Сурхондарёдаги интернатда ўқувчиларнинг заҳарланиши ортидан жиноий иш очилди
Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатида шу йилнинг 18 январь куни ўқувчилар овқатдан заҳарланганлиги ҳақида Элтуз хабар бергани ортидан кўплаб эътирозлар билдирилган эди.
Бугунга келиб Болалар омбудсмани мактаб болаларининг заҳарланиши юзасидан олиб борилган ўрганиш ишлари ҳақидақуйидаги маълумотни берди.
Аниқланишича, ушбу мактаб-интернатга аутсорс хизмати кўрсатган хусусий корхона томонидан истеъмолга яроқсиз бўлган маҳсулотлардан сифатсиз озиқ-овқат тайёрланиши оқибатида 33 нафар ўқувчи «Ўткир гастрит» аломатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Ҳодиса тезкор-тергов гуруҳи томонидан ўрганилиши натижасида мактаб ошхонасидан олинган айрим маҳсулотлар санитария меъёрлари қоидалари ва гигиена нормалари талабларига жавоб бермаслиги, ҳамда ошхона жиҳозларидан фойдаланиш тартиб қоидаларига риоя қилинмаганлиги, бу эса болалар ўртасида юқумли ошқозон ичак касалликлари билан касалланишга олиб келганлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан Сариосиё туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу ўринда, айрим холатларга эътибор қаратсак. “Замон” мухбирига шифокор болалар овқатдан заҳарланмаган деб айтганди. Биз буни шубҳа остига олгандик. Ўшанда шифокор ёлғон гапиришга мажбурланганмиди ёки маҳаллий журналист? Нега бизда доимо бўлар иш бўлди, ёпиқ қозон ёпиқлигича қолсин қабилида иш тутишади? Кимнингдир ёпиқ қозони, ким учундир айни қозондаги овқатдан заҳарланган 33 нафар вояга етмаган болалар ҳаётидан азизми?
Элтуз уйдаги гапни кўчага олиб чиқади. Каналимизга обуна бўлинг, видеоларимизга лайк босинг.