Асосий мавзулар
21 октябр 2016

Журналистлар сайловни қандай ёритишга ўргатилмоқда

«Халқ сўзи» газетаси (19.10) Ўзбекистонда 4 декабрда бўлиб ўтадиган президент сайлови кампаниясида иштирок этаётган журналистлар учун амалий семинар ўтказилгани тўғрисида хабар берди.

Мақола Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов «раҳнамолигида мамлакатда ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида демократик стандартларга тўла мос бўлган сайлов тизими яратилгани»ни иддао қилиш билан бошланади.

Кейин эса сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш бўйича қабул қилинган тадбирлар дастурини амалга оширишда иштирок этаётган ташкилотлар номи санаб ўтилади. Улар орасида ҳукуматнинг айтганидан бир қадам ҳам чиқмайдиган Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» фонди кабилар бор.

Демак, улар сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ҳукмрон доира манфаатларига мослаб юксалтиради, оддийроқ айтганда, маъмурий ресурс вазифасини бажаради, деган хулоса учун замин бордек назаримизда.

Шунингдек, мақолада сайлов кампанияси бошлангандан бери Ўзбекистон ОАВда 4,5 мингга яқин материал эълон қилингани, Марказий сайлов комиссияси томонидан маҳаллий ва хорижий ОАВнинг 500 дан ортиқ вакили аккредитациядан ўтказилгани билдирилган.

Биз ҳам баҳоли қудрат ОАВдаги сайлов билан боғлиқ материалларни кузатиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Эътиборли жиҳати шуки, улар деярли бир хил мазмунда бўлиб, президентликка номзодлар ҳақида (фақат «энг муносиб номзод»дан ташқари, албатта) бирор янги гап топа олмайсиз.

Сайловолди кампанияси деб кўп ёзилаётган бўлса-да, бечора партиялар ўз номзодларини (яна ўша битта «энг муносиб номзод»дан бошқалари ҳақида гап бормоқда) очиқ-ойдин тарғибот-ташвиқот қилишга кимдандир ҳайиқаётгандек таассурот уйғонмоқда.

Бу ёқда сайловни ёритишга ўргатилаётган журналистлар эса «демократик сайлов тизимимиз»ни мақташдан нарига ўта олмаяпти. Балки масъуллар уларни фақат шу нарсага ўргатаётгандир фақат. Яна ким билади дейсиз…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 сентябр 2018
“Интеграл Инвест” ширкати раҳбари, 18 ой ҳибсда қолган йирик тадбиркор 51 ёшли Жаҳонгир Умаров кассация шикоятидан сўнг 15 сентябрда ...
15 апрел 2017
Юнусобод имомининг профессионал гинекология билан эркакларнинг шуғулланишини танқид қилгани баробарида Ўзбекистондаги юзлаб “табиб ва азайимхонлар” аëл ҳасталикларини дам солиб ...
3 апрел 2018
Миллий хавфсизлик хизматининг меросхўри бўлган Давлат хавфсизлик хизмати ҳали ҳам мухолифатни мавжуд ҳокимиятнинг душмани деб билади. ДХХ раиси Ихтиёр ...
20 феврал 2017
Ўзбек президентининг Москвага сафарига тўғри келадиган сирли кўргазма ортидаги гап-сўзлар Россия матбуоти Нукусдаги Савицкий номидаги музей дурдоналаридан таркиб топган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...