Document UZ
8 январ 2016

Ёпиб қўйилган банк

Биз собиқ банкир, моҳир тадбиркор, эндиликда эса сиёсий маҳбус Рустам Усмоновнинг китобидан парчалар эълон қилишни давом эттирамиз. 1998 йилда, эллик ёшга тўлиши арафасида миллионер Рустам Усмонов ҳибсга олинди ва иқтисодий жиноятларда айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилинди. 2002 йилда қамоқхона тартибини бузиш уйдирма айблови билан унинг муддатига яна беш йил қўшиб берилди. Ҳукумат уни нега озодликка чиқаришни истамаётгани бизга қоронғу. Биз мана 17 йилдан бери қамоқда қолаётган кишининг аччиқ қисмати ҳақида эслатиб қўйиш ниятидамиз.

rasm578Ёпиб қўйилган банк

Мен ўз ишим билан мансабдорларга, оддий кишиларга ва ўз-ўзимга оддий ҳақиқатни, яъни ҳалол яшаш, ҳалол пул топиш, бу орқали нафақат кун ўтказиш, балки миллионер бўлиш ҳам мумкинлигини исботлаш ниятида эдим. Мен мақсадимга етдим. Аммо бу жуда ва жуда қийин бўлди.

Мен замонимизда фақат ишлаш ва даромад олишнинг ўзи етарли эмаслигини тушуниб етдим. Яна даромадни мансабдорлар билан бўлишишни ҳам ўрганиш керак экан. Лекин мен буни эплай олмасдим ва хоҳламасдим ҳам. Мен агар ишлаб топган пулимнинг анчагинасини солиқ сифатида давлатга бераётган эканман, демак давлат мени бошқа ҳар қандай ноҳақ йиғимлардан ҳимоя қилиши керак, деган содда тушунчада эдим.

200 сўм пул билан масалани ҳал қилиш мумкин ҳолатлар ҳам бўларди. Лекин мен пора жамиятни инқирозга етаклаши, бу гуноҳ, жиноят эканини, бундай қилиш мумкин эмаслигини зўр бериб исботлашга уринардим. Айниқса, хизмат вазифаси порахўрликка қарши курашиш бўлгани учун маош оладиган кишиларнинг пора талаб қилиши менинг қонимни қайнатарди.

Биз ишлардик, пешона тери билан топганимизнинг 90 фоизини солиқ ва бошқа тўловлар шаклида давлатга берардик. Қолган 10 фоизи ходимларга уй ва машиналар сотиб олиш, капитализмга ўтиш шароитида уларнинг дурустроқ ҳаёт кечириши учун етарди.

Душманларим кўп, аммо дўстларим ҳам етарли эди. Уларнинг кўмаги билан ўз номимдаги «Рустамбанк» банкини рўйхатдан ўтказиш ва иш бошлашга муваффақ бўлдим. Буни олдинги бобда баён қилинган воқеалардан бир йил ўтиб амалга оширдим. Ўша вақт шиддатли, аммо самарасиз ишлар билан ўтди. Бироқ алал-оқибат омад бизга, менга кулиб боқди…

Банкнинг устав капитали залворли, 150 миллион сўм (1,2 миллион доллар) эди. Мендан ташқари хотиним ва катта ўғлим таъсисчи бўлди.

Икки йиллик фаолиятимиз давомида жуда кўп иш қилдик. Устав капитали 100 баробар кўпайди. Бизни нафақат Ўзбекистонда, балки унинг ташқарисида ҳам танийдиган бўлишди. Собиқ СССРнинг тоталитар тизими деярли ўзгаришсиз қолган мамлакатда хусусий банк қандай ишлаётгани ҳамма учун қизиқ эди.

Умуман, вақти келгунига қадар яхшигина ишладик. Менинг “жалжалкаш” феъл-атворим сабабли бизга ҳеч ким халақит бермади, ҳеч ким катта-катта ўлпон талаб қилмади. Бундан ташқари, бизни Ислом Каримовнинг ўзи қўллаб-қувватлаб турарди.

1994 йилнинг октябрь кунларида мени давлат котиби Т.А.Аҳмедов йўқлади. Тошкентга телефон қилиб, учрашувни эртаси куни эрталабга кўчиришни сўрадим. Чунки яқин дўстим Хонободда тўй қилаётганди. Аммо Аҳмедовнинг “шотир”лари учрашувни қолдиришга кўнмади ва менга 17.00 дан кечикмай Тошкентда бўлиш тайинланди.

Учрашув ўша куни бўлиб ўтди. Аҳмедов мени жуда илиқ қаршилади. Ишларим билан, Андижон вилояти маъмурияти раҳбари билан можаро билан қизиқди. Менга халқ депутатлигига сайланишни тавсия қилди. Мен сиёсатчи эмас, тадбиркор эканимни баҳона қилиб, бу таклифни рад этдим.

Суҳбатимиз охирлаб қолганда у ўзига 100 минг доллар нақд пул топишга ёрдам беришни сўради. 100 минг доллар эвазига Аҳмедов каби “таянч”га эга бўлиш ҳар қандай тадбиркор ёки юқори мартабали амалдорнинг ушалмас орзуси эди.

Ниҳоят мен “Рустамбанк”нинг бир текис ва муваффақиятли ишининг ҳақиқий сабабини англадим ва 15 ноябргача пулни топиб беришни “ваъда” қилдим. Мендан очиқчасига пора талаб қилинган эди.

Лекин мен “гаи”ларга ҳам ҳеч қачон бир танга бермагандим. Ҳатто давлат котибига бўлсин, нега 100 минг доллар беришим керак?

Бу орада амалда келишувга эришдик деб ўйлаган Аҳмедов мени республика Олий Кенгаши депутатлигига номзод этиб рўйхатга олди.

Аммо сайловолди кампанияси бошланиб, сайловчилар билан биринчи учрашувдан сўнг менда ошқозон яраси касаллиги кучли хуруж қилиб қолди. Қон кета бошлади. Кўрпа-тўшак тартибига ўтиб даволанишим эса сайловдаги бўлажак мағлубиятимни оқлаш учун айни муддао бўлди. 1994 йил 15 декабрь куни Ўзбекистон телевидениеси орқали менинг депутатликка номзодлигим чақириб олингани эълон қилинди. Бу пайтда Аҳмедовга пул олиб боришим керак бўлган кундан роппа-роса бир ой ўтганди.

Хуллас, ҳаммаси белгиланганидек, дунёда мўъжизалар бўлмайди. Энди бундан ҳам ортиқроғини кутиш керак.

Сайлов давомида бундай кескин ўзгаришларга кўникмаган сайловчилар учун бу воқеа мусаффо осмонда чақмоқ чаққандек бўлди. Россиянинг бир газетаси: “Усмоновнинг номзодикдан чақириб олиниши бутунлай ноқонуний. Усмонов жамоат ташкилотларига мурожаат этиб, Марказий сайлов комиссияси қарорини бекор қилдириши мумкин эди. Бироқ у бундай қилмади”, деб ёзди. “Нега?” деган савол ташлади газета.

Албатта, газета ҳақ эди. Бироқ у пайтда мен номзодим чақириб олинганининг асл сабабини айта олмасдим. Мен навбатдаги зарбани кутардим. Ёзилмаган қонунларга кўра, энди мен “йўлдан олиб ташланишим” керак эди.

Сайловга бир кун қолганда офисимда қоровул ўлдириб кетилди. Ўғрилар фақат сейфни олиб кетди. Ҳужум қилинишидан олдин қоровул “02”га қўнғироқ қилишга улгурганди. Милиция наряди эса офис олдида машинада бир-икки айланиб, қандай келган бўлса, шундай қайтиб кетган.

Қўзғатилган жиноят ишидаги ҳолатлар қотиллик душманларим томонидан уюштирилганини аниқ кўрсатиб турарди. Республика газеталарида расмий каналлардан олинган маълумот чоп этилди. Унда фожеанинг бош айбдори… мен эканим кўрсатилган эди.

Мен Аҳмедов билан учрашишга ҳаракат қилдим. Аммо нафақат у, ҳатто майда амалдорлар ҳам мен билан гаплашишни истамади. Президент номига хатлар ёздим. Жавоб бўлмади. Мен куним битгани, кетиш кераклигини англардим. Лекин қаерга? Банк фирма эмас, уни ёпиш осон бўлмайди, бу худди катта тезликда кетаётган поездни тўхтатишдек гап.

Инқилобдан сўнг бобом бутун бойлигини большевикларга берган. Шунинг учун уни омон қолдиришган. Мен ҳам худди шундай йўл тутишга қарор қилдим, чунки бошқа бирор чора йўқ эди.

Президент номига яна битта хат ёздим. Жавоб бўлмади. 1995 йил февралда худди шу хатни “такроран” тамғаси билан президент қабулхонаси орқали йўлладим. Яна жимлик. Бу вақтга келиб телефон орқали таҳдидлар кучайганди. Банкка текширувчилар келмаган кун йўқ эди.

Худди шундай тафтишлар ташкилотчиларидан биридан таклиф тушди. Агар мен 10 000 доллар тўласам, у тафтишчиларни чақириб олади. Мен ўзимни 5 000 доллар тўлашга розидек қилиб кўрсатдим. Нархга келиша олмадик. Тафтишчилар ишини давом эттирди. Ҳеч нарса топа олишмади. Тафтишчиларнинг 7 кишидан иборат янги гуруҳи келди. Буларнинг барчаси президентнинг “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги фармони ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига зид эди.

Қаршилик қилишга қувватим қолмади. Рақибларимга ҳеч нарса керак эмас эди. Уларни фақат мен қизиқтирардим. Нима қилиб бўлмасин, улар мени йўқ қилиши керак эди.

Мен очлик эълон қилишга қарор қилдим. Бу ҳақда газеталар, ҳукумат органлари, президент девонига хабар жўнатдим. Ҳатто совет Ўзбекистонида ҳам бундай баёнотлар нафақат комиссия ташкил этиш, балки жиноят иши қўзғатиш учун-да асос бўларди. Афсуски, мустақил Ўзбекистонда энди бошқа давр шамоллари эсарди. Менинг очлик эълон қилиш тўғрисида мамлакат президенти номига, Олий Кенгашнинг 1-сессиясига, оммавий ахборот воситаларига йўллаган баёнотим яна жавобсиз қолди. Тўғрироғи, “Рустамбанк”дан банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқини берувчи лицензия қайтариб олингани жавоб ўрнига ўтди. Банкни ёпишга икки ой вақт берилди. Мен банкни ёпиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ҳақида дарҳол маълум қилдим ва банкка бўлган мулкий ҳуқуқларимдан уруш ветеранлари фойдасига нотариал тарзда воз кечдим.

Бутун мулкдан воз кечиб, банкни ва унинг жамоасини сақлаб қоламан, деб содда ўйлагандим…

Ўша мудҳиш кунларни хотирлашни истамайман. Оилада хотиржамлик йўқ. Ҳар 2-3 кунда оиламиз аъзолари яшаш жойини ўзгартиради. Ҳукуматдан ҳар нарсани кутиш мумкин эди.

Бироқ ҳамма ишни ўз ҳолига ташлаб кетиб ҳам бўлмасди. Банк биттасидан кредит олиб, бошқаларига берганди, узоқ муддатли капитал қурилишларга маблағ тикканди. Пулни кредиторларга қайтариш керак эди. Бу эса осон эмас эди. Кредит захираларининг бир қисмини биз савдо келишувларига тиккандик, уларни икки ойда қайтариш мумкин. Биз бир йил, ҳатто икки йил муддатга берган кредитлар ҳам бор эди. Уларни қандай қайтарамиз?

Мен узоқ муддатли кредитларни бошқа банкларга сотишга уриниб кўрдим. Аммо ҳеч ким мен билан ишлашни хоҳламасди. Шаҳарда Усмонов қаттиқ ғазабга учрагани, ҳатто тез орада қамоққа тушиши ҳақида гап тарқаганди.

Миш-мишлар ўз ишини қилди. Атрофимда бўшлиқ пайдо бўлди. Ҳатто мен беғараз, чин кўнгилдан ёрдам берганлар ҳам ғойиб бўлди. Мен фақат ўз жамоам билан қолдим. Нима бўлса ҳам кредиторларга пулини қайтаришга қарор қилдик. Пул бўладиган ҳамма нарсани сота бошладик. Ҳатто хотинимнинг зеб-зийнатлари ва қизимнинг сарполари ҳам қолмади. Аммо бизни навбатдаги ғурбат кутиб турарди – бизнинг номимизга келаётган тўловлар тўхтатилди. Уларни бирорта банк қабул қилмай қўйди. Битта тўлов ҳужжатини ўтказиш учун бутун Ўзбекистон бўйлаб юриб, биз ёпилган бўлсак ҳам амалдаги қонунчиликка кўра бизга келаётган тўловлар тўхтатилмаслиги кераклигини исботлашга уриндик. Устига-устак, республика солиқ қўмитаси банкдан кредит олган барча фирмаларнинг омборларини муҳрлаб қўйди. Маҳсулот бор, сотиш мумкин эмас. Тушум бўлмагандан кейин банкка қарзни қайтариш имконияти ҳам йўқ.

Банкимизда ҳисоб рақамига эга бўлганларнинг ҳаммаси текширилди. Уларнинг шериклари текширилди. Текширувчилар уларга Усмоновга қарши далил-ашёлар кераклигини очиқ айтарди. Агар Усмоновга қарши далил беришса, уларни тинч қўйишарди. Кимдир пора бериб, кимдир ўз алоқаларини ишга солиб қутулди. Буларнинг иккисига ҳам эга бўлмаганлар эса ўз ишини ташлаб, бошоғриқдан узоқроқ кетиш ҳаракатига тушди.

1995 йил май ойи бошларида юздан ортиқ киши Ўзбекистондан Қирғизистонга кўчиб кетди. Республикада мен билан ишлашдек бахтсизликка “мушарраф” бўлганларга қарши ҳақиқий террор бошланди. Мен кета олмасдим, ўзимнинг пешона терим билан топган пулларимни қарздорлардан ундиришим керак эди. Болаларим мен туфайли қийналишини истамасдим. Уларнинг отаси ўз қарзларини ўзи қайтаришини хоҳлардим.

Бу ғурбатларнинг ҳаммасига чидаш оғир эди. Йилт этган ёруғлик кўринмаётгани қийнарди. Ҳеч ким бизни тушунишни истамасди. Мен Т.Аҳмедовнинг таъмагирлиги ҳақида МХХ раиси Ғ.А.Алиевга хат ёздим. Бу ҳақда МХХнинг имкон қадар кўп ходими хабар топиши учун хатимни МХХнинг Хонобод бўлими орқали жўнатдим. Ўзим эса Бишкекка кетдим.

1995 йил 27 майда Жалолободга учиб келдим. Бу ерда менинг Хонободдаги уйим беш кундан бери кузатувда эканини айтишди. Мени кутишарди. Мен Хонободга боришга қарор қилдим Улар мени нимада айблашлари қизиқтирарди, чунки мен бутун умрим давомида қонунга энг итоатгўй фуқаро эдим.

Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтаётганимизда машинамиз тўхтатилди. Мендан ўзлари билан Андижонга, вилоят ИИБ бошлиғининг олдига боришни сўрашди. Андижонга олиб кетишди. Уйимиз олдидан ўтиб кетаётиб хотиним ва болаларимни кўрдим. Улар мени кўрмади. Улар билан хаёлан видолашдим. Андижондан тўғри Наманганга олиб келишди. Бу ерда Тошкентга учаётган самолёт рейсини мен учун тўхтатиб туришарди.

Самолётда йўловчилардан бири билан бир-икки оғиз гаплашдим ва ундан уйимга қўнғироқ қилиб, яқинларимга бўлиб ўтган воқеани хабар қилишини сўрадим. Ташриф қоғозимни бердим.

Тошкент аэропортида мени маҳбусларни ташийдиган машина – “воронка” кутиб турарди. Ташриф қоғозимни олган йўловчини ҳам мен билан бирга унга тиқишди.

ИИВга келдик. Ҳибсга олиш баённомаси тузишди. Даромадни яшириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айблашди. Мен эътироз билдиришга ҳаракат қилдим. Икки йилдан ортиқроқ вақтдан бери раҳбар эмаслигимни, ҳеч қандай ҳужжатга қўл қўймаганимни айтдим. Агар мен таъсисчиси бўлган бирорта фирма солиқ тўламаган бўлса, бунда менинг айбим йўқлигини билдирдим. Эътирозларим ҳеч қандай таъсир кўрсатмади. Баённома 1995 йил 27 май куни тузилди. Бироқ мени 28 май санаси билан имзолашга мажбур қилишди.

Шундай қилиб мен ИИВнинг вақтинча ҳибсда сақлаш изолятори маҳбусига айландим. У вазирлик ертўласида жойлашганди. Бу ерда энг машҳур жиноятчилар сақланади. Демак республикада кичкина одам эмасман, дея истеҳзо қилиб қўйдим ўзимча.

Ертўлада кўрган-кечирганларим – алоҳида суҳбат мавзуси…

1995 йил 31 май куни мени қўйиб юборишди. Мени ички ишлар вазири генерал Зокиржон Алматов қабул қилди. У мен билан олдин ҳам яхши муомалада эди. Биринчи марта унинг ўринбосари билан иккаламиз ўртасида катта можаро келиб чиққанида у мени қўллаб-қувватлаганди. Иккинчи марта эса бошқа ўринбосари қамоққа тиққан ўғлимни турмадан қўйиб юборганди.

Учинчи марта ҳам у мени илиқ кутиб олди. Президент Каримов менинг қамоққа олинганимни эшитиб қаттиқ ғазаблангани ва дарҳол озод қилишни буюрганини айтди.

Мен Хонободга жўнаб кетдим. Бу ерда менга ИИВнинг махфий ҳужжатларини сотиб олишни таклиф қилишди. Уларни кўздан кечириб, сўралган пул – 10 000 долларни тўладим.

Рустам Усмонов 10 000 доллар эвазига сотиб олган ҳужжатлар “Элтуз” сайтида эълон қилинади.

Тағин ўқинг
14 сентябр 2022
Ўзбекистон «Эрк» Демократик партияси лидери билан билан қилинган суҳбат 2018 йил ёзилиб, баъзи сабабларга кўра эълон қилинмаган эди.Элтуз уни ...
7 май 2019
«Элтуз» нашри Муҳаммад Бекжоннинг «Қўрқувнинг нариёғида» (Алвидо, Жаслиқ!) иккинчи китоби, 5-қисми аудиоверсиясини тақдим этади. 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин ...
3 май 2019
Ўзбекистонда Москва расмий нуқтаи назарини тарғиб қилувчи Вести.уз сайти  30 апрель куни 18 нафар маданият арбоби имзоси остидаги рус ...
14 сентябр 2021
«Ота-она билан бирга нонушта қилиш, неваралар қуршовида бўлиш, бир пиёла чой устида суҳбатлар... Сиз-чи, бугун ота-онангиз, бува-бувингизга қучоқ очдингизми?», ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...