Асосий мавзулар
12 март 2021

Гилам нега учмайди ëки давлат қандай бошқарилади?

Бу ерда ўзлари учун йиғлашмас,

Бу ерда йиғлатар бировнинг дарди.

Бу ерда бировнинг ғами муқаддас,

Бу ерда табаррук ўзганинг қадри.

Усмон Азим

Мана, ҳафта ўтиб яна сиз билан биргаман. Бир пайтлар кўчаларда “Партия билан давлат биргадир”, деб ëзиб қўйишарди. Шунда менинг кўз олдимга Ленин номидаги колхознинг иккинчи бригадаси бригадири Матëз ака келар, унинг партия ва давлатга нима алоқаси бор, деб ўйлардим.

Сал ëшим улғайгани кейин партия нима, давлат нима, деган саволлар жавобини топдим. 

Партияни футбол ўйинидаги судья дейиш мумкин, давлатни эса футболчи деб тасаввур қилайлик. Футболчи хато қилса, судья ҳуштак чалади ëки қизил карточка кўрсатади. Ўзбекистонга ўхшаш давлатларни судьясиз футбол ўйинига менгзаш мумкин.  

Бугун давлат нима ва у қандай бошқарилади? Бу саволнинг қисқа жавобини ҳозир айтаман ва хабарлардан кейин узун таҳлилга ўтаман. Давлат йўлни бошқараëтган светофордир. Кимгадир қизил, кимгадир эса яшил чироқ ëқади. Светофорга амал қилинмаса, авария юз беради.

Хабарлар

Бундан буëн бировни “каламуш” дейиш ҳақорат ҳисобланмайди. Блогер Отабек Сатторий ишини кўраëтган Сурхондарë суди шундай тўхтамга келди.  Олдинроқ Отабек Сатторий ҳайвонот боғи директорини каламушсимон дегани учун қамоққа олинган эди. Муҳтарам луғатидаги сўз ҳақорат бўлиши мумкин эмас. 

+++

Шаҳрихондаги касалхона бош врачи вазифасини бажарувчи Руслан Убайдуллаев ўз қўл остидаги тиббиëт ходими, рентген хонаси лаборанти Султонмурод Абдунабиевни “ниқобинг йўқ”, деб тагига босиб, ярим соат дўппослади. Раҳбар тиббиëт ходимини ураëтиб, пандемиянинг онасини сўкди. 

Пандемиянинг ота-онаси борми десам, бор дейишди. Пандемиянинг отаси Хитой, онаси Ухан экан. Шаҳрихон тумани марказий касалхонаси бош врачи вазифасини бажарувчи Руслан Убайдуллаев ишдан бўшатилди.

+++

Швейцарияда ўзбек аëлларининг шу кунда энг модний уст кийимини тақиқлашди. 7 март куни Швейцарияда бўлиб ўтган умумхалқ референдуми жамоат жойларида паранжи кийишни тақиқлади. Келди очилур чоғинг – ўзлигинг намоëн қил.

+++

Расмдаги қиз Зиёдахон Сотволдиева. 2002 йил Фарғона  вилоятида туғилган. Иқтисодиёт бўйича биринчи курсда ўқиркан. Жиҳод қилиб, кофирларни ўлдираман, деб уйидан қочиб кетибди. 

Ҳозир Туркияда бўлса керак. Кейин имкон топиб ë Идлиб, ë Қандаҳорга жўнамоқчи. Бомба ясаш бўйича онлайн сабоқларни олган. Секс жиҳодгаям жон дейди. Уч-тўрт йилдан кейин адашибман, деб саккизта жангаридан бўлган чурвақаларини эргаштириб келиб қолсаям ажаб эмас.

+++

8 март куни Тошкентда “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Профессор Хидирназар Аллақулов партия лидери этиб сайланди. Хидирназарга хизр назар қилди.

Сом-сомлар гуруҳи 

Давлат ҳақида гапираëтган эдим. Арастунинг давлат ҳақида айтганини эсласам:

“Қонун устувор бўлган демократик давлатларда демагогларга ўрин йўқ. Бу давлатларда энг биринчи ўринда яхши фуқаролар туради. Аммо қонун устувор бўлмаган давлатларда демагоглар бемаза қовуннинг уруғидай кўпайиб кетади”.

Фейсбукда Диля Мақсудова деган қиз бор. Шу қиз доим қизиқ савол беради. Бу сафар у демагог нима ëки ким, деб савол берган бўлар эди.

Демагог – ўзи билмайдиган соҳада соатлаб гапни олиб қочадиган одам. Хоразмда бундайларни сом-сом дейди. 

Фуқаролар – қадимги Римда овоз бериш ҳуқуқига эга эркин ватандошлар. Лекин бир нозик тарафи бор. Донишманд, ўқимишли одам ўнта овоз эга бўлса, этикдўз битта овозга эга бўлади. Ўша эркин ватандошлар давлатни бошқаради. Бу бошқарувнинг оти – демократия.

Шу пайтгача “Ҳизб ут-таҳрир”нинг эринмаган фаоли “демократия куфрдир”, деб келади.

Ўзбекистон президентлигига номзодимни қўяман деган Жаҳонгир Отажонов ҳам жонли ëйинда: “Мен демократия тарафдори эмасман. Мусулмон одам демократ бўла олмайди”, деди.

Хуллас, эшитган гапим, Жаҳонгир “демократияга қарши” экан. Дунëда энг ривожланган, энг фаровон 50 та давлатда бошқарув демократик. 

Хўш, демократия нима? Демократия – бу давлат бошқаруви механизми. Қудратлар айрилиги. Нима дегани у? Бу дегани давлатдаги учта ҳокимиятнинг бир-биридан мустақиллиги. 

Парламент қонун чиқаради. Унга қараб президент фалон қонунни чиқар ë вовилла, дея олмайди. 

Президент ижро ҳокимияти сифатида парламент чиқарган қонунларни бажаради. 

Учинчиси эса суд ҳокимияти. Бу ҳам мустақил бўлади. Президент суд раисига палончини қама, дея олмайди. 

Бунинг ëнида тўртинчи ҳокимият, яъни эркин матбуот бўлади. Давлат бошқаруви диний ва миллий омилдан холидир. Шу механизмнинг оти демократия. Германия, Швейцария шундай бошқарилади. Шунинг ортидан фаровонлик ва ҳақиқий адолат қарор топган. 

Хўш, бошқа қандай шакл бор? Бу шаклнии сизлар ҳар куни кўриб турибсизлар. Кимдир фақат битта ўзи бошқаради. У оқ деса оқ, қора деса қора бўлади. Айтмоқчи бўлганим, Жаҳонгир Отажонов фикрий берккўчага кириб қолди. 

Хоразмда отиз (дала)да тўмиртқа деган нарса бўлади. Бу ариқ устидан кўприк қилинганда қўйиладиган кичик қувур. Шу қувурга ит тиқилиб қолади боши билан. Вангиллаб ëтаверади. Токи уни биров думидан тортиб суғуриб чиқармагунча. 

Энди яна бир гап. Демократик жамиятда ифода эркинлиги ҳам бўлади. Кимдир чиқиб, туркман гиламдан самолёт ўрнида фойдаланамиз, деб гапирса гапираверади. Лекин бу дегани ҳаво йўллари парки учар гиламлар билан тўлдирилади, дегани эмас. Зотан, гилам учмайди.

Демократия чўпчакка асосланган тузумдан яхши

Бундан 35 йил аввал коммунизм тарафдорлари ва Ғарбни ëмонлайдиганлар билан баҳс асносида битта монологни такрорлар эдим. “Демократия коммунизмдан яхши”, деган монологни. 

Ишим ўнгидан келиб, коммунизмнинг оëғи осмондан бўлди. Миясини еган коммунизм тарафдорлари, илмий коммунизм бўйича докторлик ëқлаган домлалар калишини судраб, “Каримов тузумини мақташ” касбини ўзлаштиришиб бадар кетишди. Кўпи ҳозир ўлган бўлса ҳам керак.  Мениям қулоғим тинчигандек бўлди. 

Яқиндан бошлаб жамоат зеҳниятига асосланган бу тоифанинг янги урчиган мутантлари яна “демократия ëмон” деб қабрдан чиққан арвоҳлардек алжирай бошлашди. 

Рефлектив тарзда демократия ҳақидаги монолог қайта эсимга тушди.

Мана ўша мантра: 

Демократия деспотизмга барҳам беради.

У одамларга ўз манфаатини ҳимоя қилишга кўмак беради.

Айнан демократияда сиëсий бошқарув кўпроқ маълумот ола олади. Раҳбарият истиҳборат асирига айланиб, ахборот изоляциясида қолмайди.

Бу тузум одамларга ўзи истаганича яшашга максимум имкон яратади.

Демократия бошқарув элитасини конфликтсиз ротация қилиш имконидир. Элита ўрнига контрэлита келади ва аксинча.

Энг муҳими ҳамда мен учун қадрлиси, бу тузум шахс эркинлиги ва инсоний ҳуқуқларнинг кенг қамровли диапазонини кафолатлайди.

Демократия ватандошларнинг сиëсий иродаси ва қарори устидан улар зиммасига маънавий масъулият юклайди. 

Демократик тутум барча ватандошларга уларнинг ирқи, элати, жинси, мартабаси, жамиятдаги тутган ўрни ва эътиқодидан қатъи назар, сиëсий ҳаëтда ва сиëсий қарорлар қабул қилинишида бирдек тенг иштирок этиш ҳуқуқини беради.

Фақат демократия сиëсий мувозанат ва барча ватандошнинг тенг имкон билан ҳукумат қарорларига таъсир қилишини таъминлай олади.

Демократик мамлакатлар бой ва фаровон яшашга мойил. Бу тузумда инсоний тараққиëт ва яшаш стандартлари анчайин юқори.

Баракда яшаётганингга шукур қил

1981 йил институтда бир ҳафта ўқиб, Мирзачўлга пахтага кетдик. Баракда икки қават тахта каравотда битимизга ботиб ëтибмиз. Манғитлик Баҳодир деган йигит билан мунозарамиз келган жойидан давом этар эди. 

Мен демократиянинг афзалликларини “самиздат”да чоп қилинган битикларга қараб АҚШ мисолида айтиб бердим. Баҳодир бўлса, “Шукр қил коммунизмда яшаганингга, АҚШда одамлар уйсизликдан картон қутини бошига кийиб кўчада ëтади. Биз эса, мана, баракда ëтибмиз”, деди. Унинг назарида бу гап кучли аргумент эди. 

Орадан 40  йил ўтди. Бугун ҳам қаршимга чиқиб, демократияга қарши “кучли аргумент” айтадиганлар кам эмас. 

Мен бўлсам 40  йил олдинги гапни  айнан такрорлайман. Фақат “самиздат”дан ўқиганимга эмас, ҳаëтий тажрибамга асосланиб гапираман.

40  йиллик хулоса шу, яъни демократия тоталитаризмдан яхши.

Мафкурага асосланган давлатдан турли фикрларга ўрин берадиган тузум яхши. 

Қамоқ ëмон – озодлик эса яхши.

Либерализм диктатурадан афзал.

Ҳеч ким эл устидан бир ўзи ҳукмрон бўлмасин.

Умрбод ҳокимлар эмас, балки сайлаб қўйиладиган эл хизматкорлари юртни бошқарсин.

40  йилдирки, айни гапни айтаман. Агар бошқача айтсам, ўтирик бўлар эди.

Чиқиш йўли – жадидчиликда

Энди бир оғайнилар айтиши мумкин: “Майли, демократияга қарши ғоя байроқдорларига ҳам имкон берайлик. Балки келажакда улар бизни фаровонлик сари элтар”.

Ям-яшил довуччага қараб туриб, унинг ўн кундан кейин сап-сариқ ўрик бўлишини билиш учун боғбон бўлиш шарт эмас. Шу маънода на Истанбулда қирғин қилган ва на Питер билан Стокгольмни қонга ботирган “ўзбек”лар мен учун янгилик эмас. 

Бу қадимчи элементларни ҳали довучча ҳолида кўриб, хулосамни берган эдим. Жаҳолат, бидъат, хурофотнинг заққум каби заҳарли меваси булар. Технологик янгиликлар ўрнига даққиюнус сафсаталарни ëдлаб, “олим” бўлдик дейдиган бу тўдадан нари борса қотил, худкуш бомбачи ëки аëлларнинг авратидан бошқани ўйламайдиган, ДХХ етовидаги жоҳил мулла чиқади. 

На Хоразмий, на Марк Цукерберг ва на Улуғбек чиқади булардан. Улар нон берганнинг қўлини тишлаган шоқол каби ўзларига бошпана берган Оврўпони остин-устин қилмоқчи бўладилар. 

Бир пайтлар Че Геварага сиғиниб уйларни ëққан коммунистлар каби булар янги глобал мафкура бўлган ИШИД ғояси учун ўзларини харж қилишмоқда. Яна қайб этган улар бўлди, Оврўпо эмас. Бу манзарада улар чиркин, демократия эса ëрқин кўринди.

Қадимчилик бизни жарга элтади. Чиқиш йўли эса жадидликда. Давлатчиликнинг республика шакли, дунëвийлик, илму ирфон, сўз, ифода эркинлиги, мустақил судлар биз учун хайрли ҳадафдир. Бу гаплар 100 йил олдинги жадид оталар гапидир. Жадид оталаримга шарафлар бўлсин.

Рассом Тузга мактуб

Салом. Қийинчилик кўраëтган ҳарбийларни ҳам гапиринг, Миллий гвардия ҳақидаям видео қилинг. Менинг эрим гвардияда ишлайди. Ойликларининг тайини йўқ. Офицер 3 млн 800, сержанти 3 млн олади. Уй йўқ. Квартирага 200$ берамиз. Қолганига ҳеч нима қилмасдан, зўрға кейинги ойликкача етволамиз. 

Уйимизга таътилга зўрға бориб келамиз. Қуруқ боришга уяламан тўғриси. Ўзи ҳам кун бўйи уйида йўқ. 24 соат хизмат. Онда-сонда келиб кетади, холос. Ундан кўра Россияга бориб ишлагани яхши эди. Ҳеч бўлмаса 5 йиллик контракт тугасин, бўшайман, деяпти. 

Квартира излаб сарсонмиз, ундан бунга кўчиб. Ҳамма гвардиячи ҳарбийлар хор бўлиб юрибди. Халқ кулади устидан. Кеча биттасини елим ҳидлатиб ухлатиб, қизларнинг “мама”ларини ушлатиб, видеога олиб ташлашган. Шулар ҳақида видео қилсангиз, зора етиб борса тепага. Бизлар “Элтуз”ни кўрамиз. Лекин кўрманг, дейишди. 

Ҳа, қаттиқ талаб қилишди. Кўрадиганларга қаттиқ жазо қўллаймиз, дейишди.

Сизнинг аудиториянгиз катта, ҳаммаси мигрантлар бўлса керак. Чунки сизлар бу ерда хавфлисиз.

Шунга ҳамма қўрқиб, хўп кўрмаймиз, дейишяпти, мана аҳвол. Ҳамманинг ўз дунёқараши бўлса, ҳеч нимага даъват қилмаётган бўлсангиз, ақли бор одам оқ-қорани ажратволади-ку. 

Яқинда биттасини олиб кетиб қийнашибди, нимага “Элтуз” каналига аъзо бўлгансан деб, яшаш қийин, “Элтуз” ака.

Ижоддан тўхтаманглар! Яшириб бўлсаям кўриб турамиз, ҳеч бўлмаса сизлар бор-ку ҳақиқатни гапирадиган.

Ўлик президентнинг шоиргина қизи

Одатда ваъзда улуғ шоирларнинг шеърларини айтамиз. Бу сафар Ўзбекистон биринчи президентининг 21-жазони ижро этиш масканида жазо ўтаëтган қизи, 49 ёшли Гулнора Каримованинг қамоқда ëзган шеърини эътиборингизга ҳавола қилсак:

Бу ерда сени ҳақоратлашар тинмай ва бошқаларга ҳам сени эзиш буюрилар,

Инсон фарëдига кимса  эътибор бермас, 

Ҳайвонга айлантирилган ҳазрати одам.

Бу ерда саноқли одамлар тангрига инонар,

Бу ерда сотқинлик арвоҳи подшоҳлик қилар,

Ҳисобсиз одамнинг  ҳаëти  қамишдай синган  

Ва улар юзтубан қулашга мажбурланмоқда.

Бу ерда инсонлик ëнмоқда. 

Инсон юзидан томиригача суғурилмоқда инсоний қиëфа,

Бу ерда шараф ва ғурурингдан мосуво қилишар,

Буткул адо бўлгунинга қадар пажмурдаликда.

Бу ерда ҳар одам бўйнида нархнома,  

Фақат рақамлар бу салтанатда султонлик қилар.

Фақат саноқли одамлар ит бўйинбоғини 

Шарафсизлик учун боғламай қўйган бу ерда.

Бу ерда ҳамма нарса қийноқ устига қурилган. 

Сени ҳар куни, ҳар он, ҳар сония қийнашар,

Юрагингни  эритиб қўрғошин ëмби қилиб қуйишар. 

Бу ерда ҳаловат тушларга кирар,

На фарëд, на додингдан авлодинг бохабардур то абад. 

Кимса сасин чиқармас бу ерда,

Виждони ўлмаган, шарафи сўнмаган 

Танҳоларнинг қамоқ муддатини чўзишар бу ерда,

Бу ерда қонунлар топталмоқда. 

Бу қонунларни ҳеч ким ўқимаган ҳеч қачон, 

Топташар ҳар он,

Оддий инсонликнинг яшаш тарзини, 

Одамнинг одамлигини ер билан бир қилишади бу ерда!!!

Кўринмас хатлар

Коммунизм доҳийси Ленин қамоқда ўтириб, ўз халқига сут билан кўринмас хатлар ëзган эди. Ишчи-деҳқонлар эса бу кўринмас хатни шағамга тутганида сут сарғайиб, ëзув кўринган. Бу ëзувни ўқиган афкор омма алангаланиб кетиб югуриб бориб пошшони ағдарган. 

Эшитсанг эртакка ўхшайдиган гаплар, аммо ҳақиқатда ҳам халқ исëн кўтариб, Николай Иккинчини тахтидан туширганди. 

Эртакни эса бир вақтлар Ўзбекистон бош вазири ўринбосари бўлган ҳурматли оғамиз Эркин Самандардан эшитсак. Эртак рус босқинчилари ҳақида.

Туркистон генерал-губернатори бошлиқ катта қўшин Хивани узоқ муддат қамал қилиб, тўпга тутиб, охир-оқибат ғорат айлагач, улкан моддий бойликлар қатори нодир китобларимизни ҳам (кемаларга ортиб) Петербургга олиб кетишганини бугун биров биладими?

Буни ўйлаганда ҳар гал менинг кўз ўнгимдан қуйидаги манзара ўтади:

Хива… вайрон этилган, нотовон пойтахт Хива.

Ферузхон Измуҳшур қалъасида муваққат қўним топган пайт.

…Фон Кауфман ўз саркардалари билан аркка, хон саломхонаси, хобхонаси, хазинаси, кутубхонасига киради.

Генералнинг кўзи биринчи бўлиб тахтга тушади. Олтин, кумуш, зумрад, лаъл билан сайқал берилган бебаҳо тахт, шоҳ-хонларгагина насиб айлайдиган мўъжизакор ҳашам…

Генерал суриштиради. Қачон қурилган, ким ясаттирган? Айтишади. Муҳаммад Раҳимхон Биринчи замонида ишланиб ўрнатилган. Яна сўрайди генерал: қайси хонлар ўлтурган бунда? Айтишади: Оллоқулихон, Раҳимқулихон, Муҳаммад Аминхон, Саййид Муҳаммадхон ва сўнггиси Муҳаммад Раҳимхон соний – Ферузхон.

— Ол, кўтар, — дейди югурдакларига генерал, — бу зийнатли тахтнинг жойи Санкт-Петербургдадир.

Саройни тахтдан мосуво этишади, ҳиринг-ҳиринг кулишади.

Хазина… Унда гўё ёруғ оламнинг бор бойлиги, гўзаллиги жамулжам. Алоҳида-алоҳида зумрад қутиларга терилган жавоҳирлар, сопи олтин, кумуш, нодир тошлардан ишланган қилич, ханжар, пичоқлар.

Бир антиқа эгар генерални жуда ҳайратга солди. Эгар ҳинду, форсу хитой жавоҳирларини ўзида мужассам айлаган, баҳосини фақат чин заргарларгина айтиб бера оладиган сарват эдики, Туркистон генерал-губернатори унинг ёнидан кетолмай қолди.

— Буни ҳам ол, — деди охири югурдагига:

“Энди бунинг фақат номи хонлик…”.

… Генерал хон кутубхонасининг довруғини эшитган, бугун эшиклари ланг очиқ бу ҳикматхонага худди ўзиникидай беистиҳола қадам ташлаб кирди.

Бунда жам бўлган қўлёзмалар таърифини келтиришга тил ожиз эди. Дунёнинг бурж-буржларидан йиғиб келтирилган илмий, бадиий топилмалар, нодир таржима асарлар. Император саройига безак бўла оладиган тенгсиз сарват…

Топшириқ бўлди, олиб кетиш учун бари сараланиб, сандиқларга жойланди.

Холиси калом, руслар бизни давлатчилигимизнинг барча аломатларидан маҳрум қилишди.

Сизга қардош бўлолмаймиз 

Ваъз бошида Жаҳонгир Отажоновни озгина танқид қилдим. Аммо Жаҳонгир ўз жонли ëйинида Россия босқинчилиги ҳақида тўғри гапларни айтди ва Россия билан ҳар қандай келишув бизга кулфат келтиришини тушунтирди. Раҳмат шу гап учун, Жаҳонгир. 

Шу кунларда рус шовинисти Жириновский Ўзбекистонни Россиянинг бир губерняси сифатида қўшиб олиш ҳақида гапирди. 

Қалбан ва фикран манқурт бўлган ўзбек бошқарув элитаси бу ҳақоратни ютиб индамай ўтирибди.

Шу ўринда украин шоираси Анастасия Дмитрук шеърини Улуғбек Ҳайдаров таржимасида эшитсак. Шеър рус босқинчиларига аталган. 

Сизга қардош бўлолмаймиз,

Буни билинг Сиз.

Ватандош ҳам эмасмиз,

Онамиз бошқа.

Озод бўлишга йўқми ҳаддингиз, 

Демак сизу бизнинг йўлимиз бошқа.

Ўзингизни “Катта” атадингиз Сиз,

Бизга сиз танимас Кичиклар афзал. 

Ҳа, сиз кўпсиз, аммо руҳингиз сўник,

Сиз каттасиз, холос, биз эса Буюк. 

Ҳамон питирлайсиз. Бесарамжонсиз,

Сиз фақат ҳасаддан ёнасиз, холос. 

Эрк сўзи сиз учун тамом бегона, 

Сизга қуллик занжири бешикдан мерос. 

Сиз томонда сукут баҳоси олтин. 

Биздачи, Молотов коктейли ёнар. 

“Қариндош” бўларми шунчалик сўқир? 

Боқинг, қалбимизда қайноқ қон оқар, 

Қуролсиз ҳам бизлар жуда хавфлимиз,

Чунки зарра қўрқув йўқдир кўзларда.

Мерганлар нишони остида ундик, 

Ёшимиз улғайди, шаҳд бор сўзларда. 

Тиз чўктирди бизни бузғунчи кучлар –

Биз исён кўтариб, ёғийни қувдик. 

Сичқоннинг инини тиллага олган, 

Сотқинларни ўз қонига ювдик. 

Сиз янги топшириқ олаётган чоғ, 

Бизда бошланади шиддатли исён. 

Сизда – подшоҳ, бизда – демократия. 

Биз қардош бўлмасмиз сизла

ҳеч қачон.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
14 август 2018
«Шифти ва деворлари моғорлаб кетгани бу ҳужранинг қишда зах ва совуқ бўлганлигидан далолат бериб турибди. Яхшиямки, поли ёғоч ва ...
7 апрел 2021
Самарқандлик ёзувчи ва журналист Каримберди Тўрамурод faceebook саҳифасида унинг асарларини ўғирлаб, ўз номидан эълон қилаётганларга ҳеч қандай чора кўриш ...
15 август 2024
Элтуз манбаларининг маълум қилишларича, Салим Абдувалиевнинг ўлгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. 11 августда баъзи телеграм каналлар жумладан Qoraxabar “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Қирғизбоевич Абдувалиевнинг вафот этгани ҳақида хабар тарқатди. “Тарқалган ...
10 март 2017
Илгари Ислом Каримовнинг беш тамойилидан бошқа нарсани кўрмайдиганлар энди янги президентнинг янги стратегиясини дастуриламал қилиб олди. Ҳар икки гапнинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...