Асосий мавзулар
7 апрел 2022

Ўзбекистон пахтачилик соҳасида сезиларли хатарлар сақланиб қолмоқда

Apparell Insider нашри учун махсус ёзилган ушбу мақолада Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми вакили Лин Швайсфурт Ўзбекистон пахтачилигида тизимли мажбурий меҳнат тугатилиши муҳим воқеа бўлса-да, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ жиддий хатарлар сақланиб қолаётганини таъкидлайди.

Ўзбекистон ҳукумати тизимли, давлат томонидан ташкиллаштириладиган мажбурий меҳнатга барҳам берилганидан сўнг ўзбек пахтасига бойкот бекор бўлганини тантана қилаётган бир пайтда фермерлар ўзларига қарши кайфиятдаги тизим ҳукмронлиги остида қолмоқда. 

2021 йилги пахта терими мавсумига оид мустақил мониторинг натижалари тизимли мажбурий меҳнатдан фойдаланилмаганини кўрсатгани “Cotton campaign” коалициясини ўзбек пахтасига бойкотни бекор қилишга ундади. Бу Ўзбекистон ҳукуматининг пахта секторида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни тўхтатиш мажбуриятини бажаргани далили ва муҳим ютуқ бўлди. 

Бойкотни бекор қилиш қарори миллий даражада, жумладан, телевидениеда кенг ёритилди. Бу ютуқ фуқаролик жамияти вакиллари томонидан ўн йилдан ортиқроқ вақт мобайнида амалга оширилган кампаниянинг ажойиб муваффақияти тарихини ифодалайди.  

Бироқ Ўзбекистонда пахта етиштириш билан шуғулланаётган ўн минглаб фермерлар ва қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари ҳақида маълумотлар кам. Қишлоқ хўжалиги соҳаси хусусийлаштирилишига қарамай, унинг устидан советча усулда ўрнатилган давлат назорати сақланиб қолмоқда. Фермерлар давлатнинг деярли тўлиқ раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. 

Давлат барча қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага беради ва аксарият фермерларда бу ҳужжат нусхаси бўлмайди. Шартномалар давлат амалдорларида сақланади. Давлат пахтанинг минимал нархини, пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириладиган ер ҳажмини белгилаб беради. 

Фермерлар бу майдонларда хусусий компаниялар ёки кластерлар (пахтани қайта ишловчи вертикал интеграциялашган компаниялар) учун маҳсулот етиштириши шарт. 

Пахтачилик соҳасини хусусийлаштиришга киришилган 2018 йилда фермерларга бу янги “ўйин”да уларнинг манфаатлари инобатга олинмагани ва қоидалар уларга қарши қаратилгани аён бўлди. 

Пахта-тўқимачилик кластерлари давлат амалдорлари кўмагида ўзлари фаолият юритаётган туманларда монопол назоратдан фойдаланмоқда. Тўғри, айрим фермерлар янги тизимдан манфаат кўрмоқда. Аммо бу улар мавжуд қоидалар уларни ҳимоя қилаётганидан эмас, балки маҳсулотни олаётган кластерлар фермерлар билан муносабатда ҳалолликка интилаётганидандир. 

Кўплаб фермерлар инжиқ “ўйинчилар” қурбонига айланмоқда. Ерни ноқонуний мусодара қилиш, пахта харид нархи кўрсатилмаган бўш шартнома қоғозлари, тўловлар амалга оширилмаслиги, асоссиз режалар, паст фоизли кредитлар олиш ва ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ўғит каби воситаларни адолатли нархларда етказиб беришда кластерларга тўла қарамлик ўзбек фермерларини ўта қийин иқтисодий аҳволга тушириб, ҳуқуқий ҳимоясиз қолдирди. 

Янги монополиялар

Ўзбекистоннинг эскирган қишлоқ хўжалиги тармоғини модернизациялашга доир қатор ислоҳотлар, жумладан, президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари моҳиятан фермерлар эмас, хусусий пахта кластерлари манфаатига хизмат қилади. 

Бу жараёнда инвестиция ва янги иш ўринлари яратиш бўйича мужмал мажбуриятлардан ташқари, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишчилари турмуш тарзига таъсир масаласига кам эътибор қаратилди. 

Натижада пахта ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, шунингдек, кенг эксплуатация имкониятлари борасида кластерлар давлат амалдорлари иштирокида кучли назорат ўрнатадиган квазифеодал тизим яратилди. Кластерлар давлатдан ер, сув ва ип йигирув фабрикалари, шунингдек, ички ирригация тизимлари ва гидротехника иншоотлари устидан назорат қилиш ваколатини қўлга киритди. 

Яқинда қонунчиликка битта туманда биттадан ортиқ кластер тузишга имкон берадиган ўзгаришлар киритилганига қарамай, хусусийлаштириш жараёни қарамлик ва маҳаллий монополияга асосланган тизим пайдо бўлишига олиб келди.

Ҳукумат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги иштирокини давом эттираётгани вазиятни янада оғирлашмоқда. Ҳудудий ҳокимликлар ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хўжаликлар кластер учун етиштириши мажбурий бўлган ер тақсимоти ва пахта ҳажмини белгилаб беради. 

Ишлаб чиқариш кўрсаткичларини амалдорлар белгилайди. Агар бу режалар бажарилмаса, амалдорлар фермерлардан ерни тортиб олиш ҳуқуқига эга. Қолаверса, кўп ҳолларда ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳаддан зиёд белгиланади. 

Танлов ҳам, савдолашиш имконияти ҳам йўқ

Кластерлар пахта етиштириш, етказиб бериш ва қайта ишлашнинг барча жабҳаларини назорат қилгани боис, фермерларнинг пахтани ўз туманидаги кластерга сотишдан бошқа чораси қолмайди. 

2021 йилги пахта йиғим-терими мавсумида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми кузатувчилари 76 нафар фермер билан суҳбатлашди. Уларнинг барчаси пахтани кимга топширишда танлов ҳуқуқи йўқлиги уларни нарх ва шартнома шартлари борасида савдолашиш имкониятидан маҳрум этишини билдирди. 

Президентнинг 2021 йил ноябрда қабул қилинган янги фармони фермерларга ўз ҳудудидаги исталган пахта-тўқимачилик кластери билан пахта хомашёси бўйича фьючерс (олдиндан молиялаш) шартнома тузиш имконини беради. Бироқ аслида фермерлар ҳали ҳам ўз мижозларини танлай олмаётгандек кўринади. 

Шу боис, 2021 йилги пахта терими мавсумида фермерларнинг ярмидан кўпи бозор қонунлари инкор этилаётган бундай шароитда ўзлари шартнома тузган кластердан норози эканини айтгани ажабланарли эмас. 

2022 йил бошида бошқа туманлардаги кластерлар билан шартнома тузишга уринган фермерлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳудудий бўлимлари ва туман мутасаддиларининг маъмурий тўсиқларига дуч келди. 

Янги фармонга қарамай, Қишлоқ хўжалиги бошқармаси фермерлар томонидан тузилган шартномаларни рўйхатдан ўтказишдан бош тортди. Ҳолбуки, бу жараён шартноманинг ҳақиқийлигини тан олишнинг зарурий шартидир. Туман раҳбарияти билан бўлиб ўтган учрашувда, фермерларнинг сўзларига кўра, прокурор “ўз туманида етиштирилган пахтани бошқа туманга жўнатишга рухсат бера олмаслиги”ни айтган.

Исми ошкор этилишини истамаган хоразмлик фермернинг билдиришича, унинг 2022 йилда кластер билан пахтанинг кафолатланган нархини муҳокама қилишга уринишлари натижа бермаган. 

Бунинг ўрнига туман қишлоқ хўжалиги бўлими раҳбари унга номаълум миқдордаги пахтани номаълум нархда етиштириб бериш мажбурияти белгиланган бўш шартномани имзолашга мажбурлаган. Акс ҳолда у еридан ажралиб қолишини айтишган. 

Афтидан, шартномалар бўйича ҳуқуқбузарликлар кенг тарқалган кўринади. 2022 йил 6 март куни телеграм тармоғидаги “Фермерга мадад” гуруҳида эълон қилинган сўров натижаларига кўра, 1303 фермердан 899 нафари кластерлар билан тузилган фьючерс шартномаларда уларга 2022 йилги пахта ҳосили учун тўланадиган нарх кўрсатилмаганини маълум қилган. Қатор ҳолатларда 2019 йилда топширган пахтаси учун шу пайтгача ҳақ олмаган фермерларни ҳам шартнома имзолашга мажбурлашган. 

Вакилликнинг йўқлиги

Барча фермерлардан мажбурий аъзолик бадали ундирувчи Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши гўёки фермерлар манфаатларини ифодалаш учун тузилган квазиҳукумат орган ҳисобланади. Кенгаш шикоятларга жавоб қайтармайди, айрим ҳолатларда унинг жойлардаги вакиллари бўш шартномаларни тасдиқлайди. 

Фермерларнинг кенгашни демократлаштиришга уринишлари қатъиян рад этилди, фермерларнинг мустақил уюшмасини ташкил этишга уриниши ҳам Ўзбекистондаги бошқа фуқаролик жамияти ташаббуслари каби рўйхатдан ўтишда кўплаб тўсиқларга учради.

Янада кўпроқ бузилган шартномалар

Бир гуруҳ мустақил фермерлар 2022 йилги пахта ҳосили учун ўзларининг манфаатларини ифодаловчи фьючерс шартномалар тузиш борасида музокаралар ўтказгани катта муваффақият бўлиб кўринганди. 

2022 йил 5 февралда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши, Кластерлар уюшмаси ва фермерлар вакиллари иштирокида пахта учун фьючерс шартноманинг якуни намунавий шаклини муҳокама қилиш масаласида виртуал учрашув ўтказилди. 

Шартнома фермерларга ўзлари истаётган ҳимояни, жумладан, кластерлар билан келишув имзолашга қадар минимал харид нархини белгилаш, шартномаларда бўш бандлар бўлмаслиги, кластернинг умумий пахта шартномавий нархининг 70 фоизигача қисмини олдиндан тўлаш мажбурияти, фермерларга ўғит ва ёнилғини кластердан ташқари бошқа таъминотчилардан олиш имкониятини тақдим этиши лозим эди. 

Бироқ тадбирнинг якуний натижаси давлат фуқаролар устидан ҳукмронлигидан ўзи билганича фойдаланишига яққол мисол бўлди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги янги шартноманинг намунавий шаклини жорий этиш ўрнига маҳаллий амалдорларга эскича шартномани жўнатди. Вазирлик шартноманинг анжуманда тасдиқланган асосий шартлари ҳақида эслатиб ўтишни ҳам ўзига эп кўрмади. 

Кластерларга қарамлик

Айрим фермерлар ўзларини эксплуатация қилаётган кластерлар билан музокараларда устуворликка эришиш учун кооперативлар ташкил этди. Бироқ давлат амалдорлари ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги бўлимлари бошқа фермерларнинг кооперативлар билан шартнома тузишига йўл қўймай, амалда уларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйди. 

Кооперативлар билан ишлаш истагини билдирган баъзи фермерларга мансабдор шахслар жиноий жавобгарликка тортиш билан таҳдид қилди ва янги тузилмага қўшилмаслик тўғрисида “расман огоҳлантирди”. Пировардида фермерлар ўз туманидаги ягона пахта кластери билан бўш шартномаларни имзолашга мажбур бўлди. 

Кластерлар молиявий таъминот олишда ҳам устувор мавқега эга бўлди. Ҳозир фақат кластерлар Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан паст фоизли кредит ололади, фермерлар эса фақат кластерлар орқали кредит олиш имкониятига эга. 

2020 йилда қабул қилинган қонунчиликда фермерлар ва кооперативлар кластерларга тааллуқли имтиёз ва субсидиялардан тенг фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги кўрсатилган бўлса-да, 2021 йил ноябрда имзоланган навбатдаги фармон фермер ва кооперативларнинг Қишлоқ хўжалиги жамғарма кредитларидан амалда фойдаланиш имкониятини йўққа чиқаради ва мустақил ишлашга интилаётган фермерларга тўсиқларни кучайтиради. 

Пахта далаларида тизимли мажбурий меҳнатга барҳам берилгани тантана қилинаётган бир пайтда инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳали сезиларли хатарлар сақланиб қолаётганига яққол ишора бермоқда. 

Бу хатарлар ҳукумат томонидан фуқароларнинг уюшиш эркинлигини ҳимоя қилиши борасида олдинга силжиш йўқлигида кўринади. Бундай эркинлик фермерларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари кенгайишига, эксплуатацияга учраши муаммоси ҳал бўлишига, шунингдек, фуқаролик жамиятининг ҳуқуқбузарликларни мониторинг қилиш ва ҳисобдорлиги бўйича имкониятлари ошишига йўл очади. 

Мустақил касаба уюшмалари, мустақил нодавлат нотижорат ташкилотлар ва кооперативларни рўйхатдан ўтказмасдан, шунингдек, сўз ва уюшмалар эркинлиги тобора чекланиб бораётган муҳитни бартараф этмасдан туриб Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг янги баҳори жуда қисқа бўлиши мумкин.

Apparel Insider тўқимачилик саноати соҳасига оид янгиликлар ва таҳлиллар платформаси ҳисобланади. 

Тағин ўқинг
9 август 2016
Давлат тадбирларида тор чалинмаслиги лозимлиги тўғрисида тавсиялар берилганини айтган Озодлик радиосига кўра, Ўзбекистонда тор чалиш бўйича махсус таълим тўхтатилган ...
12 феврал 2020
Гапнинг қисқаси, «Илҳом» театрини ўз ўрнида қолдиришга эришилди. Аммо Тошкентдаги «Илҳом» театри атрофида гап чувалашди. Ижтимоий тармоқларда «Илҳом» театр ...
31 август 2018
Тунги клуб қўриқчилари билан пичоқлашувда 8 август куни тошкентлик спортчи Жамшид Кенжаевнинг ўлими ортидан мамлакатда «тозалаш» ишлари бошлаб юборилди. ...
29 март 2017
Президент Мирзиёевнинг 7 мартдан кучга кирган қарори ортидан дори дармон тақчиллашуви билан боғлиқ жиддий муаммолар келиб чиқмоқда. Андижон шаҳридаги ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...