Асосий мавзулар
9 август 2021

Босим остидаги ўзбек олимлари илмий даврани сафсата билан тўлдирмоқда

Ўзбек олимларининг хорижда эълон қилинадиган мақолаларининг 98 фоизга яқини обрўси йўқ журналларда чоп этилади.

Дэвид Триллинг

Марказий Осиё бўйича илмий тадқиқотларни кузатиб борган ҳар қандай киши шубҳали ва ишончсиз нашрлар ўзбек тадқиқотчиларининг ишлари билан тўлиб-тошганига гувоҳ бўлади.

Eurasianet нашри эълон қилган янги мақолада бунинг сабаби маълум қилинади: Ўзбекистон ҳукумати босими остида олимлар йиртқич журналлар – муайян ҳақ эвазига рецензиялаш ёки таҳрир қилиш каби энг зарур амалларни ҳам четлаб ўтадиган ноширлар чангалига тушади. 

Кўплаб тадқиқотчилар имкониятларидан ортиқча даража кўпроқ илмий иш эълон қилишга мажбур бўлади ва бу сифатга таъсир кўрсатади. Шу боис, ўзбек олимлари айрим ҳамкасблари очиқчасига “bullshit” (сафсата) деб айта оладиган тадқиқотларни тарқатишда дунёда етакчилар қаторида туради. 

“Чоп қилинг ёки йўқ бўлинг”. Бу глобал муаммо, айниқса, Ўзбекистон олимлари ўртасида долзарблашди, деб ҳисоблайди Тошкентдаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ходими Бахтиёр Эшчонов ва уч ҳаммуаллифнинг илмий ишлар рецензия билан нашр этиладиган “Publications” журналида эълон қилинган янги мақоласида. 

Эшчонов ва унинг ҳамкасблари ушбу “сохта тадқиқотлар”нинг тарқалишини кузатиб, Ўзбекистондаги муаммолар бири маҳаллий, бири глобал бўлган икки омилга бориб тақалади, деган хулосага келди. 

Биринчи омил – маҳаллий бюрократлар. Олий аттестация комиссияси, Фанлар академияси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги олимлардан “илмий мавқеини йўқотмасликни, ҳамкасблари орасида рақобатбардошликни сақлаб қолишни ва карьера қилишни истаса”, тез-тез мақола нашр этишни талаб қилади. 

Олий аттестация комиссиясининг “амалда имконсиз” талабларидан бири шуки, докторантлар камида 10 та мақола (шу жумладан, 1 таси чет элда) чоп этиши шарт.

Муаллифлар кўрсатганидек, 2010 йилдан кузатила бошланган, сифатга эмас сонга бўлган бу талаб “мамлакатнинг илмий мавқеини юксалтирмади, аксинча, унга зарар етказди”. Чунки бу “илмий доирада қолишни истаганларни сохта тадқиқот билан шуғулланишга ундайди”. 

“Бундан ташқари, халқаро даражада рақобатбардош бўлишни истайдиган тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш суст: Ўзбекистондаги ҳеч бир университет тадқиқотларга кўмалашишга қаратилган қатъий ва пухта ўйланган сиёсат юритмайди”.

Иккинчи омил дунёда фойдаланиш учун очиқ бўлган журналлар кўпайишига боғлиқ бўлиб, бу йиртқич журналлар пайдо бўлишига ёрдам берган нисбатан янги ҳодисадир.

Эшчонов ва ҳамкасбларининг ёзишича, эзгу ниятда 2000 йилларда тадқиқотчилар ва айрим нотижорат ташкилотлар академик тадқиқотларни пул тўлаб ўқишдан воз кечиш ва улардан фойдаланишни демократлаштириш орқали бутун дунё бўйлаб илм-фан тараққиётига ёрдам беришга уринишган. 

Натижада нуфузли академик нашрлар харажатларни ўқувчидан олимга юклаб, муаллифлардан мақолаларни қайта ишлаш учун тўлов (APF) олишни бошлади. Минглаб доллар бўлиши мумкин бўлган бу тўловлар камбағал мамлакатлар учун жуда қимматлик қилади. 

“Ўзбекистондаги тадқиқотчиларнинг ойлик даромади фойдаланиш учун очиқ бўлган обрўли журналларнинг бу тўловига қурби етмайдиган даражада паст, шунинг учун аксарият тадқиқотчилар ўз ишларини йиртқич журналларга топширади”.

Муаммо кўламини баҳолаш учун Эшчонов ва унинг жамоаси 2016 йилдан 2019 йилгача чет элда мақола эълон қилган ўзбек олимлари сонини ҳисоблаб чиқишди. Уларнинг аниқлашича, бу даврда Ўзбекистондан 1110 нафар олим 610 та халқаро журналда 2500 та мақола эълон қилган. 

Кейин улар йиртқич журналларни сифат жиҳатидан аниқлашга уриниб, рецензиялаш давомийлиги (бир неча кунда навбат келиши – ёмон белги), топшириш жараёни (агар тақризчилар маълумотларга қизиқса) ва муҳаррирлар учун алоқа маълумотларининг мавжудлиги каби омилларга эътибор қаратди. 

Яна бир белги – эълон қилиш нархи (баъзи йиртқич журналлар 80 доллар атрофида ҳақ олади). Ниҳоят, журналлар қаерда жойлашган? 

“Йиртқич нашрларнинг аксарияти Европа мамлакатларида ва АҚШда рўйхатдан ўтгани ажабланарли эмас, чунки тадқиқотчилар бу мамлакатларда жойлашган нашриётлар обрўли ва ишончли эканига ишонишади”.

Муаллифларнинг маълумотларига кўра, 2010 йилгача ўзбек тадқиқотчилари ишларининг 90 фоизи нуфузли халқаро журналларда, юқорида кўрсатилган текширувлардан ўтган нашрларда чоп этилган. 

2010 йилларда бу кўрсаткич тез пасайиб, 2018 йилда бор-йўғи 2 фоизни ташкил этди: “Бошқача айтганда, ҳозирги вақтда 100 та мақоладан 98 таси йиртқич журналларда чоп этилади”. 

Нуфузли журналларда чиқадиган кам сонли ишлар, асосан, физика ва кимё фанлари бўйича бўлиб, Ўзбекистон бу фанлар бўйича етакчилар қаторида туради. 

Уларнинг хулосалари Олмаотадаги Ал-Форобий номидаги Қозоғистон миллий университети ходими Бўлат Кесовнинг тадқиқотларига асосланган.

2020 йилда Кесов ўзбек олимлари мақолаларининг 60 фоизи халқаро тадқиқотларнинг асосий маълумотлар базаларидан бири бўлган “Scopus”га кирмайдиган журналларда чоп этилганини аниқлади.

Бу эса Ўзбекистонни сифатсиз илмий мақолалар тайёрлаш бўйича жаҳон етакчисига айлантирди. Агар “Scopus”га баъзи йиртқич журналлар ҳам киришини инобатга олганда уларнинг сони янада кўпроқ бўлиши эҳтимоли юқори.

Огоҳлантирувчи белгилар

Мақолада, шунингдек, журналнинг ишончлилигини текширмоқчи бўлганлар учун фойдали маслаҳатлар мавжуд. Эшчонов моделига кўра, агар журнал номида баландпарвоз сўзлар бўлса, у йиртқич бўлиши эҳтимоли кўпроқ: “илмий” ва “тадқиқот” сўзлари эҳтимолни 35%, “халқаро” сўзи яна 20 фоиз оширади. 

Узунроқ сарлавҳалар ҳам огоҳлантирувчи белгидир: “Сўзлар сони биттага кўпайгани сайин журналнинг йиртқич бўлиш эҳтимоли 2 фоиз ошади”.

Бу Eurasianet тажрибасига мос келади.

Эшчонов ва бошқалардан анча олдин Eurasianet мухбири Питер Леонард “Google Scholar” томонидан индексланган кўплаб ўзбек мақолалари “Америка сиёсий фанлар, ҳуқуқ ва криминология журнали”, “Америка амалий фанлар журнали”, “Америка қишлоқ хўжалиги ва биотиббиёт муҳандислиги журнали [sic]” каби жарангдор номга эга нашрларда чоп этилганини пайқади. 

У шулар ва “Америка” сўзли номга эга бошқа бир неча журналлар Лас-Вегас атрофида рўйхатдан ўтган PhysicalAddress.com номи остидаги компанияларни кузатди. Бу “виртуал манзил ва виртуал почта қутиси хизмати” мижозларга ойига атиги 7,98 долларга электрон почта хабарларини сканерлаш ва жўнатишни таклиф қилади.

Бошқача айтганда, ноширлар Лас-Вегасда эмас. Аслида қайд этилган муҳаррирларнинг кўпчилиги ўзбекчага монанд фамилияга эга экани Эшчонов ва ҳамкасбларини ҳушёр торттирган (“географик хилма–хиллик йўқлиги”) яна бир белгидир Бундан ташқари, мазкур журналлар деярли фақат ўзбек муаллифларининг ишларини чоп этади.

Тошкент диплом тегирмонида бу каби Ўзбекистон-Америка журналлари ўйнаётган роль масаласи жиддий илмий текширувларга лойиқ алоҳида мавзудир. 

Тағин ўқинг
22 январ 2018
Расмда кўраëтганингиз «Сетра» автобуси олдида селфига тушган Мақсад Ўзбекистоннинг 52 ватандошини сўнгги манзилга элтган автобуснинг тирик қолган ҳайдовчиси. Бу ...
25 ноябр 2019
Таниқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ бу йил 70 ёшга тўляпти. Муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистоннинг сўнгги 30 йил ичида ...
17 феврал 2020
Жорий йилнинг 15 февраль куни ўзбек ижтимоий медиаси ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақидаги видеолар муҳокамасига ...
5 декабр 2016
«Отаси» ўлиб, етим қолган Ўзбекистон телеканаллари ноябрь ойида асосий эътиборини сайлов мавзусига, ундан ҳам муҳимроғи сайловда 88,6 фоиз овоз ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...