Асосий мавзулар
10 июн 2023

10 июнь – Ўшда ўзбекларга қарши этник қирғин бўлган эди

2010 йилнинг 9 июнидан 10 июнига ўтар кечаси Қирғизистон жанубида оммавий қотилликлар бошланди ва унинг қурбонлари асосан маҳаллий ўзбеклар бўлди.

Расмий маълумотларда Ўш шаҳрида бошланган ва кейинчалик Қирғизистон жанубидаги бошқа ҳудудларга ёйилган этник низолар чоғида 470 киши ўлгани, 42 киши бедарак кетгани айтилади.

Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июнида содир бўлган воқеаларни ўрганиш бўйича Халқаро мустақил комиссия ҳисоботига кўра, «воқеалар кўплаб инсоний қурбонлар ва вайронгарчиликлар келтирди, аксарият қурбонлар маҳаллий ўзбеклар бўлди».

Ҳисоботда, жумладан, 470 нафар атрофида одам ҳалок бўлгани ва бу рақамнинг янада ўсиши мумкинлиги билдирилади.

«1900 одамга шифохоналарда турли тиббий ёрдамлар кўрсатилди. Минглаб одамлар жойларини тарк этишди. 111 000 одам Ўзбекистонга кўчди ва тағин 300 000 нафар одам мамлакат ичида бошқа ҳудудларга кўчирилди. Аксарияти маҳаллий ўзбекларга тегишли бўлган катта миқдорда мулкларга зарар етказилди.  Жами 2800 шахсий мулкка зиён етказилди», дейилади Халқаро мустақил комиссия хисоботида.

Тоғлик қирғизлар босқини чоғида Ўш ва Жалолобод вилоятларида уйи ёндирилган ўзбекларнинг айримлари бугунги кунда шаҳар чеккасида қурилган кўп қаватли уйларга кўчирилган, бироқ воқеалар чоғида маҳаллий ўзбек қочқинлари Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга кўчишга мажбур бўлишган, бугунги кунга қадар кўпларининг тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Мамлакат жанубида яшаётган ўзбекларга қарши энг қонли хунрезликлар тепасида ўша пайтдаги давлат тўнтаришидан манфаатдор кучлар тургани ҳам мудом айтиб келинади.

2005 йили Акаев ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг унинг ўрнини эгаллаган Қурманбек Бақиев қисмати ҳам 5 йил ўтиб айни шундай якун топади. 2010 йил апрель инқилоби унинг режимини ағдаради. Бақиев мамлакатни ташлаб қочишга ва Беларусдан бошпана олишга мажбур бўлади.

Қирғизистоннинг ундан кейинги президенти Алмазбек Атамбаев Россия сиёсатига шаъма қилиб, 2010 йилги Ўш қирғинини хорижий махсус хизматлар генераллари уюштиргани ҳақида баёнот берган эди.

Воқеалар қандай бошланди?
rasm1121

7 апрель – Бақиев ҳокимиятдан ағдарилди.

8 апрель – Бақиев Жалолобод вилоятидаги она қишлоғига кетди. Айни шу куни Бишкекда миллатлараро нафратга асосланган биринчи шиорлар пайдо бўлди.

9 апрелдан то шу кунгача яҳудий, корейс ва бошқа миллат вакилларидан иборат ишбилармонларнинг мол-мулкларини қайта тақсимлаш сиёсати нишони бўлиб қолмоқда. Бунга Россия ишбилармонларига тегишли экани иддао қилинаётган «Алфа телеком» ширкати атрофидаги жанжалларни мисол қилиш мумкин.

15 апрель – Жалолободда бақиевчилар фаоллашди.

20 апрель – Маевка қишлоғида тартибсизликлар рўй берди. Этник туркларга тегишли 7 уй ёқиб юборилди, беш одам ўлдирилди. Маевка воқеасида айбланиб судланган 5 кишидан 4 нафари шартли жазога ҳукм қилинди.

13-14 май – Жалолободда ҳокимиятни эгаллаш мақсадида бақиевчилар тартибсизликлар уюштирдилар. Бу тартибсизликлар раҳбари сифатида президент маслаҳатчиси Усен Сидиқов қамоққа олинди.

15 май – муваққат ҳукумат тарафдорлари, жумладан, жалолободлик ўзбеклар бақиевчиларга қарши курашга чиқдилар. Жалолобод ҳокимлиги яна муваққат ҳукумат назоратига олинди. Бақиевнинг Жалолобод яқинидаги Тейит қишлоғидаги уйига ўт қўйилди. Қурманбек Бақиев Қирғизистонни тарк этди.

Май ойининг кейинги кунларида Жалолободда қирғиз миллатчилари томонидан миллатлараро нафратга асосланган митинглар ўта бошлади. Бу митинглар ортидан 2010 йилнинг 10 июнь куни Ўш қирғини бошланди.

Воқеалар юзасидан бугунга қадар уч мингдан зиёд жиноят иши очилган, 545 киши жиноий жавобгарликка тортилган. Улардан 400 нафари ўзбек, 133 нафари қирғиз ва саккиз нафари бошқа миллат вакилларидир.

Халқаро кузатувчилар томонидан қирғиз маҳкамалари фақат ўзбекларни айблаш йўлида адолатсиз тергов олиб боргани, ҳукмлар чиқарганини айтиб келишади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 март 2016
Вазирлар Маҳкамасининг 2 март куни чиқарилган янги қарорига кўра, Мулозим пора олмаслиги, уят гап билан сўкмаслиги ва тижорат билан ...
24 июн 2018
Россиялик футбол шарҳловчиси Василий Уткин Аргентина-Хорватия ўйини пайтида халқаро нуфузи баланд бўлган ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматовни «эшакнинг ўғли» дея ...
22 май 2023
Ўзбекистоннинг ўрисқул ҳукумати яна бир санкцияга тушган Украинага қарши уруш айбдорини Тошкентга чақириб сийлади. Украинадаги ëш гўдаклар ва хотин ...
14 сентябр 2017
Ўзбекистон телевидениесида эфирга узатилган «Отиннинг сўнгги «ови» кўрсатуви ижтимоий тармоқларда қизғин мунозараларга сабаб бўлмоқда. Кўрсатувда бир гуруҳ аёллар «ноқонуний ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...