Cатира
10 январ 2020

РТдан ваъз: Каримовнинг ўлган «умиди» тирилдими?

Дунëни ким бошқаради? Дунëни сиëсат бошқаради. Сиëсат бирламчи ва қолган ҳамма нарса ўнинчи. Юрмайдиган машинанинг ўриндиғига янги чарм қоплаш билан у юриб кетмайди. Жамият ва давлатга сиëсий ўзгариш керак. СИËСИЙ ЎЗГАРИШ. 

Буни Кардинал ўзгариш десак ҳам бўлади. Эски ва занглаган машинадан фойда йўқ. Эскини эплагунча эсинг кетади дейишади. Бугун Ўзбекистон бошқарувида ўтирган Сафоеву Иноятовлар эски Каримов даврининг заҳарли чирмовуқлари.  Бу чирмовуқлар орасига ëш бир кўкатни эксангиз қуриб қолиши тайин. 

Ақлли боғбон эккан экини кўкаришини истаса тупроқни чирмовуқ ва зирапчалардан, энг муҳими эски тўнкалардан тозалайди. Бу тозаланган майдонда ëш чечаклар куртак отади.  Давлат ва жамият ҳам шундай.

МАЪМУРИЙ ТИЗИМ ЁШАРДИМИ?

Каримов даврида етишган бир гуруҳ бор. Уларни қисқа қилиб УМИДчилар дейлик. 

Январ ойи бошларига келиб ҳукумат бир вақтлар ташкил этилган «Умид» жамғармаси битирувчилари бўлган ёш авлодни ёнига йиға бошлади.  Ушбу фонд Каримов раҳбарлигида ташкил этилган ва талабаларга чет эл университетларида ўқиш учун грантлар берган эди.  Бунгача шундай жамғарма Қозоғистонда ташкил этилган,  унга Назарбоев катта маблағ ажратганди.  Каримов ундан қолишишни истамади. 800 дан зиëд ўғил-қиз четга ўқишга юборилди.

Ўзбекистонда сиëсий мухолифат ҳайдалиб, диссидентлар устидан қамоқда қайноқ сув қуйилиб турган пайтда бу йигитлар Каримов билан расмга тушиб, унинг китобини ўқиб давлат ҳисобидан Ғарб ва АҚШдаги ўқишларга кетишди. Улар билан ўша пайтда Ғарбда учрашганимда қўрқиб писиб ўзини билдирмасликка тиришишарди. 

Бироқ, 1998 йилга келиб жамғармани молиялашда жиддий муаммолар юз бера бошлади – валюта етмай қолди. Айним талабаларни қайтаришга тўғри келди. Тез орада грант беришни умуман тўхтатишди. Сабаблардан бири – грант беришнинг асосий шарти, кейинчалик ҳукумат кўрсатган жойда ишлаш мажбурияти бўлди. Ҳукумат эса барча битирувчиларни касбига кўра ишга жойлаштириб, муносиб иш ҳақи билан таъминлай олмади. Шунинг учун битирувчилар ҳар хил ҳақиқатлар ва ёлғонлар билан мамлакатга қайтмасликка ва ўқиган жойларидан иш қидиришга интилишди.

Аснода улар каримовчи ҳам, ватанпарвар ҳам, либерал демократ ҳам бўла олишмади. Балки тузукроқ яшаш. Каттароқ ейиш. Бренд устивош кийиш каби моддий неъматларга кўзи мўлтираган бечоралар бўлиб чиқишди. Кўпининг таги ўта қашшоқ бўлгани боис, улар ўзлари эришган моддий бойликка ортиқча ҳирс қўйишган эди. 

Итлар ўз эгасига садоқатли бўлади. Аммо улар итлардан фарқли ўлароқ, Каримовга садоқат кўрсатишмади. «Иқтисод сиëсатдан устун» деган илм ва мантиққа зид «ғоя» саллотлари эди улар.

«Ахир улар инглизча билади» десам, бир ўртоғим АҚШнинг бир қаватли қисмидаги миллионлаб реднек ва бомжлар ҳам инглиз тилини билади деб ҳавасимни сўндирган эди. Бу УМИДЧИ деган тўп ичида, масалан Саакашивили каби сиëсий ислохотлар зарурлигини тушунадиган бирортасини кўрмабман. Холбуки Саакашивили ҳам улар каби Ғарбда ўқиган экспат эди. 

Беш йил Каримовнинг беш тамойилини чулдираб, 20 йил давомида Ғарб ошқозонида сингиб, яхши ойлик олгувчи клеркларга айланган галстукли жамоа (Умидчилар) яна саҳнада пайдо бўлиб эски ашлани айтмоқда.

Тошкентда 3-4 январ кунлари «Эл-юрт умиди» фонди 300 дан ортиқ мутахассисни бир анжуманга тўплади. 

Уларнинг, 120 нафари чет элларда қолгани маълум бўлди. Мантиқан олганда жамғарма мияларни мамлакатдан ювиш билан шуғулланди. Бироқ, шу ўринда битирувчиларни айблаш ноўрин. Каримовнинг ўзи уларни ватанида муносиб иш билан таъминлай олмади. Гап нафақат муносиб иш ҳақининг йўқлигида,  балки мамлакатда меритократия ва вертикал ҳаракат тизимининг мавжуд эмаслигидадир.

Ёшларнинг аксарияти 1997-2003 йилларда «Умид» фонди орқали чет элда билим олишган. Бир қисми хорижда турли соҳаларда ишлаётган ўзбекистонликлар. Иккинчи қисми эса Ўзбекистонда давлат, нодавлат ва хусусий секторда фаолият юритаётган кадрлар.

Уларни бирлаштирадиган нарса бўйинларидаги галстук ва Сиëсатнинг жамиятни ўзгартирувчи куч эканлигини тушунмаслик каби шизофрения.

Улар Каримов ҳайкали тикилган юртда «бирор нарса ўзгаради» деган ўзлари ҳам ишонмайдиган чўпчакка бошқаларни ишонтирмоқчи.

Буларга қарата мен техаслик ковбойлар айтадиган гапни қайтараман. Ерда ўлиб ëтган одамга қараб ковбой «Сен шунчалик крутой бўлсанг, нега ўликсан?» дейди.

Нега бунчалик ўликсиз?

Ўликдан бирор наф чиқмайди. Каримовнинг ўлигидан ва унинг ўлган «Умид»идан ҳам.

Сиëсий ислохот. Люстрaция ва эски тизимнинг демонтаж қилинишини тақозо қилади. Бу сиëсий ислоҳотга Каримов даврида етишган бошқарув элитаси қамоқ хужрасининг панжарасидангина қараб ўтириш ҳуқуқига эга.

Бирмунча муносиб одамларни мамлакат бошқарувига жалб қилиш нуқтаи назаридан бирон бир нарса ўзгарадими ёки барчаси тағин навбатдаги бла-бла гаплар билан якун топадими? Бирор нарсани ўзгартириш учун радикал маъмурий ислоҳот зарур. 

Маъмурий ислоҳот нима?

Маъмурий ислоҳот – бу турли мансабдаги шахсларнинг самарали ишлаши, ҳукумат тепасида ким бўлишидан қатъи назар, аҳолига тез ва эффектив хизмат кўрсатишидир.  Яхши ишлайдиган маъмурий тизимни фақат яхши ишлайдиган,  ақлли ва ҳалол одамларгина яратиши мумкин.  

«Нима учун Грузия мувафақият қозонди?» китобида ислоҳотчи Саакашвили ҳокимият тепасига келибоқ,биринчи галда одамларни алмаштиргани ҳақида ёзади:

«Бизга зудлик билан ўнлаб солиқ хизмати ходимлари,  ўнлаб ҳалол полициячилар ва виждонли вазирлар керак бўлди. Аммо бунинг учун ҳеч бўлмаганда минимал иш ҳақи лозим эди. Шунинг учун биз БМТ Тараққиёт Агентлигига мурожаат қилиб,  улардан истисно тариқасида (улар ҳеч қачон бундай қилишмаган) ушбу мансабдор шахсларга иш ҳақи тўлаш учун маблаг ажратишни сўрадик». 

Бугун Ўзбекистондаги муҳим лавозимларни Содиқ Сафоев ёки Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов каби эски кадрлар эгаллаб келаркан, улар рахбарлигида йигирма йил бошқарилган Ўзбекистон дунёнинг энг қашшоқ мамлакатига айланди.  Мирзиёев эса улардан сира қутулмоқчи эмас. 

Жамғарма битирувчиларининг гуруҳ бўлиб тушган фотосуратида уларнинг аллақачон қариб қолганлигини кўришингиз мумкин.  Уларни ёш авлод деб аташ қийин.  Бир оёғи билан улар аллақачон эски патронаж тизимида.  Бу ҳатто уларнинг афтидан ҳам кўриниб турибди.  Ортга қайтганлар аллақачон Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев каби раҳбарлар қўл остида ишлашлари ва уларга мослашишларига тўғри келган.  Фотосуратдан кўринадики, уларнинг баъзилари ташқи жиҳатдан, нафақат жисмонан,  балки ўзини тутиш,  бошқарув услуби жиҳатидан ҳам Ғаниевга ўхшаб кетаётгани сезилади. 

Адолат юзасидан таъкидлаш жоиз, бир нечта «умидчилар», Мирзиёев келганидан сўнг вазирлик портфелларини олишди. Қуйидагиларни шулар сирасига қўшиш мумнкин 

Молия вазири Жамшид Қўчқоров (1964 йилда туғилган,  1996 йилда АҚШнинг Колорадо штати иқтисодиёт университетини тамомлаган),  

Адлия вазири Русланбек Давлетов (1980 йилда туғилган,  2001 йили Буюк Британиядаги Варвик  университетини тамомлаган) 

 Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов (1977 йилда туғилган, 2000 йили  АҚШнинг Йель университетини тамомлаган),  

Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов (1977 йилда туғилган,  Британиядаги Рединг Университетини тамомлаган).  

Улар бошқа ҳукумат аъзолари билан таққослаганда кўпроқ замонавий иш услубини намойиш этишмоқда ва маълум даражада умумий йўналишнинг шаклланишига таъсир қилишмоқда.  Бироқ улар ҳукуматда биринчи скрипкада ўйнашаётгани йўқ.  Бундан ташқари,  улар ҳокимият тепасида қолган авторитар режимга ва Каримов даврида ишлаб чиқилган (гапда бошқа, ишда бошқа) схемаларга мослашишга мажбур бўлишмоқда. 

Аслида, ҳатто Каримов даврида ҳам чекланган таркибда технократларни ҳукуматга қўшиш амалиёти мавжуд эди.  1991 йили Каримов Рустам Азимовни тайинлаганида шу ҳолат содир бўлди.  Ўша пайтда «Ипак йўли» кичик хусусий банкининг директори,  Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар «Миллий банки» бошқаруви раиси,  бирмунча вақт ўтгач,  1998 йилда молия вазири ва 2000 йили Бош вазир ўринбосари этиб тайинланган эди.   Кейинчалик, гўё илғор фикрли саналган Рустам Азимов,  Каримов ҳокимиятининг авторитар машинасида яхши ишлайдиган бир ғилдиракка айланди.

Умуман олганда,  Каримовдан кейинги маъмурий тизим ҳали ҳам шаклланиш жараёнида.  Аммо у тобора кўпроқ қозоқ ва рус олигархик давлат капитализми моделларига ўхшаб кетмоқда.

Давлат капитализми – бу ҳокимиятнинг бизнес устидан назорати ва ҳокимиятнинг катта капитал билан қоришиб кетишини англатади.

Ушбу моделда ёш технократлар учун маълум бир жой ажратилади,  аммо умуман олганда улар олигарх доираларга ва норасмий уруғ аймоқлар ва дўстона иттифоқларга таянч бўлиб, авторитарлигича қолиб кетаверади.

Тузатмаса бўлмайдиган аҳвол

Давлат бошқарувини янгилаш ва яшартириш ҳақида гаплашдик.  Яқинда тўйларни чеклаш ҳақидаги қарор ижросини таъминлайдиган идоралар рўйхатига кўзим тушди. 32 та давлат бюджетидан таъминланадиган паразит идора.

Ўзбекистонда бюджетга кана бўлиб ëпишган паразит ташкилотлар сони Каримов давридагидан кўра анча кўпайган. Михаил Саакашивили Грузия президенти бўлганидаги илк иши шундай паразит ташкилотларни камайтириш бўлган эди.

Хотин-қизлар қўмитаси, 

“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси, 

Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази

 “Нуроний” жамғармаси

Республика Маънавият ва маърифат маркази 

Бу ташкилотлардан на миллатга, на давлатга фойда келмайди. Зараркунда ва паразит булар. Бутун бир халқ солиқ тўлаб, боқиб ўтирибди бу тўраларни.

Тассавур қилинг, бирдан Ўзбекистонда Конституцион суд  йўқ бўлиб қолса, масалан ҳаммаси ич бурғидан ўлса мамлакат учун катта йўқотиш бўладими?

Ўзбекистондаги муаммолар ҳақида гапираëтганлар кўп.

Лекин энг муҳими, Ўзбекистондаги вазиятни ўзгартиришдир.

Дунëда 194 мамлакат бор. Ҳамма интиладиган бой ва фаровон давлатлар демократия ва эркин бозор иқтисодига асосланган тузумни танлашган.

Масалан Шимолий Кореянинг аҳволини кўрингу, уни Жанубий Корея билан солиштиринг.

Афсус, Ўзбекистон ҳам Шимолий Корея каби қолоқ давлатлар сафида.

Конституцияга зид тарзда иқтидорга келиб, шаффоф бўлмаган шубҳали сайлов орқали кети креслога сварка бўлган президент, унинг  қизлари ва еб тўймас куëвлари. Уруғи ва аймоғи. 

Бутун мамлакатни ямлаб ютишга уринаëтган биринчи оила мансублари  ва мулозимлар. 

Улардан қолганни ўғирлаш учун судранаëтган ментлар, ОВИР, Прописка, цензура ва одамларни пойлаб юрадиган ДХХ исковучлари.

Бу манзарани кўриб даҳшатга тушасан ва буни тезда буни ТУЗАТИШ зарурлигини англайсан.

Тузатмаса бўлмайди бу аҳволни. Реформа ва Люстра́ция зарур. ( lustratio — лотин тилида тозалаш, қатрон қилиш демак)

Мен бир иккита одамдан сўрадим. Масалан мингдан ошиқ одам ишлайдиган Ўз МТРК ўчиб қолса билинадими деб. Билинмайди дейишди.

Чунки, Тошкент, Самарқанд каби шаҳарлар ўрис ТВ кўрар экан, қишлоқларда эса чироқ йўқ.

Саволни давом эттириб бирдан Ўзбекистонда ДХХ  йўқ бўлиб қолсачи, деб сўрадим. Кошки дейишди. Прописка ва ОВИР йўқ бўлиб қолсачи? Йўлтўсар ГАИ ходимлари ўрнига оддий видеокамера ўрнатилсачи? Масалан, Ёшлар иттифоқи  йўқ бўлиб қолса¸ëки прокуратура. Бу жудоликдан халқ севинадими ë қайғурадими?

Олий мажлис қонунчилик палатаси ва Сенат депутатларини ҳаммасини ток уриб фалаж бўлиб қолишса, Ўзбекистоннинг бугунги вазияти учун қанчалик ҳатарли бўлади.

Масалан прокуратура эшиклари ëпилиб қолса ва ичидагилар димиқиб ўлиб, мамлакат прокуратурасиз қолса нима бўлади, нима ўзгаради. Адолат қарор топмай қоладими?

Дарвоқе, Украинада эски хокимиятга ҳеч алоқаси бўлмаган шахс ҳақиқий эркин сайловлардан кейин Давлат маҳкамаси люстрациясини бошлади.

Бош прокуратура қайта шакллантирилди, қайта аттестация ва ишдан ҳайдаш натижасида прокурорларнинг 55 фоизи коррупциялашган ва малакасиз экани маълум бўлди.

Эндиликда жамият ишончини қозонган Русла Ряболашка Бош прокурор бўлди.

Энди Ўзбекистонда кимни бош прокурор этиб тайинлашганига қаранг. Нигматулла Йўлдошев. Мамлакатда авж олган репрессия ва қашшоқлик учун жавобгар бўлган Сенатдаги кўримсиз сичқон.

Қиморга тикилган давлат

Энг ëмон кўрган гапим. “Ўзбекистонни ўзига мос йўли бор” деган сафсата. Унинг ўзига хос йўлсизлиги бор холос.

Янги йилдан бир кун олдин пули миллиондан ошган ўзбек йигит билан гаплашдим.

Унинг айтишича технология масаласида Германиядан ўтадигани йўқ.

«Шу боис 200 минг еврога «Майбах» мошинасини сотволдим» деди пул топиб ақл топган бирад.

Германиянинг иқтисодий ривожи ва бу мамлакатга эргашиш лозимлиги ҳақида бундан бир йил олдин Мирзиëев ҳам гапирган эди.

Иши юришганларга тақлид қилиш ўзбекларга хос одат.

Айтмоқчи бўлганим:

Германия ўзидаги мавжуд 7 та атом электростанциясидан бири фаолиятини тўхтатди.

31 декабрь куни Филипсбургдаги атом электростанцияси ўчириб қўйилди.

Германия 2022 йилгача барча атом электростанцияларидан воз кечади.

Холбуки бу электростанциялар техник жиҳатдан мукаммал, бозор нуқтаи назаридан фойдали.

Нега шундай соғин сигирдан Германия воз кечмоқчи?

Чунки немис мутахасислари шамол ва қуëш энергияси истиқболини англашди.

Чунки немислар миллиондан бир холатда ҳам эҳтимолий фалокат содир бўлишини исташмайди.

Гапни қаерга олиб бораëтганимни билдингиз. Нега шу масалада Германиядан сабоқ олмаймиз.

Нега коррупцияга ботган ва қолоқ Россияга атом электростанцияси қурдирмоқчимиз?

Нега фақат қолоқ мамлакатлар клуби бўлган Евроосие иттифоқига аъзо бўлмоқчимиз?

Россияга атом электростанцияси қурдиришдан Мирзиëв ва Путиннинг оилавий бизнеси манфаат кўришини тушунамиз.

Откатлар тизими бу икки оилага мансуб тўртта одам чўнтагини бойитар. Яна битта учоқ. Яна битта қаср ва яна битта яхта олишар.

Аммо булар ўйнаëтган қиморга миллат ва давлатчилик манфаатлари тикилган.

3 йил ичида мамлакатни «банан» республикасига айлантирган Мирзиëевга тўхта дейдиган сиëсий ирода соҳиби бўлган мухолиф борми?

«Яхшига ëндошу – ëмондан қоч» дея мақолни тўқиган халқ нега бу қадар муте ва ақлсизликка мубтало бўлди?

 Тўғри. Бир амаллаб  яшаяпмиз, ўлганимиз йўқ 

Ассалом Ўзбекистон Жума муборак. 

Тағин ўқинг
9 феврал 2018
ёхуд Туркияда эрга тегиб олаётган ўзбек аёллари ҳақида 35 ёшли Муслима Туркияга ишлагани бораётганида турмушга чиқишни орзу қилмаганди. Аввалига ...
25 сентябр 2018
Бу йил баҳордаги йиғилишда фермерларга аччиқ қалампир экиш топширилди.  Бунга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги қарори ижросини таъминлаш асос қилиб кўрсатилди. ...
20 декабр 2019
Мабодо Жуманазар ака бориб келган ўзга сайëра вакиллари Ўзбекистонга келиб қолса, ўзларининг тармоғида нималарни ëзган бўлишарди? Қандайдир одамлар катта ...
21 июн 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов эътиборни президент Мирзиёевнинг Андиржон 17-18 ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...