Асосий мавзулар
21 январ 2019

Каримованинг миллионларига янги даъвогар

16 январь куни Швейцариянинг «Tages-Anzeiger» газетаси америкалик бизнесмен ва Гулнора Каримованинг собиқ эри Мансур Мақсудий Каримованинг Швейцарияда музлатилган активларидан молиявий товон олишни истаётганини ёзди.

«Менинг оилам бу ўғирлик беиз кетишига йўл қўймайди, – деди Мансур Мақсудий газетага берган интервьюсида. – Бу ўғирликка аралашганларни оғир кунлар кутмоқда».

Америкалик тадбиркор Мақсудий Ўзбекистон президентининг қизи Гулнора Каримова билан ўн йил турмуш кечирган. 2001 йилда бу никоҳ бузилганидан сўнг у ва укаси Фарид Ўзбекистондаги барча мулкларидан айрилди. Уларнинг «Coca-Cola Bottlers Uzbekistan» қўшма корхонасидаги улуши воситачи компания орқали Швейцариянинг «Zeromax» компаниясига ўтди.

«Zeromax» Гулнора Каримовадан бошқа ҳеч кимга тегишли эмас эди, дейди Мақсудий. Энди у Каримованинг Швейцария прокуратураси томонидан музлатилган активларидан товон пули сифатида 100 миллион франк ундирмоқчи.

«Швейцариядаги ҳамтовоқлари Каримовага пулни ювишга ёрдам берган. Швейцария банклари буни яширди,- дейди Фарид Мақсудий. – Энди Швейцария ҳукумати тўғри қарорга келиши керак».

Ўзбекистонга экспроприация

Тўрт йил давомида Швейцарияда қарийб 800 миллион франк музлатилди. Нега Мақсудий бу пулларга айнан ҳозир даъвогарлик қилмоқда? «Фарзандларим Ўзбекистонда гаровга олинган эди,- дея жавоб беради Мансур Мақсудий. – Улар ҳозир хавфсизликда бўлгани учунгина ҳаракатларни бошладим».

Асли афғонистонлик бўлган Мақсудий болалигида АҚШга кўчиб ўтган. 1991 йилда у ўша пайтда 19 ёшда бўлган Гулнора Каримовага уйланган. Уларнинг ўғли ва қизи бор. Оила баъзан Нью-Жерсида, баъзан Мақсудий ўз укаси билан кока-кола қуйиш қурилмалари билан шуғулланган Ўзбекистонда яшаган. Ўн йилдан сўнг никоҳ бир-бирини фирибгарлик, контрабанда ва шантажда айблашлар билан тугади. «Washington Post» газетаси «Қироллик жанги» ҳақида ёзган эди. «Ким ҳақиқат томонида» бўлганини ҳеч ким билмаслигини айтмоқда бугун Мақсудий.

Каримова АҚШни тарк этди ва Мақсудийнинг розилигисиз болаларини олиб кетди. АҚШ суди Мақсудийга васийлик ҳуқуқини берди, лекин у бу ҳуқуқдан ҳеч қачон фойдалана олмади. Ўзбекистонда Каримовлар оиласи ундан ўч олди: кока-кола қуйиш корхонаси Мақсудийдан тортиб олинди, учта қариндоши ҳибс этилди, 20 дан ортиғи Афғонистонга депортация қилинди.

Мақсудийнинг таъкидлашича, ҳибсга олинган қариндошлари ва фарзандларини хавф остига қолдирмаслик учун бу ҳақда ошкора гапиришдан тийилиб келган. «Tages-Anzeiger” газетаси билан суҳбат – унинг узоқ вақтдан бери берган биринчи интервьюси. У Skype орқали ўтказилди. Айни пайтда унинг болалари Лондонда яшамоқда. Энди гап иқтисодий зарарни қоплаш ҳақида бормоқда, дейди Мақсудий. Швейцария Каримованинг активларини Ўзбекистонга қайтариб беришни хоҳлаётгани «жиддий хавотирга сабаб бўлган».

Каримова ва унинг учта хизматчиси пул ювишда шубҳа қилиниб, 2014 йилдан буён Швейцария тергови остида қолмоқда. Аммо 2016 йилда вафот этган диктатор Ислом Каримовнинг қизи Швейцария суд ҳокимияти қўли етмас даражададир. У Ўзбекистонда солиқдан қочиш ва фирибгарлик айби билан беш йилга озодликдан маҳрум этилгани айтилади.

Ҳозир Швейцария федерал прокуратуси олдида мусодара қилинган активларни нима қилиш масаласи турибди. Истаклар улкан. Янги президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистон Каримова бу миллионларни пора сифатида олгани ва шу йўл билан давлатга зиён етказганини таъкидламоқда. Шунинг учун бу пуллар давлатга қайтарилиши керак. Афтидан Швейцария Федерал кенгаши ҳам буни тушунади ва 2018 йил 9 майда активларни Ўзбекистонга бериш тўғрисида дастлабки қарорни қабул қилди. Шундан сўнг Ўзбекистон ахборот агентлиги «тезда ижобий қарор қабул қилиниши» ҳақида бонг урди.

Бироқ Швейцариянинг банкрот бўлган «Zeromax» компанияси кредиторлари бу қарорга тўсқинлик қилиш ҳаракатида. Компания Ўзбекистон учун товарлар савдосини назорат қилган, бразилиялик футболчилар билан шартномалар имзолаган ва немис компанияларига Тошкентда ҳашаматли сарой қуришга буюртма берган. 2010 йилда ўзидан беш миллиард швейцария франки миқдорида қарз қолдирган ҳолда «Zeromax» банкрот бўлди.

Гулнора Каримова расман компанияда ишламаган. Аммо унинг Женевадаги вилласи ва сейфлари тинтув қилинганда федерал криминал полиция қиймати 38 миллион франклик заргарлик буюмларини топди. Уларнинг пулини «Zeromax» компанияси тўлаган. «Zeromax»нинг кредиторларни бу факт компания Каримовага тегишли бўлганига далил эканини билдирмоқда.

Ислоҳотлар борасидаги шубҳалар

Энди Мақсудий ўз талабларини билдиришга қарор қилди. Ака-укалар Бернга келиб, «Zeromax» Каримовга тегишли бўлгани ҳақидаги ҳужжатли далилларни тақдим этмоқчи: «Биз федерал прокуратурадан экспертиза ўтказишини талаб қиламиз».

Швейцария федерал прокуратураси бу масалага изоҳ беришни хоҳламаяпти.

Мансур Мақсудий Ўзбекистоннинг янги президенти ҳукумат раҳбари сифатида илгари Ислом Каримовнинг шафқатсиз режимини қўллаб-қувватлаганини эслатмоқда. Энди эса Мирзиёев кичик ўзгаришларни ислоҳотлар сифатида кўз-кўз қилишни хоҳлаяпти. «Мулк ҳуқуқини тан олмаётган ва ҳуқуқни ҳимоялаш учун ҳеч нарса қилмаётган бу шахс қандай ислоҳотчи бўлсин»?

«Швейцария Каримованинг миллионларини яхшироқ сақлайди,-  қўшимча қилади Фарид Мақсудий. – Агар Федерал кенгаш пулларни дарҳол ва сўзсиз қайтарса, бу ислоҳотлар ўтказиш имкониятини пасайтиради».

Ташқи ишлар федерал департаменти 800 миллион франкни Ўзбекистонга бериш қарорини ҳар қандай ҳолатда ҳам «барвақт» деб ҳисоблайди: ўзбек активларини репатриация қилиш «фақат Швейцарияда барча суд текширувлари тугагандан сўнг» мумкин бўлади.

Мақола муаллифи
Bernhard Odehnal

«Элтуз» таржимаси. Мақоланинг оригинали: https://avenue.argusdatainsights.ch/kundenartikel/2019-01/3007101/72200210.pdf

Тағин ўқинг
6 май 2016
Умида Аҳмедова ўзининг бир қатор долзарб фотосуратлари ва ўзбек аёлларининг бугунги муаммоларини акс эттирган «Бокиралик юки» фильми муаллифи сифатида ...
15 январ 2019
Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни нишонланди… бу эса болалар боғчасида олинган сурат… Нимага болаларга армия формасини кийгизишмоқда, мен билмайман, бироқ ...
22 июн 2020
Европадаги энг нуфузли газеталардан бири, Цюрихда чоп этиладиган Neue Zürcher Zeitung ўтган ҳафтада ўзбек пахтаси, мажбурий меҳнат ва Ўзбекистон ...
17 ноябр 2023
Куз келди, гуллар ҳазон. Дарахтлар баргини тўкиб совуқ қишга ҳозирланмоқда. Қашқадарëдаги айиқлар деҳқонободликлардан анча тепадаги ғорларга кириб, қиш уйқусига ҳозирланмоқда. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...