Document UZ
23 январ 2024

Путин Ўзбекистон мулкларига кўз тикмоқда

2024 йилнинг 18 январида Россия Федерацияси президенти Владимир Путин ўтмишда Россияга тегишли бўлган, совет иттифоқи қулаганидан сўнг мустақил мамлакатлар тасарруфига ўтган, шу жумладан Чор империяси давридаги хорижий кўчмас мулкларни қидириб топиш, рўйхатга олиш ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун маблағ ажратиш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, бу масала билан Россия президенти департамент бошқаруви ва Россия ташқи ишлар вазирлиги шуғулланади.

Яъни шу пайтгача рус шовинистлари тилидан айтиб келинаётган Россиянинг собиқ мустамлакаларини жумладан Ўзбекистонни қайта ишғол қилиш каби даҳанаки таҳдид, эндиликда амалдаги расмий фармон шаклини олди ва молиялаштирилди.

Россия президентининг бундай кескин йўл тутишига сабаб нима эди? Таниқли ўзбек таҳлилчиси Алишер Таксанов кўра, Россиянинг бундай таҳдиди, Европа комиссиясининг музлатилган Россия активларидан тушган 300 миллиард доллар маблағни Украина манфаатлари йўлида ишлатиш таклифига жавобан амалга оширилмоқда.

“Европа давлатларининг ушбу ҳаракатларга жавобан Кремл мумкин бўлган суд жараёнлари билан таҳдид қилди ва Россия активлари мусодара қилинган тақдирда, айни шаклда жавоб қайтарилишини ваъда қилди», дея изоҳлади вазиятни Таксанов.

Яъни Путин қўрқоқнинг кучи япалоққа етибди тарзида иш тутиб СССР ва Россия империяси даврида босиб олинган ҳудудларида қолган мулкларни қайтармоқчи.

“Бу Ўзбекистонга таъсир қилмайди деб ўйласангиз, адашасиз”, дея ёзди Таксанов ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.

Чор Россияси ва СССР пайтида Россиянинг Ўзбекистонда қанчалик мулклари борлиги ҳақидаги маълумотлар анча мавҳум. Бироқ Таксанов 1990 йилда корхоналарнинг бўйсуниш шакллари бўйича саноат ишлаб чиқариш ҳажми тўғрисидаги айрим маълумотларни топганини билдиради.

“Демак, иттифоққа бўйсунувчи саноат Ўзбекистонда жами маҳсулотнинг 35 фоизини, Ўзбекистон ССР Вазирлар Маҳкамасига бўйсунувчи корхоналар эса 65 фоизини тасарруф қилган. Шундан 2 фоизи иттифоқдош республикалар ва 63 фоизи эса республикага қарашли ишлаб чиқарувчилар улушига тўғри келади. Бу дегани мамлакат мулкининг учдан бир фоизидан кўпроғи Москвага тегишли эканлигини кўрсатади.

Аммо ўша пайтда у РСФСРнинг мулки эмас, балки фақат Марказнинг, яъни Совет иттифоқининг мулки ҳисобланган.
1991-йилнинг 4-декабрда собиқ иттифоққа ворис давлатлар СССРнинг ташқи давлат қарзлари ва активлари бўйича мерос тўғрисидаги шартномани имзоладилар.

Ўшанда Совет иттифоқи активлари – СССРнинг ўз ҳудудидан ташқаридаги кўчмас ва кўчар давлат мулклари, олтин-валюта фондлари ва захиралари, чет элдаги инвестициялар, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ёки хорижий мамлакатларнинг СССР олдидаги турли молиявий мажбуриятлари аниқланди.

Шу тарзда Россия СССРнинг ҳуқуқий вориси сифатида белгиланди. Қарз улушлари ягона жами кўрсаткич бўйича аниқланди: Жумладан РСФСР – 61,34%; Украина – 16,37%; Беларусия – 4,13%; Ўзбекистон – 3,27%; Қозоғистон ССР – 3,86%; Грузия – 1,62%; Озарбайжон – 1,64%; Литва – 1,41%; Молдова – 1,29%; Латвия – 1,14%; Қирғизистон – 0,95%; Тожикистон – 0,82%; Арманистон – 0,86%; Туркманистон – 0,70%; Эстония – 0,62%.

Аммо Ўзбекистон бу ҳужжатни имзолашдан бош тортди. Бу Тошкентнинг ташқи қарзларини тан олмаслиги ва Москвани СССРнинг ҳуқуқий вориси деб ҳисобламаслигини англатарди.

Болтиқбўйи давлатлари, Озарбайжон, Молдова ва Туркманистон ҳам бу ҳужжатша имзо чекмаган. Яъни, 7 республика бу ҳужжатни рад этди. Михаил Горбачёв ҳужжатни Иттифоқ номидан имзолаган, аммо бу ҳолат ҳам нонсенс эди, чунки имзолаш вақтида у аллақачон республикалар номидан иш кўриш учун ҳеч қандай ваколатга эга эмас эди.

«Чунки Ўзбекистон 1991 йилнинг 31 августида ўз мустақиллигини эълон қилган ва Горбачевни аллақачон мамлакат рахбари дея ҳисобламасди. Ва унга ҳужжатларга имзо қўйиш ҳуқуқини ҳам ўтказмаган эди. Бошқа республикалар ҳам ўша пайтда айни шундай ҳисоблашган», дея ёзади Таксанов.

Бироқ, у шунингдек, сал кейинроқ Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасида СССР қарзларидан кечиш бўйича тағин турли шартномалар имзолангани ҳақида эслайди.

Хусусан, Россия Федерацияси билан Ўзбекистоннинг СССР қарзлари улушидан, Ўзбекистондаги Ҳорижий активларни Россияга ўтказиш эвазига воз кечиш тўғрисида икки томонлама “нол вариант” деб аталган шартномалар тузилди.

Натижада Тошкент мамлакат ҳудудида бўлган бошқа хорижий давлатларнинг иттифоқдош корхоналардаги ворислик улушини йўқотди.

“Мен 90-йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида ишлаганман ва СССРнинг мулклари ва мажбуриятларига оид жараёнлар қанчалик оғир кечганини эслайман. Биз денгиз флотининг бир қисмидан, ядро қуролидан воз кечдик (гарчи бизда ҳам бунга эгалик қилиш ҳуқуқи бор эди), поездлар ва самолётлар флоти билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди.

Аммо қандайдир тарзда улар буни ҳал қилишди. Ўзбекистоннинг улуши, адашмасам, республика ташқи қарзининг улуши, яъни 3,27 фоиз қилиб белгиланди.

«Муаммо шундаки, Ислом Каримов москвалик экспертларнинг ҳисоб-китобларини тан олмади, чунки Ўзбекистоннинг ташқи кредитлардан бирор нарса олгани ёки фойда кўргани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ эди. Лекин мулкчилик улуши бошқа масала эди, лекин бу ерда Тошкент Иттифоқ кўрсаткичларига кириш имконига эга эмас эди ва шунинг учун бизнинг СССР мулкига бўлган ҳуқуқимизни аниқлаш қийин эди” дея эслайди Тасканов ўз мақоласида.

У шунингдек, бошқа келишувларни. Масалан, 1993 ёки 1994 йиллардаги Бишкекдаги  келишувларни эслайди:

Бу келишувларга кўра:

1. Республика бюджети маблағлари ҳисобидан ташкил этилган, лекин собиқ СССРнинг бошқа давлати ҳудудида жойлашган корхона ва муассасалар республика мулки бўлиб ҳисобланади.
Бошқача айтганда, 1992 йил бошларига келиб, Россия ҳудудида Тошкент маблағлари ҳисобидан қурилган 100 дан ортиқ ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар (ёғочни қайта ишлаш заводлари, меҳмонхоналар, санаторийлар, кўргазма мажмуалари ва бошқалар) мавжуд эди. 1990-йилларнинг нотинч даврида уларни бошқариш қийин эди (ҳамма нарса Россиядаги уюшган жиноий гуруҳлар назорати остида қолган, қўшимча маъмурий тўсиқлар ҳам мавжуд эди), шу боис Ислом Каримов қўшни мамлакатлардаги мулкларнинг барчасини сотишни буюрди. У шу йўл билан бош оғриғини енгиллаштирмоқчи бўлди, чунки бу мулкларнинг барчасини бошқариш ҳам унга муаммоли бўлиб туюлди. устига устак Россия Федерацияси Мулк қўмитаси билан муттасил суд машмашалари ҳам кутилаётган эди.
2. Агар корхоналар СССР бюджети ҳисобидан ташкил этилган бўлса ва республикалар ҳудудида жойлашган бўлса, у ҳолда бу мулклар республикалар мулкига айланди. Яъни, Москва уларга Иттифоқнинг ҳуқуқий вориси сифатида даъво қила олмайди. ТАПОиЧ, Алгоритм, ТТЗ каби корхона ва заводлар, кон-металлургия комбинатлари аллақачон ўзбекларники ҳисобланган эди. Тўғри, уларнинг аксарияти тугатилди, чунки технология анча қолоқ ва жаҳон бозорида рақобатбардошлигини йўқотган, фойдани тақсимлашдаги ҳамкорлик ва логистика занжири ҳам узилган эди.

Россия империясининг Ўрта Осиё ҳудудидаги мулкига келсак, улар (банклар, темир йўллар, заводлар, арсеналлар, казармалар, маъмурий бинолар ва бошқалар), аллақачон совет даврида республика мулкига айланган эди.
Шу боис, Чор давридан қолган мулкни қидириш ҳозирги пайтда жуда ажабланарлидир, аммо Таксановнинг таъбирига кўра, «бу яхшигина сиёсий калтак ҳамдир”.

“Путин ҳар доим ўзининг «кичик укаларига» улар бир вақтлар Москва мулкини ўғирлаганликларини эслатиши мумкин ва ҳар доим унда бу мулкларни “хўжайини”га қайтариш истаги бор.

Агар Тошкент ўз риторикасини ўзгартириб, халқаро санксияларни ва Украинанинг эркинлиги ва унинг мустақиллик учун курашини қўллаб-қувватлай бошласа, у ҳолда Россия Федерацияси ҳудудидаги Россия империяси ва СССР давридаги мулкларидан бенасиб бўлиши мумкин” дея ҳулоса қилади Таксанов.

Яъни Путин янги фармонни имзолаш орқали Европада музлатилган активларидан кўрган зарарини собиқ империянинг заиф мустамлакаларидаги мулкларни қайтариб олиш билан тўлдирмоқчи. Бу ҳудди, ёмоннинг кучи япалоққа етибди деган нақлни эслатади.

Тағин ўқинг
3 май 2021
3 май куни таниқли ҳуқуқ фаоли Суръат Икромов 76 ёшида Тошкентда вафот этди. У умрининг 20 йилини сиёсий ва ...
14 март 2018
Рассом Кирпи Eltuz.com
14 январ 2019
Ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига айни саволни ташлаган рассом Туз 14 январга қадар бир-бирига қарама-қарши юздан зиёд жавоб олди. Айрим умумий ...
17 июн 2016
80- йиллар охирларида саҳна юзини кўрган «Ойна» драматик асари орқали прокурорларнинг арзанди ўғиллари қилаëттган жиноятларни фош қилган ëзувчи «коммунист ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...