел 2020
Таниқли ҳофиз Рустам Ҳожимамедов Самарқандий 6 апрель куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида коронавирусдан ўлгани ҳақида яқинлари маълум қилди. «Қурбон ўлам» ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...