Асосий мавзулар
13 январ 2025

Ҳужжатсиз қурилиш, томдан чакка ва сув муаммоси – ЭП197

Янги Ўзбекистоннинг эски муоммолари. Ҳужжатсиз қурилаётган уй, ойлаб олиб кетилмаётган чиқинди, кўпқаватли уйларга етиб бормаётган сув. Андижон, Зарафшон, Шовот, Жарқўрғон ва пойтахтнинг Яккасарой тумани турғунлари шикояти.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Элтузга узлуксиз ёғилаётган мурожаатлар уларнинг маҳаллий ҳукумат эътиборидан четда қолиб кетаётганини кўрсатмоқда. Муаммолар ечими Элтуз порталида. Бизга ёзинг, видеоларимизни баҳам кўринг! Эслатиб ўтамиз бугунга келиб  ютубдаги каналимиз обуначилари сони 718 мингдан ошди. Каналимизга обуна бўлинг. Экран остидаги спонсорлик, суперчат, суперстикер тугмаларини босиб Элтуз канали ҳомийларидан бири бўлинг. 

Демак бугун эътиборингизга тақдим қилмоқчи бўлганимиз дастлабки мактуб Андижон шаҳридан. Собиқ Автошох бекати ҳудудида ҳужжатсиз кўп қаватли уйлар қурилаётгани иддао қилинмоқда.   

1.

«Ҳурматли Элтуз  канали жамоаси!

Сизларга кўплаб мурожаатлар келиб тушгани ва уларнинг ечими топилганига гувоҳ бўлганман. Бугун эса Андижон шаҳрида юзага келаётган бир ҳолат бўйича ўз ташвишимни билдирмоқчиман.

Собиқ Автошох бекати ҳудудида ҳеч қандай ҳужжатсиз кўп қаватли уй қурилмоқда. Ўтган йили Андижон шаҳар кадастр ходимлари ушбу ерда қурилишнинг ҳужжатлари йўқлигини билдирган эди. Дом қурилиши яхши, лекин ҳужжатсиз амалга оширилиши кўп одамларнинг алданишига сабаб бўлиши мумкин. Бир қаватда икки хонадондан етти қават бўлса, жами 14 хонадон дегани. Агар оддий одамлар бундай ҳужжатсиз уйларни харид қилиб, кейин афсусланса, бу катта муаммо бўлади.

Шунингдек, бизнинг эшитишимизча, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси раҳбари Фаёзиддин Бердиқуловнинг яқин кишиларидан бири Носиржон исмли ходим ушбу қурилишнинг ҳужжатларини тайёрлаб, уни қонуний қилиб кўрсатишга ваъдалар берган. Бундай ҳолат ерларнинг ноқонуний талон-тарож қилинишига олиб келиши мумкин.

Бизнинг қурилишга қаршилигимиз йўқ, лекин бу иш қонуний равишда амалга оширилишини талаб қиламиз. Ҳеч ким ҳужжатсиз уйлар сабаб оддий аҳолининг манфаатларига зарар етказмаслиги керак.

Ҳурматли масъуллар! Ушбу масалага эътибор қаратишингизни, ҳолатни адолатли кўриб чиқишингизни сўраймиз. Халқпарвар ва фидойи инсонлар борлигига ишонамиз!

Ишларингизда омад тилайман.» дея ёзади андижонлик Элтуз обуначиси.

Кейинги шикоят Жиззах шаҳридан. Сайхан МФЙ турғунлари кўп қаватли уйларига ичимлик суви тармоғи етказиб берилмаган

«Ассалому алайкум, Элтуз оға!

Биз, Жиззах шаҳар Сайхан маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси номидан мурожаат қилмоқдамиз. Маҳалламизда 8 та собиқ иттифоқ даврида қурилган икки қаватли, кўп қаватли уйлар ва кўплаб ҳовли-жойлар мавжуд. Сув таъминоти умумий кранлар орқали амалга ошириларди, аҳолимиз навбатда туриб, шундан сув оларди.

Аммо яқинда маҳалламиздаги кўп қаватли уй аҳолиси алоҳида сув линияси ўтказмоқчи бўлди. Бу жараёнга масъул ташкилотлар бош-қош бўлиб, ишни бошлашди. Афсуски, ходимларнинг масъулиятсизлиги туфайли марказий сув линияси шикастланди ва сув таъминоти бутунлай тўхтаб қолди. Ишни хаспўшлаш мақсадида аҳолига ёлғон ваъдалар берилиб, масъуллар муаммодан қочиб кетишди. Қолаверса, аҳолига хизмат кўрсатадиган қудуқ ҳам қуриб қолган.

Сувни қайта улаш учун Зарафшон дарёсидан тортилган линия ваъда қилинди, лекин бу иш 4-5 ойдан бери бажарилмаяпти. Аҳоли эса ҳафтада бир марта сув ташувчи машина орқали сув олмоқда. Бу жараён ҳам кўплаб муаммолар билан кечади: сув ташувчилар ўз вазифасини эътиборсиз бажаряпти, сув олишга улгура олмаган аҳоли эса оғир аҳволда қолмоқда. Машина ҳайдовчиларининг қўпол муносабати, халққа қилинган миннат ва бошқа муаммолар ҳам ҳолатни янада чигаллаштирмоқда.

Бундан ташқари, кўп қаватли уйлар учун қазилган линия, қудуқ ва марказий сув тармоғи ҳамон таъмирланмай, очиқ ҳолда қолмоқда. Ажратилган маблағлар қаерга кетди? Давлат мулкини назорат қилувчи органлар нега бу ҳолатга кўз юммоқда?

Ҳурматли масъуллар! Сайхан МФЙ аҳолисининг дардига қулоқ тутиб, сув таъминотини қайта тиклашингизни ва масалага жиддий эътибор қаратишингизни сўраймиз.» дейишмоқда Жиззахнинг Сайхон маҳалласи турғунлари.

Бугунги учинчи мактуб эса Хоразм вилоятининг Шовот туманидан. Янги бурлоқ маҳалласи чиқиндилари «Тоза ҳудуд» идораси томонидан ойлаб олинмай келинаётгани иддао қилинмоқда.

3: “Тоза ҳудуд” машинаси ойда бир марта келади, холос

“Хоразм вилояти Шовот туман Янги бурлоқ маҳалласидан ёзмоқдамиз. Бизнинг маҳаллада “Тоза ҳудуд” яхши ишламайди. Ойда бир марта келади. Унда ҳам қўнғироқ қилиб зўрға чақирамиз. Ноябр ва декабрда бир мартадан келди. Ёз кунлари келмади ҳам. Чиқинди ташиш корхонаси фаолиятини назоратга олишларини сўраймиз” дея шикоят қилишмоқда Янги бурлоқликлар.

Навбатдаги шикоят Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманидан. Тўрт қаватли уй томидан чакка ўтмоқда.

4:

 “Мен – Бобомурод Саидов, Тошкент шаҳри Яккасарой тумани  Ж.Шоший кўчаси 4-уй 40/1а-хонадонда яшайман. Оилалиман, тўрт фарзандим бор.  Тўрт қаватли уйнинг сўнгги қаватида яшаймиз. Икки хонамдан ҳам чакки ўтади. 2 январ куни ҳам ёмғир ёғди, томдан яна чакки ўтди. Уй зах, болаларим касал бўлиб қоляпти. Порталга мурожаат қилганимда, менга ҳокимиятдан “ремонт қилинди” деган мазмунда хат жўнатишди, лекин ҳеч нима қилинмаган. “Дом”имизга қарайдиган ширкатга қўшнилар билан уч йилдан бери мурожаат қиламиз, лекин фойдаси бўлмади. Ҳолбуки, тўловларни озгина кечиктирсак, бизга хабар бермай судга, МИБгача ариза беришади. Ҳолат юзасидан амалий кўмак сўрайман” дея шикоят қилмоқда томидан чакка ўтаётган тошкентлик фуқаро.

Ва ниҳоят сўнгги шикоят Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманидан. Маслаҳаттепа маҳалласи ҳудудидаги бу жойлар ташландиқ аҳволда…

5.

 “Сурхондарё вилояти Жарқўрғон  туманига киришда, Маслаҳаттепа маҳалласи ҳудудидаги бу жойлар хароб ва ташландиқ аҳволда. Чиқиндилар йиғилиб қолган. Бу ерга “Яшил макон” дастури бўйича кўчат экилган, лекин кўчатлар суғорилмаган. Маҳалла, сектор ва туман масъуллари ҳудудни обод қилишга қачон эътибор қаратади?” дея ёзғиради Сурхондарёнинг Маслаҳат тепа маҳалласидаги Элтуз обуначиси.

Ва бу сизга етказганимиз бугунги сўнгги мурожаат эди. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам чоп қилишга интилади. Эслатиб ўтамиз, айни сонияларда ютубдаги каналимиз обуначилари сони 705 мингдан ошди.  Каналимизга обуна бўлинг. Агар кўрсатувимизни қўллаб қувватламоқчи, ёки айрим ёпиқ видеоларни кўрмоқчи бўлсангиз спонсорлик тугмаларини, Суперчат, супер стикер ва супер рахмат тугмачасини босинг.  Соғ бўлинг.

Тағин ўқинг
19 январ 2017
Истанбул Террорга қарши мужодала шўъба мудирлигида 45 соатдан бери давом этаëтган терговда Ўзбекистон ватандоши Абдуқодир Машариповнинг терговчилар саволларига берган ...
5 октябр 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоят мактубини ўқиймиз. Улар Ўзбеистоннинг Жиззах, Андижон, Тошкент, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан келган. Дастлабки ...
28 сентябр 2016
Ўзбек халқининг буюк шоири Рауф Парфи 1943 йилнинг 27 сентябрида туғилган эди. Ушбу сана муносабати билан унинг яқин дўстларидан ...
2 май 2015
Бу бахслар НКВД- КГБ пропагандаси яратган заҳарли заминда ўсган мутант дарахтлар меваси каби туюлди менга. Мамлакатда на Чор мустамлакачиларига ...
Блоглар
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...
7 январ 2025
Ижтимоий тармоқларда “1000китоб” лойиҳаси бўйича турли гап-сўзлар айланиб юрибди. Мансаб талашуви, зиёлиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб, бир-бири ...
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...