Прокурор Қодиров ва Мирағлам Мирзаевнинг суди бошланди
Тошкент шаҳрининг жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судида 12 cентябрь куни собиқ Ўзбекистон бош прокурори 66 яшар Рашид Қодиров ва унинг шериги, Тошкент шаҳри прокурори ўринбосари бўлган 68 яшар Мирағлам Мирзаев иши устидан суд жараёни бошланди.
Бу хабарни «Элтуз» нашрига жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани суди судьяси ëрдамчиси маълум қилди.
Қодировнинг ҳибсга олиниши ортидан Мирағлам Мирзаев, унинг хотини Муҳаббат Мирзаева ва ўғли Абдурашид Мирзаевнинг ҳибсга олиниб, тергов қилинаётгани ҳақида «Элтуз» шу йилнинг 27 февраль куни хабар берган эди.
Ўзбекистон собиқ бош прокурори, Конституцион суд аъзоси бўлган Рашид Қодиров хизмат мансабини суиистеъмол қилиш ва пора олиш айбловлари билан 2018 йилнинг 21 февралида ҳибсга олинган эди.
Eltuz.com