Императив. Тўғрилик камтарликдан устундир
«Элтуз» шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳнинг янги бадиий асари, фалсафий эссе форматида ёзилган – «Императив» китобининг аудиоверсиясини тақдим қилади. Матнни муаллифнинг ўзи ўқийди. Китоб 2020 йил Истанбулда чоп этилган.
СЎЗБОШИ
Бу китобга сўнг шаклини берар эканман, дафъатан ўзимга дедим:
Буни ким учун ёздинг ва ким учун нашрга тайёрлаяпсан?
Адабиёт, «этика-эстетика» ҳақидаги фикрларинг бугун кимга қизиқ?
Классик маънодаги ўқувчи қолдими бугун?
Ўқувчиларнинг тамоми «кўрувчи»га айланмадими?
Ютуб моғораларида туғилиб, ютуб беланчагида вояга етган, оламга ётиб олиб (горизонтал) боқаётган «янги авлод» учун бу китобдаги фикрларнинг бир чақалик қиймати борми?
Ҳақорат сўзларни майкасига ёзиб олиб, ютуб каналидан дунёга «ақл» ўргатаётган жаҳолат обидалари «блогер»ларнинг куфр тўла лексикаси билан сенинг сўзларинг рақобат қила оладими?
Бундан 21 йил олдин – 1999 йили илк хотиралар китобим – «Йўлнома»ни нашрга тайёрлар эканман, унга Андре Малронинг «21 аср маънавият ва руҳоният асри бўлажак ёки (умуман) бўлмаяжак», деган иборасини эпиграф қилиб олган эдим.
Бу эпиграфда келажакка буюк умид барқ уриб турарди.
1999 йил – ўзбек диктатори И.Каримов эстирган давлат террори бутун интеллектуал ниҳолларни илдизи билан қўпориб ташлаб, фақат манқурт биткиларгагина яшаш имкони берган 1999 йил!
Шу террор йилларида ҳам биз нақадар оптимист эдик!
Бугун ютуб яъжуж-маъжужлари яратган бу жаҳолат зиндонида ўша террор йилларида асраган некбинлигимизни ҳам йўқотаётганимизни кун ўтган сари кучлироқ ҳис этмакдамиз.
Ўтган аср, ҳатто янги аср бошида ҳам тирик бўлган ўқувчи қатлами бугун вафот этди.
Сен яхшилик тарафдорисан, жамиятда яхши инсонларнинг устун бўлишини истайсан, аммо бу мумкинми?
Эрнест Ҳемингуей бир пайтлар бундай куйинган эди: «Ер куррасининг энг яхши инсонлари гўзалликни ҳис эта оладилар ва ҳақиқатни айтиш учун таваккул қилишга ўзларида жасорат ва куч топадилар. Ва айнан шу мусбат фазилатлари уларни ҳимоясиз қилади. Шунинг учун ҳам кўп ҳолларда улар ичидан емириладилар».
Бу сўзларни ҳаётда ҳур яшаб ўтган, идеаллари учун курашда ўлимни ҳам кўзга олган мард инсон айтган эди. Шундай бир инсон фикр шаллақилари олдида ўз ожизлигини очиқ айтишдан имтино қилмаяпти.
Ҳолбуки, унинг замонида, ўтган асрда жамиятлар мафкуравий жиҳатдан зид қутбларда бўлса ҳам бу қутбларнинг ҳар бирида бир оз идеализм, бир оз романтизм барибир бор эди. Бугун бу ҳам йўқ ёки тобора йўқоляпти. Шундай вазиятда ҳам ёзиш, ёзганингни чоп этиш, чоп этилган китобингни ўқишларидан умид қилиш мумкинми?
Жаҳолат лашкари минг чандон кучли. Сўзлари эмас, ўзлари. Улар сон жиҳатдан кўпчилик. Устига-устак, уларнинг қуроли бошқа. Уларнинг қуроли сўз эмас. Уларнинг қуроли АНТИСЎЗ.
Дунёмиз оғзини очиб, анқайганча, майкасига ҳақорат ёзилган антисўзни тинглаяпти.
Бу шароитда китоб нашр қилиш – абсурд.
Аммо, модомики, нашр қилишга жазм этибсан, бу жаҳолат лашкари билан урушда мағлубиятингни олдиндан қабул эт.
Китобинг нашрдан чиқса, уни оп-ойдин Ҳечликка йўлла.
Эй, Виждон, сен ҳам ўзингни бос, ҳақида азоб чекишга арзийдиган ягона борлиқ – сен ўзинг қолдинг.
Муаллиф