ART-DURBIN
27 сентябр 2016

Тошкентда ўтиши кутилган Биеннале ҳам Каримов каби сирли ўлимга юз тутдими?

Жорий йилнинг 7 октябрида Тошкентда очилиши кутилган Замонавий санъат Биенналеси қолдирилгани ҳақида расмий бўлмаган хабарлар урчиди.

rasm3075
Биеннале 2013 очилиши. Фото: study-uzbektourism.uz

Бу йилги Биеннале маҳаллий мулозимларнинг “Гулнора Каримовасиз ҳам эплаймиз” деган иддаоси ижобати ўлароқ режаланган эди.

Аммо ҳаммаси аянчли тугади. Биенналенинг бўлмаслиги ҳақидаги маълумотлар марҳум Ўзбекистон раҳбари ўлимининг ëритилишига жуда ўхшаб кетяпти.

Яъни Биеннале бекор қилингани ҳақида аниқ расмий хабар йўқ. Лекин ҳамма Биенналенинг, номаълум сабабларга кўра, бекор қилинганини аниқ-тиниқ билиб турибди.

Баъзилар сиëсий сабабларга кўра бекор қилинди деган иддаоларни саслантирмоқда.

rasm3073
2009 йилги Тошкент биенналеси. фото: sanat.orexca.com

Бекор қилиниш сабаблари ëлғиз Оллоҳга аëн, аммо Ўзбекистоннинг тасвирий санъат оламидаги обрўсига бу сафар жиддий зарар етгани аниқ.

Бироқ, эртами кеч Биеннале қолдирилгани сабабларни биламиз, ҳудди Каримов ўлими сабаблари кеч бўлса ҳам “расман” айтилгани каби.

Биеннале ташкилининг заиф экани эса бугуннинг ҳақиқатидир.

Ташкилотчилар ҳатто Биеннале учун алоҳида сайт очишга ҳам эринишган.

Биеннале куратори санъатшунос Нигора Аҳмедова хоним ëки унинг шотирлари билан боғланишнинг ҳам иложи йўқ.

rasm3076
Биеннале куратори, санъатшунос Нигора Ахмедова, 2011 йил. Фото: art-blog.uz

Биенналенинг қоғоздаги ташкилотчиси бўлган Бадиий академия ҳам ҳеч бир тарзда изоҳ бермаяпти.

Гўëки Биенналенинг қолдирилгани президент ўлими каби давлат сиридир.

Тадбирда қатнашиши ташкилотчилар “шарофати билан” сир тутилган рассомларнинг қайғули аҳволи ҳақида фақат тахмин қилишимиз мумкин.

Кейинги бир йил мобайнида бу тадбирга тайëрланган рассомлар юзига Ўзбекистондаги энг юқори мулозимнинг тупургани эса бундан-да қайғулироқ.

Ўзбекистонда замонавий тасвирий санъат ўгай ва кераксиз матоҳга айлантирилган.

Бир вақтлар Ўзбекистон Совет Ўрта Осиëсининг маданият санъат ва меъморчиликдаги илғор новатор ғояларнинг йўлчи юлдузи, байроқдор дарғаси эди.

bien2007_02
2007 йил. Гулнора Каримова биеннале иштирокчиларини тақдирламоқда. Фото: blog.afisha.uz

Марказий Осиëдаги энг яхши санъат билим юртлари, олийгох ва бадиий ижодхоналар Тошкентда эди. Ўрта Осиëнинг барча республикаларидан Тошкентга келиб санъат соҳасида таълим олишар эди.

Аммо бу энди ўтмиш хотирасига айланди.

Каримов маъмуриятининг “шонли” фаолияти Ўзбекистондаги санъат таълими тизимларининиг барча бўғинларини илон чаққани каби фалаж қилди.

Таълим тизими тотал коррупция, вайроналик ичига ғарқ бўлди. Малакаси шубҳали бўлган ўқитувчиларнинг турли аймоқлари ўртасида соғин сигир эмчаклари каби талаш бўлган санъат таълими пировардида сут бермайдиган қисир сигирга айланди.

Охири бу “сигир”ни ҳам сўйиб аймоқлар орасида гўштини хомталаш қилишди.

Талабалар замонавий санъат билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган ўлик қўлланмалар бўйича ўқитила бошланди.

2012 йилга келиб рассомлик коллежларининг ўзбек синфларида талабалар учун яланғоч натура (яланғоч тарзда ўтирган аëл ёки эркакнинг тиригига қараб. Таҳр.) расмини чизиш машғулотлари бекор қилинди.

Бундан олдин Ўзбекистонда Рассомлар уюшмаси йўқ қилинган эди. Уюшма рассомлар ҳақ-ҳуқуқларини оз бўлса ҳам ҳимоя қилиб турган идора эди.
Собиқ СССРда фақат Ўзбекистондагина уюшма йўқотилганини эслатмоқ лозим.

Буларнинг бариси Ўзбекистондаги тасвирий санъат ҳаëтини ачинарли ва зўрға кун кўрувчи тиламчининг аҳволига тушириб қўйди.

2000 йиллар бошида Ўзбекистон марҳум президентинимг тўнғич қизи Гулнора Каримова дунëда кечаëтган санъат ҳаëтига уйғун бир тадбир ўтказилишига бош қўшди.

Аммо дунëдаги тасвирий санъат оқимларидан ихоталанган ўзбек рассомлари халқаро мавқедаги тадбир яратишдан мосуво бўлгани муаммо ҳамиртуруши бўлди.

Оқибатда тасодифий расмлар жамламасидан иборат тартибсиз фестивал кўргазмалар паради ўтказилаверди. Бу “тадбир”ларнинг эса дунë тасвирий санъати билан ҳеч бир тарзда алоқаси йўқ эди.

Акмал Ризаев
Ўзбекистонлик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 апрел 2024
1994 йили акам Шуҳрат, укам Ғайрат ва мен Урганч шаҳрида мустақил телестудия ташкил этган эдик. Очилган кунидан буён уни ...
20 июл 2016
Сурхондарëнинг Қумқўрғон туманида туғилиб Беҳзод номли рассомлик институтини тугатган 26 яшар Адолатхон Тошкентда яшаб ижод қилади. Асосан китоб графикаси ...
28 июл 2016
Самарқандда марказий йўл чеккасида яшовчи аҳолига, томларини янги, махсус рангдаги шифер билан қоплаш ва уйи олдига бир ярим метрлик ...
7 сентябр 2018
Ўзбекистон ҳукумати 6 сентябрь куни Интернет веб-сайт саҳифаларидан фойдаланишни чеклаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ушбу низомга мувофиқ, тарқатилиши тақиқланган ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...