Document UZ
4 март 2024

Поплик фермер аёлнинг ери ва ғалласи тортиб олинди

Шарифа Тўйчиева ҳокимнинг ноқонуний қарори билан еридан маҳрум бўлган юзлаб бахтсиз фермерлардан бири. Унинг ҳикоясидан англашиладики, қонун бузилиши прокуратура томонидан эътироф этилган, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши судда фермернинг даъвосини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султоновнинг ноқонуний қарорини тузатиш механизми мавжуд эмас.

2018 йил февраль ойида Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов қарори билан “Мирзабедил Темурбек” фермер хўжалигига 36 гектар ер 49 йил муддатга ижарага берилди. Бу фермер хўжалиги раҳбари Шарифа Тўйчиева ҳеч қачон ердан воз кечишни ният қилмаган.

2019 йил 18 январь куни кечқурун ҳоким буйруғи билан Шарифа Тўйчиева ва яна 300 га яқин фермер Поп тумани маданият саройига йиғилди. Мажлисда фермерларга ерни ихтиёрий равишда давлатга топшириш ҳақида ариза ёзишмаса, залдан чиқиб кетишга рухсат берилмаслиги маълум қилинди. Аксарият фермерлар ариза ёзишга мажбур бўлди. Ярим тун бўлиб, ҳокимлик ходимлари чарчоқдан эътиборсизроқ бўлиб қолгач, Шарифа Тўйчиева ўзини ариза ёзгандек қилиб кўрсатиб, ҳоким ўринбосарига оқ қоғоз узатди. Шундай қилиб, у ердан воз кечмасдан зални тарк этишга муваффақ бўлди.

Фермерлардан ерларнинг оммавий равишда тортиб олиниши сабаби Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг ер майдонларини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарори ижроси билан изоҳланди. 

Қарорда ерларни оммавий мусодара қилиш зарурлиги ҳақида умуман гап бўлмаса-да, “мақбуллаштириш” натижасида Поп туманида фермерлардан тортиб олинган 6 минг гектардан ортиқ майдон, жумладан, Шарифа Тўйчиеванинг ери ҳам “Art Soft Tex” пахта кластерига ўтказилди. 

Ҳудудда қолган ерлар бошқа фермерларга қайта тақсимланди.

Фермер ердан воз кечиш ҳақида ариза ёзмагани сабабли уни олиб қўйиш учун ҳокимликнинг қонуний асослари йўқлигига ишонган эди. Аммо у хато ўйлаган.

2019 йил 18 январда Шарифа Тўйчиевага тегишли ер давлат захирасига қайтарилди. Кейинчалик маълум бўлишича, ҳокимлик ерни ижарага бериш тўғрисидаги шартномани муддатидан олдин бекор қилиш учун ердан ихтиёрий равишда воз кечиш ҳақидаги ариза асос бўлганини кўрсатган. Ариза эса Тўйчиевага нотаниш инсон Ё.Мирзобедилова томонидан ёзилгани кўрсатилган. Бироқ Шарифа Тўйчиеванинг айтишича, у бундай фамилиядаги шахсни умуман танимайди. 

Тўйчиева 2019 йил баҳорда мўл ҳосил олиш умидида буғдой етиштираётганди. “Попдонмаҳсулот” давлат корхонаси билан имзоланган шартномага кўра, 2019 йил 31 августга қадар у давлатга 24 тонна буғдой топшириши керак эди. 

Фермернинг сўзларига кўра, ер унга расман тегишли бўлмагани сабабли ернинг янги эгаси у етиштирган 26 тонна ғалла ҳосилини йиғиб олиб кетган.

Шарифа Тўйчиеванинг муаммолари шу билан тугамайди. Ер олиб қўйилган вақтда фермер хўжалиги 2018 йилда пахта етиштириш учун олинган кредитни тўлашга ҳали улгурмаганди. Шу сабабли қарздорликни тугатиш мақсадида туман ҳокимлиги Тўйчиевани гўё иссиқхона қуриш учун бошқа кредит олишга кўндирган. Бу кредит пахта етиштириш учун сарфланган эски кредитни қоплаш учун олинган эди.

Сўнгги бир неча йил ичида Тўйчиева ўнлаб идораларга шикоят қилган. Наманган вилояти прокуратураси Тўйчиевага берган жавобида ер участкаси қонунга зид равишда олиб қўйилганини тан олади:

“Мурожаатингизни ўрганиш давомида “Мирзабедил Темурбек” фермер хўжалигининг 36,8 гектар ер майдони қонун талабларига зид равишда туман ҳокимлиги захирасига кайтариб олинганлиги сабабли туман ҳокимининг 18.01.2019 йилги қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида Поп тумани Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 2023 йил 2 майда Наманган туманлараро маъмурий судига ариза киритилган”, дейилади Наманган вилояти прокуратураси хатида. 

2023 йил 12 июль куни Наманган шаҳри маъмурий суди Тўйчиевага тегишли фермер хўжалиги ерининг тортиб олиниши масаласида ҳоким Аъзамжон Султонов томонидан имзоланган қарорни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъвосини кўриб чиқди. Бироқ фермер шикоят аризасини топшириш учун 3 ойлик муддатни ўтказиб юборгани боис суд уни қаноатлантиришни рад этди.

Шундай қилиб, Шарифа Тўйчиева ердан ҳеч қачон ўз хоҳиши билан воз кечмаган, Поп тумани ҳокимлигининг 49 йиллик ижара шартномасини бекор қилишга қонуний асослари бўлмаган, бундан атиги бир йил аввал имзоланган ва тегишли тартибда расмийлаштирилган шартномаси мавжудлигига карамай, ер қонунга зид равишда олиб қўйилган. Натижада Шарифа Тўйчиева оиласи билан яшаш учун даромад манбаини йўқотган ҳолда ерсиз ва ишсиз қолди. 

Тўйчиева билан содир бўлган мазкур ҳолат ягона эмас. Ўзбекистонда ерга эгалик ҳуқуқи ҳимояланмагани ортидан ер фермерлардан исталган вақтда тортиб олиниши мумкин. Президент ва ҳукуматнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида кетма-кет қабул қилинаётган қарорлари ўз-ўзидан ишлаб кетмайди.

Ердан фойдаланиш бўйича бузилган ҳуқуқлар суд ва прокуратура органлари томонидан тикланса, Шарифа Тўйчиева каби фермерларнинг ерлари қайтариб берилса, қонунга хилоф қарорлар қабул қилган ҳокимлар жазоланса, шундагина ҳуқуқларни ҳимоя қилиш механизми ишлайди.

Тағин ўқинг
23 сентябр 2023
«Украина Қуролли Кучлари Россиянинг Вербово мудофаа линиясини ёриб ўтди ва олдинда янада каттароқ зафарлар кутилмоқда», деди «Таврия» қўшинларининг тезкор-стратегик ...
30 март 2022
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузурида тузилганига бир йилдан сал кўпроқ вақт бўлган Жамоатчилик кенгаши ими-жимида тугатиб юборилгани ҳатто унинг ...
19 апрел 2016
«Маънавият соҳасидаги энг жиддий хавфли таҳдид ватансизлик ғоясидир. Мафкуравий кураш арсеналида ватансизлик энг хавфли қуроллардан бири ҳисобланади», деб ёзди ...
22 апрел 2019
Украина сайловида шоумен Зеленскийнинг ғолиб чиққани ўзбек ҳажвчиси ва телеграм блогери Нозим Сафарини ўз каналида «президентлик сайловчаси» ўтказишга ундади. ...
Блоглар
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...