Асосий мавзулар
18 август 2021

50 йил олдинги Ўзбекистон: Шарқий германиялик оиланинг саёҳат вақтида олинган фотосуратлари топилди

1971 йилнинг ёзида ёш немис эр-хотин аввалгиларидан узоқроққа саёҳатга жўнаб кетишди. Улар Германиядан шарққа томон 5 минг километрдан зиёдроқ масофада жойлашган Ўзбекистонга саёҳат қилишди. 

Иккаласи ҳам қарийб 30 ёшга яқинлашиб қолган бу сайёҳларнинг Самарқанддаги Бибихоним мадрасаси олдида жилмайиб турган сурати бор. Бу сурат мен туғилишимдан бир йил олдин олинган. Эр-хотин менинг ота-онамдир. 

Фото: The Calvert Journal

«Мен ҳеч қачон ўз уйим бўлишини хоҳламаганман. Бунинг ўрнига мен эримга саёҳат қилишни, дунёни кўришни хоҳлаётганимни айтгандим , дейди ҳозир 80 ёшдаги онам. 

Мен бу саёҳатга уларни нима илҳомлантирганини сўраганимда: “Минг бир кеча”даги каби Тошкент, Самарқанд ва Бухоро биз учун тушунарсиз эди. Мен ўқиган Ибн Сино каби олимлар математика ва физикада тенгсиз бўлган. 1000 йил олдин улар телескоплар ясагани қанчалик ҳайратланарли”, деди у. 

Фото: The Calvert Journal

Бу фотосурат мен яқинда топган альбомнинг бир қисми. Олти йил олдин вафот этган отам фотограф эди. Фотографияга жуда қизиқарди. Эсимни таниганимдан биламанки, у барча саёҳатларида фотоаппаратини ўзи билан олиб юрган, оилавий байрамларни суратга олган, борган жойларидаги кундалик ҳаётни акс эттирган. 

Бу фотосуратлар фақатгина ота-онамнинг туғилгунимгача бўлган ҳаётига разм солиш эмас, балки улар саёҳат қилган, сўнгги 16 йил давомида менинг иккинчи уйимга айланган давлатлардаги ҳаётнинг кечишини ўрганиш учун ҳам қадрлидир. 

Фото: The Calvert Journal

2005 йилдан бери Қозоғистонда яшайман ва Ўзбекистонга кўп борганман. Мен дастлаб бу ерга рус тилини ўрганиш учун келгандим, кейин Марказий Осиёда профессионал мухбир бўлиб қолдим. Охирги 16 йил мобайнида Ўзбекистондаги кўплаб сиёсий ўзгаришларга гувоҳ бўлдим ва немис матбуоти учун турли мақолалар ёздим. Ўзбекистонга саёҳатларим ҳам турлича кечган. 

Бу жуда бой, гўзал мамлакат. Одамлари  Марказий Осиёнинг ҳамма жойларида бўлгани каби  очиқ, бошқаларга қизиқувчан ва сахий. Лекин, билишимча, авторитар давлат бўлиб келган Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият журналистларни хушламайди. 

Фото: The Calvert Journal

Мен Ўзбекистон мустақилликка эришган 1991 йилдан то 2016 йилгача, ўлимига қадар мамлакатни бошқарган биринчи президент Ислом Каримовнинг шафқатсиз режимига гувоҳ бўлдим. 

Гарчи амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилда сайланганидан кейин янгича сиёсат юритиб, сиёсий маҳбуслар ва журналистларга узоқ кутилган эркинликни қайтарган бўлса-да, журналистлар ва блогерларга нисбатан тазйиқлар бугун ҳам давом этмоқда. 

Фото: The Calvert Journal

Ўзбекистонни ўрганиш учун қилган барча саёҳатларим, жумладан, яқиндагина қайтиб келганим охиргисида ҳам ўзимни ноқулай ҳис этдим. Мени кузатишди, назоратга олишди, ҳокимият вакиллари мамлакат ҳақида “ижобий” репортажлар тайёрлашимни қатъий талаб қилишди. 

Охирги икки-уч йилда оммавий ахборот воситаларига босим фақат ошди. 2016 йилда мен Ўзбекистонга мамлакатдаги ўзгариш муҳитини ёритиш учун борганимда охирги уч йил давомида мамлакатга сайёҳлик визаси билан кирганим учун чиқариб юборилдим (ўша пайтларда аккредитация берилмасди). Уч йилдан сўнг мамлакатга киришга рухсат беришди.

Фото: The Calvert Journal

Қайтганимда, 1970 йилларда ота-онам саёҳат қилган Ўзбекистон қандай бўлгани билан қизиқдим. Шунинг учун уларнинг саёҳатларини эслаб ва олган фотосуратларидан илҳомланиб, орадан 50 йил ўтганидан сўнг отам-онам босиб ўтган йўллардан юришга қарор қилдим. 

1971 йилнинг ёзида ота-онам илк бор уй ижарага олиб, саккиз ёшли опам билан Саксониядаги қишлоққа кўчиб ўтишди. Иккаласи ҳам қурувчи-муҳандис бўлиб, Шарқий Германияда қўнғир кўмирда ишлайдиган электр станцияларини қурган. Улар ўзларига уй қуриш ўрнига ноанъанавий ҳаёт тарзини танлашди. 

Фото: The Calvert Journal

Гарчи Германия Демократик Республикаси (Шарқий Германия)да хорижда дам олишга унчалик қизиқишмаса-да, унинг фуқаролари учун Совет Иттифоқи ва “темир парда” ортидаги мамлакатларга бориш одатий ҳол эди. Ота-онам дунёнинг чиқиш рухсат этилган қисмига бориш учун ҳар бир имкониятдан фойдаланишган. 

Бунгача улар Венгрия, Болгария, Чехословакия ва ўша пайтда Совет Иттифоқи тасарруфида бўлган Украина ва Грузиянинг Қора денгиз соҳилларида бўлишган. Аммо 1971 йилда улар янада узоқроққа боришни хоҳлашди.

Фото: The Calvert Journal

Улар бугун Марказий Осиё деб аталадиган Ўрта Осиёга гуруҳ сафари ҳақида эшитиб қолишди. Ўша пайтда мавжуд бўлган ягона сайёҳлик агентлиги – «Reisebüro der DDR»да рўйхатдан ўтишди ва тасдиқни кутишди.

70-йилларда ота-онамда телевизор бўлмаган, шунинг учун улар саёҳатлар ҳақидаги ҳужжатли фильмларни ва каталогларни кўрмаган. Инстаграмдаги орзулар контенти ва саёҳат блоглари ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас эди.  

Фото: The Calvert Journal

Узоқ ўлкалар маданиятини ўз кўзи билан кўришнинг ягона йўли саёҳат эди. Ўтган умрига назар ташлаб: «Дунё бугунгидан кўра каттароқ эди», дейди онам. 

Саёҳат олдидан Ўзбекистон ҳақидаги ҳар қандай тасаввури китоблар ва қадим Буюк ипак йўли тўғрисидаги ҳикоятлар асосидаги шаклланганди. 

Фото: The Calvert Journal

Улар совет даврида қад кўтарган улкан бетон биноларни кўришни кутишмаганди. Аввалига ЎзССР пойтахти Тошкент онамнинг ҳафсаласини пир қилди. «У кўп қаватли уйлар ва кўчалардаги машиналарга тўла одатдаги замонавий шаҳарга ўхшарди”, деб ҳикоя қилади у ва пойтахт марказида қадимий бинолар деярли йўқлигидан ҳали ҳам сал жаҳли чиқади. 

1966 йилда, саёҳатларидан беш йил бурун Тошкентда кучли зилзила юз берган, шаҳарнинг катта қисми вайрон бўлган ва 200-300 минг одам бошпанасиз қолганди. 1971 йилда келган шарқий германиялик бир гуруҳ сайёҳлар улкан қурилишларга гувоҳ бўлганди.

Фото: The Calvert Journal

Албатта, бугун Тошкент Совет Иттифоқининг шаҳарсозлик соҳасидаги намунали шаҳри сифатида машҳур ва кўплаб сайёҳлар унинг ажойиб социалистик модернистик биноларини кўриш учун келади.

Ота-онам яшаган «Дўстлик» меҳмонхонаси улар келишидан бир йил қурилган бинолардан бири эди. 

Мен унинг суратини отамнинг архивидан топдим: уни бир-бирига тўғри бурчак остида жойлашган панелли икки бино ва Ленин барельефи безаб турган фасадли ажойиб тузилишидан таниб олиш мумкин. 

Яқинда Ўзбекистонга қилган сафарим чоғида мен уни ўз кўзим билан кўрдим. Гарчи у дарахтлар панасида қолган бўлса-да, ҳали ҳам ишлаяпти. Фақат Ленин ўрнига турк меҳмонхоналар тармоғининг номи туширилган. 

Президент Мирзиёев 2016 йилда ўз вазифасига киришганидан сўнг мамлакатни модернизация қилиш ва халқаро инвесторларни жалб қилиш йўлини тутди. Натижада Тошкентда шаҳарнинг аввалги қиёфасини йўқ қилаётган навбатдаги улкан қурилишлар бошланди.

Фото: The Calvert Journal

Кўплаб бинолар, асосан, совет давридаги турар жойлар аллақачон бузиб ташланди. Бу аҳоли ўртасида ўзига хос норозиликларни ҳам келтириб чиқарди. Тарихий биноларни реконструкция қилгани учун ҳам ҳукумат танқидларга учради. Айниқса, таклиф қилинган эстетик ўзгаришлар хавотир уйғотди. 

Ота-онам мактабда ўрганган рус тилидан ташқари ҳеч қандай хорижий тилда гаплашишмаган. Шунинг учун гуруҳ бўлиб сафар қилиш учун саёҳатга чиқишнинг ягона мақбул варианти эди. Яъни улар диққатга сазовор жойларни фақат гуруҳ таркибида кўрар, камдан-кам ҳолатларда ўзларича қаерларгадир борарди. Аммо ҳар нарсага қурблари етмасди. 

Фото: The Calvert Journal

“Бизда деярли пул бўлмасди”, деб тушунтиради онам. Икки ҳафталик саёҳат учун ҳар бир кишига ўзи билан фақат 30 ГДР маркасини (15 евро) олишга рухсат бор эди. У аввал купонга, кейин гидлар томонидан рублга алмаштириларди. 

“Баъзилар кўпроқ марка олиб ўтарди ва уларни ноқонуний равишда совет пулига алмаштирарди. Бу жуда осон эди. Меҳмонхона ходимлари ва маҳаллий фуқаролар бизга яширинча мурожаат қилиб, Шарқий Германия маркасини сўрашарди. Бизни ҳайратлантиргани – валютамиз у ерда жуда керакли экан”.

Фото: The Calvert Journal

Самарқандда онам унутилмас кунларни эслайди: «Шу қадар иссиқ эдикки, биз деярли ухлай олмасдик, лекин маҳаллий аҳоли кўчада саккиз кишилик тапчанларда бемалол ухлашини кўрдик”. 

Сочи сариқ бўлгани учун улар отамни Саша деб чақиришган. Отам ўзбеклар билан чекиб, ичиб, имо-ишоралар воситасида кўп вақтини ўтказган. 

Бибихоним масжиди яқинида онам немис тилида сўзлашадиган маҳаллий аёл билан учрашиб қолган: “У бизга Германияни қандай соғинаётганини ва уни ҳаётида охирги марта кўришни қанчалик хоҳлашини айтганди”.

Ҳозир билганларим асосида тахмин қилардимки, бу аёл россиялик немис, Россияда 150 йилдан буён яшаб келган, кейин эса Иккинчи жаҳон уруши йилларида немислар билан ҳамкорлик қилишнинг олдини олиш мақсадида Иосиф Сталин томонидан депортация қилинган этник немислар жамоасидан бўлган. 

Уларнинг кўпчилиги Марказий Осиёга, асосан, Қозоғистонга, шунингдек, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистонга бадарға қилинганди. 

Фото: The Calvert Journal
Самарқанд бозоридаги кундалик ҳаёт, 1971 йил

Ниҳоят, Бухоро ўзининг асрлар билан бўйлашган масжид ва мадрасалари билан ота-онам Буюк ипак йўли бўйлаб кўришни орзу қилган таассуротларни улашди. “Бизни бу қадимий биноларнинг гўзаллиги ҳайратга солди. Бу худди ўрта асрларга ўхшарди”,  дейди онам ва шундан кейин сал ўтиб Бухоро ҳам зилзиладан зарар кўрганини қўшимча қилади: “Мен фақат Хивага бора олмаганимиздан афсусдаман. Айтишларича, бу Ўзбекистондаги энг гўзал тарихий шаҳар”.

Ота-онамдан фарқли ўлароқ, мен Хивага бордим. Гарчи Самарқанд ва Бухородаги шаҳар марказларининг қадимий бир қисми сақланиб қолган бўлса-да, Диснейлэнд аттракционларига ўхшаб реконструкция қилинган. 

Улардан фарқли равишда Хива ўзининг қадимий Ичан қалъаси, 19-асрда қурилган деворлари билан чиндан ҳам ҳайратланарли. ЮНEСКОнинг Жаҳон меросига киритилган бу ҳудудда 250 та уй, шунингдек, сон-саноқсиз ёдгорликлар, деворлар, гумбазлар ва миноралар жойлашган бўлиб, бу сизни шаҳар тарихига боғлайди. 

Мен онамга Ўзбекистон бўйлаб саёҳатларим ҳақида гапирганимда, у «бу умуман бошқа мамлакатга ўхшайди», деб таъкидлайди. Бу, албатта, ҳақиқат. Ўзбекистон мустақил давлатга айланганига роппа -роса 30 йил бўлди. 

Мирзиёев президент бўлганидан буён беш йил ўтди ва у шу йилнинг октябрь ойида қайта сайланиши ҳақиқатга яқин. Бир томондан, Ўзбекистон учун ҳаяжонли давр: мамлакатда катта иқтисодий ўзгаришлар юз бермоқда. 

Бироқ мамлакатдаги кўплаб ислоҳотлар депсиниб қолди: парламентда мухолиф партиялар йўқ ва янги партияни рўйхатдан ўтказиш деярли имконсиз. Ҳали ҳам сиёсий мотивли суд жараёнлари ва сиёсий маҳбуслар бор, инсон ҳуқуқларига риоя этиш оғриқли ва кескин масала бўлиб қолмоқда.

Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг қадимий деворлари билан таққослаганда, ота-онамнинг Ўзбекистонга саёҳат қилганига кўп бўлгани йўқ. Мен Берлин деворининг қулаши ва Германиянинг бирлашувига гувоҳ бўлган шарқий немис сифатида сиёсий ўзгаришлар учун вақт керак эканини тушунаман. 

Отамнинг фотосуратлари билан танишиш асносида мен мамлакатни янгича баҳоладим ва унинг тарихини янгича ўлчовда кашф этдим. 

Немис журналисти Эдда Шлагер

Манба The Calvert Journal нашри

Тағин ўқинг
4 феврал 2022
Рассом Кирпи
15 январ 2019
Немис ширкатлари Тошкентдаги Халқаро форумлар саройи қурилиши учун ўн йилдан буён ўз иш ҳақларини кутишмоқда. Германия матбуотига кўра, федерал ...
22 октябр 2015
Бугун эрталаб таксида ишга кетаётган маҳалимда,мени қитмирлигим ишга тушиб ҳукуматни ва сиёсатни мақташга тушдим. Шу маҳал такси ҳайдовчиси менга ...
16 май 2020
Ўзбекистондаги, Қозоғистондаги, Болтиқбўйидаги рус тилли зиёлилар ва фуқаролар қанчалар ақлли, асосли аргумент келтирмасин, қанчалик дўстона муносабатларга ва бағрикенгликка урғу ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...