Асосий мавзулар
14 январ 2022

РТдан ваъз: Тўқайга ўт кетса…

Бормисиз зукко, ақлли ва самимий дўстим! Ўтган ҳафта мен ҳам сиз каби бутун эътиборимни Ўзекистон қўшниси – Қозоғистонга қаратдим. Юрагим така-пука бўлди, ичимни воҳима босди. Олмаота ва Толдиқўрғон, Жамбил ва Чимкентда юз берган қонли воқеаларнинг Тошкенту Фарғона, Самарқанду Термизда такрорланиш эҳтимоли этимни жунжуктирди. Кўз ўнгимда қадоқ қўллар билан қурилган ўлка Ўзбекистон сув остида   қолаётгандек бўлди. Бу қўрқув ва хавотир тезда ўтди албатта. Аммо, Қозоғистонда юз берган ҳодисалар ҳали узоқ вақт Тошкентда аск садо бериб туради. Тегишли хулосалар чиқарилади. Аввалига қисқа хабарларга тўхталсак, сўнгра қозоқ ҳодисалари ва уларнинг оқибатига назар ташлаймиз! 

Қисқа хабарлар

Ўзбек Миллиардери Алишер Усмонов президент Мирзиёевнинг тўнғич куёви эгалик қиладиган “Капиталбанк”нинг 8 фоиздан кўпроқ улушини сотиб олди. Улушини кўпайтирди. Алишер Усмоновга қарашли “Телекоминвест” бунгача “Капиталбанк” устав капиталининг 16,6 фоизига эгалик қилиб келаётган эди.

+++

Британия матбуотининг ёзишича, Нурсултон Назарбоевнинг кенжа қизи, Алия, тартибсизликлар пайтида Қозоғистон 300 миллион доллар билан чиқиб кетгач, Лондоннинг Ҳайҳгейт минтақасида 8 миллион 75 минг фунт стерлингга кўчмас мулк, 25 миллион долларга хусусий учоқ ва ҳаттоки хусусий банк сотиб олган. Бизани раҳбарларнинг қизлари сабр қаноат қилиб «фақирлигим фахрим» деб ўтирибди.

 +++

Александр Лукашенко Ўзбекистонни Қозоғистондаги воқеалардан «сабоқ чиқариш»га чақирди. Лукашенконинг даъвосича, ҳозирда Қозоғистондаги тартибсизликлар иштирокчиларининг «нигоҳи Ўзбекистонга қаратилган». Ўзбекистон ҳукумати Лукашенконинг баёнотига муносабат билдирганича йўқ. Билдирмайдиям-да…

+++

Толибон Мудофаа вазирлиги раҳбари Ўзбекистон ва Тожикистонга таҳдид қилиб, агар август ойида афғон учувчилари ўғирлаб кетган учоқларни қайтаришмаса, оқибатлар ёмон бўлишини айтди. 

«Биз заифмиз, лекин нотавон эмасмиз. Ўзбекистон ва Тожикистон Толибларнинг сабрини синамай, афғон учувчилари олиб қочган самолёт ва вертолётларни қайтарганлари маъқул. Акс ҳолда бу мамлакатлар салбий оқибатларга рўбарў бўлишади» – деди Толибон ҳукуматида Мудофаа вазири вазифасини ўтаётган Мулла Ёқуб. Эслатаман Мулла Ёқуб Толибон ҳаракати асосчиси Мулла Умарнинг ўғлидир. 

Ашраф Ғани ҳокимияти ағдарилгач, ўнлаб учувчилар самолёт ва вертолётлар билан Ўзбекистон ва Тожикистонга қочишган эди. Мулла Умарнинг ўғлининг баёнотидан кейин бахтимиз тугал бўлди. Ўзи Лукашенкога сиз етмай тургандингиз мулла акалар. 

Ўзбекона сахийлик

Рус хоккейчилари ва ҳар-хил қаланғи-қасанғи шантажчиларига президент админстрацияси бераëтган квартиралар пулини солиқ тўловчилар, яъни халқ тўлашини эслатиб қўймоқчиман. Сиз шунга розимисиз? Билишимча, ўзбек президенти харажатлари Германия президенти харажатларидан анча кўп экан. Нимага керак бу мақтанчоқлик ва халқ ҳисобидан «сахийлик»?

Админстрация Ашраф Ғани ҳукуматига подарка қилган тракторларни толиблар белига бомба бойлаб, портиллатиб юборган эди. Нега нуқул Афғонистонга падарка берилади? Биров тушунтира оладими? Ҳисобни ким беради?

+++

Ҳукумат ва Президент администрацияси вакиллари, яъни бош вазир, унинг ўринбосарлари, вазирлар, ҳоким ва унинг барча ўринбосарлари, президент маслаҳатчилари 1 январдан 15 январга қадар навбатма-навбат меҳнат таътилига чиқиб, ҳорижнинг Таиланд, Мальдив ороллари, Россиянинг Сочи, Кисловодск, Ялта, Туркиянинг Анталия каби машҳур сиҳатгоҳларида дам олиши молияланибди. Яна солиқ тўловчи халқ ҳисобидан. Нега?

«Янги қозоқ»

Сўнгги ўттиз йил ичида «Янги қозоқ» деган бренд шаклланди. 

Янги қозоқнинг беш ўнта заводи бор, ўз учоғи, Лондонда қасри ва офшор ҳисобларида камида бир неча юз миллион доллар маблағи бор. 

Уларнинг фарзандлари феррарию поршларда юришади, ёзги таътилларини Мальдив ва Мадагаскар оролларида ўтказишади. Уларнинг хизматларида дунёнинг энг машҳур дизайнерлари. Туғилган кунларида энг машҳур поп юлдузлари ҳозиру нозир.   

Нурсултон Назарбоев оиласининг барча аъзолари расман миллиардер ҳисобланишади. 

Уларга хизмат қилувчи тадбиркорлар ҳам миллиардер ёки ҳеч бўлмаса мультимиллионер. 

Аммо Назарбоев клани муруватидан бебаҳра бўлган Қозоғистон фуқароларининг аксарини “Янги қозоқ” нафратлантира бошлаганига кўп йиллар бўлди. 

Бу нафрат ўтган ҳафта Олмаота, Толдиқўрғон, Чимкенту Жамбил кўчаларига чиққан намойишчилар ғазабида акс этди. 

Қозоғистонда жамиятнинг бойлар ва камбағалларга табақаланиши охирги йилларда яққол сезила бошлади. 

Бойлар бойиб,  камбағаллар камбағаллашди,  икки табақа бир бирини безовта қила бошлади.  

Қозоғистон раҳбарияти муруватларни бурашдан ташқари,  бойлар ва камбағаллар ўртасидаги бу тафовутнинг кенгайишини қандай тўхтатиш ҳақида ўйлашлари керак.

Қозоғистон президенти «халққа ёрдам беришнинг вақти етгани»ни айтди. Бу эътироф шоядки, ўша тафовутни енгишга қаратилган илк одим бўлса.

Қозоқ мустақиллиги

Яқинда барча зиёлилар бундан 30 йил аввал Қозоғистон суверенитети бирданига бошимизга қулаб тушди, мустақилликни қозоқлар курашда қўлга кирита олмаган, шунинг учун ҳам халқимиз тўлиқ шаклланмагани ҳақида ёзишди. Энди қозоқларга ўз мустақиллигини қўлга киритиш имконияти берилди.

Совет Иттифоқида яшаган авлод, шу жумладан мен ҳам мустақиллик руҳининг ташувчиси бўла олмаймиз, рус найзасидан қўрқув ва ГУЛАГ барчамизда яшайди. Аммо ҳозир қозоқларнинг учдан икки қисми 40 ёшгача бўлган одамлар, уларнинг шаклланиши СССР дан мустақил даврда содир бўлган. Бу одамлар учун тинч намойишларни бостиришга хорижий қўшинларни таклиф қилиш хиёнат ва 10 йилдан кейин Қозоғистон тарихини ёзадиган, ёдгорликларни ўрнатадиган ва мактаб ўқув дастурини тузадиган одамлар улар.

Энди лакмус тести сифатида кимнинг ор-номуси, миллий қадр-қиммати борлиги, ким босқинчи томонида бўлиши кўрсатилади. Кимнидир қўрқитиб, Қирғизистон фуқароси, пианиночи уйғур Викрам Рузахунов каби уйдирма жиноятларини бўйнига олишга мажбур қилади, кимдир пул ёки мансаб билан сотиб олинади, кимдир космонавт Тўхтар Аубакиров каби шантаж қилинади.

Википедияда Тўхтар Аубакиров ҳақида “Қозоқларнинг тинч митингларини бостириш учун Россия Федерацияси қўшинларини жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватлади” деган қатор пайдо бўлиши аниқ.

Ҳар ҳолда, тарихий жараён тинимсиз, Ёвуз империя парчаланади. Қизиқ, армия ва ҳуқуқ-тартибот идораларида қанча фоиз номусли ва сотқинлар бор? Қозоқларнинг қанчаси Қозоғистон мустақиллиги душмани? Қозоғистондаги рус диаспораси вакиллари Қозоғистон суверенитетини ҳимоя қиладими?

ОДКБ/КҲШТ

Лукашенконинг яқин келажакда «Ўзбекистон ҳам ғалаëнга саҳна бўлиши» ҳақидаги гапини икки хил талқин қилса бўлади: Биринчи талқин – «Лука Ўзбекистонни ОДКБга киритиш учун босим қиляпти.» Иккинчи талқин эса – «Ҳақиқатдан ҳам шундай таҳлика мавжуд».

Демак, Қозоғистондаги муаммолардан бири – «бир ҳовуч бойларнинг яхши яшаб, аксар аҳолининг қийинчиликка мубтало бўлиши» эди. Яъни, мамлакат бойлигининг аксари битта оила мансуб бўлган Шапрашти уруғининг 200 аъзоси қўлида бўлганидир. Бу муаммо Ўзбекистонда борми ëки йўқ? Иккинчи муаммо – Элбаси Назарбоев куëвларининг ҳашаматга ўчлиги¸ очкўзлиги ва рейдерлари билан боғлиқ. Бу муаммо Ўзбекистонда борми ëки йўқми? Учинчи муаммо – қаттиқ совуқда газ қимматлаши ва энергия билан боғлиқ муаммо. Бу муаммо Ўзбекистонда борми ëки йўқ? Тўртинчи муаммо – бошқарув тизимларидаги ошкора ўғирлик, коррупция, тендерсиз буюртмалар ва ҳуқуқий нигилизм. Бу муаммо Ўзбекистонда борми ëки йўқми? Бешинчи муаммо – эса айнан Ўзбекистонда мавжуд бўлиб, бу барча саналган бошқа муаммоларни портлатадиган детонатор вазифасини бажариши мумкин. Бу эҳтимолий фалокат Ўзбекистоннинг ўзидаги тайм бомбадир. Бу – ваҳобийлик¸салафийлик¸ Ҳизб ут-Таҳрир каби экстремистик оқимларга ортиқча мойиллик, ИШИД ва Толибонга нисбатан ўзбекларнинг ошкора эҳтиросли муҳаббати, такфирчилик. (Толибон ғалабасини ошкора қутлаш¸ Сурияга секс жиҳодга келтган минглаб аëллар¸ Миср ва Туркияда ваҳобийлик марказларида ўқитилаëтган болалар ва ҳоказо) Гапнинг очиғи, пешанамиз шўрлиги аниқ.

Нуҳ кемаси

Сизларга айтар икки оғиз сўзим бор. Тўфон пайтида Нуҳ кемасида барча жонзод бор эди. Илон ҳам, чаëн ҳам. Қуëн ва бўри ҳам. Қозоғистондаги намойишчилар ичи ҳам турли яратиқлар билан тўла бўлди. Истаймизми ë истамаймизми қўзғолонни фурсат билган мародёр-талончилар доим бўлади. Борини ва барини айтиш мажбуриятидаман. Яхшисини ошириб, ëмонини яшириш деган ўзбек мақол бу ерда фақат зарар келтиради. Менинг шахсий фикрим: ўз халқини ўрисга оттиртган Тўқаев жиноятчидир. Бу нуқтада барча муҳаддислар билан иттифоқман.

Мен тафаккуримга кўра, давлатчиман. Ўзбекистон давлати бизга жадид отамиз Файзулла Хўжадан мерос. Бу давлатни сақлаш йўлида Ўзбекистондаги легитим раҳбарият билан ҳамжиҳат бўлайлик деган гапим бировларга эриш туюлибди. Аммо бу нафсиламбирдир. Мен Путин каби инсоният душманидан Ўзбекистон давлатини ҳимоя қилиш масаласида мавжуд иқтидор билан ҳамжиҳат бўлишни жоиз амал деб биламан. Шу билан бирга Ўзбекистонни тинмай ўмараëтган феълан ва фикран сотқин амалдорлар танасига ўйлаб кўрсин. Сабр, ҳатто арнасойликнинг сабри ҳам тугаб қолиш эҳтимоли бор. Шу эҳтимолни назардан қочирманг. Халқ ғазабидан қўрқинг. Пока биратлар. Курва кокаин.

Ўзбекистон кимники?

Путин Қозоғистон бизнинг давлатимиз, деди.

Баъзилар, гўё, Путин гапидан адашди, деб айтиши мумкин. Йўқ, у қалбидаги ҳақиқатни гапирди!

Шу кунларда биз Назарбоев лайчаси бўлган Токаевнинг услубий жиҳатдан Путиннинг лайчасига айланишига гувоҳ бўляпмиз.

Режим ҳар доим Назарбоев оғир касал эканлигини ва шунинг учун у жонли эфирга чиқиб, Қозоғистонда эканлигини исботлай олмаслигини айтди. Ва бу вақтда Путин қўшинлари доимий равишда Қозоғистонда қолади ва урушсиз Украинада бўлгани каби бизнинг мамлакатимиз ҳам Путиннинг чангалида бўлади. Путин қўшинлари эса КХШТ давлатларининг тинчликпарвар кучлари сифатида тақдим этилади. Бунда Токаев курсиси орқали ҳудуди бўйича дунёда 9-ўринда турадиган улкан давлат қўлга киритилади.

Путинга рухсат берамизми? Бу ҳолат барча ваколат биринчи одамга берилган пирамида давлат, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам сабоқ бўлиши керак. 

1789 йилда биринчи Француз революцияси бошланар экан, қирол Австрия ва Пруссия армияларини ёрдамга чақирди. Австрияликлар қўшинларини киритгач, французлар уларни тор-мор этиб қувиб чиқаришди, қиролнинг эса калласини танасидан жудо қилишди. Тарихдан факт келтирдим холос.

Ассалом Ўзбекистон, жума Муборак!

Рассом Туз

Тағин ўқинг
11 июн 2018
Яқинда ОАВ вакиллари билан учрашган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси, президентнинг давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ўзининг зўравонлиги билан ...
2 май 2017
Бугун «очиқлик», «халқ дардини тинглаш», «аҳолининг ҳуқуқий в қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш» каби баландпарвоз сўзлар ўзбек матбуотидаги ўзига хос ...
7 феврал 2020
Хитой ҳукумати 5‏ февралгача Шинжон-Уйғур мухтор туманида «Ухань вируси»га чалинганлар сони 32 кишига етганини эълон қилди. Мухтор туман Соғлиқни ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага диққат қаратади ва эплайди, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...