РТдан ваъз: Олти эркак бир аёлни зўрлаган ўлка
Ошиқларинг пойингга гул отиб ҳам бўлди,
Хилватларда лабингдан бол тотиб ҳам бўлди
Ва бу ҳақда кимларгадир сотиб ҳам бўлди
Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!
Чорлашганда сен келсанг, гоҳ бекор келсанг-да,
Маст даврага бир сарин ел, бир тор, келсанг-да,
Хор келсанг-да, номардларга гоҳ хор, келсанг-да,
Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!
Қимтинасан, астагина кўтарасан бош,
Минг йилликдир кўзингдаги жовдираган ёш,
Гуноҳкорлар мингу битта, сенга тегар тош,
Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!
Ҳарир, хушбўй баданингда тошлар изи бор,
Кўкрагингда эгилган не бошлар изи бор,
Қуёш изи, куйдирган қуёшлар изи бор,
Сен барибир муқаддассан, муқаддас аёл!
Ҳалима Худойбердиева
Марҳум шоира Ҳалима Худойбердиеванинг бу шеърини ўқимаган, эшитмаган ўзбек кам топилса керак. Айни шеърга ҳофиз Шерали Жўраев куй басталаб, омма орасида машҳурлаштирган. Андижонда олти эркакнинг бир аёлни зўрлагани ҳақидаги хабар ушбу шеърни ёдимга солди.
Аввалига қисқа хабарлар, кейин қолган жойидан давом эттираман.
Қисқа хабарлар
Пастдарғомда каналдан 17 ёшли қизнинг мурдаси топилди. Яқинлари у қотиллик қурбони бўлганини айтмоқда. Аммо милиса қотиллик аломати йӯқлигини айтди. Ўзбекистон хотин-қизлар учун ўта хатарли мамлакатга айлантирилди.
Риштон марказий шифохонасида ўғлини олиб ётган аёлни эри келиб пичоқ тиқиб ўлдирди. Хотин гўрда, эр қамоқда, бола детдўмда.
17 май куни Термиздаги мактабда ёнғин чиқди. Ўт ўчирувчилар шессекундда етиб боришди. 25 минутда ўтни ўчиришди. «Ёнғин натижасида бино 2-қаватининг тахминан 120 кв.метр ички ва том қисми ёниб зарарланган. Ёнғин оқибатида тан жароҳат олганлар йўқ”.
Жиззах шаҳри ҳокимининг биринчи ўринбосари Ойбек Нурматов 2 минг доллар пора олаётганида қўлга тушди. Ойбек Нурматов тадбиркорларнинг биридан қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича ўтказиладиган тендер савдони олиб бериш эвазига 2 минг доллар пора талаб қилган. Ойбек қамоқда. Пора сейфда.
———————
Андижон вилояти Андижон туманида дала шийпонида олти эркак беш ой аввал турмушга чиққан аёлнинг номусига тегиши ҳодисаси бўйича Ўзбекистон Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди.
Мазкур жиноятни 28 ёшдан 40 ёшгача бўлган андижонлик 6 нафар ўзбек содир қилган.
Зўрлашда қатнашганларнинг барчаси оилали бўлиб, улардан 4 нафарининг 2 нафардан, бирининг 3 нафар, яна бирининг эса 4 нафар фарзанди бор.
————————
3 май куни бир келинчакни зўрлаган оилали, бола-чақали андижонлик амакилар ҳеч нарса бўлмагандек маcжидга чиқиб, намоз ўқишган (бу камерада кўринган).
Турклар айтгандек, эътиқод ва пулнинг кимда борлигини билиб бўлмайди.
«Келинчакни олти андижонлик зўрлади», деб ëзсам, «Ҳа, энди…», деб қўлга силтаб, «Ака, Фаластинни гапира қолайлик», дейишди…
Калласи узилган мушук, иффати бузилган аёл
Энди навбат чўпчакка.
Икки оғайни уйланибди, 20 йилдан кейин кўришибди. Бири иккинчисининг уйига меҳмонга борибди. Мезбон чой деса, хотини чой келтирармиш. Вақтида келиб, лаббай бегим, деб келин хизматни қилаётганмуш. Фарзандлари бўлсаям, ёш келинчакдек эрининг хизматини қилиб юрибди.
Меҳмон мезбон дўстидан: «Бунга қандай қилиб эришдинг», деб сўрабди. “Ҳа, бунинг йўли осон”,- деб жавоб берибди дўсти. – Чимилдиққа кирдим. Шундоқ қарасам, мушук ўтирибди. Пишт дегандим, кетмади. Шундай олдим-да, шарт калласини узиб ташлаб, бу уйда айтганимни қилмаганнинг аҳволи шу, деб айтдим”.
Бу чўпчакни шу кунларда Ўзбекистонда донғи кетган терролог ўз муридларига айтиб берди. Қиссадан ҳисса, терролог аёлни вақтида, ўз таъбирида тарбиялаб қўйиш муҳимлигини уқтирмоқда. Эркак қандай қилиб аёлни бўйсундириши кераклиги ҳақида маҳорат дарси ўтяпти. Аёлни бўйсундирмоқчи бўлсанг, мушукнинг калласини вақтида олишинг керак экан.
Дидактик чўпчакларни ўқиб, ўзлаштириб тарқатишни тўхтатинг, ягона терролог жаноблари. Сизнинг баритон овозингизга маҳлиё бўлиб, гендер масалаларида қулоққа лағмон илишингиз зўравонликка чақириқ сифатида баҳоланиши мумкин! Эслатиб қўйсам: Ўзбекистонда аёл ва эркакнинг ҳуқуқи тенг.
Bir video
Битта видеони кўрдим. Уни тармоққа қўйиб бўлмайди. Видеода Эрон тасвирланган. Биринчи тасвир: 5 та сўтақўзи гўë туғилган кун нишонламоқда. Битта қиз ҳам бор. Иккинчи тасвир: Сўтақўзилар қизни мажбурлаб, ерга ëтқизиб зўрламоқчи бўляпти. Қиз форсийда: «Эй худо, художон», деб дод солади.
Учинчи тасвир: Иккита сўтақўзи қизни босиб турибди. Битта Эшмат эса ҳирсини қондирмоқда. Шу тариқа бештаси қизни зўрлайди. Тўртинчи тасвир: Бешта сўтақўзи зўрланган қизни ўлдирмоқда. Ўлдириб бўлиб, бошини кесишди. Майдалаб халталарга солишди.
Олтинчи тасвир: Ўша бешта сўтақўзини юк машинаси томига миндириб кўчага олиб чиқишди. Кўча устидан кўндаланг ўтган светофор темирига дор осиб, бу сўтакларнинг бўйнига илдиришди. Машина қўзғалди. Бешта сўтак катта кўчада светофор темирига осилиб турибди.. Биттасини кўзи отилиб чиққан. Биттасининг оëқ учини каламуш кемириб бошлаган…
Одатан мен ўлим жазосига қаршиман. Лекин бу манзарада адолат тантанасини кўрдим.
Аёли хор жамият
Андижон ва Самарқанддаги аёлларга нисбатан ваҳшийликлар мавзуси интернетни портлатди, энди у зўравонларни қамашади, шу билан одамлар тинчланади.
Лекин бу билан аёлларга нисбатан зўравонлик тўхтайдими? Муаммо ҳал бўлиш у ёқда турсин, вазият салгина яхшиланадими?
Йўқ! Ундай бўлмайди. Уч кунда унутамиз, шу билан кейинги зўравонлик ошкор бўлгунча (кўпда ошкор бўлмайди).
Чунки бундай жиноятлар зўравон (эркак) ва қурбон (аёл)нинг ҳаётига турлича таъсир қилади. Эркак бир қилмишига бир жазо олади: қамалади, бирор йилда балки афв билан чиқар, шу билан “йигитчилик”, “эркакчилик” деб жамият буни унутади, қабул қилади, рози бўлади, муроса қилади….
Аёл эса бир марта эмас, бир умрга қурбон бўлади, энди уни жамият аввалгидек қабул қилмайди. Айбсиз бўлса-да, айбдор бўлиб қолаверади. Эркаклар у ёқда турсин, биринчи бўлиб уни ўз ҳамжинслари, аёллар айблайди, мен авлиёроқман, деган позициядан турволиб.
Шунинг учун кейинги қурбонлар вазиятни яширади, кейинги ваҳшийлар эса зўравонлик жазосизлигининг тимсоли бўлиб ҳамманинг кўз ўнгида бемалол яшаб юраверади.
Мана шу ҳол зўравонликнинг ҳеч қачон тўхтамаслигига сабаб.
Зўрлаш ҳолатларида кўпинча “ғунажин кўзини сузмаса…”, деб аёлларни айблаб қоладилар.
Агар иш икки томон розилиги билан рўй берган бўлса, буни қизлар ва йигитлар тарбиясига, ахлоқига йўйиш мумкин, сабабни ва чорани шу йўналишдан изласа, мантиқ бўлади. Лекин куч ишлатиш, зўрлаш, бир томоннинг ожизлигидан фойдаланиш, буни ваҳшийларча амалга ошириш, кейин эса шу ваҳшийларнинг жамиятда бемалол яшаб юра олиши – бу ғайриинсоний ҳолат. Буни жамиятнинг қусури, фикрлаши, дунёқараши, аёл ва эркакка нисбатан турлича стандартлари оқибати деб баҳолаш керак.
Кап-катта, уйланган, бир неча боласи бор эркаклар, биттасининг ёши 40 дан ошган ҳатто. Уларни нима тўхтатиши мумкин эди? Шу ишни қилсам, ҳаётим барбод бўлади, деган ўй! Этти пуштимга исноди тегади, деган фикр!
Лекин ундай ўй-фикр йўқ, чунки бунга асос йўқ. Бу эркакларни жазосизлик, қилган ишининг оқибати енгил бўлиши, “барибир ҳеч нима қилолмайди, ким ишонарди, ўзини айблаймиз, бировга айтолмайди”, деган фикрлаш қутуртирган. Ахир, кўпни кўрган, тажрибали эркаклар қиляпти бу ишни, ўсмирлар эмас! Уларда бу ваҳшийликни оила ё мактаб эмас, ЖАМИЯТ тарбиялаган!
Нимага зўравон эркакни жамият ўзидан четлатмайди?
Нега вақт ўтиши билан уни қабул қилишади ва кечиришади-ю, аёлни қабул қилишмайди? Нега зўравон эркак муайян вақт ўтгач яна ошналари билан бемалол ош еб, тўйга бориб, элга қўшилиб, ўғил-қиз уйлаб, тўн кийиб юра олади? Зўравонлик қурбони бўлган аёлни “ит теккан қовун” деб биров даврага қўшмайди, ўша оиладан қиз олишни исташмайди, ўтса ортидан пичир-пичир, ғийбат, босим бир умр тинмайди?
Нега ваҳший эркак қамалади, чиқади ва ўзини осмайди, ёқмайди, аёл эса ўзини осади, ёқади, сувга ташлайди? У ахлоқсизлик қилмади, кўзини сузмади, уни бир ваҳший майиб қилди-ку!
Қиз хор жамият, аёл хор жамият!
Бунақа дунёқараш, фикрлаш, муносабат билан зўравонлик тўхтамайди. Токи аёллар ва эркакларга жамият тозалиги, ахлоқи борасида бирдек масъулият ва жавобгарлик юкланмас экан, токи икки хил стандартлар тўхтамас экан, зўравонлик тўхтамайди! Кейинги қурбон эса сизнинг яқинингиз бўлиши мумкин!
(блогер Шаҳноза Соатова).
Бош прокуратура маълумотига кўра, Ўзбекистонда 2020 йилда номусга тегиш ҳолатлари 28 фоиз ошган. 2021 йилнинг дастлабки уч ойи ичида ҳуқуқ-тартибот идораларига зўравонликка учраган аёллар томонидан 11 мингдан ортиқ мурожаат бўлган.
Қадим ҳаёт йўлларида
Кўпдир зоти — аёл, бас.
Тўмариснинг қўлларидан
Тутолмаган аёлмас.
Руҳим, юлдуз, кўкка боғлан,
Юлдуз — фақат хаёлмас.
Улуғбекдай битта ўғлон
Туғолмаган аёлмас.
Кўпни кўрган бу ер юзи,
Кумга сингган садо, сас,
Жалолиддин туғмай ўзи,
Мард кўринган аёлмас.
Навоийсиз-ку жаҳон йўқ,
Бор ҳайрат-ку ўшанга.
Онасидан бир нишон йўқ,
Тиз чўкинг йўқ нишонга.
Фидоликка кимдир қодир,
Кўкдами ё гўрдаги?
Барча тирик, ўлик ботир
Бўлса унинг гўдаги…
Отасининг ўлигини сотган қавм
Экология қўмитаси икки айиқни ўлдириш ҳуқуқи учун ўрис овчидан 6000 $ олувди. Битта айиқ ўлдирилиб, тармоқ дод-вой кўтарганидан кейин булар айниб, «иккинчи айиқни ўлдиришга изн бермаймиз», дейишди. Эй, эшакмиялар! Қонун бўйича мумкин экан¸ икки айиқни ўлдир деб пулини олган экансанлар, нега энди тонасанлар?
Парламент қонунни бекор қилдими? Президент фармон чиқардими? Йўқ, албатта. Тармоқ гапирди. Лекин ижтимоий фикр қонуний акт эмас, отасининг ўлигини сотиб ейишни ўз мақолларида акс эттирган қавм бу. Бир марта (ҳали 1993 йилда) Хонқага бир немис опани оборувдим. Палончининг уйи қаерда, деб сўрасам, «айтсам қанча берасиз» деганди бир ипирисқи. (Бир ой ўтиб ичбурғидан ўлди у паразит)
Хуллас, 100 тача айиқ қолибди ўзи. Ҳаммасини ўлдирса, 300 минг доллар бўлар экан. Шоввозсой қасридаги мебел билан пардалар бундан қиммат.
Билим саллада эмас, каллада
«Палончи қашшоқ ота-онасини ишлатиб, шунча контракт тўлаб, олийгоҳни битириб, ишсиз юрибди», деган гапни эшитамиз. Айни пайтда барча соҳаларда кадрлар етишмайди. Журналистика соҳаси. Юзлаб бўш ўрин бор. Ойликлари 500 дан 3000 долларгача бўлган касб. Аммо талабга жавоб берадигани йўқ.
Битта қизил диплом билан журфакни тугатган «мутахассис» билан ëзишдим. Грамматик хато қилиши, халқаро терминларни билмаслигини қўйиб турайлик. Оддий хабар ëзишни билмайди. Археология¸ антропология¸ филология соҳаларини битирганлар Каримов китоби ва маънавият деган дарслардан бошқани билмайдиган проффессионал кўрсаводлар, холос.
Боз устига, Ўзбекистондаги бирорта олийгоҳ дунë мингталигига ҳам кирмайди (Қозоғистонда ўнлаб ОЎЮлар бу мингталикка кирган). Бу кўрсаводлар қўлидаги қаттиқ муқовали диплом билим кафолати, деб хато ўйлашади. Билим каллада бўлиши керак.
Иншо ёзмаслик талаби
Мактабда эркин темада иншо ëзинг, деган вазифа қўйилди. 6-синфда ўқирдим. Мен ўқитувчимдан «нима у?» деб сўрадим. Ўқитувчим: «Атрофингда нима кўрсанг, ëзавер», деди. Мен ëздим.
Она тили ўқитувчисининг расм муаллими билан ошиқ-мошиқлиги. Ошхонадаги ошпаз хола ўғирлаган гўштни сумкага солиб мактаб деворидан ирғитиши. Деворнинг нариги тарафида эса ошпаз холанинг эри бу гўшт солинган сумкани коптокдай илиб олиши.
Математика ўқитувчиси ўрнига мактаб қоровули дарс ўтиши¸ адабиëт муаллими помидор кўчати олиб келган иккичи қизга беш қўйгани. Помидор кўчатларини эса бу ўқитувчи ўқувчиларни уйга олиб кетиб, эгат торттириб эктиргани.
Мактаб хўжалик мудири янги совитгични олиб кетиб, ўрнига эски совитгич олиб келиб қўйгани….
Бу иншони текширган ўқитувчим қўрқиб ҳушидан кетган.
Директор эса иншо ëзилган дафтарни мусодара қилиб, мактабда ҳарбий ҳолат эълон қилган.
Мени ҳарбий таълим муаллими ушлаб, автомат сақланадиган хонага қамаб қўйган эди.
То тақдирим ҳал бўлгунча ўша қоронғи хонада ўтирдим.
Ниҳоят директор бошчилигидаги ҳайъат келиб, муросавий вариантни айтди.
Иншо дафтари йиртиб ташланади. Мен ҳеч қачон иншо ëзмайман.
Лекин журналга 4 баҳо қўйишади. Мен бу вариантни қабул қилдим.
Бошқа иншо ëзмадим. Тенгдошларим эса ëлғон иншолар ëзиб, 5 олишар эди.
Орадан йиллар ўтиб, ўзбек матбуоти нега бу қадар таназзулда бўлганини текшириб, хулоса чиқардим.
Мактабда ëлғон иншо ëзганлар катта бўлиб ўзбек журналистикасини яратибди.
Олгин-у, олдирма
Ўзбекистонда ҳар қандай амалдор эрталаб онасидан дуо олиб ишга кетади. Дуо мазмуни: «Кўпроқ ўмар¸ пора ол¸ давлат пулини уйга ўғирлаб кел. Олгину олдирма.»
Кейинги бир ҳафта ичидаги воқеаларни кўриб чиқсак. Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосари Наманган вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдори воситачилигида 10 минг доллар пора олаётган вақтда ушланди.
Билдирилишича, қишлоқ хўжалиги бошқармаси мансабдори тадбиркорлардан бирига Янгиқўрғон тумани ҳудудидан боғдорчилик учун 10 гектар ер ажратиб бериш ваъдаси билан 10 минг доллар олаётганди.
У терговгача текширув жараёнида бу пулларни Янгиқўрғон тумани ҳокими ўринбосарига бериши кераклигини айтган. Тезкор тадбир давомида туман ҳокими ўринбосари 10 минг долларни мансабдордан олаётганида қўлга тушган.
Бундан ташқари, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани солиқ инспекцияси катта инспектори 3,5 минг доллар, Булоқбоши тумани солиқ инспекцияси бош инспектори 15 миллион сўм миқдорида пора олаётганида ушланди.
Аввалроқ Жиззах шаҳрм ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи шахс 2 минг доллар пора олаётганида қўлга тушувди. Шу сатрларни ëзаëтганда минглаб ўзбек амалдорлари пораларни олиб-олиб яйраяпти. Бир вақтлар Гдлян деган терговчи «Ўзбеклар порахўр», деганида зиëлилар, «Йўўўўўўқ, унақамас. Ўзбек уй ичи, бола-чақаси билан очдан ўлиб сасиб кетса ҳам пора омийди», деган ноилмий гап айтишувди.
Aнтисемит оҳанги
Ўзбек примадоннаси Юлдуз Усмонованинг Исроил-Фаластин можароси юзасидан билдирган фикрлари АҚШ ва Исроилдаги бухоро яҳудийлари жамоасида ғазаб билан қаршиланди. Жамоа вакиллари Усмонова “антисемит оҳангидаги” чиқишлари учун Исроил халқидан кечирим сўраши кераклигини айтишмоқда. Уларнинг баъзилари Юлдуздан халқ артисти унвонини олиб ташлашни талаб қилишди. Бунга жавобан Юлдуз, у эмас, аксинча, исроилликлар кечирим сўрашлари кераклигини айтиб чиқди.
Мен эса бир ҳафтадан бери Хитой концлагерларида эзилаëтган 3 миллион уйғур қариндошримни ўйлайман. Мен улар ҳақида қайғурмасам¸ қайғурадигани йўқ.
НАМРУД ВАРРАГИ
Менким, туркий ёзар Шукур Жаббор, 2021 йил 15 майда уйимда ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Борис Розинг яратган телевидениени ўчирдим-да, Исроилда ишлаб чиқарилган, Intelнинг вице-президенти, ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Мули Иденнинг компьютерини ёқдим. Компьютерда ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Жеймс Максвелл кашф қилган электромагнит майдони ҳосил бўлгач, у аста-секин ёриша бошлади, функциялар ишлашга тайёр бўлди.
Кейин компьютерда ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Билл Гейтснинг Мicrosoft ёрлиғи кўринди. Мен дарров GSM, GPS, Bluetooth ихтирочиси – ЯҲУДИЙ Хеди Ламарр асос солган замонавий Wi-Fiни уладим. Ундан кейин BASICнинг ихтирочиси – ЯҲУДИЙ Кемени Жон яратган интернетга кирдим.
Бу орада қўлимдаги қаҳва ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Герц Густав Людвигнинг квант механикасига мос шаклда ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Леви Страус яратган жинси шимимга тўкилиб кетди. Тўкилган қаҳва «M-Systems» номли Исроил компанияси раҳбари, ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Дова Моран яратган USB-флешкамга тегмасин деб дарров чўнтагимдан олдим.
Кейин интернетда ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Брин Сергейнинг Gooоооgle кешига кириб, “Намруд” деган сўз ёзиб, қидириш тугмасини босдим. Мен қидирган маълумот ўзбекчада чиқмади. Бунга қаноатланмай, смартфонимни ёқиб, Исроил стартап-компанияси – Lumioда ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИлари яратган иловаларга кирдим.
Кейин ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Стив Жобс яратган иловага кирдим. Кейин мана шу ўқиётганларингизни аччиқ алам ва афсус билан ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Марк Цукерберг деган бола яратган Facebook саҳифасида ёзаяпман:
Фейсбукда эса арзимаган масалада ҳам бир-бири билан жиққамуш бўлиб, қирпичоқ бўлаётган миллатдошларимни кўрдим. Улар сал қолса ёқавайрон бўлиб, бир-бирига қўлига илинган нарсани юмалоқ ёстиқ қилиб отишга тайёр бўлиб тортишаётирлар! Бирлик йўқ! Афсус!!! Дариғо, дариғо, водариғ!!!
Бу қарғиш теккан миллат кўкнор бангидай бир-бири билан тортишиб, бир-бирига чулдираб яна 30 йил эски чориғини судрашга маҳкум эканини ўйлаб кўзимга ёш келди… Ҳатто оқ дўпписи билан жойнамозини ҳам Хитой тикиб бераётган бу миллат фаразан сигирига янгича арқон ихтиро қилса ҳам бир-бирининг оёғидан чалишига кўзим етиб, йиғладим…
Аслида Намруд ҳақида ёзмоқчийдим. Ҳа, қадимда ўша, Иброҳим алайҳиссаломни ўтга ташлаш учун нафтандоз- палахмон ихтиро қилган бу золим шоҳ – ЯҲУДИЙ ИХТИРОЧИ Намруд варрак ясаб, унда осмонга парвоз қилгани ва Исроил-Фаластин уруши ҳақида ёзмоқчийдим… Бўлмади, жигарим ситилди, ўпкам тўлиб кетди…
(ёзувчи Шукур Жаббор)
Aнтисемитизм
«Мен Тошкентда 22 йил яшадим ва антисемитизмни кўрмадим», деб ëзди бир аҳли китоб. Мен Хоразмда 18 йил яшаб умуман яхудийни кўрмагандим. Институтга кириш учун Тошкентга келдим. Аэропортдан такси олиб Кўкча тарафга қараб кетяпман. Радиодан гўзал қўшиқ янграмоқда «кўчалар¸ кўчалар..»
Иссиқ боис бўйнига сочиқ ташаб олган амаки радиони шарт ўчириб, яҳудийларнинг онаси¸ қизи¸ аммаси¸ холаси ва бутун авлоди аждоди билан жинсий алоқа қиламан, деган маънодаги сўкиш ëмғрини ëғдирди. Ëш бола эдим. Тушунмадим. Амаки тушунтирди. Мен ўзбек қўшиқчиси деб юрган Муҳаббат Шамаева аслида ëвуз душман экан.
Бу пайтда машина «Пахтакор» метроси яқинидаги Ўқчи маҳалласи ëнидан ўтиб борарди. Амаки маҳаллага ўрта бармоғини кўрсатиб, «Онейнисикай жугутлар маши маҳаллада яшайди. Иккита бўмба ташаб, энасиниикига киритвориш кере», деди.
Қўрқиб-писиб атрофга қарадим. Атроф душманлар қуршовида қолгандай эди. Нимагаям келдим бу шаҳарга? Москвага бориб ўқисам бўмасмиди, деб ўйладим. Ниятинг йўлдошинг, дейишади-ку. Ўқишга киришда нимадир ўхшамай Тошкентдан Москвага қараб учдим. Аэропортдан метрогача бордим.
Борадирғон ерим «Таганка» метроси эди. Метродан чиқишим билан улкан бино устига «Еврейский академеческий театр» деб ëзиб қўйибди. Қўрқиб, терлаб, қалтираб кетдим. Ўша жойда Вася деган милиса қўлида олатаëқ ушаб турган экан, ëнига бориб турволдим.
Менинг милициям қўриқлар мени, деган слоганга ишонардим. Чунки ҳали бола эдим. Яҳудийлар эса кичкина болаларнинг қонини ичади, деб Тошкентдаги таксичи амаки мени қўрқитган эди.
Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!