Асосий мавзулар
26 октябр 2020

Ҳаммани мажбурловчи МИБ ходимларининг ўзи мажбурий меҳнат қурбони

Ҳаммани турли тўловларга мажбурлайдиган Мажбурий тўлов бюроси ходимларининг ўзи мажбурий пахта теримига мажбурланмоқда. 

“Мажбур” сўзи устида қурилган бу гап сўз ўйини эмас. Зеро, мазкур идоранинг Қашқадарё вилоятидаги Косон тумани бўлими ходимлари чиндан ҳам теримга жалб этилган. 

Кўринишидан, бу асло ихтиёрий ишга ўхшамайди. Чунки ходим ихтиёрий равишда пахтага борадиган бўлса, у кишининг асосий иши нима бўлади? 

Хуллас, маълум бўлишича, МИБнинг Косон туманидаги ходимлари 10 сентябрь куни пахта теримига тайёргарлик кўриш ҳақида буйруқ олган. Улар буйруқнинг аниқ кимдан келганини билмайди. 

Катта эҳтимол билан буйруқ ҳам “катта жой”дан келган. Акс ҳолда кимсан МИБчини пахтага мажбурлашга кимнинг ҳадди сиғарди?

Бу йил Қашқадарёдаги барча МИБчилар Муборак туманига теримга юборилмоқда. Бу туманда кластер ҳам йўқ, пахта терадиган техника ҳам йўқ.  

МИБчилар теримдан бош тортишга ҳам қўрқади. Чунки ўтган йили пахта теримида мажбурий меҳнат ҳақида халқаро ахборот воситаларига хабар бергани учун МИБнинг Косон тумани бўлими ходими ишдан ҳайдалган эди.

Яширилаётган мажбурий меҳнат

МИБнинг Косон тумани бўлимида 30 га яқин ходим ишлайди. Улар 17 сентябрдан бошлаб 10 кунлик навбат асосида пахта теримига мажбуран жалб этилди. 

Раҳбарият ўрнатган қатъий тартибга мувофиқ, ходим пахта даласига ўзи ўрнига мардикор ёллаши мумкин, аммо ёлланган шахс нотаниш бўлмаслиги ва МИБ ходим пахта теримига мажбуран жалб қилинганини ошкор этмаслиги шарт. 

Шу сабабдан МИБ ходимлари, асосан, қариндошлари ёки яқин танишларни  ўз ўрнига теримга юбормоқда. 

МИБчилар ёлланган одамларга мабодо пахта даласига кимдир суриштириб келса, у ўзини маҳалладан чиққан кўнгилли теримчи сифатида таништириши шартлиги уқтирган. 

Шундай мардикорлардан бирининг айтишича, қатнов асосида терим бўлса, мардикорга кунига 60 минг сўм, агар ётоқ шароитидаги терим бўлса, 10 кунга  1 500 000 сўм тўланади. 

Мардикор ёллаш 

Мардикор сифатида иш сўраб борган кузатувчиларга МИБ идораси ходими теримга жалб қилинганини ошкор этмаслик ҳақида огоҳлантирди ва агар пахта теримига ишчи кучи лозим бўлса, қўнғироқ қилишини айтди. 

15 октябрь айни МИБ ходими мардикор ролидаги кузатувчиларга телефон қилиб, 16 октябрь куни кечки пайт пахта теримига кетиш кераклигини маълум қилган. 

“Мардикор” кузатувчилар зарурий кийим-бошу кўрпа-тўшаги билан шу куни “Спарк” русумли енгил машинада Муборак тумани ҳудудидаги дала шийпонига ётоққа олиб бориб жойлаштирилган. 

Кузатувчилардан бирининг таниши, 10 кунлик ётоққа МИБнинг Косон туманидаги ходими ўрнига 1 500 000 сўм эвазига теримчи сифатида ёлланган шахснинг айтишича, улар пахта тераётган ҳудудда МИБ ходимлари ўрнига маҳалла аҳолиси пахта термоқда. Лекин улар нисбатан арзон, яъни 600-800 минг сўмга келишишган. 

Ўрнига ҳашарчи ёллаган МИБ ходими агар шундай қилмаса, ишдан ҳайдалиш билан таҳдид қилинганини билдирди. 

Ётоқ шароити

Теримчилар ётоқда эски дала шийпонида тунамоқда. Шийпонда пол йўқ, ерлар захлигини айтган теримчилардан бири бу ерда санитария-гигиена қоидаларига умуман риоя этилмаётганини таъкидлади. 

“Ковид талаблари ноль ҳолатда. На совун, на антисептик ва на ниқоб бор. Ҳатто сув ҳам етарли даражада эмас. Қўл ювиш учун баклашкаларга сув қуйиб қўйилган. Ичимлик сув эса катта ҳовузда сақланади. Кўринишидан молхонага ўхшаш жойни ювиниш хонаси қилиб қўйишган”, дейди теримчи. 

У аёл ва эркак теримчилар учун битта ювиниш хонаси борлиги, фақат хонанинг ўртасига фанера қоқиб қўйилганини айтади. 

Унинг сўзларига кўра, овқатлар фермерлар ҳисобидан бериляпти. Агар фермернинг иқтисодий аҳволи яхши бўлса, у теримчиларга тўйимлироқ овқат беради. Акс ҳолда овқат яхши бўлмайди. 

Тағин ўқинг
8 сентябр 2020
Туркия суди 2017 йил 1 январь куни Истанбулдаги тунги клубда теракт уюштирган ўзбекистонлик Абдулқодир Машариповни умрбод қамоқ жазосига ҳукм ...
15 август 2019
Швециянинг Остерсунд шаҳрида 14 август куни одамларни машинасига бостириб террор акти уюштиришга уринганликда гумон қилинган 32 яшар ўзбек қўлга ...
21 сентябр 2018
“Интеграл Инвест” ширкати раҳбари, 18 ой ҳибсда қолган йирик тадбиркор 51 ёшли Жаҳонгир Умаров кассация шикоятидан сўнг 15 сентябрда ...
25 август 2016
«Ҳуррият газетасида (24.08.2016) Фарғона вилоятида амалга оширилган «улкан бунёдкорлик ишлари, халқимизнинг ҳавас қилса арзигулик фаровонлиги»га бағишланган навбатдаги мақола эълон ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...