АВТОБУС-2
«Абдулла Ғарип Продакшн», Рассом Туз, рассом Элсевар ва «Элтуз» намойиш қилади.
(ИККИНЧИ ҚИСМ)
Автобус ўнқир-чўнқир йўлдан кетяпти. Cиртига “Ўзбекистон – буюк келажак”, деб ёзиб қўйилган.
Кондуктор аёл эълон қилади: Азиз йўловчилар, кейинги бекат “Сайлов” қишлоғи. Бекатда автобус ёғи алмашади, бензин олинади. Ҳамма тушади нафас ростлагани!
Чол: Ҳар астанопкада бензин олаверар эканда-а, бу шопир!
Саллали, такасоқол мулла: Шопир бўлгандан кейин олади-да. Шопирнинг ҳаққи бор. Шопир ўлиб-нетиб қолса, шу автобусдаги бензин бизга қоладими?! Қолади!
Шофёр: Шу бензинни автобус тўхтаб қолмасин, чет эллик муҳтарам меҳмонларга қулай бўлсин, деб сотиб оламиз. Мен ўзим ишдан бўш пайтимда доимо пиёда юраман.
Чол: Жа ишандик! Бензинни шопирнинг шотирлари бошқа автобусдагиларга сотиб юборяпти.
Семиз йигит туриб чолнинг соқолидан тутади: Сан шопиримиз ҳалоллигига шубҳа қивоссанми? Шопирга тил теккизма.Чундингми, харип?
Ёзувчи: Тўғри айтасиз. Муҳтарам шопиримиз автобус ҳайдашда инқилобий ўзгаришлар қиляптилар.
Кампир: Ҳақ гап. Роса инқил… инқил… Ашанақа қиляпти.
Чол: Лекин олдингиси бензин сотиб олмасди. Дангаса йўловчилар бориб, бошқа автобуслардан обкесин, дерди.
Автобус ўнқир-чўнқир йўлдан ўтиб боряпти. Шофёр рулни асабий буряпти у ёқдан бу ёққа.
Депутат: Ўттиз йилдан буён шу автобусда қатнайман. Лекин ҳозиргидақа маҳоратли ҳайдовчини кўрмаганман. Офарин, муҳтарам шопир!
Мухолифатчи: Бекор айтибсиз, бу шопир ҳайдашни эплай олмаяпти. Бу гал мен шопир бўламан!
Кондуктор аёл: Шофёрликка номзод бўлиш учун аввал права олиш керак.
Кампир: Кейин бунда 20 та йўловчининг имзоси бўлиши шарт.
Семиз йигит: Четдан туриб гапириш осон. Автобусга хиёнат қиляпсан, ватангадо!
Зиёли: Мен праваям оламан, имзоям тўплайман.
Кондуктор аёл: Автобусни ҳайдаш сенга трали вали эмас.
Ёзувчи: Артист қўшиғини айтсин, ўқитувчи дарсини берсин. Давлат билан ўйнашмаларинг!
Саллали, такасоқол мулла: Охирги пайтларда шофёр бўламан деганлар кўпайиб кетди. Буларни четдаги бузғунчилар гиж-гижлаяпти.
Семиз йигит: Орқаларида Сорос ва масонлар турипти. Мақсадлари автобусдаги тинчлик ва осойишталикни бузиш!
Бўйи паст йигит: Қалбимизга хитирлик йўллари билан кира олмайсанлар.
Шофёр автобус магнитафони мурватини бурайди. Юлдуз Усмонованинг “Ҳеч кимга бермайман, сени Ўзбекистон!” деган қўшиғи янграйди.
Шу пайт бирдан ГАИ ҳуштаги чалинади.
Автобус ғийқ этиб тўхтайди.
Пастда Путинга ўхшаган ГАИ ходими турибди.
ГАИ ходими: Стой, ты куда едешь?
Шофёр қўлини кўксига қўйиб: Здрааасти. Иду домооой, тавариш начальник.
2-ҚИСМ ТУГАДИ.