Асосий мавзулар
20 январ 2022

Суд жиззахлик фаолни жиннихонага жўнатди

Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳри суди интернетда Ўзбекистон раҳбарияти ва Хитойнинг уйғурларга қарши сиёсатини кескин танқид қилиши билан танилган Валижон Калоновни руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран даволаш тўғрисида ажрим чиқарди. 

2021 йил 23 декабрь куни суднинг ёпиқ тартибда ўтган мажлисида Калоновни Самарқанд вилояти руҳий асаб касалликлари шифохонасининг умумий тартибли махсус бўлимига юбориш белгиланди. 

Суднинг Жиноят кодексининг 2441-моддаси ва 158-моддасида кўрсатилган жиноятларда айбланган Валижон Калонов “ижтимоий хавфли қилмишни ақли норасо ҳолатда содир этган” деб топгани тўғрисидаги ажрими нусхаси “Элтуз” мавжуд. 

Унда қайд этилишича, 2020 йил октябрда ҳам Валижон Калонов “Ўзбекистон Президентига нисбатан ҳақорат ва туҳмат ифодаланган видеомурожаатини ютуб канали орқали тарқатгани” ортидан терговга тортилган. Аммо ЖКнинг 158-моддаси бўйича қўзғатилган жиноят иши айблилик тўғрисидаги масала ҳал қилинмай туриб ҳаракатдан тугатилган. 

2021 йил 2 августда Валижон Калонов журналист Улуғбек Ашурнинг интернетдаги канали орқали чиқишида гўёки Ўзбекистон президентини омма олдида ҳақоратлаб, унга туҳмат қилган. 

Ўша йили 9 августда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) берган хулосада бу чиқиш Президентни ҳақоратлаш ва унга нисбатан туҳмат қилиш ҳисобланмаслиги билдирилган.

Лекин хулосада Калоновнинг сўзларида президентни обрўсизлаштиришга қаратилган фикр-мулоҳазалар, амалдаги давлат раҳбарини ҳокимиятдан четлатишга уринишни тарғиб қилувчи чақириқлар, ақидапарастлик ғоялари мавжудлиги кўрсатиб ўтилган. 

Республика суд экспертизаси маркази берган хулоса мазмуни ҳам АОКАники билан деярли бир хил дейиш мумкин. 

Шунингдек, суд ажримида Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бош бошқармаси руҳий касалликлар клиник шифохонаси томонидан 2021 йил 23 ноябрда берилган хулоса ҳам келтириб ўтилган. 

Унда Валижон Калонов “васвасавий бузилиш кўринишидаги сурункали руҳий касаллик билан оғриши” айтилади. 

“Бу хулосани текширилувчида ўтказилган клиник-психопатологик текширувлар натижаси ва илгари ўтказилган суд психиатрияси экспертизаси жараёнида аниқланган фикрлаш паралогиклиги (мантиқий томондан қўпол бузилиш) ва ригидлиги, шубҳаланувчанлик, танқид ва башорат қилиш қобилияти сақланмагани тасдиқламоқда”, дейилади клиника берган ҳужжатда.

Унда айтилишича, “юқоридаги жиноятларни содир этган пайтда Валижон Калоновда руҳий бузилиш белгилари яққол ифодаланган бўлган, у ўз ҳаракатларининг аҳамиятини англаш ва бошқара олиш қобилиятига эга бўлмаган”. 

Айнан мана шу тиббий хулоса суднинг Валижон Калоновни руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаш тўғрисида ажрим чиқаришига асос бўлган кўринади. 

Суд ажримида судланувчига нисбатан 2021 йил 21 октябрда қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилгани ҳам қайд этилган. 

Валижон Калонов ўз чиқишларида Ўзбекистонда “коррупциянинг бошида президентнинг ўзи тургани”, у “Хитойдан, унинг раҳбари Си Цзиньпиндан, шунингдек, Россия президенти Путиндан қўрқиши”ни кўп бора айтган. 

“Чунки Путин сизни амалга олиб келиб қўйган”, деганди жиззахлик фаол интернетдаги чиқишларидан бирида. 

Унинг мажбурий даволаниши белгиланган Самарқанд руҳий касалликлар шифохонаси ўта қаттиқ тартиби билан танилган. 

Бу ерда марҳум президент Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов 11 йил давомида мажбурий сақланган ва “даволанган” эди.

Жамшид Каримов мустақил журналистлар билан суҳбатларидан бирида “у ерга кириш беморнинг энг яқинлари учун ҳам жуда қийин” эканини маълум қилганди. 

Валижон Калоновнинг “Элтуз” билан гаплашган яқинларидан бири унинг руҳий касалликлар шифохонасидан қачон чиқишини билмаслигини айтиш билан кифояланди.

Elruz.com

Тағин ўқинг
17 август 2017
Матлуба Азаматова 1965 йил Андижон шаҳрида туғилган. Максим Горький номли Адабиёт институтида таҳсил олган. Британиянинг IWPR институти ва Би ...
20 ноябр 2015
Пахта кампаниясини юритаëтган коалиция бугун Жаҳон банкига мактуб юбориб Ўзбекистонда мажбурий меҳнат тўхтамаëтгани борасида ўз ҳавотирини билдирди. Ҳусусан Жаҳон ...
3 октябр 2018
Дубайдаги қимматбаҳо меҳмонхонага 2 октябрда келиб жойлашган Гулнора Каримова аслида бошқа одам бўлиб чиқди. «Элтуз» манбасининг хабар беришича, Дубайга ...
23 феврал 2016
Рассом Элсевар ўзбекистонлик қарияларнинг пенсияларини пластикка ўтказиш билан боғлиқ ижтимоий муаммоларини ҳажв мўйқаламига тортишда давом этади. Дўконларда, ёзилмаган қоидаларга ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...