Асосий мавзулар
14 октябр 2019

Cенат раиси “тушунмаётган” ҳақиқатлар

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева “катта маблағ ва бошқа ресурслар эвазига саҳрога айланган Орол денгизи ҳудудида турли дарахтлар экилаётган бир шароитда айрим ҳудудларда дарахт ва буталарни ноқонуний ва аёвсиз кесиш ҳоллари рўй бераётгани мутлақо тушунарсиз” эканини билдирди.  

Тушуниш қийин эмас аслида буни. Тушуниш учун халқнинг бугун қандай ҳаёт кечираётганини билиш кифоя. Ўшанда “ноқонуний ва аёвсиз кесиш”ларнинг асл сабаблари мана-ман деб кўриниб қолади.

“Бу мантиққа тўғри келмайди”, дейди ўзининг “тушунмагани”ни хулосалаб Сенат раиси. 

Танзила Норбоева мантиғини топа олмаётган кес-кесларнинг асл сабабларини эса реал ҳаётнинг ўзи ҳар куни кўз-кўз қилиб турибди.

Ҳали кун совимасданоқ электр ва газ таъминотидаги тез-тез узилишлар, айрим ҳудудларда эса газнинг умуман йўқлиги амалдорлар тушунмаётган “мантиқсизлик”нинг мантиғидир. 

Аслида электр ва газсиз халқ яшаб қолиш учун шу йўл билан курашмоқда. Уларнинг танлови жуда мураккаб – ёки дарахт кесиб, қаҳратон қишни бир амаллаб ўтказиб олиш, ёки ўзию бутун оиласи шамоллаш билан боғлиқ турли касалликларга чалиниши.

Электр ва газсиз халқнинг бир қисми уйидаги бола-чақасининг ризқи бўлган мевали дарахтларни кесиб ёқиб бўлди. Тутларга ҳам қирон келган.

Чўл ҳудудидагилар саксовул ва юлғун кесмоқда. Чунки ҳатто таппи қилишга гўнг топиш ҳам муаммога айланган. Зеро, гўшт қимматлашиши мол-ҳол камайганидан даракдир. 

Биргина Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси жорий йилнинг шу давригача Қизилқум барханларидаги саксовул ва юлғунларни кесиб кетаётган қарийб 200 кишини аниқлаган.

Мавжуд қонунчиликда дарахтлар, буталар кабиларни ғайриқонуний равишда кесиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилган.

Аммо шундай катта жарималар ҳам яшаб қолиш учун курашаётган халқни бу қонунбузарликлардан тўхтатиб қолишга қодир эмас. 

Оддий халқ тақдирига тан бериб, саксовул кесишдан ўзини тийса, бу ишни бизнесга айлантирганлар саҳнага чиқади. Улар коррупционерлар билан бир тизим яратиб ишлайди. 

Масалан, тоғли ҳудудларда ўтинчи “бизнесменлар” гуруҳлари бор. Улар қўриқхоналар, ўрмонлар қоровуллари билан тил бириктириб, арчаларга қирон келтиради.

Кесилган арчалар электр ва газсиз халққа, умумий овқатланиш шохобчалари эгаларига пулланади. 

Сенат йиғилишида айтилишича, дарахтларни ноқонуний кесиш бўйича Сурхондарёда 509 та, Қашқадарёда 368 та, Бухорода 271 та, Фарғонада 224 та, Хоразмда 187 та, Самарқандда 161 та, Тошкент шаҳрида 203 та ҳолат аниқланган.  

Афсуски, сенаторлар барча айбни “аҳолининг экологик-ҳуқуқий маданияти даражасининг пастлиги”, браконьерларнинг ўз манфаати ва эҳтиёжлари”ни кўзлаётганига йўймоқда. 

Асл сабаб эса шу каби зўрма-зўраки хулосалар, баҳоналар соясида қолиб кетяпти.

Ўзбекистон Орол фожеасининг асоратларини юмшатиш мақсадида юзлаб минг гектар ерга саксовул, юлғун каби буталар экиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бунинг учун миллиардлаб маблағ сарфланяпти.

Энди юқорилардан келиб чиқиб, сенаторлар тушунмаётган мантиқсизликка мантиқ излаб кўрсак.

Мантиқ шуки, аҳолига оддий яшаш шароитлари яратиб бериш, яъни электр ва газ таъминотидаги узилишларни бартараф этилса, “ноқонуний ва аёвсиз кесиш”лар ҳам камаяди.

“Элтуз”

Тағин ўқинг
18 январ 2023
Рассом Туз @eltuz
14 ноябр 2016
Бугунга келиб, барча номзодлар ичида ўз фейк аккаунтларига эга бўлган Хотамовнинг Твиттердаги фалловерлари сони 957 тага, твитлари сони эса ...
25 октябр 2017
23 октябр куни «Элтуз» нашрининг мобил мухбири жўнатган фотосуратда супурги кўтарган мактаб формасидаги бир гуруҳ мактаб ўқувчиларини кўриш мумкин. ...
13 феврал 2020
Сиёсатшунос Рафиқ Сайфулин Ислом Каримов режимининг етакчи тарғиботчиларидан бири эди. Бугун у ватанга хоинликда айбланяпти.  Бу айблов қанчалик тўғри ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...