Асосий мавзулар
4 ноябр 2021

Таълим вазирлиги газета ва журналларга обуна кампаниясини бошлади

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ўқитувчиларни келгуси 2022 йил учун газета ва журналларга обуна қилиш кампаниясини бошлади. «Элтуз» суҳбатдошлари бу кампаниянинг газета-журналлар обунасига мажбурий тўловлар йиғиш тарзида амалга оширилаётгани билдиришмоқда.

“Элтуз”га келиб тушган, Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Р.Исроилов томонидан жорий йилнинг 23 октябрида “барча туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари мудирларига” жўнатилган циркуляр хатда Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 15 октябрдаги хатига асосан барча таълим муассасаларида соҳа ходимларини матбаа нашрларига обуна қилиш лозимлиги тушунтирилади. 

Ҳужжатда 2022 йил обунаси учун таълим соҳасига оид жами 16 та номдаги, жумладан, «Маърифат”, “Учитель Узбекистана”, “Замонавий устоз”, “Наставник”, “Тонг юлдузи”, “Класс”, “Мураббий”, “Болалар дунёси”, “Халқ таълими”, “Халқ таълими ахборотномаси”, “Бошланғич таълим”, “Тил ва адабиёт таълими”, “Ғунча”, “Гулхан”, “Қалдирғоч”, “Настарин” каби газета ва журналлар номи келтирилган.

“Обуна қилиш жараёнида, аввало, тарғибот ва ташвиқот ишларини самарали ташкил этишга амалдаги қонунчилик доирасида ёрдам кўрсатиш ҳамда мазкур таълим нашрларида ёритиладиган мавзулар долзарблигини тушунтириш ишларини олиб бориш тавсия қилинади”, дейилади ҳужжатда.

Наманган шаҳридаги мактабларидан бирининг «Элтуз» билан суҳбатлашган директорига кўра, мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари учун газета ва журналларга обуна бўлиш тарғиботи ҳар йили такрорланадиган одатий ҳолдир.

“Таълим тизимидаги янгиликларни билиш, савияларини ошириш учун ўқитувчилар газета-журналларга обуна бўлишлари керак-ку”, деди мактаб директори.

У рўйхатдаги газета ва журналларга обунанинг мажбурий-ихтиёрий тарзда ташкил этилишини билдирди.

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри халқ таълими бўлимида ишловчи ходима ҳам буни тасдиқлади. Унинг «Элтуз»га билдиришича, вазирликнинг обуна ташвиқоти ҳақидаги расмий тавсияси туман ва шаҳар мактаблари ўқитувчилар учун мажбурий обуна тарзида амалга оширилмоқда.

“Чиндан ҳам газета-журналлар обунаси учун мажбурий тўловлар бор. Мактаб директорлари кўпинча буни ўқитувчиларнинг қолдирган дарс соатлари учун ойлигидан пул ушлаб қолиш тарзида, баъзан эса касаба уюшмаси орқали ёппа тартибда амалга оширишади. Ўқитувчилар кўпинча бунга рози бўлишади. Чунки бундай кампания вилоятда нафақат халқ таълими, балки бошқа соҳалар – ички ишлар, прокуратура томонидан ҳам ташкил этиляпти. Яъни улар ҳам ўз соҳаларига оид нашрларга обуна тўловлари йиғишлари керак”, деди таълим тизимида ишловчи ходима.

«Элтуз» юқорида рўйхати келтирилган газета ва журналларнинг муҳаррирлари билан ҳам боғланишга ва мажбурий обуна борасида фикр олишга ҳаракат қилди.

Бугунги кунда вазирлигининг обуна тарғиботи қандай бормоқда? Агар расмий тарғиботсиз ҳеч ким бу газета ва журналларни ўқишни истамаса, уларни чиқаришни тўхтатиш керак эмасми? «Элтуз» мухбирининг нашр муҳаррирларига йўллаган шу каби кўплаб саволлари жавобсиз қолди. 

Бироқ телеграм канали орқали қисқа жавоб берган «Маърифат” газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов бу масалада Халқ таълими вазирлигига мурожаат қилишимиз кераклигини айтди.

Халқ таълими вазирлиги “Маърифат” газетаси таъсисчиси ҳисобланади. Бироқ газета бош муҳаррири Ҳусан Нишонов «Элтуз» мухбири саволига жавобан айни пайтда ҳукумат “Маърифат”га ҳеч қандай имтиёз ва субсидиялар ажратмаганини билдирди.

“Ҳозир газетага шу мавзуда мақола тайёрлаяпман. Чиқсин. Кейин бафуржа гаплашсак бўлади”, дея жавоб берди Ҳусан Нишонов «Элтуз» мухбирига.

2018 йил 17 июлда таълим тизими ислоҳотига бағишлаб президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда ўқитувчиларни ободонлаштириш, турли йиғилишлар, обуна кампанияси ва ўзларининг ваколатлари доирасида бўлмаган бошқа ишларга жалб қилишни тақиқлаш зарурлиги таъкидланган эди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 октябр 2015
Хоразмга сафари пайти ҳокимликнинг тунги мажлисида журналист Малоҳат Эшонқулова ёзиб олган аудиоёзувлар Ҳазорасп ҳокими Ўктам Қурбоновнинг иккиюзламачилигини фош қилган. ...
11 сентябр 2018
«2006 йилга қадар «Косон» зонасининг ташқи штаби томи устидаги солдат ва снай­перлар ярим йил тўхтовсиз “террорчилар”ни кутиб яшашди. Улар ...
7 август 2023
Элтузнинг Навоийдаги мобил мухбирига кўра, видеодаги аёл Навоий шаҳар «Умид» МФЙ, И.Каримов кўчаси 88а-уй, 54-хонадонда яшовчи Ахмад-Охунова Гулнора Ҳақбердиевна ...
12 июл 2016
У 16 йил фермерлик қилди. Отасининг ҳам суяги далада қотган, қирқ йил давомида пахта етиштириш билан шуғулланган. Аввал отасига, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...