Ўзбекистон: Дарғазаб интернет фойдаланувчилари ижтимоий тармоқлардаги тақиқлар устидан қисман ғалаба қозонишди
Ўзбекистонда интернетдаги бир қанча тармоқларнинг блоклаб қўйилиши кўплаб фойдаланувчиларнинг кескин норозилигини келтириб чиқариши ортидан бу ишга алоқадор кўринган айрим амалдорларнинг “боши учди”.
Тақиқ қўйилган тармоқлардан бири бўлган Telegram мессенжери Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти учун янгиликларни ўқиш, оила, дўстлар ва ҳамкасблар билан мулоқот қилиш учун қулай илова ҳисобланади.
Шу боис, 3 ноябр куни ушбу хизматнинг узилиши норозиликларга сабаб бўлганидан ажабланмаса ҳам бўлади.
Шунингдек, кўпчилик фойдаланувчилар Telegramда бизнес билан ҳам шуғулланиши сабабли бу узилиш одамларга пул ва шахсий ноқулайликларни келтириб чиқаради.
Шахсга доир маълумотларни сақлашни тартибга солувчи қонунчиликни бузганликда айбланиб, интернетни назорат қилиш учун масъул давлат органининг қора рўйхатига киритилганлар орасида глобал ижтимоий медиа гигантлари – Facebook ва YouTube, шунингдек, Россиянинг машҳур “Одноклассники” тармоғи ҳам бор эди.
Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари учун севимли ижтимоий тармоқларининг қайта очилиши умидсиздек кўринди.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини назорат қилиш давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) қароридан келиб чиққан норозиликлар ортидан вазиятга Ўзбекистон президентининг аралашуви сабабли тармоқлар иши қайта тикланди.
Орадан кўп вақт ўтмай, Telegram, Facebook, YouTube ва “Одноклассники” одатдагидек ишлай бошлади, деб хабар берди Ўзбекистондаги фойдаланувчилар 3 ноябрь куни кечқурун.
Ўзбекистоннинг халқаро имижига салбий таъсир этувчи блоклаш воқеаси президентнинг аралашуви билан ҳал этилиши айрим амалдорлар учун жиддий оқибатларга олиб келиши дастлабки соатлардан маълум бўлди.
Аввалига “Ўзкомназорат” раҳбари, сал ўтиб эса АКТ вазири ва Бош вазирнинг АКТ бўйича маслаҳатчиси ишдан олингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Айтиш жоизки, айнан президентнинг ўзи январь ойида Ўзбекистон ҳудудида фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини сақлашни талаб қилувчи қонунни маъқуллаган эди. Худди шу талаб асосида эндиликда “Ўзкомназорат” ижтимоий тармоқ компанияларини қонунбузарликда айбламоқда.
Қолаверса, президент 29 октябрь куни ушбу қонунни бузганлик учун жарима миқдорини ошириш тўғрисидаги қонунни имзолаганди.
Бу қонун Ўзбекистонда тармоқ фойдаланувчилари интернетга тақиқни четлаб ўтиш учун фойдаланиладиган виртуал хусусий тармоқларнинг (VPN) юклаб олиниши кескин ошишига олиб келди.
Шундай қилиб, Telegram, Facebook ва YouTube мухлислари яна мамнун ҳолда интернетда “сузаётган” пайтда ҳукумат фуқароларни ижтимоий тармоқлардан узоқлаштириш учун қўллаётган восита ўз кучини йўқотгани йўқ.
Ўзбекистондаги фойдаланувчиларга кўра, июль ойидан бери машҳур ижтимоий тармоқлар, жумладан, Twitter ва TikTokка кириш тақиқланганича қолмоқда.
Eltuz.com