Императив-3. Ўртада топ-тоза ҳақ турар экан…
Мени машғул қилган ғояга аввал ўзимни ишонтиришим керак эди. Майли, дўстлар ишонмасин, майли, ақраболар, яқинлар, ҳатто халқ ишонмасин, аммо ўзим мутлақо ишонишим шартди.
Аллоҳ наздида тўғри эканини билиш мен учун етарли эди, у ҳолда бу ғоя йўлида ўлимга боришим мумкин эди. Бу ҳолда ўзимни ғоя учун мужодалада ҲАҚЛИ ҳис қилардим.
1970-80 йиллари ўзимни ишонтирганим ғоя миллий истиқлол ғояси эди.
Инончдаги бу максимaлизм миллий манфаатларни ҳар нарсадан устун кўриш нуқтасига олиб келди.
Қуйида 80-йилларда ёзилган матндан парча:
«Ҳатто ҳақиқат ҳам ёлғондир, ёлғон,
Агар қарши бўлса ҳақиқат халққа!»
(1985)
Бу икки сатрда кўрилаётгани каби мен халқни муқаддаслаштирган эдим.
Халқда ҳеч хато кўрмаслик, хато бўлса ҳам уни яшириш, ҳатто унинг иллатларини ўз устига олиш бир миллиятчининг зиммасига олиши керак бўлган мажбуриятлар эди мен учун.
Халқни муқаддаслаштириш босқичида «мен кимман» саволи жавоблантирилгандай бўлса ҳам унинг шуур остида бот-бот такрорланаётганини эшитиб турардим. Соф миллий ғоя ҳам нафсимни қаноатлантирмагани аниқ эди.
Чунки халк манфаатларини ҳар нарсадан, ҳатто ҳақиқатдан ҳам устун қўйиш ҳирси «Ёй» буржи ҳассос бўлган адолат туйғусини задалаши муқаррарди. «Ҳатто душманга ҳам адолатли муносабатда бўлиш»га онт ичган бир одам сифатида халқ манфаати деспотизмини шартсиз қабул этмоғим имконсиз эди.
Каминадаги бу руҳий хусусият 1992 йил 17 январда талабалар исёнининг иккинчи куни зуҳур этди.
Миллатвакили сифатида исённинг иккинчи кунида ҳибсга олинган талабаларни қўйиб юборилиши учун милиция ва прокуратура билан музокара олиб бораётгандим.
Республика бош прокурори Бўритош Мустафoев ва Тошкент шаҳри компартияси котиби Адҳам Фозилбеков ҳукумат тамсилчилари сифатида талабалар билан гаплашишга келишди. Уларга «талабалар сизга тегишмайди», деб кафолат бердим. Қўполроқ айтганда, бу мулозимлар менинг ҳимоямда талабалар қаршисига чиқдилар.
Аммо КГБ гизли ажанларининг (махфий агентларининг) провокацияси билан талабалар ҳукумат тамсилчиларига тош ота бошладилар.
Улар – майли, КГБ провокацияси билан бўлсин – шартномани бузган эдилар.
Бу мени жунбушга келтирди.
Сўкинишни билмайдиган одам устимизга ёпирилиб келаётган тарафдорларимга қандай қилиб оғзимни тўлдириб, бутун ғазабим билан: «Ҳайвонлар, тўхтанглар, ҳей, ҳайвонлар», дея бақирганимни билмай қолдим.
Ўша вазиятда талабаларга нафратим, ғазабим чексиз эди.
Ҳолбуки, талабалар миллий ҳаракатимизнинг куч манбаи, президент сайловида менга энг кўп овоз берган жиддий ижтимоий қатлам эди.
Аммо мен руҳан КГБ фитнасига учиб тош отаётган ва ёпирилиб келаётган тарафдорларим тарафида эмас, бу ёпирилиб келаётган оломондан қочаётган мафкуравий рақибларим тарафида эдим.
Чунки талабалар, демак уларнинг «номзоди» мен ҳам бу қочаётган рақибларга берилган сўзимизни тутмаган эдик.
Шу маънода, бу воқеа мен учун ўтган аср 70-80 йилларидаги миллий мужодаламизнинг маънавийдан кўра кўпроқ сиёсий рамзи бўлиб қолaвeрди.
Ўша даврга оид мақолаларимдан бирида «Лидер оломонга эмас, оломон лидерга эргашиши керак», деган маънода бир жумла ёзган эдим. Бу қарашим бугун ҳам ўзгаргани йўқ.
Миллиятчилик ва унинг муҳотoби бўлган миллатни муқаддаслаштириш мутлақ равишда бу миллат ва миллиятчиларни ўзлари қарши чиққан рус шовинизми табиатига яқинлаштирган бўларди.
Шунинг учун ҳам ўзбек миллиятчилиги фақат рус истибдодидан қутулиш учун берилган мужодала ҳудудларидагина ўзининг маънавий машруъиятини қўрий олар эди.
Шу маънода, халқ фетишизми характеримнинг умуртқаси эмас, ҳатто ён қобирғаси ҳам эмас эди.
1989-90 йиллари «Бирлик» ҳаракати ичида мақсади аниқ бўлмаган, оломон ҳирсига бўйсундирилган митингларда қатнашмадим ва бунинг учун мени айблаганлар ҳам бўлди. Аммо йўлимни инонмаганим йўналишга бурмадим.
Ўттиз беш йил ўтиб, бу хусусда шу шеърни битдим:
Ҳақни сўйладим мен золим юзига,
Аммо халқ деганда тилим тутилди –
Тикка қараб туриб халқнинг кўзига,
Ҳақни сўйламакдан андиша қилдим.
Майдонда жаҳолат жўш урар экан,
«Халқнингмас, бу менинг иллатим», дедим.
Ўртада топ-тоза Ҳақ турар экан,
Мен халқни танладим – «Миллатим!» дедим.
Мана, қалам гулдай қурир қўлимда,
Умрим кечди халқ-ла муроса билан:
Мен нима қиламан энди йўлимда
Харсангдек ётган бу хулоса билан?
(2020)
Кимлигимни сўроққа тутар эканман, йўл-йўлакай шу xусусиятни кашф этдим: Илмий китобларда айтилганидай, бу кимлик дохил бўлган воқеаларнинг унга сайқал берганини кўрмадим. Аксинча, бу кимлик ўзи дохил этилган воқеаларга сайқал беришга интилганига, агар бера олмаса, улардан дарҳол узоқлашганига шоҳид бўлдим.
Деспотизмнинг ҳар қандай кўринишига муxолиф эдим. Ҳатто бу деспотизм суюкли халқдан келса ҳам. Бу контекстда камина инқилобларга жисмонан тарафдор бўлсам ҳам руҳан қарши эдим. Чунки инқилоблар ўз табиатида деспотизмни ташир эди.
Тарихдаги инқилобларнинг кўпи инсон эркига раҳна соладиган, турли баҳоналар (халқ манфаатлари биринчи навбатда) билан ҳурриятларни чеклайдиган, ҳатто мақсад йўлида террорни машруъ кўрадиган бир ҳодиса эканини кўрамиз.
Аммо бошқа тарафдан, инқилобдан ҳам даҳшатлироқ бир зулмдан қутулиш учун инқилоб ягона йўл бўлса, мазлумнинг инқилобга мурожаат қилишга ҳаққи, бор деб ўйлайман.
Диктатор Каримовнинг ўлкани давлат террори билан бошқарган йиллардаги унга қарши радикал чиқишларимни айнан шу нуқтаи назардан оқлашим мумкин.
Шуур остида узун йиллар жараён этган бу кимлик тадқиқи мени у қирғоқдан бунисига улоқтирди.
Бу руҳий саргардонлик менга мудҳиш ҳақсизлик бўлиб кўринган сургун даври аслида буюк неъмат эканини англаганим кунгача давом этди.
Сургун даврида мен динимни танидим. Xусусан, пайғамбарлар тарихи мутолааси дунёга боқиш нуқтамни бошқа бир истиқоматга ташиди. Пайғамбарлар ҳаётининг ташқи кўринишидаги ақл бовар қилмас соддалик, маънавий дунёсидаги бошни айлантирадиган теранлик мени лол этди.
Муҳаммад Солиҳ