Кўзқараш
2 март 2021

Ғирт бегона

Бир оғайним қўққисдан мен ҳақимда даҳоларча башорат қилиб бундай деб қолди: Керак бўлса, минг фоиз кафолат бераманки, сени юртимизда ҳеч қаерга ишга олишмайди, чунки сен на олишни биласан, на беришни!

Пешонани қарангки, унинг фалсафаси тўппа-тўғри чиқиб турибди, ҳамон иш қидираман, орадан беш йил ўтиб кетибди. Бу даврда бормаган жойим қолмади, эртага келинг, индинга хабар олинг, бир ҳафтадан сўнг ўзимиз телефон қиламиз, уч ойдан кейинга юз фоиз кафолат берамиз, хуллас, юмшоқ муомала, ҳаммаси мусаффо осмон…

Айбинг нимада, дейишингиз мумкин. Ҳа, айбим бор, биринчи галда, тўғрисини гапираман, ҳалол ишлайман, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайман. Энг ёмони, раҳбарларга тилёғламалик, лаганбардорлик ва чақимчилик қилишни билмайман. Мабодо, янги режани раҳбарнинг ўзи таклиф қилса ҳам рўёбга ошмайдиган таклиф бўлса, шартта очиғини айтиб қўя қоламан, шунинг учун баъзан бетгачопар ҳам деб қўйишарди.

Ўзи бирор жойда ишлаганмисан, дейишингиз ҳам мумкин. Ҳа, ишлаганман, бир корхонада раҳбарнинг ўринбосари бўлиб 10 йилдан зиёд ишлаганман. Яна бир камчилигим, ишга янги ходим олсам, ёшига қарамасдим, аввало, билими, қобилияти ва ишчанлигига эътибор берардим.

Ниҳоят раҳбарга ёқмай қолдим шекилли, ўрнимга бошқа одамни олишди, оддий ходим бўлиб ишлай бошладим. Орадан олти ойлар ўтгач, корхонамизда янги ходимлар керагидан бир неча баравар кўпайиб кетди.

Ҳайрон бўлдим, янги ходимлар деярли ҳеч нарса қилишмас, корхонада ўралашиб юришаверарди. Вақт ўтган сайин улардан баъзиларининг жамоамизда ишлаш учун умуман қобилияти йўқ экани ҳаммага сезилиб қоларди. Яна вақт ўтгач, уларнинг айримлари йўқолиб қолар ва яна янгилари пайдо бўларди.

Феълимни биласиз-ку, бу ҳақида менинг ўрнимга ўтирган бошлиқнинг ўзидан очиқчасига сўрадим. У яшириб ҳам ўтирмади, мен учун тўғрисини айтиб қўя қолди.

«Уларнинг ҳар биридан юз доллардан олиб қўйганман, юраверишсин, бироз вақт ўтгач жавобини бераман, кейин яна янгисини олавераман, биров менинг мушугимни пишт демайди, ака, бу бизнес», деди.

Ҳолимни кўрган яна бир танишим, сен қачон одам бўласан ўзи, “хўп” дейишни ўрган, раҳбарлар учун сенинг қиладиган ишинг эмас, “хўп” дейишинг биринчи ўринда туради, дейди. “Лўлининг эшагини суғориб, пулини ол”, деб насиҳат қилади.

Бир куни катта залда ҳамма ходимлар ҳазил-ҳузул, қий-чув, ўз вазифасидан бошқа ишлар билан овора эди. Мен бир четда жимгина ўз вазифамни бажариб ўтирардим, кутилмаганда шартта эшик очилиб, катта раҳбар кириб қолди.

Кўз очиб юмгунча вазият ўзгарди. Ҳамма ўзини шартта ўз вазифаси билан астойдил шуғулланаётганга солди, кимлардир дарров лаганбардорлик билан катта бошлиққа қуюқ салом берди. Мен эса ўша ҳолда ишимни давом эттирардим.

Раҳбар у ёқ бу ёққа астойдил разм солгандек бўлди, кўнгли тўлди шекилли, менга қараб, ака нега бекор ўтирибсиз, атрофингиздаги одамлардан ўрнак олсангиз бўлмайдими, деб менга қаттиқ танбеҳ берган бўлди-да, шартта эшикни ёпиб, ташқарига чиқиб кетди.

Шу заҳоти атрофимдагилар яна эски такасалтанг ҳолига қайтишди, ғала-ғовур бошланди. Шунда мен ўзимни у ёғидан ўқисангиз ҳам, бу ёғидан ўқисангиз ҳам шунга ўхшатдим – нодон!

Баъзан актёрларга ҳавасим келарди, чунки улар ҳар қандай ролга истаган пайтида кира оладилар, аслида атрофимдагилар ҳаётдаги актёрликни қойилмақом қилиб ижро этишарди.

Ёши улуғроқ яна бир танишим, «Энди, ука, замонни кўриб турибсиз, олдин узатасиз, кейин оласиз, керак бўлса, катта лавозимдан тортиб то оддий қоровулликкача узатасиз, кейин йиғиштириб оласиз, қани бўлмасам, айтганимнинг акси бўлган узатилмайдиган бирор соҳани мисол қилиб келтиринг-чи» дерди гердайиб менга. Хуллас, бу олувчию берувчилар юртида мен ғирт бегона эдим.

Ҳайрат,

ўзбекистонлик муаллифнинг “Элтуз”га йўллаган ҳикояси

Тағин ўқинг
17 феврал 2020
13 февраль кунининг биринчи ярмида қозоқ тилидаги машҳур сайтларнинг деярли барчаси собиқ президент Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон тарқатган хабарга ...
4 октябр 2024
Азиз ва мукаррам, қадрли ва меҳрибон кўзи қора қоши қора юртдошларим, мана хапта айланиб сиз билан юзма юз, бетма ...
1 сентябр 2023
Ислом Каримов августдаги путч ва Ўзбекистон мустақиллиги декларациясини қабул қилганидан кейин ҳам СССР тарафдори бўлиб қолган. Айни икки воқеадан ...
1 август 2017
Июль ойида Ўзбекистон телевидениеси ҳаётида рўй берган энг муҳим ҳодиса, шубҳасиз, «Ўзбекистон 24» телеканалининг фаолият бошлагани бўлди. Гарчи мамлакат ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...