Асосий мавзулар
3 сентябр 2021

РТдан ваъз: Икки марта лазгига тушиш нимани англатади?

Фалсафанинг катта бобоси Ҳейгел “Бир дарëга икки марта тушиб бўлмайди”, деган эди. Аммо бир концертнинг ўзида коррупционер ҳокимлар икки марта лазгига туша олишини кўрдик. Улар «яна ўйнайлик, яна куйлайлик, халқни ўмариб даврон сурайлик!» деб куйламоқда. 

Кечган ҳафтада Ўзбекистон ўз мустақиллигини тантана қилди. Мустақилликдан ошкора нафратланадиган биомассаларнинг баданига мустақиллик нишони тақилди. Шу кўкрак нишон чиқарадиган завод жудаям бойиб кетди-ëв. Умуман, «Элтуз» ва рассом Туздан бошқа ҳамма бахмал қадалган темир олиб, чўнтак тиктирган боладай ирғишлаб севинди.

Берган худога ëқибди. Нишон таққан каттаконлар ҳам сайлов арафасида барчанинг томоғини ëғлаб, ўзларига ийдиришди. Сигир соғилишидан олдин эмчаги уқаланиб ийланади. Бўлмаса сут бермайди. Политтехнологлар билади бу жараëнни. Мен олган нишонини қайтариб берган биргина ўзбекни биламан.

Раҳматли шоира Гулчеҳра Нуриллаева. Эҳ, ҳозирги шайир ва шайиркаларнинг эмчагига нишон тақилиши билан ийиб кетганини кўриб, Гулчехра опанинг жасурлиги бир истисно эканини ич-ичдан тушундим. Аслида ҳар қандай нишон ëки медаль – оғизни ëпадиган қопқоқ.

Албатта, Нобель мукофоти ҳақида гапирмаяпмиз. Шу пайтгача бирорта ўзбек Нобель олмади. На адабиëт ва на физика, кимë соҳасида. Чўпчак айтадиганлар учун мукофот номинацияси йўқ.  

Иқтибос: 

«24 соат давомида Маск ва Гейтс ўзбекларнинг бошига чиплар қўйгани, жадидлар кофир бўлгани ва Асахи лойиҳаси Америка разведкаси томонидан молиялаштирилаётгани, масонлар ҳақида жар солиб, аёлларга нисбатан зўравонликни оқлаб, омманинг миясини заҳарлаб ўтирганларга давлат мукофотини бериш, бу нафақат давлат мукофотларининг, балки умуман давлатнинг ҳам тўлиқ қадрсизланиши дегани. Бу давлатнинг таназзули. Бошқа ҳеч нарса эмас бу. Ва давлат мана шу телбача конспирология ва радикализимга  тўлиқ  қўшилди, дегани бу.

Анвар Назир»

Хўп, энди бир мақол айтсам. Фармонбиби айтганидек, мақол ҳам ўлсин ҳар гапга қўшилмай, деманг. Қазисан, қартасан, ўз аслингга қайтасан. Илмда буни атавизм дейди. Масалан, Булгаковнинг “Итюрак” асаридаги одамга айлантирилган ит яна итлигига қайтади. Ўзбекистонда Ислом Каримов ўлимидан беш йил ўтиб мустақиллик байрами тантаналари яна Ислом Каримов форматига қайтди.

Каримов ўлимидан кейин мустақиллик тантаналари ёпиқ саҳналарда, оз сонли одам иштирокида ўтказиб келинаётган эди.

Қоринбой ва порахўр ҳокимлар бир концерт давомида икки марта лазгига ўйнади, бошқалари қарсак чалиб, ҳамкасбларини қўллаб-қувватлаб турди.

Концерт сўнггида Мирзиёев санъаткорлар билан бирма-бир қўл сиқишиб, баъзилари билан қучоқлашиб кўришди.

Ушбу саҳналар марҳум президент Ислом Каримов давридаги тантаналарни ёдга солди.

«Йигит боши омон бўлса, молли бўлар молсиз бўлмас», дея куйланган қўшиқ фонида барчани рақсга тортаëтган шаҳар ҳокими Ортиқхўжаевнинг бедана юришида ҳикмат кўп. Янги Ўзбекистонда туваги тилладан бўлган бой оталарнинг оëғи қийшиқ бўлса ҳам ўйнаса ярашаверади. 

Хоразм ҳокими Фарҳод Эрмонов, Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Қашқадарё ҳокими Зойир Мирзаев, Сирдарё ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва Навоий ҳокими Қобил Турсунов сакраб-сакраб рақсга тушди. Шунақа хиром қиладиган раққос ҳокимларимиз бор экан-у, билмай юрган эканмиз. 

Аслида бошланиш муждаси бўлган лазги рақси Каримов даврида мустақиллик байрамининг тугашини билдирадиган ритуалга айлантирилган эди.

Мустақилликнинг 30 йиллиги тантаналари Ўзбекистонда коронавируснинг янги тўлқини авжига чиққан паллада ўтказилмоқда. Бу эса ўлат пайтидаги зиëфатга менгзайди.

Иқтибос:

«Менимча, ҳозирги мустақилликни МУСТАҚИЛЛИК эмас, балки янги кўринишдаги КОЛОНИЯ деб атасак, тўғри бўлади. Чунки давлат тили билан бирга жамиятдаги асосий йўналишлар колонизатор давлат кўрсатган йўл-йўриқда кетяпти. Мамлакат ташқи ишларда ҳам эркин иш юрита олмаслигини Афғонистонда бўлган сўнгги воқеалар ҳам кўрсатди».

Бахтиëр Шоҳназар

Мустақилликнинг 30 йиллик санаси қўшни Афғонистонда «Толибон» қайта ҳокимиятга келган, Ўзбекистондаги зомби муллалар кавакларидан чиқиб, мустақилликка шак келтириб, «Толибон»га байъат бераëтган ва ташқи сиëсат тўла Россия назоратига ўтиб бўлган пайтга тўғри келди.

Ташқи ишлар вазири, СССР давридан қолган арвоҳ Комилов «Толибон»лар адвокатига айланганини ҳам кўрдик.

Террорчи муллалар шайкаси бўлган «Толибон»дан табрик олдик, дея Ташқи ишлар вазирлигининг севинганидан сийворганлигини ҳам кўрдик.

Бир юмалаб  террорчи «Толибон» адвокатига айланган ўзбек дипломатлари оқни қора демоқда. Ўзбек тили «Толибон»лар тарафидан мактаб дастуридан чиқарилган, деган гапларга раддия билдирмоқда. Ўзбек Ташқи ишлар вазирлиги ерларга юмалаб, «Толибон»ни реклама қиладиган конторага айланди. 

Ўлмаган қул кўраверар экан. Яхшиси, Анвар Назирдан эшитайлик: 

«Ташқи ишлар вазирлиги ва расми блогерлар учун. Мана бу ҳужжат ўзбеклар яшайдиган шимолий ҳудудлардаги мактабларда толиблар томонидан тайёрланган, ўқитиладиган дарслар жадвали. Илгари бу жадвалда бўлган ўзбек тили, бугун кўряпсиз, йўқ. Кўриниб турибдики, арабча пайдо бўлди ўрнига. Олдинги постимда бу ҳужжат келтирилган эди.

Мен афғон ўзбеклари билан гаплашиб тураман, уларнинг ҳаммаси буни тасдиқлашмоқда. Ва нима учун толибларнинг ўзлари мактабларда ўзбек тили дарслари сақланиб қолишини очиқ эълон қилишдан бош тортяпти ёки Ташқи ишлар вазирлиги энди бу ҳужжатни ёлғон, деб эълон қиладими?

Айтганча, бундай колхоз-сталинизм оҳангида фақат бир неча мамлакатлар – Шимолий Корея, Мьянма, Венесуэла, Россия, Хитой, Беларусь дипломатлари баёнот беришади. Бу оҳанг дипломатик одоб учун номақбул ҳисобланади.

Ўзбекистон қочқинлардан воз кечиб, «Толибон»га адвокат бўлиб, жаҳон ҳамжамияти назарида Шимолий Корея ва Беларусга ўхшаш давлатга айланмоқда. «Толибон» Aлишер Навоий номи билан боғлиқ ҳар қандай маълумот ва рамзларни йўқ қила бошлади.

Ш.Мирзиёев «Толибон»нинг асосий террорчиларидан бирини «Бирадори жаноблари» деб тургани фонида толиб ҳаромилар барча ўзбек меросига қарши очиқ кураш очган, ўзбек тилидан бошлашди, ўзбек тилини ўқишни тақиқлаб қўйиб мактабларда. Ўзбек шашмоқоми тақиқланди, энди эса Aлишер Навоий йўқ қилина бошланди.

Анвар Назир

Бу Анвар Назирнинг фикри эди. Мен қўшимча қилиб, Ўзбекистон Туркманистонга айланмоқчи, деб  шивирлаб қўйсам. Шу кунларда Ўзбекистон президентини форс тилидан таржима қилинганида бошлиқ маъносини берувчи сардор дея аташ таклифини илгари суришди. Шу ўзимиз билган каркидон Акмал Саидов.

“Сердарима шуҳрат!” деб бақирсак, бахтимиз тугал бўларди. Буларни ҳажв қилиш учун Қодирий ва Авлонийлар зарур.

Маллахон замони  қайтдими?

“Дўкондорларимиз ишларини тартиб-ла солмай, замонаға мувофиқ иш юритмай, Маллахон замонидан қолғон эски дўкон, эски тос, эски тартибларини яхши кўрурлар.

Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушуб-талашуб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар.

Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға «Ўғлум эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!» — деб «ташишка» — ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар.

Косибларимиз бир-биридан молларини арзон сотаман деб, тезгина йиртиладурғон, тикишлар ундан уруб, мундан чиқғон, сувни етти чақирим ердан чақирадурғон маҳси ва этиклар тикуб, сотишни яхши кўрурлар.

Заргарларимиз йигирма тийинлик кумуш, ўн тийинлик тилло орасиға мум ва сақичлар жойлаб, исмини қиз ҳайрон, зебигардон қўюб, беш-ўн сўмга сотишни яхши кўрурлар.

Табибларимиз долчин, занжабил, ҳуббул малик, филфил каби бир неча атторни қутисида йўқ нарсалардан мураккаб дору ва маъжунлар ясаб, бечора нодон халқни пулини олишни яхши кўрурлар.

Машшоқ ва ҳофизларимиз тўй ва базмларга бир мардакни(нг) исмини бачча қўюб, ўзлари ила баробар олиб юруб, «миллий адабиёт» ўрниға «Хоним ялола, бегим ялола» деб баччага ташланаётган пулларни бўлуб олишни яхши кўрурлар.

Саводхонларимиз жарида ва журналлар, тарих ва рўмонлар ўрниға Дақёнус замонидан қолғон, хурофотлар ила тўлғон «Андоғ урдиларки, гард-гард бўлуб кетди», деб лофлар ёзилғон китобларни оғизларини қуфуртуруб ўқумоқни яхши кўрурлар.

Йигитларимиз миллий мажлис ва суҳбатлар ўрниға тўкма ва самаварларда, раста ва дўконларда ўлтуруб, «Фалончининг ўғли хўб яхши бола бўлубдур, кеча фалончининг меҳмонхонасиға қамаб, қийқиртируб базм қилдук. Эмди фалончининг ўғлини ҳам бир базм қилсак, дунёдан армонсиз кетар эдук» деб, исломиятдан узоғ инсоният номига ярашмаган ишларни қилмоқ ва сўзлашмоқни яхши кўрурлар.

Ёшларимиз илм ва маърифатли бўлишни, ҳунар, санъат ўргонишни ўрниға, ўзларига зеб беруб тор шим ила калта камзул, қотирма ёқаларга бино қўйишни яхши кўрурлар.

Ишчиларимиз илм ва ҳунардан маҳрумлиги сабабли бошқа миллатлар илму маърифатлари соясида кунига 4—5 сўм ишлаб турган бу замонда кунига уч тангаға мардикорликни, ойиға ўн беш сўмға қоровулликни, йигирма сўмға фанар ёқишни, ўн сўмға кўнка йўлини тозалашни ва шуларга ўхшаш энг паст ва оғир хизматларни яхши кўрурлар.

Болаларимиз оталаримизнинг илм қадрин билмаган, илм учун пулни кўзлари қиймаганлик сабабли ўқумоқ ва ўрганмоқ ўрнига «Оҳ пул, жоним пул», деб «ташишка» — ҳаммолликни яхши кўрурлар.

Муҳаррирларимиз кўб-кўб оқча олиб, оз-оз ёзишни яхши кўрурлар.

Муштарийларимиз фойдали мақолалар ўрниға хабарларни яхши кўрурлар.

Думаларимиз мажлисга келуб, устулга суёлуб фароғат қилуб турғон вақтларида, бир тарафдан қаттиғроқ товуш чиқса чўчиб уйғонишни яхши кўрурлар.

Шоирларимиз миллий шеър ва адабиёт ёзишни ўрниға мувашшаҳми ёки «қошингдан, кўзингдан», — деб, жавонларни мақтаб фасод ахлоқға сабаб бўладурғон шеърлар ёзишни яхши кўрурлар.

Аммо мен бўлсам, ҳозирги замонда индамасдан туришни яхши кўрурман».

Журналист, драматург, олим, шоир, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний.

Ваъз бошида айтганимдек, кечаëтган пайтда «Катюша» айтишга мослашган биомасса мустақиллик байрамини тўйлади. Улар Путиннинг днюхасини ҳам айни самимият билан нишонлайдиган  тўда. Аммо курмак орасида гуруч доналари бўлгани каби замондошларим орасида ҳам закий инсонлар бор. Шулардан бири шоëн дўстимиз Нодира Муса Исмоил. Бу ватандошимиз минтақага тикучар каби назар солиб, кўп саволларга жавоб берибди. 

 Нега АҚШ Афғонистондан чиқиб кетди?

Шавкат Мирзиёев президент бўлганида АҚШ бизнинг регион учун “5+1” платформасини таклиф қилганди. МОга Афғонистон ҳам қўшилган “Катта Марказий Осиё” ҳудуди деб қаралишини ва бу ҳудудни биргаликда ривожлантиришни таклиф қилганди. АҚШ таклифи МО республикаларини бирлаштириш мақсадида қилинганди. Агар МО республикалари бирлашса, Хитой ва Россия вассали эмас, улар учун бир ҳуқуқдаги бирлашмадек иш юритарди. Хитой ва Россиянинг ўз таъсирини мажбурлаб ўтказиш имконияти пасаярди. 

Ғарбнинг кредитлари ва инвестицион лойихалари, асосан, техника ва ускуналари МО республикаларини ривожланган ҳудудга айлантириб, бутун Осиёда ўз гапини ўтказадиган бирлашмага айлантирарди. Лекин МО республикалари амалдорлари Россиянинг вассаллигини танлади. 

Ўзбекистон Хитойни баҳона қилиб АҚШдан қутулди. Россияга яқинлашиб бораётганини оқлаш учун ЛГБТ мавзусини кўпиртирди ва ўзининг ҳимояси учун диний фонни кучайтиришни бошлади. Албатта, бу АҚШга ёқмади. АҚШ учун Афғонистонда қолишнинг маъноси янада йўқолди. АҚШга керак эмас катта харажатлар қилиш бизга керакли, лекин АҚШга кераксиз тинчликни таъминлаб бериш. Ундан кўра ўша харажатларни Хитой ва Россиянинг бўйнига қўйгани яхши. Харажатлар эса жуда катта бўлган. АҚШ  Хитой, Россия ва Эронга ҳақиқий бош оғриғини қолдириб кетди. 

Ундан ташқари, ҳозир АҚШ учун дунёда ягона рақиб Хитой бўляпти. Демак, АҚШ Хитойни кучга киришидан олдин заифлантириши керак ва шунга кўпроқ эътибор қаратиши керак. 

АҚШнинг Афғонистондаги хатоси Афғонистон ҳукумати пулларни қандай ишлатаётганини назорат килмаганида. 

Хитой қандай қилиб Афғонистонда тинчлик ўрнатмоқчи? 

Бунда, юқорида айтганимдек, асосий маслахатчи – Покистон ҳукумати!  Хитой Покистон билан тинчлик ўрнатиш программасини ишлаб чиқди.

Биринчидан, Покистон ҳукумати анчадан бери Ашраф Ғанининг лавозимдан кетишини талаб қилар эди. Чунки Покистон бош вазирининг фикрича, Афғонистон ҳукумати коррупцияга ботган эди ва норозиликларга сабаб бўлятган эди. Ва унинг гапи тўғри бўлиб чиқди. Агар Ашраф Ғани вақтлироқ кетиб, ўрнига нормал одам келишига йўл қўйганида эди, «Толибон» бунчалик бош кўтармаган бўлар эди балки. 

Иккинчидан, Покистон фикрича, Афғонистонда ҳамма миллатлар ва қабилаларнинг манфаатларини инобатга олмасдан тинчлик ўрнатиб бўлмайди. Бу Афғонистоннинг спецификаси. Яъни фақат пуштунларни ўйлайдиган эмас, балки ҳамма миллатларни ўйлайдиган ҳукумат келиши керак. Бунинг учун ҳамма миллатдан вакил бўлиши керак. Яъни инклюзив (полиэтник) ёки коалицион ҳукумат ёки амирликлардан иборат давлат тузиш керак. Масалан, Бирлашган Араб Амирликлари каби. Покистон шуни таклиф қилди. Афғонистоннинг ички социал тузилишига ва тарихига назар солсангиз, бу фикр тўғри эканини тушунасиз. 

Афғонистон ривожланишда ортда қолгани учун уларда ҳалигача уруғчилик ва қабилавийлик сақланган. Ҳар бир қабиланинг ўз етакчилари бор. Уларнинг тепасига асосан пуштунлардан иборат бўлган «Толибон»ни келтириб қўйиб бўлмайди. Бу норозилик ва урушнинг чўзилишига олиб келади. Кўпчилик ўйлаяптики, бундай ҳукумат тузиб бўлмайди, деб.  Лекин шу вақтгача ҳамма Афғонистонга ўзининг тушунчаси ва дунёқараши билан келавериб, вазиятни фақат оғирлаштиришган, холос. 

Учинчидан, тинчлик программасининг мазмуни яна шундан иборат эдики, ҳар бир қабиланинг яшаш фаолиятига боғлиқ бўлган корхоналар очиб, одамларни ривожланишга ҳисса қўшдириш, одамларни ҳар хил ишлар билан банд қилиш. Уруш ва гиёҳвандликдан айириб, меҳнат орқали пул топишга ўргатиш. Яшаш тарзига таъсир қилиб, омманинг онгини ўзгартириш. Инфратузилмаларни яхшилаб ва иқтисодий кўмак бериб, Афғонистонни ярим феодал жамиятдан ва диннинг энг қора кўринишидан ривожланганроқ жамиятга кўтариш.

Лекин бу ишларни уддасидан чиқиш учун Афғонистонга қўшни давлатларнинг кўмаги жуда керак. Бунақа вақтда Афғонистонни ҳамма тарафдан ўраб олиб, қўшни давлатлар келишиб иш тутса, самара беради. Узоқ урушда бўлган халқни янги тизимга ўргатиш осон эмас. Айниқса, «Толибон»ни. Шунинг учун Ўзбекистонда бўлиб ўтган катта саммитда ва ундан кейин Покистон бизга алоҳида таклиф билан келди.

Қўшни мамлакатлар қандай ёрдам бера олади?

Юқорида айтганимдек, Афғонистон халқи ҳар хил миллатли қабилалардан ташкил топган. Тинчлик ўрнатиш учун ҳар бир қабиладан вакил бўлиши керакк. Бу вакиллар «Толибон» бутун мамлакатни эгалламаслиги учун унга қарши куч сифатида ҳам керак. Қарши кучларни ҳар бир қабила етакчилари бошқаради. Лекин қабила етакчилари қаршилик қила олиши учун улар билан алоқа ўрнатиш ва қўллаш керак. Покистон ҳамма етакчилар билан бир ўзи алоқа ўрната олмайди, ҳамма етакчиларни молиявий ва моддий қўллай олмайди. Улар билан қўшни мамлакатлар яхши алоқа ўрната олади ва қўллай олади. Шундай ҳам бўлган. Масалан, Аҳмад Маъсуд билан Тожикистон, Дўстум билан Ўзбекистон, шиалар билан Эрон, туркманлар билан Турманистон, пуштунлар билан Покистон ва ҳоказо. Шу етакчилар орқали «Толибон»ни доим назорат қилиш ва келишувларни бажаришга мажбурлаш мумкин. Агар келишувни бажармаса, яна уруш бўлади. Афсуски, «Толибон»ни фақат шундай қўлга олиш ва Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мумкин. 

Ундан ташқари, қўшни давлатлар Афғонистонга кирувчи йўлларни ва бошқа алоқаларни назорат қилади. Масалан, электр узатувчи симларни ва кириб келаётган маҳсулотларни. Бу «Толибон»ни бошқаришга яхши восита бўлади. 

Нега «Толибон» бутун ҳукуматни эгалламаслиги керак ва «Толибон»ни назорат қилиш зарур? 

Биринчидан, «Толибон» давлат қуришни билмайди. Ҳукумат тепасига келиб яна эски ҳунарларини қайтариш эҳтимоли катта, қайтаряпти ҳам. «Толибон» деобандия ва салафизм мазҳабларига хос дунёқараш билан шариат ўрнатмоқчи. Бу эса уларнинг талқинига қарши талқинларни нотўғри талқин, исломга қарши талқин деб тан олинишини ва бошқа карашларни тарғиб қилганларни ўлдириш кераклигини тақозо қилади. Бу эса барибир катта диний урушга олиб келади.

Иккинчидан, ҳукумат тепасига келиб олганидан кейин ривожланиш йўлидаги ҳамма сиёсий ва иқтисодий келишувларни бузиши мумкин. 

Учинчидан, қарши куч бўлмаса, ҳаддидан ошиб, қўшни давлатларга таҳдид қилишни бошлаши мумкин. 

Тўртинчидан, «Толибон» таркиби бошқа террористик гуруҳлардан ва алоқалардан ҳали тозалангани йўқ. Унинг таркибида биздан кетган радикаллар ҳам кўп. Уларнинг мақсади бизда уларнинг тушунчасидаги исломий давлатни қуриш. «Толибон»нинг ҳукуматни тўлиқ эгаллаши бошқа террористик гуруҳларга йўл очиши мумкин. Шу учун «Толибон» муаммосига фақат Афғонистоннинг ички муаммосига қарагандек қарамаслик керак. Бу регионал муаммо!  

«Толибон»нинг тизгинини қаттиқ ушлаш учун мамлакатнинг ичида унга қарши кучлар бўлиши керак. 

Буларнинг ҳаммаси Афғонистонда тинчлик ўрнатиш программасига киритилган эди ва Ўзбекистонда бўлиб ўтган саммитда ҳамма шу программага келишиб олган эди. Барча МО мамлакатлари, Эрон, Покистон, Хитой келишиб бир схемада ишлаши керак эди. Лекин келишув МО давлатлари тарафидан бузилди. Чунки ҳар доимгидек ишга Россия аралашди ва Россиянинг розилигисиз бирон иш қилинишига МО республикаларига рухсат берилмади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳамма МО давлатлари ўзининг Россиянинг вассали эканини кўрсатди. Тожикистондан бошқа! Фақат Тожикистон вазиятни яхши тушунди.

Албатта, Тожикистоннинг ички ҳолати ҳам таъсир ўтказди. Тожикистон халқи бир марта фуқаролар урушини бошидан ўтказган. Тожиклар Имомали Раҳмондан қочқинларни ҳимоя қилишни ва босқинчиликка қарши туришни талаб қилди. Имомали Раҳмон ўйлаб ўтирмай қочқинларни қабул қилди, босқинчилик йўли билан келган ҳукуматни тан олмаслигини айтди, Афғонистонда коалицион ҳукумат тузилишини талаб қилди. Ва Панжшерда Аҳмад Маъсудни қўллади. 

Нега Раҳмон Россиядан қўрқмади? 

Чунки Раҳмонни Хитойнинг ўзи ҳар тарафлама қўллади. Раҳмон Хитойнинг кучини ва Хитой бор жойда Россиянинг овозини ўчириш мумкинлигини сезди. Россия рози бўлмаса, қочқинлар бостириб келиши мумкин эди. Мана шунақа қилиб Тожикистон Россияга хавф туғдирди ва гапига кўндирди. 

Хитойнинг Раҳмонни қўллашдан мақсади эса ўша-ўша ғоя асосида. Бир тарафдан, «Толибон»ни ҳукумат тепасига келтириб, тинчлик ўрнатишга ундаш бўлса, иккинчи тарафдан, «Толибон»ни бутун ҳукуматни эгалламаслиги учун унга қарши куч пайдо қилиш ва коалицион ҳукумат тузишга кўндириш. Хитойга шу керак.

Эътибор берсангиз, Аҳмад Маъсуд ҳам инклюзив ҳукумат талаб қиляпти. «Толибон»ни умуман йўқ қилишни талаб қилмаяпти. Ҳозир Аҳмад Маъсудга боқка давлатлар ҳам қизиқяпти ягона қарши куч бўлгани учун. Илоҳим, омади келсин. 

Покистон:  

Покистон амалдорлари ўзларини бобурийлар, яъни хонлар авлоди ҳисоблайди. Ва анчадан бери МО давлатлари билан алоқаларни яхшилашга уринади. Афгонистонда тинчлик ўрнатиш тарафдори. «Толибон» Покистон амалдорларининг жонига теккан. Покистонда толиблар бир неча марта қуролли қўзғолон кўтариб, Покистон ҳокимиятини таҳликага солган. Ўша учун Покистон ҳокимияти учун ҳам қуролланган деобандизм хатарли куч.

Хитой кўпроқ ўз лойиҳасини ўйлаётган бўлса, Покистоннинг проекти русларга қарши ишланган. Гап шундаки, агар биз жанубга чиқсак, бизга жуда катта бозор очилади. Иқтисодимизда катта ўсиш рўй беради. Россиянинг ўзи ҳам, ЕОИИ ҳам бизга умуман керак бўлмай қолади. Руслар бизга иш қидириб келадиган бўлади. Бошқа давлатлар билан алоқаларимиз яхшиланади. Биз учун жанубга чиқиш катта имконият бўлса, Россия учун катта йўқотиш.  Чунки Россиянинг бизнинг региондаги ҳукмронлиги йўқолади. Геополитик ҳолат тубдан ўзгаради. Шу учун жанубга чиқишимиз ва ривожланишимиз Россияга керак эмас. 

Лекин Покистон ҳукумати билан Покистон разведкасининг ҳаракатларида қарама-қаршилик бор. Покистон махсус хизматининг ичида деобандистлар кўп. Покистон қандай қилиб Ҳиндистондан ажраб чиққанини эсласангиз, нега Покистон разведкасида деобандистлар кўплигини тушунасиз.  Шу учун улар ҳам ўйинлар қилиши мумкин Афғонистонда. Чунки Ҳиндистон омили бор. Лекин бундан бизга хавф кам. 

Бизга ҳукуматимизнинг ўриспарастлиги, коррупционерлиги, биздаги иқтисодий ночорлик, агрессивлашиб бораётган ижтимоий ва диний муҳит хавф!  Мана шу бизнинг зараримизга ўйнайди бу вазиятда. 

Россия Афғонистонда нима қилиб юрибди?  

Россия ҳар доимгидек ўзининг империалистик репертуари бўйича ҳаракат қиляпти. Бошқалар ҳисобига кун кўрмоқчи.

Биринчидан, Россия билаяпти, агар МОни қўлдан чиқарса ўзида кризис бошланишини. Россия МОни ўз назоратида ушлаб турмоқчи. Ҳар қандай йўл билан МОни Афғонистон масалаларидан узоқлаштириб, ҳамма жойда МО номидан ўзи қарор чиқаришга ва иштирок этишга ҳаракат қиляпти. МОнинг мустақил ҳаракат қилишига йўл бермаяпти. МОни бутун дунёга беобрў қиляпти. Шавкат Мирзиёевдан эса Лукашенко ясашга уриняпти. Яъни халқаро майдонда МО республикалари РФнинг вассали, деган фикрни тарқатяпти!

Иккинчидан, Россияни ўзининг янги Буюк ипак йўли (Бир қутб -бир йўл) лойиҳасига аналог йўли бор. БАМ – Байкал-Амур магистральи Унинг баъзи қисмлари қуриляпти. Бу йўл Хитой билан Европани боғлайди. Россияга йўлларни МО орқали ўтганидан кўра ўзининг ҳудудидан ўтгани яхши. Бу Россиянинг иқтисоди учун муҳим. 

Мана шу икки сабаб туфайли Россия «Толибон» билан яқин алоқа қиляпти. 

Россиянинг МОдаги мақсади бизни Афғонистондан ажратиб туриш ва МОда ҳамда Афғонистонда темир йўллар қурилишига йўл қўймаслик, агар қурилса ҳам уни ўзи назорат қилиш, ҳар хил биз учун ноқулай келишувлар билан. 

Яъни МО учун халқаро майдонга чиқиш имконияти фақат РФ контролида бўлиб қоляпти, РФнинг йўлларидан! Бу эса бизга жуда катта пул фақат йўлга сарфланишига олиб келяпти ва молларнинг нархини кўтаряпти, рақобатбардошлигини туширяпти. 

Агар МО жанубга, яъни Ҳинд океанига чиқса, бу транспорт харажатларини камайтиради, таннархи арзон моллар келтиришни ва Ҳинд океани, Осиё, Африка давлатлари билан савдо қилишни иқтисодий томондан фойдали қилади. Термиздан Бандар Аббос портигача нари борса 600 км темир йўл қуриш керак бўлади. Бу йўл ишга тушса, импорт ва экспорт харажатлари бир неча бор камайиши аниқ. 

Лекин бу йўллар қурилса, МО учун РФни иқтисодий таъсири камаяди. Бу РФга ёқадими? Шундан РФнинг нима қилишини олдиндан тушуниш мумкин. Бунинг учун Россия Афғонистонда инклюзив ҳукумат тузилишига йўл қўймайди. Россия учун Афғонистон ҳукуматининг тўлиқ «Толибон»га ўтиши муҳим. Чунки яккаҳокимлик ўрнатилса, Афғонистонда уруш бўлаверади. Бу Россияга айни муддао. Чунки Хитойнинг янги Буюк ипак йўли лойиҳаси бизнинг регионда ишламайди. Уруш бор жойда йўллар қуриб бўлмайди. Хитой Европага Россия орқали чиқишга мажбур бўлади. 

Керак бўлса, Россиянинг ўзи «Толибон»ни ишга солиб, нотинчлик пайдо қилади ва лойиҳаларга ҳамда регионга хавф солиб туради. ИШИД номидан портлашлар уюштириб, «Толибон»ни ИГИЛ билан курашувчи ягона қаҳрамон қилиб кўрсатади. Ва ҳукуматни «Толибон»га топшириш кераклиги ва «Толибон»ни тан олиш кераклигини уқтиради. Шундай бўлди ҳам. Россиянинг ИГИЛ билан алоқалари борлиги сир эмас. Албатта, буларни исботлаш қийин.

МО давлатлари эса уруш бўлган сари Россия қучоғига кириб кетаверади, аҳмоқ бўлиб қуроллар сотиб олаверади, Россия эса хорижий ҳарбий базалари киритилишига қаршилик қилаверади, Россиянинг «вагнерчи»лари кириб келади ва қайтиб чиқмайди. Шундай қилиб, Россия бизнинг регионни қўлга олади. 

Шу учун Россия коалицион ҳукуматни қўлламаяпти ва «Толибон»ни ҳар томонлама реклама қиляпти. 

Россия бизга ҳали кўп офатлар келтиради!!! 

Ўзбекистон:

Биринчидан, «Толибон»га зарчопонлар кийдириб, Ўзбекистон ўзининг оёқ-қўлини боғлади. Оқибатда биз «Толибон»га эмас, «Толибон» бизга таъсир кўрсата бошлади. «Толибон» билан алоқалар бузилади деб, ҳатто оддий қочқинларни ҳам қабул қилолмадик. Ҳатто транзит йўл очиб беришимиз учун БМТ ва бошқа давлатларнинг ҳукумати шахсан аралашди. Сиёсий майдонда жуда уятли ва шармандали ҳолат бўлди. «Толибон» билан алоқа керак, лекин зарчопон кийдириб, дўстлик қилиш ортиқча эди.

Иккинчидан, Россиянинг чизган чизиғидан чиқолмадик ва саммитда келишилган тинчлик программасини буздик. Бу ҳақида юқорида ёздим. Биз Шимолий альянсни қўлламадик. Ўзбеклар номидан бирон лидер чиқариб, коалицион ҳукумат тузилишини талаб қилишимиз керак эди. Ўша ҳудудни қарамоғимизга олишимиз керак эди. Яъни агар «Толибон» ҳаддидан ошса, ўзбеклар ночор аҳволга тушиб қолмайдиган ва қаршилик кўрсата оладиган ҳолатда бўлиши керак эди. Буни ҳам қилмадик. 

Бизнинг ҳукумат, агар ҳозир Шимолий альянсга ёрдам берилмаса ва «Толибон» Афғонистонни тўлиқ эгалласа, вақт ўтиб улар МОга ҳужум қилиши мумкинлигини инобатга олмаяпти. Ундан ташқари, «Толибон»га ортиқча радикал гуруҳлар керак бўлмай қолиши мумкинлигини ҳам инобатга олмаяпти. Улар ичида Ўзбекистонга ҳужум қилмоқчи бўлаётганлар бор. Уларга «Толибон» жавоб бермайди. 

Умуман, охирги воқеалар шуни кўрсатдики, Россия бизнинг бошимизга чиқиб ўтириб олгани яққол намоён бўлди. Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни яхши ўрганмаган, «Толибон» бўйича тўғри стратегия ишлаб чиқмаган, муаммоларга юзаки қараган. 

Хитой энди нима қилмоқчи? 

Хитойга аслида ҳукуматга ким келишининг аҳамияти йўқ. Хитой билан бирга ишласа бўлди ким келса ҳам. Лекин Хитой шуни тушуниб етдики, «Толибон»га қарши куч бўлмаса, «Толибон» ҳаммаёқни расво қилади. Шу учун Хитой ҳам Афғонистонда коалицион ҳукумат тузилишининг тарафдори. Шу учун Хитой Панжшерда Маъсудни ҳам қўллаяпти Тожикистон орқали. 

Лекин Хитойнинг Ўзбекистон билан боғлиқ режалари ўзгарди. Хитой Ўзбекистоннинг Россия чизган чизиғидан чиқишга қодир эмаслигини ва Ўзбекистонга ишониб бўлмаслигини тушуниб етди. Хитой янги Ипак йўли лойиҳасида ҳам, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш программасида ҳам бизга Ўзбекистон орқали ўтувчи йўлларни таклиф қилган эди. Лекин охирги вақтлар бу ҳақида гапирмай қўйди. Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича Хитой-Эрон-Покистон тандеми ишга тушди ва янги Ипак йўли йўналиши ўзгартирилди.  У энди Ўзбекистондан ўтмайди. Тожикистондан ўтади. Расмлар постда келтирилган. 

Туркия: 

Туркия бир хато иш қилди. Бошида Жанубий Туркистон ғоясини ва унинг Афғонистондан ажралиб чиқишини қўллади. Бу «Толибон»нинг шимолга эътиборини қаратишига ва шимолда ваҳшийроқ ҳаракатлар қилишига сабабчи бўлди. Шундоқ ҳам Россиянинг маслаҳати бўйича «Толибон» жангни шимолдан бошлаши керак эди. Оқибатда бу бошқа миллатларга ёқмади ва ўзбеклар яккаланиб қолди. «Толибон» “Туркистон” деганларни аяб ўтирмади. «Толибон» қўлида ҳалок бўлганлар ичида энг кўпи ўзбеклар ва туркманлар бўлди. Менимча, курашда миллатга урғу бермаслик керак эди. Қайтага бошқа миллатлар билан бирлашиб, ҳукуматнинг тўлиқ «Толибон» қўлига ўтмаслиги учун курашиш керак эди. На дунё ҳамжамияти қўллади ажралиб чиқиш ғоясини, на Туркия қочқинларни қабул қилди. Ўзбеклар жуда қийин аҳволда қолди. Бу яна бир марта шуни кўрсатадики, Афғонистоннинг ички ҳолатини билмай туриб унга аралашиш ёмон оқибатларга олиб келади. Менимча, Туркия Афғонистонга МО давлатлари орқали ёрдам бериши керак.

Саудия Арабистони: 

Салафизмни юраги ва тарқатувчиси – Саудия. «Толибон»ни молиялаштирган ҳам Саудия. Салафийлар дунёни забт қилмоқчи. 

«Толибон»: 

«Толибон» ҳаммани чалғитишга уринди. Ўзини коалицион ҳукумат тузишга тайёрдек кўрсатди. Эски ҳукуматни чақирди.  Охири ҳеч қандай коалицион ҳукумат тузмоқчи эмаслигини билдирди. Бунга Россия қаршилик қиляпти!

*****

Бу мақолада асосий бўлиб кўринган маълумотларни ёздим. Вазият ёзилганидан кўра мураккаброқ ва биз учун муҳим бўлган бошқа масалалар ҳам бор. Шуни айтишим мумкинки, бизнинг регионни ривожлантирувчи проектларга қўшилмасак, инфратузилмаларни яхшиламасак, бошқаларнинг ривожланишига ҳисса қўшмасак, бизнинг ҳудуд нишонга айланади. Ва бунга фақат ўзимиз айбдор бўламиз. Бизнинг ҳукуматнинг кўрсичқонга ўхшаб олиб бораётган сиёсати айбдор бўлади.

Лекин шуни ангаш керакки, ҳар қандай давлат ўз манфаатидан келиб чиқиб иш тутиши керак. Бизнинг амалдорлар ҳам РФ манфаатидан эмас, Ўзбекистон ва МО манфаатини кўзлаб иш тутиши керак. Биз учун Афғонистонда тинчлик ва МОда иқтисодий ривожланиш ҳаводек зарур. Афғонистондаги уруш ҳамма қўшниларга қимматга тушяпти. Шунинг учун Афғонистон масаласида қўшнилар билан бирга ҳаракат қилишимиз керак. РФ, АҚШ, Хитойдек давлатларнинг МО манфаатига тўғри келадиган таклиф ва ишларини қўллашни, тўғри келмайдиганларини инкор қилишни ўрганишимиз керак. Бу дегани, МО республикалари кимнингдир вассали эмас, мустақил давлат эканини тушуниши керак кеч бўлмасидан. Катта ўйин ишга тушиб бўлган!

Минтақамиз мустақиллиги муборак бўлсин! 

Нодира Муса Исмоил.

Ана шунақа гаплар. Ўзбекистондаги аэропортни қўриқлаëтган битта милтиқли одам ойлиги озлиги ва ҳукуматдаги ўғриликлар боис қоринбой ëшуллиларни отиб ташлаш иштиëқидан гапирди. Кимга аза – кимга тўй, дегани шу бўлса керак. Майли, заримиз бор, аммо зоримиз йўқ.

Пулли пул топар, пулсиз дардисар. Ўз армиясини боқолмаган миллат душман армиясини боқади.

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
8 апрел 2023
Олти йилча олдин бир азиз дўстим Саудияга зарурият юзасидан бориб келди. Сафар тафсилотларини айтар экан «Саудияда яшайдиган ўзбек олим» ...
30 ноябр 2016
26 минут давом этган ББС ўзбек хизмати мухбири Ибрат Cафо билан суҳбати чоғида кичик Ислом Каримов шунингдек онаси Гулнора ...
26 январ 2016
Ўзбек расмий рухонийларини тамсил қилган нашр ҳар бир фуқаро ўқиши керак бўлган китоблар рўйҳатини белгилади. “Ҳар бир ўзбек ўқиши ...
29 март 2023
2022 йилнинг баҳорида Марҳамат туманидаги 36-умумтаълим мактаби биноси агентлик мактабига айлантириш важи билан қишлоқ болаларидан тортиб олиниб, бузилган, 400 ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...