Асосий мавзулар
29 ноябр 2019

РТдан ваъз: Нима яхшию, нима ёмон?

Жажжигина ўғил бола отасидан сўради:
– Яхши деган cўз нимаю, ëмон деган нимаси?

Бу мисраларни ëзган шоир Владимир Маяковский «Нима яхшию,  нима ëмон?» деган саволга жавоб излайди. Умуман, классик адабиëт самовий фалсафа ва тасвирий санъат асарларида нима яхши ва ниманинг ëмонлиги аллақачон кўрсатиб берилган. Бизга иш қолдиришгани ҳам йўқ. Масалан, нидерланд рассоми Брейгел ëмонлик тимсолларини ўз суратларида тасвирлайди.

Ўғирлик, қотиллик, чақимчилик, мечкайлик, лаганбардорлик ва танбалликни рассом энг ëмон иллат, дея хажв қилади. Рассом санаган иллатларнинг ëмонлигига сиз ҳам шубҳа қилмайсиз, аммо…

Шу аммо ҳақида гаплашсак.

Қул бўлишдан кўра, эркинлик маъқуллигини барча тасдиқлайди. Ғатто Навоийдан мисра ўқиб беришади.

Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулға тикандек ошиëн бўлмас эмиш.

Бироқ суҳбатни давом эттирсангиз, дарров Горбачёвни ëмонлай бошлашади. Нега десангиз, “Ҳа, у сотқин. СССРни йўқ қилди», дейишади.

Ҳозиргина мустақилликни мақтаб турган эдингиз, ўша мустақиллик Горбачёвнинг улуғ сиëсий иродаси билан бўлди, десам индамайди.

Чунки нима яхшию, нима ëмон эканлигини билмайди.

Яқинда «Элтуз» мухбири совет даврининг барча ёмонликларини кўрган, Сталин репрессиясини шахсан бошидан кечирган, дунёда кам қолган кекса ёзувчиларнинг бири 98 яшар Шукрулло билан суҳбатлашди.

Суҳбатимизни чет эл хабарлар билан давом қилдирамиз.

ЧЕТ ЭЛ ХАБАРЛАРИ

Англия Премьер лигаси Ўзбекистонда журналистларга таҳдид қилган гангстер ҳоким Йиртиқхўжаевнинг компаниясини реклама қилмоқда. Берган худога ҳам ëқибди

Туркманистон Ички ишлар вазирлиги ходимларига хорижда ишлаётган қариндошларини ватанига қайтариш мажбурияти юкланди. Бу мажбуриятни бажармаган ходимлар ишдан бўшатилиши билдирилди. Ўзбек ИИБ катталарининг қариндошлари нуқул Дубайдан ҳовли олди, деб эшитганим бор. Бир текширилса ëмон бўлмайди.

Қирғизистондан 2011-2017 йиллар давомида 700 миллион доллар ноқонуний олиб чиқиб кетилган. Бу ҳакда журналистларга айтиб берган уйғур тадбиркор Айеркен Саймаити Туркияда 10 ноябрь куни ўлдирилди.

Энди ўзимизнинг маҳаллий ҳабарлар

МАҲАЛЛИЙ ХАБАРЛАР

Диний ташкилотлар, яъни масжид ва мадрасалар 2020 йилнинг охирларидан бошлаб Миллий гвардия томонидан қўриқланади. Қарорга асосан, масжидларда “хавотир тугмачалари” ўрнатилади. Биров «нито движуха» қилса ëки чатаноғини кериб ваҳобийча намоз ўқиса, Имомберди брат шундоқ тугмани босса, тамом. Вертолётда қора маскалилар келиб чужой элементни энасиникига киргизворади.

Мирзиёевнинг навбатдаги меҳмони – Россиядан келган аралаш жанглар санъати устаси Ҳабиб Нормуҳаммедов камбағал эмас. У ўз жанглари учун миллионлаб доллар олади ва, албатт,а уни Ўзбекистонда олий тоифали меҳмон сифатида кутиб олишади. Мирзиёев куёвига ҳасад қилувчиларнинг ёзишича, у Ҳабибга уч килолик олтин буюм совға қилган. (фото)

Президентнинг куёви Отабек Умаров олтинларни сочиб чиранишда араб шайхларидан қолишмайди. Бу олтинлар гўё қайнонаси маҳрига тушган каби куёвлар кейинги кунларда босар-тусарини билмаяпти. 23 ноябрь куни олтин сепилган стейклари билан машҳур туркиялик таниқли қассоб ва ресторанчи Нусрет Гўкче (Nusret Gökçe) Тошкент аэропортида карнай-сурнай садолари остида деярли давлат раҳбарлари мақомида қарши олинган эди.

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби уй учрашувлари ўтказиб келадиган «Пахтакор» марказий стадиони ёпилди. Энди стадион бузилиб, ўрнига янгиси қурилади. Бундан олдин муз саройи қурилган эди. Мирзиëв шунақа кераксиз нарсаларни қуришга жуда ишқибоз чиқиб қолди.

Уйида чакса уни йўқ, том бошида қўш тандир.

Чунки нима яхшию, нима ëмон эканлигини гаплашаëтган эдик.

Ақлли одам мақтанчоқдан яхши.

Масалан, учоқ тез учиб маррага етиши учун ортиқча вазндан холи бўлиши керак. Бугун дунëдаги барча учоқларда чекиш тақиқланган. Аммо негадир кулдонлар турибди. Бу кулдонлар учоқ тезлигининг кўпайишига хизмат қилмайди. Ақлли ширкатлар тезгина бу кулдонларни ечиб олиб ташлашди.

Ëки, масалан, ҳаво шарида учаëтган одам тепага кўтарилмоқчи бўлса, кажава ичидаги ортиқча юкни пастга улоқтиради. Чунки учувчининг орзуси битта – баландлик.

Мақтанчоқ эса фақат мақтанишни ўйлайди. Мана сити қурдим дейди, энди Нью-Йорк бўлдим, ҳамма ҳавас қилсин, дейди. Ҳолбуки, у ҳеч нарса бўлгани йўқ.

Муз саройлари, конгресс холл ва стадионлар – бу оëққа осилган тош. Бу юк бизни ва Мирзиëев ҳукуматини ботқоққа чўктиради.

Мамлакатга мактаб, боғча, текис йўл, тез-арзон интернет ва кўприклар керак. Муз саройига ўрис нағмачиларни келтириб, ўрисча ашула айтаëтган президент қизлари ва куëвларининг кўнгилхушлиги миллат ва давлат учун оғирлик қилмоқда.

Агар биз ривожланмоқчи бўлсак, бу башанг оломонни кажавадан улоқтиришимиз керак.

Кейинги икки ой ичида гаплашганим юзлаб ўзбеклар «бизга эркинлик керак эмас, қорнимиз тўйса бўлгани», дея бир хил гапни турли тарзда айтишди.

«Россия бизни босиб оладими, байроғимизни юлиб олиб ерга ташлаб, бизни қул қиладими, бизга барибир. Қорин тўқ, чўнтак бут бўлса бўлгани», дейишди.

Улуғ шайх Ғаззолий одам билан ҳайвонни солиштиради: «Ҳайвон қорни очса, овқат ейди. Чарчаса, ухлайди. Ҳирси қўзиса, жуфтига қўшилади. Одам ҳам айни ишларни қилади. Аммо унда бир фарқ бор, – у ҳам бўлса, ақл заковотдир».

Ғаззолий ўлчовига кўра, “фақат қорним тўйсин “ деганлар шунчаки ҳашаротларми?

“Томимизда кимнинг байроғи ҳилпираса бизга барибир», деган гапни уялмасдан айтадиган замонларга ҳам етдик.

Устозим, марҳум шоир Матназар Абдулҳаким “Манқуртлар учун тўкин дастурхон байроқ бўла олади”, деган эди.

Кейин бу фикрни Матназар оға ўз шеърларида кўп марта “Бу юртнинг байроғи супрадир”, дея ифода қилди.

Матназар оға одамлардаги иккиюзламачиликни севмас эди.
Ҳозиргина «мен Темур авлодиман, Бобурнинг неварасиман» деб турган одамнинг бирдан «ўрисга қул бўлсак, қорнимиз тўяди. Кетни қисган бой бўлади», деб турланишидан Матназар оға ошкора ҳазар қилар эди.

Матназар оғадан байт будир:

Мақтовларга берилганда эрк,
Гарчи осмонларнинг ойимиз.
Қарғасалар қарғиш теккудек,
Йўқдир бирор ҳалол жойимиз.

Матназар оғанинг 2008 йилда ëзган бир шеъри бор. Бу шеър Ўзбекистонда 2008 йили чоп қилинган “Жавзо ташрифи” китобига киритилган.

Бу шеър мамлакат чеккасида кўринмасгина бўлиб ўтирган шоир қалб кўзи билан мамлакат сиëсий вазиятини сиëсатшуносдан кўра аниқроқ кузатганига далилдир:

Булбуллар кетгандир бу гўзал ердан¸
Бўстонда дард билмай яшайди қарға.
Нолалар чекмайди, фиғон тортмайди¸
Ўқрайиб-ўқрайиб қағиллар гулга.
Заҳарлаб навқирон меросхўрларни,
Шум кампир эгалик қилмоқда мулкка.

Матназар оға “югургани сомонхонагача” бўлган бу халқнинг оғзини лағмоннинг ипи билан боғлаш мумкинлигини ëзар экан, оқибати нима бўлишини ҳам таъкидлаб кетган эди.

Натижа

Боғлар — чўл, тоғларинг талқона чиқди,
Рост деб айтганларинг ёлғона чиқди.
Дарё деб қазганинг дўнди захкашга,
Қаср деб қурганинг — молхона чиқди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон матбуоти мустақиллик қасри дея атайдиган ошиëн молхона, унинг сокинлари эса мол бўлиб чиқди.

Ғаззолий айтганидек, қорни очса, овқат ейдиган, чарчаса, ухлайдиган, ҳирси қўзиса, жуфтига қўшиладиган ҳайвон. Россиядаги кампирларни зўрлаган ўзбек мардикорлари ҳикоясининг эса матбуотда сийқаси чиқиб бўлди.

Бугун марҳум шоир оғамиз Матназар Абдулҳаким шеърияти призмаси орқали кўринган манзара шундай.

Комил Яшиннинг “Инқилоб тонги” спектаклидаги мазлум ролини ўйнаган Амин Турдиев “Аҳволимиз томошабопми?” дейди.

Спектаклдаги бу жумла айтилганидан кейин руслар Бухорони ишғол қилади.

Бухоро бир олма каби узилиб русларнинг қўлига тушади. Чунки амир баччабозлик, овқат ейиш ва ўғирликдан бошқа нарсани ўйламаган.

Чунки муллалар давлатчилик ва миллий манфаатни куфр деб билишган. Чунки оддий халқ авом, бойлар жоҳил, аскарлар эса оч бўлган.

Бу давр ҳақида Аваз Ўтар ëзади:

Сипоҳи пора истар,
Мулло ижора истар,
Бечора чора истар,
Бир чора замон борму.

Бу чора “миллатпарварлик” деган сийқа калимага жой бўлганига Матназар оға чин дилдан ишонар эди.

Матназар оғанинг энг севган ҳикояси улуғ ислом олими Нажмиддин Кубронинг мўғулларга қарши қўлида қурол олиб курашгани ҳақида:
«Дин аҳллари ва айниқса сўфийларнинг ўз ичига ëшуруниб, миллат учун курашмагани айтилади.

Боз устига, муллалар чор аскарларига Тошкент дарвозасини очиб бергани таъна-дашном билан эсланади.

Аммо сўфий Нажмиддин Кубро қўлига қилич олиб, босқинчилар билан курашиб, ўз давлати ва миллатини ҳимоя қилади.

Тенгсиз курашда Нажмиддин Кубро мўғуллар санчган ўнлаб найзалар заҳмидан йиқилар экан, сўнг дамда панжалари билан душман байроғини ғижимлайди.

Миллат қаҳрамони Нажмиддин Кубро ерга йиқилар экан, ўзи билан бирга душман туғини ҳам ерпарчин қилади.

Матназар оға учун, қолаверса, мен каби у кишининг укалари учун бу ватанпарварликнинг гўзал ҳикояси эди.

Гарчи Чингизхон Нажмиддин Куброга кўп пул ҳамда лавозимлар ваъда бериб, эвазига фақат бир нарса – қаршилик қилмасликни сўраган эди.

Аммо Шайх Нажмиддин Кубро ўз давлатини босқинчилардан ҳимоя қилишни душман қўлидан эҳсон олиб тирик яшашдан афзал деб билди.

Бобом Шайх Нажмиддин Кубро қўлида,
Ғижимланиб қолган манфур туғларинг.

Чириб-чириб ëтар Урганч йўлида, – деб ëзган эди марҳум шоир оғамиз.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак.

Рассом Туз

Тағин ўқинг
20 январ 2017
Фарғона вилоятида халқ таълими ва бошқа бюджет ташкилотлари хизматчилари буғдой экилган далаларга маҳаллий ўғит – гўнг сочишга чиқарилди. «Туман ...
2 май 2015
Аммо сал фарқ бор. МТС ëпилиб очилиши¸ ГК нинг ота мехридан мосуво қилиниши¸ Россиянинг Қримни аннекция қилиши билан боғлиқ ...
28 ноябр 2017
Шу йилнинг 23 ноябридан Ўзбекистон қамоқхоналарида «ўз товарлари (хизматлари), шунингдек, бошқа қонуний манбаларини ижарага бериш»га рухсат этилади. Вазирлар Маҳкамасининг ...
22 сентябр 2020
Ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Муҳиддин Жўраев Тошкент шаҳри ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, деб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...