Элак
11 декабр 2015

Жиззахликлар Конституцияга қандай «тажовуз» қилишди?

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Бугунгача олинган маълумотларга кўра, Арамаис Авакян ва унинг 4 нафар ўртоғига “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” (Ўзб.ЖК 159 модда) ва “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш” (Ўзб.ЖК 2442 модда) каби моддалар бўйича айблов эълон қилинган.

Прокуратурадаги манбаанинг айтишича, бу иш вилоят бош прокурори Бахтиёр Абдуллаевнинг шахсий назоратида турибди. Хибсдаги йигитларнинг биронтаси шу пайтга қадар ўз яқинларига кўрсатилгани йўқ. Улар учун келтирилган озиқ овқат ва дори дармонлар хам қабул қилинмаяпти.

Eltuz илгари хабар берганидек, 4 сентябрдан буён хибсда қолаётган йигитларнинг яқинлари, “Суд яқин 10 кунлардан сўнг бўларкан” деб юришибди. Улар шу кунгача хибсдаги фарзандларини кўришгани йўқ.

Шунингдек, таҳририятга, сентябр ойида МХХ ходимлари томонидан ўғирлаб кетилган армани миллатига мансуб Арамаиснинг қамоқхонада ўласи қилиб калтаклангани, унинг (турмада (!) қолаётган) шериклари томонидан “Биз жиҳодга кетдик” қабилидаги смслар чиқарилгани ва уларнинг Конституцияга тажовузда айбланаётгани маълум.

Дабдабали шиорлар остида

Терговчи Шерзод Холовнинг жабрдийда маҳкум яқинларига берган жавоби қисқа ва рахмсиз бўлди: “Судгача кўрмайсиз! Судда кўришингиз ҳам даргумон, чунки суд мажлиси ёпиқ бўлади”. Дарвоқе, улар бундай жавобни терговчидан 7 декабр куни олишди ва шом қоронғусининг иззиллаган совуғида йиғлай-йиғлай уйга қайтишди.

Кўчаларда эса бир гурух ишчилар “Қомусимиз – қонунлар ижросининг кафолати!”, “Қомусмиз – адолат негизи!” деб ёзилган шиорларни кўринадиган жойларга осиш билан банд. Мамлакат, 8 декабр – Конституция қабул қилинган кунни нишонлашга тадорик кўраётганди…

8 декабр – Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куни, мамлакатнинг барча расмий матбуот сахифалари “Конституция – давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитадиган қомуснома”, «Конституция озодлигимиз ва эркинлигимизнинг буюк кафолати» каби пафосли чақириқлар билан тўлиб тошаётган бир пайтда, Жиззах вилоятидаги беш хонадон аъзолари, республика Конституциясида аниқ тиниқ ёзиб қўйилган ўз фуқаровий хуқуқларининг махаллий хокимият ва хуқуқ тартибот идоралари томонидан топталаётганини зор йиғлаб кузатиб туришганди.

СНБ турмасидан даҳшатли “смс”лар…

Топиш тутиши хаминқадар, топган даромадлари фақат еб ичишгагина зўрга етадиган бу беш хонадон аъзоларини қон қақшатган воқеа 4 сентябр куни содир бўлган, айнан шу куни, йигитлар ниқобли кимсалар томонидан ўғирлаб кетилганди. Бу тўрт оғайнининг яна бир шериги Фурқат Жўраев, улардан бир кун аввал, 3 сентябр куни йўқолиб қолганди.

rasm592
Айрим кузатувчилар жиззахлик хуқуқ химоячиси Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олинишини ҳам ҳукумат доҳил шахсларнинг айни рейдерлик ишига боғлашмоқда. Фото: Умида Аҳмедова

Ўғирланган йигитларнинг яқинлари 40 кун давомида Ички ишлар ва МХХ ходимлари билан биргаликда фарзандларини қидириб юрган кезда, ғойиб бўлган йигитлардан “Биз Қозоғистондамиз. Шу ердан жиходга кетамиз. Биздан рози бўлинглар” мазмунидаги СМСлар келганди.

Табиийки, бундай СМСга йўқолиб қолган йигитларнинг яқинлари ишонишмаган ва қидирувда давом этишган. Орадан 40 кун ўтгачгина, яъни 14 октябр куни, йигитларни ўғирланганлар вилоят Миллий Хавфсизлик Хизмати ходимлари эканлиги ва йигитларнинг барчаси шу идоранинг хибсхонасида эканлиги маълум бўлади.

Ўғирланган йигитларнинг оила аъзолари, вилоят МХХ терговчиси Дилмурод Болбеков имзоси билан, “Фарзандингиз 4 сентябр куни хибсга олинган” мазмунидаги билдирувнома олишган.

Тасвирлаб бўлмас шок холатига тушган ота оналарнинг “Нега энди 4 сентябр куни хибсга олинган фарзандларимизни 40 кун давомида МХХ ва милиция бизлар билан биргаликда қидирди?

Қандай қилиб фарзандларимиз хибсхонада туриб, бизга қозоқ телефон номерларидан “Биз жиходга кетдик” деган СМС йўллашди? Ўғилларимизни нима қилишмоқчи?” қабилидаги хақли саволлари хозиргача жавобсиз қолаяпти.

Маҳкумлар калтакланган ва уларнинг ёнига қариндошлари қўйилмаяпти

Хибсда сақланаётган Арамаис Авакяннинг рафиқаси Ширин Турсинова, турмуш ўртоғи ўғирлаб кетилган 4 сентябрдан буён ҳар куни вилоят МХХ ва Ички ишлар бўлимига қатнайди. Бироқ, бугунга қадар у эри билан учраштирилгани йўқ.

“Кўрсатишмаяпти. Эрта келинг, нариги хафтага келинг деб вақтни ўтказишяпти. Шаҳарда эса “Арамаисни қийнаб ўлдиришибди” деган миш мишлар юрибди” дейди Ширин йиғлаб.
Яқинда Тошкентдан олиб келинган адвокат Лайло Абдуллаевага, ва нихоят хибсга олинганлар билан учрашишга изн берилди. Адвокатнинг тергов изоляторидан олиб чиққан хабари жуда хам қўрқинчли эди. “Адвокат Арамаисни ва унинг 3 нафар ўртоғини кўрибди.

Арамаис оқсоқланиб юрибди экан. Баданларида кўкарган ва мўматалоқ бўлган жойлар бор деди. Бошқалари хам ўтирса туролмас, турса ўтиролмас аҳволда экан” деди Арамаис Авакяннинг онаси Флора Сакунс.

Бу эса, адвокат Лайло Абдуллаеванинг гапларида жон борлигини, яъни йигитлар хибсхонада ноинсоний қийноқларга тутилганини билдиради. Нима учун бу 5 нафар йигит бир кунда, куппа кундузи ўғирлаб кетилиб, хибсга олинди? Улар хақиқатдан хам Ўзбекистондаги конституцион тузумга тажовуз қилганмидилар?

rasm594
Пахтакор тумани хокими Собир Қаршибоев

Рейдерлик. Ҳокимнинг ишқи балиқ ҳовузидами эди?

Хибсга олинганларнинг яқинларининг айтишларича, ҳаммаси Пахтакор туманида яшайдиган Арамаис Авакяннинг балиқ ховузидан бошланган. Фурқат Жўраев, Акмал, Темур исмли йигитлар Арамаиснинг балиқ ховузида бирга ишлашган. Дилшод Алимов эса ижарага олинган Нексия автомашинасида Арамаис ва унинг бригадасидаги йигитларни хизматини қилиб юрган.

“Арамаис бундан икки йил аввал Пахтакор туманида 2 та ховуз очиб, у ерда балиқ хўжалиги ташкил қилганди. Ўзидаги бор йўқ маблағни шу ховузга ташлади: тозалатирди, бир неча минг доллар топиб, ҳовузга Чиноз туманидан майда балиқ уруғларини келтирди, балиқларни боқди.

Икки йил ичида ховуздаги балиқлар ката-катта бўлди ва жуда кўпайиб кетди. Икки ховузда тахминан 70 – 80 тонна балиқ бор эди. Ўғлим бу йил балиқларни сотишни бошламоқчи эди. Лекин бир кунда уни ва унинг қўлида ишлайдиган йигитларни ўғирлаб кетишиб, қамаб қўйишди. Уларга қўйилаётган айблар мутлақо асоссиз” дейди Арамаиснинг онаси Флора Сакунс.

Фурқат Жўраев ва Дилшод Алимовнинг оналари ҳам айнан шу фикрда. Уларнинг айтишларича, Пахтакор тумани хокими Собир Қаршибоев, катта фойда келтириши аниқ бўлган ховузни ўзининг яқинларидан бирига олиб бермоқчи бўлган. 2014 йил ичида шу ховузга қоровуллик қилган Жиззахлик йигитлардан бири, Арамаиснинг балиқ хўжалигига Пахтакор тумани ҳокими тез-тез келиб турганини айтади.

“Аввалига у “ҳорма – бор бўл!”, деб келиб кетиб юрди. Кейин эса у Арамаис билан соатлаб нималарнидир гаплашадиган бўлди. Бу давомли сухбатлар жанжал билан тугайдиган бўлди. Хоким бова Арамаисга “Сени турмада чиритаман!” деб бақирганини эшитгандим. Арамаис хам унга қараб қаттик сўкинган эди” дейди балиқ хўжалигининг собиқ қоровули.

Арамаис ва хоким ўртасидаги сўнгги жанжал шу йилнинг феврал ойида бўлиб ўтган. Қоровулнинг айтишича, балиқ хўжалигидаги чайла олдидаги жанжалда хоким Арамаисга қараб «Ха онангни…!» дейди.

Қони қайноқ армани йигит эса бу хақоратга муносиб жавоб берган: хокимга тик қараб «Онамни тинч қўй, эшшак. Ўзингни онангни…!» деган. Орадан 4 ой ўтар ўтмас Арамаис ва унинг шериклари куппа кундуз куни катта кўчадан, ниқобли кимсалар томонидан ўғирлаб кетилади.

Шундай қилиб, Жиззах хокимияти вакиллари, вилоят МХХ ва Ички ишлар бошқармаси билан хамкорликда, жамиятга ва давлатга фойда келтириши аниқ бўлган бир хўжаликни йўқ қилишди, унинг эгаларини эса зиндонга отишди.

Ховуздаги балиқлар нима бўлди дерсиз? Арамаис Авакян ва унинг бригадаси аъзолари ғойиб бўлганидан сўнг, эртасигаёқ ховуздаги балиқлар кимлардир томонидан ўғирлаб кетилди.

rasm593
«Энди айтингчи, давлатни йиқитиш шу ароқхўрга қолдими?” дейди Фурқат Жўраевнинг қариндошларидан бири. Фото: Фурқатнинг оиласига берилган МХХ хабарномаси

“Ашаддий исломчи”га айлантирилган Арамаис ва унинг ҳамшиша улфатлари

Энди Арамаис ва унинг бригадаси йигитлари Конституцион тузумга қарши бош кўтармоқчи бўлган шаккоклар! “Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиб, уларга раҳбарлик қилган ва уларда иштирок этган” бир гуруҳ фанатиклар бўлиб чиқмоқда.

Жиззах вилояти Миллий Хавфсизлик хизмати идораси терговчилари Дилмурод Болбеков ва Шерзод Холовлар, ушбу “жиноий иш”га “Исломий экстремистик” рангини беришга шунчалик харакат қилишибдики, хаттоки Арамаис Авакяннинг христиан динига мансублигини хам унутишибди.

Унинг рафиқаси Ширин Турсинованинг айтишича, уйларини тинтув қилиш пайтида топилган “Намоз ўқишни ўрганаман” рисоласини ва “Қашқирлар макони” турк фильми ёзилган дискларни диний экстремистик ашъёлар сифатида “жиноий иш”га тикиб қўйишган.

“Китобчани мен бир вақтлар китоб дўконидан сотиб олгандим, вақти келса намозни ўрганиш учун. Фильмни эса бозордаги очиқ савдодан сотиб олгандик. Мен терговчига бу хақда айтсам у “Буни судда айтасиз” деди” дейди Ширин.

Кейинчалик терговчи “Номоз ўқишни ўрганаман” китобини Ширинга қайтиб беради. Лекин, китобнинг титул вароқлари, яъни қайси босмахонадан, қайси йили чиқарилгани хақидаги маълумотлар ёзилган вароқлари йиртиб олинган эди. Фурқат Жўраевнинг яқинлари хам унга қўйилган айбловдан хайратдалар.

“Фурқат намоз ўқимасди. Ёнимиздаги дўкондан насияга ароқ олиб ичаркан. Қамалганидан кейин дўкондор қидириб келди ва ароқни ўзидан 170 минг сўмлик қарзи борлигини айтди. Энди айтингчи, давлатни йиқитиш шу ароқхўрга қолдими?” дейди Фурқат Жўраевнинг қариндошларидан бири.

Дилшод Алимовнинг яқинлари эса, Дилшоднинг саводи йўқлигини, у хаттоки ўз исмини хам хатолар билан ёзишини айтишди.

Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олинишидаги муҳтамал сабаблар

Айрим кузатувчилар жиззахлик хуқуқ химоячиси Ўктам Пардаевнинг ҳибсга олинишини ҳам ҳукумат доҳил шахсларнинг айни рейдерлик ишига боғлашмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Арамаис Авакян ва унинг шерикларининг иши бўйича анчагина маълумотларни қўлга киритганди. Хибсга олинган йигитларнинг ота оналари хам ҳуқуқ химоячиси билан яқиндан хамкорликни бошлашганди. 16 ноябр куни Жиззах милицияси Ўктам Пардаевни ҳам хибсга олди…

Бугун Пахтакор тумани ва Жиззах вилоятидаги ушбу воқеадан хабардорларнинг барчаси “Арамаис ва унинг шериклари рейдерлик қурбони бўлишди” дейишяпти. Йигитларни ҳибсга олганлар эса, воқеани бутунлай бошқа бир ўзанга буриб юборишган.

Тағин ўқинг
17 октябр 2016
Сўнгги вақтларда Ўзбекистон матбуоти бош вазирнинг виртуал қабулхонасини салкам «адолат уйи»га тенглаштириб қўйди, десак хато бўлмайди. Ҳозир ҳар бир ...
29 декабр 2023
Янги йил, Келавер қандай келсанг ҳам, Кимлар етди сенга, кимлар етмади. Сен янги йўлдошсан, сен янги ҳамдам, Йўқлаб келганингни ...
20 июл 2024
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди 19 июль куни жиноят оламида “Бахти Ташкентский” лақаби билан танилган Бахтиёр Қудратуллаев ва ...
28 октябр 2019
Ўзбекистон ҳарбийлари илк бор бор ҳаво ҳужумидан мудофаага мўлжалланган FD-2000 ракеталарининг амалий синовларини ўтказмоқда.  Мазкур синовлар Қашқадарё вилоятида жойлашган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...