Асосий мавзулар
18 август 2020

Пандемия шароитида ҳам кредитни қайтариш талаби тўхтагани йўқ

Карантин пайтида одамларга қулайлик яратилмаяпти, деб ёзмоқда Фарғона вилоятидаги мухлисимиз.

Унинг айтишича, банкдан қарз олган. Карантин пайтида аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган қарорларда кредити бор фуқароларга енгиллик бериш мақсадида уларнинг кредит тўлови 2020 йил октябрь ойигача тўхтатилган. Банкларга мижозларидан кредитини ёпиш сўралмаслиги айтилган.

Аммо амалда қандай? Ҳақиқатан ҳам республикадаги барча банклар қарор ижросини таъминлаяптими? Улар ўз мижозларига енгиллик яратяптими?

“Йўқ, – деди Фарғона вилоятида яшовчи, исми келтирилишини истамаган фуқаро. – Мен тадбиркорлик билан шуғулланаман. “Агробанк”дан  3 йилга 30 миллион кредит олганман. Ҳар ойда 1 миллион 300 мингдан тўлашим керак.

Аммо аҳолига хизмат кўрсатиш билан шуғулланганим учун ишим тўхтаб қолди. Тўлов қобилиятим йўқолди. Уч фарзандим бор. Ота-онам пенсионер. Оилада ягона боқувчи менман.

Банк ходимлари эса апрель, май ойларида кредитни тўлиқ тўлашни сўрашди. “Президентнинг қарори чиққан-ку, октябргача тўлай олмайман”, деганимдан сўнг: “Майли, унда фоизини тўлаб туринг, агар ҳозир тўламасангиз, октябрда бирдан ҳаммасини тўлашга қийналиб қоласиз”, деди. Тўғрироғи, уйга келиб кредит тўлашга мажбурлади. Шуми қарорга муносабат? Нега қоғозда бошқача ёзилади-ю, амалга келганда бошқача қилинади?”

Навбатдаги суҳбатдошимиз эса “Қишлоққурилишинвест” қураётган уйлардан бирини кредит асосида олган. Ойига бир миллион тўлови бор.

“Аммо банк пандемияни ҳам билмади. Ҳар ой қўнғироқ қилиб, кредит тўлашим кераклигини эслатади. 29 июль куни Payme орқали 600 минг сўм ўтказиб қўйдим. Соат 10 ларга яқин банкдан қўнғироқ қилиб, кредит тўлаш муддати яқинлашганини, тўлаб қўйишим кераклигини айтишди.

Мен президент қарорида 1 октябргача тўламаслик мумкинлиги ёзилганини, шундай бўлса-да, бугун соат 6 ларда Payme орқали тўлов қилиб қўйганимни айтдим. Қўнғироқ қилган болага: “Сизлар президент сиёсатига қаршимисизлар, нега карантин даврида ҳам фуқародан тўлов талаб қиляпсизлар”, дея савол бердим. Аммо у саволларимга жавоб бера олмади”, дейди суҳбатдошимиз.

Миллий банкнинг “Элтуз” билан суҳбатлашган ходими президентнинг пандемияда даврида аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган қарори банкирларни ҳам хурсанд қилганини айтди.

Чунки, унинг сўзларига кўра, бу уларни ҳар ойнинг охирги ҳафтасида кредит тўловларини ундириш учун мижозма-мижоз юриш ташвишидан қутқарарди.

Аслида эса бу қувонч узоққа чўзилмаган. Банк ходимлари яна кредит тўловларини ундиришга жалб этилган. Чунки кредит муддати келгач, у ёпилмаса, пул айланмаси ҳам бўлмайди. Ғазнага пул тушмайди. Пенсия ва нафақалар берилиши қийинлашади.

“Шунинг учун ҳамма юк биз банкирларга тушди. Юқоридан кредитни ундир, деган яширинча топшириқ, пастдан фуқароларнинг “нега президент қарорини бажармаяпсизлар, бу гап сизларга бир тийинми”, деган норозилиги ўртасида қолдик. Қарор чиққанидан кейин унинг ижроси ҳам бўлиши керак”, деди Миллий банк ходими.

Унинг билдиришича, фуқароларни фақатгина Халқ банки ва “Ҳамкорбанк” безовта қилмаяпти, холос.

Миллий банк ходими бир неча тадбиркор кредит тўламагани юзасидан судгабанк номидан даъво ариза киритгани, лекин уларни банк нотўғри иш қилаётгани сабабли судда албатта ютишлари тўғрисида огоҳлантирганини маълум қилди.

“Чунки мен тадбиркорларга бундан бошқа ёрдам беролмайман”, дейди банк ходими.

“Агробанк” мижози бўлган ўқитувчи ҳам “Элтуз” билан суҳбатда банк пластик картаси ишламай қолгани ортидан банкка мурожаат этгани, у ердагилар ўғлининг ўқиши учун олган кредити бўйича тўлов қилмагани сабабли картасига инкассо қўйилганини айтганини маълум қилди.

Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлиги яна бўғилаётгани, энг фаол блогерлар ва журналистлар ҳақида турли туҳмат ва бўҳтонлардан иборат мақолалар чиқаётгани, босим кучаяётгани сабабли одамлар яна “оч қорним, тинч қулоғим” нақлини ҳаётий шиорга айлантириб олмоқдалар.

Суҳбатдошларнинг ҳеч бири ўз исмини, ҳатто қайси туманда яшашини ҳам ошкор этмаётгани боиси ҳам аслида шу.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
23 сентябр 2019
Адолат излаб Хоразмдан Тошкентга йўлга чиққан “Эрк” демократик партияси аъзоси, шоир ва журналист Маҳмуд Ражабнинг бу акцияси Ўзбекистонда Ислом ...
19 июл 2024
Мана ит қувган гадойдек хафтаям зувв этди, ўтди кетди. Яна сизларнинг қошингиздаман. Суҳбати ду анда маззаку, дейди Хайëм. Юз ...
20 декабр 2019
Мабодо Жуманазар ака бориб келган ўзга сайëра вакиллари Ўзбекистонга келиб қолса, ўзларининг тармоғида нималарни ëзган бўлишарди? Қандайдир одамлар катта ...
4 ноябр 2023
Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган X Factor халқаро телешоу ҳакамларидан бири Маданият вазири муовини Баҳодир Аҳмедовни ўзи ва ҳамкасбларига нисбатан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...