Асосий мавзулар
19 июн 2018

Ўзбекистонда ҳибсга олинган Зокир Алиев ким?

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ўзининг facebokдаги саҳифасида билдиришича, 2014 йили АҚШ ватандошлигини олган асли қашқадарëлик Зокир Алиев АҚШда халқаро террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган “Ўзбекистон исломий ҳаракати”га аъзолик айби билан 16 июнь куни қўлга олинган.

ДХХ маълумотига кўра, 46 яшар чироқчилик Зокир Алиев мазкур гуруҳ фаолиятига алоқадорликда гумонланиб, 2000 йиллар бошидан Ўзбекистонда қидирувда бўлган. Алиев “қўлга олиш жараëнида ноқонуний фаолиятига иқрор бўлган”.

ДХХ баëнотига кўра, Алиев 2000 йили ЎИҲга байъат келтирган¸ Афғонистонда ҳарбий тайëргарликдан ўтиб¸ ҳукумат ва халқаро коалиция қўшинларига қарши жангларда қатнашган.

ЎИҲнинг бошқа аъзолари берган кўрсатмалар асосида Ўзбекистон ДХХси (собиқ МХХ) 2005 йили Алиевга нисбатан Жиноят Кодексининг 159 (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш), 223 (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) ва 2442 ( Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганлик айби билан 646-сонли жиноий иш қўзғатган.

«Элтуз» нашри Зокир Алиев (Зокир Али) билан Туркияда бирга ўқиган Баҳодир Файзга мурожаат қилиб бу шаҳс ҳақида маълумот сўради.

Баҳодир Файз: Мен таниган Зокир

Чапдан биринчи Зокир Алиев қочқинлар лагерида.

Ватанга қайтган Зокир Алиевни мен 1992 йилдан бери танийман. Ватанимиз мустақилликка эришганидан кейин, биз ёш талаба сифатида, билим олиш ва янги дунё тажрибаларини ўрганиш учун Туркиянинг ўша пайтдаги призеденти раҳматли Турғут Ўзол ташабуси билан Туркияга ўқишга бордик.

Ўқишимиз давом этар экан, 1994 йил Ўзбекистонлик талабаларнинг кўпчилиги сиёсий сабаблар туфайли Ўзбекистонга қайтариб олиб кетилди. Мен, Зокир ва яна икки талаба таҳсилимизни Туркияда тугатиш мақсадида Тошкент чақирувига бўйсунмасдан Туркияда қолишга қарор бердик. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси вакиллари ва Тошкентдан келган махсус вакиллар бизга турли таҳдидлар, зуғумлар ўтказишга ҳаракат қилишди, ўқиётган университетларимиздан ҳайдатиб кўришди, стипендияларимиз кесилди ва ҳоказо…

Бу қарор ҳаётимизнинг энг узун ва оғир қарори эканлигини у пайтлар тассавур ҳам қила олмаганмиз албатта. Мақсадимиз, ўқишимизни тугатиб, ватанга қайтиб, хизмат қилишдан ўзгача бўлмаган.

Бу қийинчиликларга қарамасдан, бир амаллаб ўқишимизни тугатдик. Ва ниҳоят 1999 йили машъум 16 феврал воқеалари арафасида яна Ўзбекистон элчихонаси вакиллари ва Тошкентдан келган МХХ бизни Туркиядан олиб кетиш учун таҳдид ва зўровонликлар уюштиришни бошлаганидан кейин, 1999 йили охирларида БМТ кўмагида сиёсий қочқин ўларақ АҚШга келиб яшашга қарор бердик.

Ўзбекистонда демократик тузум қурилиши истагида Туркияга келган ўзбекистонлик ёшлар билан семинарлар, суҳбатлар ўтказдик. Юқорида қисқача қилиб жамлаганим менинг Зокир ҳақида 1992-1999 йиллари талабалик давридан билганларим ва кўрганларимдир.

Зокир Алиев ва Баходир Файз Туркияга ўқишга боришган эди.

Америкага келганимиздан кейинги йилларда баъзи сабабларга кўра йўлларимиз айрилди, узоқ вақтдан бери кўришмаймиз, ватанга қайтгани ва ҳибсга олингани ҳақида интернет орқали хабардор бўлиб турибман.

Зокирга ДХХ тарафидан қўйилаётган айбловларни ўқиб тўғриси даҳшатга тушдим. Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда иддао этилаётган ислоҳатлар мантиғига тескари ва Каримов тузуми ҳиди анқиб турган қадам бу.

Айбловларга назар солсак, ҳеч бирида мантиқий бир асос йўқ. Бу ДХХ мантиғи билан ҳафвсизлик хизмати чет элда юрган ҳоҳлаган одамга тўқима жиноятлар занжирини илиб қўйиши мумкин. Кимларнингдир кўрсатмаларига кўра (ЎИҲ аъзолари эмиш) қўйилаётган айблов моддалари:

1) Конститициявий тузумга тажовуз қилиш ЖК 159 моддасини ҳар эркин фикирловчи шахсга ёки диний, сиёсий фаолиятда бўлган ватандошларимизга тиркаб қўйиш Каримов режимида удумга айланган эди, бу моддага ажабланмасак ҳам бўлади.

2) Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, ЖК 223 моддаси ҳам Зокир Алиевга нисбатан нотўғри. Ўзбекистон Олий Таълими вазирлиги талабаларни ўқишга бутун мавжуд қонун қоидалар доирасида юборган.

3) Афғнистонга борган дейиш ҳам ғирт туҳмат, қўлимизда эски совет паспортидан бошқа ҳеч вақо бўлмаган, чет элга чиқиш у ёқда турсин, яшаётган шаҳримиздан ҳам ташқарига чиқа олмаганмиз.

Зокир қочқинлик мақомини олгач, БМТ ҳимоясида Истанбулдан тўгри АҚШга келиб жойлашган эди.

4) ЖК 244 Диний экстримистик ташкилот қуриш, уларда иштирок этиш ва диний айбловлар эса жиддий исботи талаб қилиниши керак бўлган, хулоса чиқаришдан олдин жиддий текширувлар олиб борилиши керак бўлган моддалардир.

20 йил аввал бўлиб ўтган ҳодисаларга бир кечанинг ўзида «айбига иқрор бўлди» деб эълон қилиш ҳам эски тузум машинасининг ҳаммамиз билган усулларидан бири.

Зокир Туркиядан кўчишидан олдин, икки йилча 1997-1999 орасида Истанбулда яшади.

У пайтларда Истанбулда ўзбеклар жуда оз, кўпчилик бир-бирини танир ва алоқада бўлиб туришар эди. Жумладан, диний муҳолифат вакиллари, сиёсий мухолифат етакчилари ҳам кўришиб туришган.

Масалан, ўша вақтларда Истанбулда тижорат билан шуғулланиб юрган Зайниддин Асқаровни ҳаммамиз танир эдик.

Таҳминим, 1999 йилда Туркиядан ушлаб олиб кетилганлар ёки бу гуруҳларга аралашиб юрган ҳукумат айғоқчилариниг кўрсатмалари асос қилиб олинган бу ишда.

Лекин бу дегани Зокирга қўйилаётган айбловларнинг бирортасига далил бўла олмайди. Бу иш чет элларда юрган кўпчилик ватандошларимизга руҳий бир зарбадир.

Ўзбекистонда Каримов арвоҳлари ҳали ҳам кезиб юрар экан, ҳозир ватанга қайтиш бир сўз билан айтганда соддадиллик бўлади.

Баҳодир Файз. АҚШ. Питтсбург шаҳри.

«Элтуз» нашрида мавжуд маълумотларга кўра, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилишда айбланаëтган Зокир Алиев 1998-99 йиллар оралиғида Истанбулдаги диний радикал гуруҳлар, шунингдек Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаоллари турадиган ëтоқхонада истиқомат қилган. Айни ëтоқхонада 1999 йил февраль портлашларида айбланиб қамоққа олинган (ҳозирда марҳум) Зайниддин Асқаров ҳам яшаган.

Бу маълумотни блоггер Атабек Усманов ўзининг facebokдаги саҳифасида келтиради. Усмановга кўра, Зокир Алиев ўзбек мухолифати, ҳусусан «Эрк» демократик партияси ва унинг фаолларига тухмат қилиш ва ҳақоратлаш билан шуғулланиб келган. Усманов бу фикр исботи сифатида Зокир Алиев (Зокир Али)нинг ўзи ëзиб, turonzamin сайтида чоп қилган мақоласидан иқтибос келтиради.

”Яқинда мени таажжубга солган бошқа ҳолат юз берди. АҚШ Федерал текширув органи вакиллари, Муҳаммад Солиҳни ва ЭРКнинг у раҳбарлик қилаётган гуруҳи билан қизиқиб, менинг фикр ва қарашларимни билиш истагида эканликларини билдирдилар. Улар мендан бу гуруҳга алоқам бўлиб-бўлмаганини суриштирдилар. Шунингдек, бу гуруҳ ҳақида билишни истадилар. Мен ўзим билган воқеа-ҳодислар ҳақидагина гапира олишим мумкинлигини айтар эканман, улар кўпроқ “ЭРК” террори ҳақида билмоқчи бўлганликларини англамоқ қийин эмас эди. Албатта бундай жиддий ташкилотга ножиддий қараб бўлмасди. Шу сабаб, “ЭРК”нинг нималар билан шуғулланаётганини, нима фаолият қилаётганини, кўпроқ унга ўзини мансуб деб билган кишилардан ўрганиши мақсадга мувофиқ бўлиши фикрини айтдим.

Бундан ҳам кўриниб турибдики, “ЭРК” террор фракциясига айланган деган гап ҳамма жойга ёйилиб бўлган”.(Зокир АЛИ). (Муаллиф орфографияси айнан қолдирилди)

Бу матн парчасига изоҳ берган блогер “Ўзи қазиган чуқурга тушибди” дея ëзди.

«Элтуз» нашри терроризмда айбланиб Ўзбекистонда ҳибсда қолаëтган чироқчилик Зокир Алиев билан боғлиқ вазиятни кузатишда давом этади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 май 2018
Муҳаммад Бекжоннинг укаси Рашид Бекжон ҳам деярли Тошкентдаги 1999 йил 16 феврал портлаши содир бўлган куни қамалган акаси Комил ...
10 ноябр 2021
“Элтуз”га келган мактублардан бирида 26 октябрь куни Фарғона вилояти ҳокими ўтказган йиғилишда пахта теримига икки ҳафталик сафарбарлик эълон қилингани, ...
21 август 2019
Сўнгги кунларда сўмнинг кескин тарзда қадрсизлантирилиши сабабларидан бири ойдинлашди – ҳукумат нақд валютани аҳолига сотиш амалиётига ўтди.  Шу вақтгача ...
15 август 2018
Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси йиғилишида хотин-қизлар билан эркакларнинг биргаликда бассейнда чўмилишига эътирозли шикоятлар тушгани билдирилган. Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Элмира ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...