Асосий мавзулар
13 январ 2020

Фермерларни хонавайрон қилаётган кластер

Учкўприк туманидаги бир гуруҳ фермерлар президент ташаббуси билан ташкил этилган кластер тизими ўзларини хонавайрон қилаётганидан шикоят этишди.

Бу муаммони ҳал этиш юзасидан туман фермерлари мамлакат президенти, бош вазири, Сенат ва ДХХ раислари, бош прокурор, адлия вазири, бизнес омбудсманга ариза билан мурожаат қилди.

Нусхаси “Элтуз”га ҳам етиб келган ушбу аризада ёзилишича, унитар корхона шаклидаги “Реал транс логистик” кластер корхонаси учкўприклик фермерлардан пахта хомашёси учун 26 миллиард сўм қарздор бўлиб турибди. 

Тумандаги қарийб 180 та фермер хўжалиги билан шартнома тузган ушбу кластер фермерларга селекцион навига қараб ҳар бир тонна пахта хомашёси учун ўртача 4 миллион сўмдан тўлаб бериш мажбуриятини олган. 

Шартномада фермерларнинг ҳақи 2019 йил 31 декабргача тўлаб берилиши белгиланган. 

Фермерлар режадагидан 1500 тонна ортиқча пахта хомашёси топширганига қарамай, “Реал транс логистик” УК фермерларнинг 26 миллиард сўм маблағини тўламай келмоқда. Ҳар бир фермернинг ҳақдорлиги ўртача 150-200 миллион сўмга тўғри келади.

Натижада фермерлар қуйидаги муаммоларга дуч келмоқда:

  • Ўз ҳақини вақтида ололмаслиги ҳисобига фермерлар йил бошида олинган банк кредитини тўлай олмай, ортиқча пеня ва жарималарни тўлаш мажбурияти остида қолмоқда. 
  • Ҳозирги кунда ўртача 40-65 миллион сўм солиқ қарздорлигига эга фермерлар ортиқча пеня ва жарималар тўлаш таҳдиди билан тўқнаш келмоқда. Тумандаги фермерларнинг солиқ қарздорлиги ўртача 7-8 миллиард долларни ташкил этади. 
  • Лизингга техника олган фермерлар тўловни ўз вақтида амалга ошира олмаётгани сабабли улардан ажралиб қолиши мумкин.
  • Фермер хўжаликларида ишлайдиган 10-11 минг ишчининг ойлик иш ҳақлари вақтида тўланмасдан қолмоқда. Бу эса аҳолининг норозилигини келтириб чиқаряпти.
  • Ёқилғи учун маблағ йўқлиги сабабли 2020 йил ҳосили учун тайёргарлик кўнгилдагидек эмас.
  • Фермерлар 2020 йилги ғалла ҳосили учун ажратилган кредитларни худди шу йилги пахта режасига ажратилган майдонларни шудгорлашга сарфлашга мажбур бўлаётир. Бу эса ортиқча қарздорликларни юзага келтирмоқда.

Фермерлар мавжуд муаммолар юзасидан туман ҳокими, прокурори, ИИБ, солиқ инспекцияси, адлия бўлими бошлиқларига қилинган мурожаатлар жавобсиз қолганидан норози. 

Аксинча, аризада ёзилишича, улар фермерларнинг эмас, кластернинг манфаатлари йўлида ҳаракат қилмоқда. 

Ажабланарлиси шундаки, аризадан маълум бўлишича, кластернинг на тайинли офиси, на инвентари, на асосий воситалари мавжуд.

Кластер раҳбарлари фермерлар билан солиштирма далолатномаларни тасдиқлашдан бош тортиб келаётир.

“Шунга қарамай, туман ҳокими Акмалжон Маҳмуталиев фермерларга босим ўтказиб, мажлислар залига қамаб, фермерларга пул бермаётган “Реал транс логистик” кластери билан мажбуран янги шартномаларни муҳрлаб беришни талаб қилмоқда”, дейилади фермерларнинг аризасида. 

Кластер ҳисобчиси эса фермерларнинг қарзни тўлаб бериш талабларига жавобан ариза бериб ишдан бўшагани, кластернинг тўловга имконияти йўқлигини айтиш билан кифояланяпти. 

Учкўприклик фермерлар юқоридагиларни инобатга олиб, президент администрацияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан иборат респубика миқёсидаги ишчи гуруҳ тузиш, “Реал транс логистик” УК фаолиятини текшириш ва жиноят иши қўзғаш, 26 миллиард сўм қарздорликни ундириб бериш, солиқ ва кредит учун ҳисобланган ортиқча пеня ва жарималарни бекор қилиш талабини илгари сурмоқда. 

Улар “фирибгар кластер корхонаси ўзларининг ишончини бутунлай йўқотганини” билдирар экан, амалдаги қонунчилик асосида бошқа корхона билан шартнома тузиш имконияти берилишини сўраган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
7 сентябр 2023
Буюк чех импресcионисти асарини чех элчиси Урганчда тақдим қилди Урганч замонавий санъат музейида Германиядаги “Юзук” ташкилоти тарафидан 20-асрдаги буюк ...
10 феврал 2024
Аксилкоррупсия хизматининг 43 ёшдаги генерал-лейтенанти Ўлжас Бектеновнинг Қозоғистон бош вазири этиб тайинланиши, шубҳасиз, унинг постсовет тарихидаги муҳим воқеадир, дея ...
21 апрел 2021
Ўзбекистонда Рассомлар куни муносабати билан бугун – 21 апрель санасида рассом Элсевар дўстлик ҳазили сифатида ҳамкасби рассом Туз расмини ...
10 август 2022
Таниқли сиёсат арбоби ва шоир Мухаммад Солих билан май ойида ўтказилган бу суҳбат бевосита Элтуз ташаббуси билан тайёрланди. Фақат ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...