Асосий мавзулар
19 май 2020

Абсатторнинг кундалиги 4-қисм. Мардлик учун 100 грамм

Лейтенант чиқиб, «Бу ерда тўпланишиб туришма, тез кетиш», деб милисахона эшигини ëпди.

Ҳаëтилланинг олди айнагига стикер ëпиштирилган  «Дамаси»га Абсаттор ва Мадина чиқишди.

«Мадина, сиз олдига ўтиринг, текшириб қолишса, духтрди об юриппан, деб айтаман», деди Ҳаëтилла. Чунки стикери борларни ҳам кўчада ушлаб тириштиришаëтган эди.

Йўлда кетаëтиб Ҳаëтиллага телефон бўлди. Ҳаëтилла ўтирганларга ўгирилиб, қишлоққа бора олмаслигини, райздравга томсувоққа (текин ишлаш) чақиришганини айтди.

«Шу ман силани хатага ташаб қўяй¸ сағал дам олиб, кейин эшикка  борарсизлар», деган Ҳаëтилла рулни буриб яна туман марказига қараб мошинни ҳайдади.

Ҳаëтилла «хата» деб айтгани микрорайондаги уч қаватли уйнинг иккинчи қаватидаги бир хонали квартира эди.

Квартирани Мадинанинг эри бир пайтлар ўрис кампирдан сотиб олган эди. Қишлоқда газ кесилган қишнинг кунларида бориб яшаб ҳам туришарди. Бир муддат ижарага бериб кўришди. Кейин ижарачи пулини тўламай, Россияга кетворди. Бориб калит алмаштириб, бир аҳволга келган уйни тартибга солиб, таъмирлаб қўйишувди. Мадина туман касалхонасига ишга жойлашса, шу ерда туриш ниятиям йўқ эмасди.

Мадина Ҳаëтиллага «биннасага» деб қўлига пул берди. Ҳаëтилла йўлда тўхтаб, дўкондан елим пакет тўла «биннасалар»ни кўтариб чиқди.

Абсаттор карахтлигича ўтирарди. Нима бўлаëтганини охиригача англаб етмаëтганди. Сигарет хумори тутаëтганди.

«Дамас» советлар давридан қолган уч қаватли бетон дўмди олдида тўхтади. Олди ахлат уюми билан тўла файзсиз бир ер эди.

«Бораверинглар, биннаса керак бўса, телефон қиларсизлар», деган Ҳаëтилла «Дамас»ни мингга қўйиб жилди.

Абсаттор карахт ҳолда подъезддан иккинчи қаватга кўтарилди. Подъезд эшигини ўткан йилги совуқда бомжлар ечиб олиб ëқворишганди. Подъезд ҳангиллаб очиқ-сочиқ ëтарди. Ярми кўкка бўялган ва уят гаплар ëзиб-чизиб ташланган исқирт девор ëқалаб зинадан кўтарилган Мадина қўлидаги елим халтани ерга қўйиб, темир эшикни очишга уннади.

Калит тиқадиган тешиги  занглаб қолганми, эшикни очишга бирор ўн минут кетди. Абсатторга барибирдай эди. Ўн йил кетмайдими эшик очишга.

Ичкари киришди. Бинойидай уй. Ламинат тўшалган. Деворга «жижи болларди расмлари» туширилган мўдний гулқоғоз обой ëпиштирилган.

Мадина кираверишддаги ишкопдан сочиқ олиб Абсатторга берди: «Ювиниб чиқинг».

Қамоққа борганидан бери Мадинанинг Абсатторга айтган илк жумласи эди бу.

Абсаттор ваннахонага кирди. Оппоқ кафель, оппоққина ванна. Иссиқ сув кеб турибди. Абсаттор қандайдир культурний шок ҳис қилди. Абсаттор  ўзининг уйида ҳафтада бир марта нон ëпилган куни чўмиларди. Нон ëпиб бўлинган тандир ичидаги чўғга бир челак сув қўйиларди.

Сув исигач, Абсаттор катта жомашов тоғоранинг ичида циркдаги кучукка ўхшаб икки қўлини олдинга осилтириб ўтирар, хотини эса устидан кружка билан сув қуйиб, кирсовун билан бошини ювиб қўяр, орқасини мачалкақовоқ билан ишқаларди.

Абсаттор ваннада тик турганича жўмракни очди. Устидан тушган сув белидаги милтиқ қўндоғи билан урилганидан ҳосил бўлган жароҳатга тегиб, ачитиб юборди. Абсаттор энди-энди оғриқни ҳис қила бошлаган эди.

Абсаттор Мадина табуретка устига қўйиб кетган янги ич  кийимларни кийди. Эшик қия очилиб, Мадина кирди. Қўлида дори-дармон солинган аптечка бор эди. Мадина Абсатторнинг бели ва бўйнидаги кўкарган-қизарган жойларни обработка қилиб, лекапластр ëпиштириб қўйди.

«Эски кийимларни кийманг, қамоқди сассиғи уриб қопти», деган Мадина бир сидра кийим узатди.

Бир пасдан кейин Абсаттор топ-тозагина бўлиб ошхонадаги стол четида кўзини бир нуқтага қараганча жим ўтирарди.

Мадина столга бир шиша арақ ва стакан қўйди.

Шу пайтгача жим ўтирган Абсаттор илкис ҳаракатга келиб арақни қўлига олди. Бутилкани силкитди ва тиши билан қопқоғини тез суғуриб олди. Худди биров қувиб келаëтгандай, шошиб-пишиб, қўллари қалтираб стаканга арақ тўлдирди.

Суннатга кўра, стакандаги арақни уч ютум қилиб ичиб тугатди. Айни тезликда иккинчи стаканни лўқ-лўқ қилиб ютди.

Закуска қилмай, қўлтиғини ҳидламоқчи бўлса, бу сафар ўша ҳид ҳам йўқ эди.

Мадина унинг қаршисида катта-катта шаҳло кўзлари билан боқиб, оналарча меҳр ва ачиниш билан термулиб ўтирар эди.

Ошқозонга етиб борган ароқ мияни тормоздан чиқарди. Абсаттор ҳамма ëғи қақшаб оғриëтгани ва руҳи остин-устун бўлганини аниқ сезди.

Абсаттор Мадинага қараб бир нарса демоқчи бўлиб ўрнидан турди. Аммо ичидаги туғëнни ифодалаш учун оғзи жуфтлашмас эди. Бир марта Мадина деëлди, холос. Кейин кўзидан потирлаб ëшлар оқиб тушди. Оëқларидаги мувозанатни ушлай олмай, гупиллаб қулади.

Абсатторнинг кундалиги. Ëмон туш ва 18 қўшув

Ҳикоянинг келиб қолган ери. Абсатторни кафилликка олган Мадина уни туман марказидаги уйига олиб келади. Абсаттор икки стакан ароқ ичиб, думалаб ўзидан кетади.

Мадина 90 кило тош босадиган Абсатторни судраб каравотга ëтқизди. Бошига болиш қўйди. Устига кўрпа ëпди.  Абсатор бўлса алаҳлаб ëтарди.

Шу ўринда Абсаттор нима туш кўрдийкин, деган савол ҳурматли ўқувчида пайдо бўлиши тайин. Абсаттор тушида гулзор боғчалар ичида учиб юрган пушти капалакларни кўргани йўқ. Абсаттор кўрган тушни ҳеч ким кўрмагани яхши.

Абсатторнинг туши:

-Ола-була форма кийган, юзига маска таққанлар калтагидан  қочиб битта коридорга кириб қолдим. Бу коридорда ўлимга ҳукм қилиниб, растрел кунини кутаëтган, йўл-йўл кийим кийган зеклар стройса бўлиб кетаëтган экан. Мен ҳам арқаларидан қўшилиб олдим. Бир пайт икки тарафда дубинка ушаган дубахлар турганини кўрдим. Улар қўлидаги сўйил билан ўтаëтганларнинг боши ва елкасига солар эди. Менам бошимдан битта сўйил еб дальше кетдим. Раздевалка чиқди олдимиздан. Кийимларди ечдик. Ўша ердаги дубах паншаха билан кийимларни олиб, ичида олов ëниб турган темир бочкага ташади. Кийим ва дакументлар гуриллаб ëниб кетди. Қўлимга битта совун тутқазишди. Бу зекларнинг ола-була кийим кийгани ҳам яхши экан. Баданларига тату чизилган¸ шрамлар¸ кесилган-тикилган яра излари. Биттаси кўтига ўзбек гербидаги ҳумо қушини чиздирган экан. Лапанглаб юрганида қуш қанот қоққандай бўлади. Йўлнинг охири занг босган жўмраклардан сув тушиб турган ҳаммом экан. Ҳамма биттадан жўмрак тагида туриб баданини совунларди. Менам совунлаб турсам, қўлимдан совун ирғиб пастга тушди. Ëнимдаги бурни билан туртиб чиққан ияги битта бўлиб, кўзи ичига кириб кетган кал одам кумуш тишини кўрсатиб ҳиринглаб қўйди. Секин тўнқайиб совунни олмоқчи эдим. Бирдаан. Доооод, Вооооой. Вой-ей..Шу ерга келганда уйғониб кетдим. Ҳамма ëғимни совуқ тер босган. Пешанамда Мадина ўтирибди даҳшат билан менга термулиб. Аввалига воқеалар маржонини бир ипга теришга қийналдим. Қаердаман. Нега ярим кечаси Мадина  ўтирибди пешанамда. Кейин эсладим ҳаммасини. Мадина берган бир пиëла совуқ чойни ичдим. Коронавирус келмасидан олдинги ҳаëтимни эслаб соғиниб хўрсиндим.

“Тузукмисиз”, деб сўради шикаста овоз билан Мадина.

“Албатта тузукман, Мадина. Қамағдабас, сенинг қўйнингда ëтқизган яратганга шукрлар бўлсин”.

Мадина уялиб ерга қаради. “Уялма, жоним, кел бяхга”.

Мадина ўрнидан туриб, телефонини ëқиб, қўшиқ қўйиб келди. Асакалик тоға сел бўлиб ашла айтарди.

Куйларим етгаймикан сенга бориб,

Тингласа кетгаймикан тошлар эриб,

Суҳбатингда баҳра олсам ўлтириб,

На бўлар, на бўлар келсанг

қучоғимга кириб, Гулбадан.

Тун қоронғусида икки вужуд бир-бирининг оғушида эриди.

Ағи 18 қўшув Абсатторнинг кундалиги.

Давоми бор. Ғоя, расм ва матнлар муаллифи

Рассом Туз

Тағин ўқинг
25 сентябр 2019
«- Ака, мени бу ишда айбламанг. Сизга яна қайтариб айтаман, буйруқ юқоридан, очиғи, марказдаги МХХ идорасидан. Мен бир кичкина ...
4 ноябр 2020
​Фарғонада бир гуруҳ кўнгиллилар дайди ит-мушуклар учун махсус жойлар ташкил этилишини талаб қилмоқдалар. Уларнинг фикрича, ҳайвонларга меҳрли муносабатда бўлиш ...
8 сентябр 2020
Туркия суди 2017 йил 1 январь куни Истанбулдаги тунги клубда теракт уюштирган ўзбекистонлик Абдулқодир Машариповни умрбод қамоқ жазосига ҳукм ...
30 май 2019
Лотин алифбосига киритилаётган ўзгартиришлар ҳақида нега жимсиз деб сўрашяпти. Умуман, охирги пайтлар тил мавзусини тўхтатиб тураман. Тилларга, шу жумладан, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...